otaism
June 28, 2021

ОТАИЗМ-7. Ота-бободан қолганини Дин қилиб олганлар!

Нахл:35 Ширк келтирганлар: “Аллоҳ хоҳламаса, на биз, на ота-боболаримиз Ундан бошқасига сиғинмас ва Унинг ҳаром қилганидан бошқасини ҳаром қилмасдик”. Улардан олдингилар хам шундай қилишганди. Элчининг етказишдан бошқа вазифаси борми?

Анъом:148 Ширк келтирганлар дейдилар: “Аллоҳ хоҳламаса на биз, ва на ота-боболаримиз ширк келтирмас эдик ва ҳеч нарсани ҳаром қилиб олмас ҳам эдик”.

Улардан олдингилар ҳам, азобимизни татигунгача, худди шундай ёлғонга чиқарган эдилар.

Айт, “Ёнингизда бизга кўрсата оладиган биронта хужжат борми?”

Сиз фақат гумонга (шубҳали ва чалкаш ривоятларга) эргашяпсиз ва фақатгина тахмин қиляпсизлар”.

“Ширк нима?” саволига жавоб топа олишнинг энг осон йўли, диндаги ҳаром егуликлар нима, деган мавзу дейиш мумкин.

Бу мавзуни ўрганган кишилар, оятда қораланган ҳолатлар мазҳаблар тарафидан такрорланганини кўрадилар. Оятлар, ота-боболардан ўрганган кўплаб ҳаромларнинг аксарияти ҳаром эмаслигини кўрсатганидек, айни пайтда ўта муҳим бир ҳақиқатга ишора этади: динда бирор шахснинг Аллоҳ каби ҳаромлар қўя олишига ишониш, ўша шахсга ибодат қилиш маъносини англатади. Буни юқорида келтирилган оятлар очиқ айтади. Текшириб кўрмасдан, шунчаки биздан олдин яшаб ўтган дин пешволари ҳаром дегани учун бир егуликни ҳаром дейиш, ширкка туширади.

Элчилар, ўз қавмларига, улар ўзлари уйдирган ҳаромлар гумонга таянгани, аслида Аллоҳ буларни буюрмаганини айтишга ҳаракат қилганлар, аммо қулоқ соладиганлар кўп бўлмаган. Ҳаромлар мавзуси, одамларни ширкка тушишига сабаб бўлган мавзуларнинг бошида туради.

Бу ҳолат бугун ҳам айнан давом этмоқда. Мазҳаблар бирор егуликка нега ҳаром деганини билмасдан ишонувчилар аксарият кўпчиликни ташкил этади.

Мазхаблар зонний (аниқ бўлмаган, тахминий) манбалар орқали ҳаромлар руйхати тузганлар. Шунинг билан ҳам Аллоҳга, ҳам Элчисига туҳматлар ёғдириб келадилар.

Анъом:57 Айт: “Мен Роббимдан келган бир далилга суянмоқдаман. Сизлар эса уни ёлғон санадингиз. Унга зид равишда, сиз хоҳлаган нарсаларни олиб келиш менинг қўлимда эмас. Ҳукм фақат ва фақат Аллоҳникидир. Ҳаққни У англатади, У энг яхши ажратувчидир.

Роббидан келган далилга суянгувчилар, Аллоҳнинг ҳузурида энг кучли далилга эга бўладилар. Ҳукм ёлғиз Аллоҳга оид, аммо инсонларнинг кўпи бунга ишона олмайдилар. Динларини бузиб, ҳаромлар уйдирадиган кишилар ўз туҳматларининг аччиқ оқибатларини кўрадилар.

Элчилар кўрсатган далиллардан улар нега қониқишмади? Бу савол устида ҳам тафаккур этиш керак. Мабодо биз ўша даврда яшаганимизда, бизга кўрсатилган далиллардан қониқармидик, ёки инкорчилар сафида бўлармидик, деб ҳар бир мусулмон ўзига савол бериши керак.

Аллоҳга дин ўргатадиган даражада жоҳил одамлар!

Хужурот:16 Айт: “Аллоҳга динингизни ўргатяпсизларми?”
Аллоҳ осмонлару-ердагини билади. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир.

Хўш, қандай қилиб Аллоҳга дин ўргатиш мумкин?

Қуръондан динимизни тўлиқ ўргана олмаймиз(!), баъзи тафсилотлар етишмайди, етишмаган бу кемтикларни ҳадислардан ўрганамиз, деган иддаони қилишади.

Хўш, бундай иддаолар юқоридаги оятдаги мавзуга кирмайдими? Оятдаги савол устида ҳар бир мусулмон узоқ ўйланиб кўриши керак. Динимизни Аллоҳдан ўрганиш, ёлғиз Қуръон орқали экани очиқ ошкор.

Аслида Қуръоннинг мақсади, динимизни мукаммал ва нуқсонсиз қилиб ўргатишдир.

Ўтмишдаги мушрикларнинг динларига иловалар қўшиб, динларини бузганини яна Қуръондан ўрганиб билганмиз.

Ота-боболаримиз ҳам худди ўша мушрикларга ўхшаб, динга иловалар қўшиб келдилар.

Мана шу, Аллоҳга дин ўргатиш бўлмаса, унда нима?

Аллоҳ Таоло қуллари келиб мукамал қилиб тамомлайдиган ноқис дин юборадими?

Қуръонга имон келтирдим деб, Қуръонни етарсиз дейдиганлар ниҳоятда кўп! Гўёки, Қуръондан бир нуқсон топиб, уни ҳадис билан тўлдирармиш. Улар шу даражада жоҳилки, Қуръондаги динга илова ҳукмлар уйдириш ва уларни дин қилиб олиш, Аллоҳга дин ўргатиш эканини ҳали англаб ҳам етмаган! Субҳоналлоҳ, нима, Аллоҳ сўз тополмай қолибдими, бир-икки оят билан билдириш мумкин бўлган ҳукмларни Қуръонда айтилмай, ҳадисларга зор бўлса!

Золимлар ва жохиллар Аллоҳга дин ўргатмоқчи бўладилар! Аллоҳда сўз тополмай қоладиган ожиз эмас!

Кахф:109 Айт: “Роббимнинг сўзлари учун уммон сиёҳ бўлса, ва яна шунча уммонни қўшсак ҳам, уммон тугар, Роббимнинг сўзлари тугамас”.
Раъд:31 Тоғларни ҳаракатга туширадиган, ер юзини парчалаб ташлайдиган ёки ўликларни тирилтирадиган Қуръон бўлса ҳам, улар барибир ишонмасди. Барча ишлар Аллоҳнинг назоратидадир.

Имон келтирганлар ҳалигача англамадиларми, агар Аллоҳ хоҳлаганида, барча инсонларни тўғри йўлга бошлар эди.

Ҳаққни инкор қилувчилар, Аллоҳнинг сўзи рўёбга чиққунича, ўз қилмишларига яраша ё ўз бошларига ё яқинларига фалокатлар ёғилиб туради. Аллоҳ сўзидан асло қайтмайди.

Инсон золим ва жоҳил..!

Ахзоб:72 Биз жавобгарликни (синалишни) осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик ва улар бу юкни кўтаришдан чекиндилар ва қабул этмадилар. Бироқ бу масъулиятни инсон олди. У золим ва жоҳил бўлди.

Илтимос, ушбу оятлар устида алоҳида, чуқур ўйлаб кўрайлик. Синалиш қанчалар оғир эканини англашимиз учун, ўтмишда синовдан ўтолмаган қавмлар мисолига қараш кифоя.

Бу қавмларнинг аксарияти, ўзларига келган Элчиларга рад этишган. Элчилар хаққни келтирган бўлса-да, бу ҳаққни қавмлар қабул этмади. Афсуски, аксарият инсонлар золим ва жоҳил бўлади!..

Инсониятнинг кўпчилик қисми бу синовдан ўта олмас экан, биз мусулмонлар ўта эҳтиёт ва огоҳ бўлиб, ўта хушёр бўлишимиз керак.

Аллоҳнинг буйруқларига лозим даражада таслим бўлиш, бизларни хақиқий мусулмонлар қилади.

Атрофга бир назар солинг, синалаётганини ҳақиқатан ҳис қилаётган ва охиратда нажотга эришиш йўлига интилаётганлар сони қанчалик ҳам озчилик!..