ОТАИЗМ-8. Номларидан дин уйдирилган кишилар!
Юсуф:40 Ундан бошқага сиғинаётганларингиз, сизнинг ва оталаринизни уйдирган исмларидан бошқа нарсалар эмас. Аллоҳ уларга ҳеч қандай куч бермаган. Ҳукм ёлғиз Аллоҳга оид. У фақатгина ўзига қуллик қилишингизни амр қилган. Хақиқий дин мана шу! Лекин, инсонларнинг кўпи буни билмайди.
Мавзумиз жиҳатидан юқоридаги оят ўта муҳим.
Тўғри Йўл бўлмиш бу динни бузувчи ҳар бир диний гуруҳ наздида улуғ ва муқаддас саналган баъзи исмлар бор.
Элчилар келиб, Тўғри Йўлни халққа етказишни бошлаши билан, ўз қавми тарафидан қабул қилинмасликнинг асосий сабабларидан бири, Элчи таклиф қилаётган Йўл учун ўзлари эътиқод қилиб келган мазкур муқаддас исмлардан воз кеча олмагани эди. Оқибатда Аллоҳнинг Рисолатини эмас, ўша эски ота-боболаридан бери улуғ ва муқаддас саналиб келган исмларни танлашарди.
Улар қаршисидаги Аллоҳнинг Элчиси эканига ҳам парво қилмасди, ёлғонга чиқариб, сохтакорликда айблаб, ўз ота-бобосидан қолган хаёлий исмларга содиқ қолардилар.
НИМА айтилгани муҳим эмас уларга, балки КИМ айтгани муҳим, яъни бу гапга кимлар ишонгани (фалончи казо-казолар), ва неча киши эргашгани муҳим.
Келган Элчиларнинг қадрини-қийматини қавми билмади, шубҳа ва гумонлар ичида, ҳаққни қабул қилмадилар. Оғир хақорат ва зулмлар билан қарши чиқдилар. Хатто ўз оилалари ҳам қабул этмаган Элчилар бўлди. Масалан, Нуҳ а.с.нинг аёли ва ўғли кофирлардан бўлиб ўлиб кетдилар. Бир Элчининг аёли ва ўғли инкорчи бўлса, айни пайтда унинг Рисолатини етказишни ҳам қийинлаштирувчи омилдир.
Ҳам аёли ҳам ўғли рад этган бир кишини Аллоҳнинг Элчиси сифатида кўриш, муъминлар учун ҳақиқатан жиддий бир синов эди.
Далилларга суянувчи ҳақиқий муъминлар учун эса, бир Элчига ким ва неча киши ишонгани ё эргашганининг аҳамияти йўқ. Элчининг аёли ва ўғли инкор этса ҳам, улар аниқ далилларга қиймат ва аҳамият бергани боис, бундай кишилар ҳаққа шоҳид бўлишга доим тайёр.
Ширк келтирганлар эса, оталари уларнинг хаёлида шунчалик улуғ ва муқаддас ҳолга келтирганки, ҳатто Аллоҳнинг Элчилари Рисолат келтирганида ҳам, воз кечмаганлар.
Юсуф:40-оятда ҳам айтилганидек, ота-боболари уйдириб улуғлаган исмлар қуйидаги оятларда ҳам қаршимизга чиқади:
Аъроф:70 Дедиларки: “Ота-боболаримиз динини тарк этиб, фақат Аллоҳга қуллик қилайлик, деб келдингми бизга? Агар рост айтаётган бўлсанг, қани бизларга ўзинг таҳдид қилаётган нарсани юбор-чи”.
Аъроф:71 Айт: “Робингиз тарафидан азоб ва аламга маҳкум қилиндингиз. Ўзларингиз ва ота-боболарингиз ўйлаб топган ва Аллоҳдан ҳеч қандай куч берилмаган исмлар хақида мен билан тортишяпсизларми? Унда кутинглар, мен ҳам сизлар билан кутаман”.
Ҳа, яна ўша ота-боболар улуғлаган ва муқаддаслаштирган исмлар.
Ҳар бир ўлканинг, ҳар бир диний гуруҳнинг бир-биридан фарқли муқаддас исмлари бор.
Тирик пайтида оддий одам бўлган бу исмлар, вафот этганидан сўнг инсонусти сифатлар берилади, илоҳлаштириш мана шудир.
Бу исмларга кўрсатилган садоқатни элчилар ҳам йўқота олмаганлар. Бугун ҳам, худди ўтмишдаги мушриклар каби, динда улуғланган шахсларга тўлиқ ва бирор шак-шубҳасиз ишонилади.
Бу исмларнинг ким ва қанақа одам бўлганини ўзлари аниқ билмаса-да, диндаги айтган гапларини худди Аллоҳнинг оятларидек тўғри деб қабул қилаверади.
Муқаддас саналган инсонларни текшириш, тафтиш қилиш, нуқсон ва камчиликларини гапириш қатъиян манъ этилади. Халқ орасида авлиё, шайх ёки мужтаҳид дея билинган исмларга қарши, уларнинг аниқ маълум бўлган хатоларини айтиб, танқид қилиб кўринг, буни амалда синаб кўришингиз мумкин.
ҚАВМЛАРДАГИ КЎПЧИЛИК ЭЛЧИЛАРГА САЛБИЙ МУОМАЛА КЎРСАТГАН!
Муъминун:44 Кейин Биз, кетма-кет Элчиларимизни юбордик. Қачонки Элчимиз ўз қавмига келган бўлса, уни ёлғончига чиқардилар. Биз ҳам уларни кетма-кет тарихда судраб кўмиб юбордик. Имон келтирмайдиган миллат йўқ бўлишга махкумдир.
Қоф:14 Айкалилар ва Тубба халқи ҳам Элчиларни ёлғончига чиқардилар. Унинг устига таҳдидим амалга ошди.
Элчилар келган барча қавмларда, худди бугунги каби, қавм амал қилиб келган бир дин ва улуғланиб эргашилган дин пешволари бўлган.
Ўтмиш маданиятлар яшаган минтақаларда саёҳат этганлар билади, уларнинг ибодатхоналари шаҳарнинг энг гўзал ерларида бино этилган. Яъни ўтмишдаги қавмлар динга аҳамият берадиган, диндор қавмлар эди. Муаммо, улардаги динлар Аллоҳнинг динига мувофиқ келмаслиги эди. Динни бузиб ўзгартиргач, инсоннинг қанчали ихлосли диндор бўлиши ҳеч қандай маъно касб этмайди. Ихлосли диндор, аммо бузуқ динга ихлос қилувчи диндор инсон бўлиб яшаб ўтади холос.
Бугун ҳам “энг диндор қатлам” ҳисобланган табақа, Аллоҳнинг динини англаб эмас, ота-бобосидан қолган диний атрибутика ва ритуалларни дин санаб юрган тоифалардир (Туркияда бу - қуролланган Сунний ташкилотлар ва Тариқатлар). Маъно-моҳият эмас, шаклбозликка муккасидан кетганлар, шу боис, куч ва молия эгалари қўлида осон манипуляция этиладиган гуруҳлар.
Аллоҳ нимага буюргани бир четда қолиб, ота-бобосидан қолганни дин қилиб олгач, диннинг кўп қисмини бузиб ўзгартириб бўлганлар. Мусулмонлар динни Қуръондан ўрганмасликнинг аччиқ оқибатларини ҳаётнинг ҳар бир соҳасида татимоқдалар.
Мусулмонлар бир нарсани ниҳоят тушуниб етишлари керак; бир тарафда Аллоҳ нозил этган дин бор, бошқа тарафда ота-боболардан қолиб келаётган дин бор. Уларнинг фарқини билиш, фақат биттасини танлаш вақти келди.
Мазҳаблар юзйиллардан буён чиқариб келаётган фиқҳий ҳукмлар, аслида динни бузувчи ҳукмлардир. Яъни, динларини қийинлаштириб, бу ҳукмларга эргашган кишилар аслида диндорлар эмас, динбузарлар бўлади.
Инсонлар ўзлари қўшган иловалар билан юзага келтирган дин, Аллоҳ нозил қилган динни англаб амал қилиш қаршисидаги энг улкан тўсиқ бўлиб қолмоқда.
"Диндор кўринган динсизлар" ўтмишда ҳам бўлган, бугун ҳам бор. Аллоҳ бизга ўргатган дин жуда ҳам содда, ҳар бир мусулмон уни озроқ изланиш билан ўргана олади.
Зотан, эртага сўроқ қилинадиган динимиз осонгина тушуниладиган бўлиши керак эмасми?
ДИНДОР ДИНСИЗЛАР!
Нух:21 Нуҳ деди: "Эй Роббим, улар менга қарши чиқдилар ва моли билан фарзандлари ўзига зарар берадиган инсонга эргашдилар.
Нух:22 Ва хатто буюк тузоқлар қурдилар.
Нух:23 Чунки улар (эргашганларга) дегандилар: “Илоҳларингизни ҳеч қачон тарк этманглар, на Вадд, на Сува, на Яғус, на Яъуқ ва на Насрни тарк этманглар!”
Нух:24 "Кўп кишини адаштирдилар. Шундай экан, Сен ҳам золимларнинг адашувини зиёда қил".
ФИРЪАВН ДИНСИЗ ЭМАСДИ!
Мумин:26 Фиръавн деди: “Мени тек қўйинглар, Мусони ўлдирай, қани Роббига ёлворсин. У сизнинг динингизни ўзгартиришидан ёки Ер юзида ёмонлик чиқаришидан қўрқяпман”.
Юқоридаги оятлардан кўрамизки, ўтмишдан қолган дин ширк дини бўлишига қарамай, қавмлар барибир ота-бобо йўли деб, унга боғлиқ қолаверади. Яна шуни ҳам кўрамизки, замон ва макон ўзгарган, лекин қавмларнинг Рисолатга кўрсатган қаршилиги ўзгармаган.
"Динни сақлаб қолиш" номи остида харакат қилган бу кишилар, барча қилган фитнаю-фасодларини Аллоҳ розилиги учун, ота-бобо йўлининг поклиги учун қилган эдилар.
Бундай одамлар, инсонларни тўғри йўлга бошлаяпмиз деб ишонади.
Аслида эса, улар қавмни хусронга, охир-оқибатда зиён ва азобга бошлаётган эди, фақат буни ўзлари сезмасди.
Дин каби муҳим бир мавзуда, Дин Эгаси нозил қилган динга эмас, ота-боболардан қолиб келган уйдирмаларга дин дея эргашишнинг аччиқ бадалини, ишлар ниҳоятида, ўтадилар.
Аллоҳ Таоло бизларни ҳам, бундай хатони такрорламаслик учун огоҳлантиради:
Ёсин:14 Уларга икки элчи юборгандик, икковини ҳам ёлғонга чиқардилар. Уларни учинчи элчи билан кувватладик. Улар дедилар: “Биз сизларга юборилган элчилармиз”.
Ёсин:15 Дедиларки: “Сизлар ҳам биз каби оддий одамсизлар, Раҳмон сизларга ҳеч нарса нозил қилмаган, сизлар ёлғон гапиряпсизлар”.
Хўш, ҳозирги инсонларнинг кўпчилиги агар ўтмиш замонларда яшаганида, бугун "Сизга жоним фидо" деяётган ва унинг суннатига эргашяпман дея даъво қилаётган Пайғамбарни тасдиқ этган бўлармидилар? Менимча йўқ.
Одамлар хаёлидаги Пайғамбар тасаввури, Қуръондаги Расул ва Набий тушунчасининг тескариси. Одамлар ўзлари каби инсон Элчиларга эмас, истаган пайт муъжиза кўрсатадиган “инсон-усти” пайғамбарларга (суперменларга) ишонади.
Худ:62 Дедилар: "Эй Солих, сен бундан аввал бизнинг умидимиз эдинг. Оталаримиз сиғинганлардан бизни манъ этяпсанми? Сен чақираётган нарсалардан шубҳадамиз".
Элчиларни қавми яхши кўриб келган бўлса ҳам, уларнинг даъвати ота-бобо динидан воз кечтиришга етарли бўлмаган.
Ота-боболарга боғлиқлик доим кучли бўлган, буни кунимизда ҳам осонгина кўриш мумкин.
Инсонлар муқаддас санаган мавзуларга мудохала этишга рухсат бермайдилар.
Негадир, ота-бобо йўлига кўр-кўрона эргашган одамларда, Элчиларга кўрсатилган қаршилик, ота-боболарга кўрсатилмайди.
Ҳозир “Аллоҳнинг Дини” дея эргашилаётган Ривоят ва Мазҳаб динида, Аллоҳдан келган динга - Қуръондаги динга - нисбатан кўрсатилган қаршилик пайдо бўлмайди. Мабодо, бугун бир Пайғамбар келса, табиийки, уни ҳам шубҳа ва гумонлар билан кутиб олинарди.
Хўш, нега ота-боболари номидан гапирилганда, бу шубҳа дарҳол ғойиб бўлади? Ахир, ҳар иккисида ҳам бир хил мантиқ ишлаши керак эмасмиди? Қуръон тушунарсиз, тафсилоти йўқ, ўзингча маъно берсанг адашасан деб туриб, бирорта уйдирмани, ақл-мантиққа зид ривоятни келтирсангиз, индамай қабул қилишаверади.
Одамлар бамисоли уйқуда, мана бунчалар муҳим мавзуда бунчалар лоқайдлик ғалати ростан.
Қуръонда дин хақида барча мисоллар бор эканини дин пешволари қабул этмайди. Уларнинг тингловчилари ҳам ўхшаш гапларни такрорлаб юрадилар.
Кўр-кўрона тақлид халқни адаштиради ва кўпчилик буни сезмайди.
Исро:89 Биз бу Қуръонда барча турдаги мисолни келтирдик, аммо халқнинг кўпи инкорда давом этади.