ОТАИЗМ-9. Мусулмон “Қўй” бўлмайди ва кўр-кўрона эргашмайди!
Бақара:104 Эй имон келтирганлар! Роъина – “бизга чўпонлик қил” деманглар, Унзурна – ўрнак бўл (кўрсатиб бер, айтиб тур, тушунтириб бер) денглар ва қулоқ солинглар. Аламли азоб - инкорчилар учун.
Миллиардларча инсон, ўзи яшаётган ўлканинг ёки жамиятнинг одат ва мазҳаб фиқхий хукмларини “дин” санайди. Қуръондан бехабар яшаётган уммат ваҳйга эмас, дин пешволарига эргашади. Бу барча диний мазҳаблар мансубларида бир хил.
Яъни инсонлар учун динда нима айтилгани эмас, ким тарафидан айтилгани муҳим. Ундайлар, ўзи эргашган дин пешвосининг эртакнамо каромат ҳикояларига, худди ўзи кўргандек, шак-шубҳасиз ишонад ва мутлақ ҳақиқат деб билади. Ўз дин пешволарини Аллоҳ тарафидан севилишига ишонади ва унинг айтганларини ҳеч текшириб кўрмайди. Бошқалар танқид қилишига ҳам қаттиқ қарши чиқади.
Ҳолбуки, ҳар бир мусулмон шахсан ўзи, дин ҳақида билим ва фикрга эга бўлиши, ақлини ишлатиш орқали доим ўз фикрини ва билимини ривожлантириб бориши лозим. Энг муҳими - ақлини бировнинг чўнтагига солиб қўймаслиги лозим. Қуръон билимсиз ва далилсиз бировларга эргашишни, Бақара:104-оятда инкорчилар феъли деб баҳолайди.
Кўпчиликка эргашяпсизми?
Ёсин:7 Кўпчиликнинг имон келтирмаслиги бўйича Сўз қатъийлашган.
Қуръон - кўпчиликнинг ишонч ва амалларини доимо сўроқлаб, текшириб турадиган (танқидий қарайдиган) китоб.
Имонингиз нималардан ташкил топганини билмасангиз ва кўр-кўрона кўпчиликнинг ишонганини қабул қилаверсангиз, у ҳолда имонингиз ва диний тушунчаларингизни қайта кўриб чиқишингиз керак бўлади.
Қуйидаги оятлар устида чуқур тафаккур қилиб чиқишни тавсия этаман. Бу оятлар кўпчиликнинг ҳеч қачон ҳақ устида бўлмаслигини айтади. Лекин, афсуски, инсонлар доим кўпчиликка эргашаверади:
Кўпчилик мушрик бўлади: Рум:42 Кўпчилик ғофил бўлади: Юнус:92 Кўпчилик имон келтирмайди: Бақара:100 Кўпчилик ақл ишлатмайди: Моида:103 Кўпчилик фақат гумонга (зоннга) эргашади: Юнус:36 Кўпчилик шукр қилмайди: Бақара:243 Кўпчилик хақиқатни ёқтирмайди: Зухруф:78 Кўпчилик кофир, инкорчи ва нонкўр бўлади: Фурқон:50 Кўпчилик адашган бўлади: Моида:49
Афсуски, кўпчиликка эргашиш маъносини берувчи Ижмоъ атамаси, диннинг асосий манбалари ҳолига келтирилган. Бу Ижмоълар, кейинги мусулмон насллар учун қатъий ҳукмларга айлантирилган. Улар мусулмонларга, устида тортишиб бўлмайдиган, сўроққа тутиб бўлмайдиган ҳақиқат кўринишига келтирилган. Холбуки, модомики ҳақиқат изланаётган экан, уни неча киши айтганининг нима аҳамияти бор?
Ахли сунна мазҳабида ижмоъ тушунчаси
Ижмоъ - луғавий маъноси тўплаш, иттифоқ қилиш дегани бўлса, истилоҳий маъноси (диндаги маъноси) Мухаммад умматидан бирор асрда яшаган мужтаҳидларнинг бирор диний ҳукм устида иттифоқ қилишларидир. Бундан кейин мужтаҳидлар иттифоқ қилган бирор масала, шаръий ҳукмга айланади.
Яъни ижмоънинг энг катта шарти бирлик, кўпчиликнинг бу масала устида бирлашишидир. Ижмоъ ҳукмида хато эхтимоли умуман йўқ. Ижмоъ юз бергандан кейин унга мухолиф бўлинмайди.
Далил, Ибн Можа ҳадислар тўпламида, Фитналар бобидаги 8-ҳадис: “Менинг умматим залолат устида бирлашмайди”.
Қуръонда кўпчилик ҳақида келган шунча огоҳлантирувчи оятларга қарамасдан, кўпчиликка эргашишни яна давом эттирамизми? Ёки ҳақиқат устида тафаккур қилиб, уни сўроқлаб, сўнгра далил асосида имон келтирамизми?
Кўпчилик фикрини сўроқлаб, унга танқидий ёндошувни ўргатган Китобга имон келтирган мусулмонларнинг фиқҳлари, аксарият қисми Ижмоъ қилинган ҳукмлардан иборат. Ижмоънинг моҳияти шуки, бир мавзу ҳақида бир нечта диний олимлар тўғри деса, у тортишилмас даражада тўғри деб қабул қилинади.
Эътибор беринг, Аллоҳнинг динидаги бирор масаланинг тўғрилиги, Аллоҳнинг сўзлари билан эмас, балки кўпчиликнинг иттифоқи билан собит бўляпти. Бу аҳволда, Аллоҳ бермаган ҳукмлар, кўпчиликнинг фикри билан динга киритилади ва инсонларга Аллоҳнинг ҳукми сифатида уқтирилади.
Аслида дин Ижмоъга эмас, ваҳйга асосланиши керак. Чунки, Аллоҳ бизга ўз Китобида йўлимизни очиқ-ойдин, тафсилотлари билан кўрсатиб берган. Аллоҳнинг бу йўлига қатъиян ишониб, шунга қаноат қилиши керак бўлган мусулмонлар, афсуски, дин пешволарига кўпроқ ишониб, хатога тушиб келмоқдалар.
Аллоҳнинг Китобида йуқ экан, дин пешволари қўйган ҳукмларни динда бор деб қабул қилмоқдалар ёки аксинча, Аллоҳнинг Китобида бор ҳукмларни етарли кўрмасдан, уларга илова ҳукмларга (баъзан бу ҳукмлар очиқчасига Аллоҳнинг Китобига зид бўлса ҳам) эргашмоқдалар. Бу, охир-оқибатда, уларни ширкка ботирмоқда.
Иброхим:12 Бизга йўлларимизни кўрсатиб берган бўла туриб, нега Аллоҳга ишонмас эканмиз?