ОТАИЗМ-12. Мусулмонлар нималарни бой берди ва нималарга лоқайд қолди?
Қуйидаги оятлар, инсоннинг адашиш нуқталарини очиқлаб беради:
Моида:12 Аллоҳ Исроил ўғилларидан Аҳд олганди, ва орасидан ўн икки бошлиқ юборгандик.
Аллоҳ деганди: "Мен сизлар билан биргаман. Агар Салотни қоим қилар бўлсангиз ва Закотни ато этар бўлсангиз,
Расулларимга ишониб, уларга ёрдам берар, ва Аллоҳга чиройли қарз берар бўлсангиз, албатта гуноҳларингизни кечиргайман, ва остидан анҳорлар оққан боғ-роғларга киритгайман. Бундан сўнгра кимда-ким нонкўрлик қилса, тўғри йўлдан адашибди.
Моида:13 Аҳдларини бузгани сабабли уларни лаънатладик ва қалбларини қотириб қўйдик.
Калималарни асл маъноларидан бурадилар. Ўзлари учун насиҳат қилингандан насиба олишни унутдилар.
Орасида ўта озчилик мустасно, улардан доимо хоинлик кўрасан.
Лекин уларни кечириб юборгин, кўнглингга олмагин, чунки Аллоҳ эҳсон/яхшилик/чиройли амал қилувчиларни севади.
Моида:14 "Биз насронийлармиз", деганлардан ҳам Аҳд олгандик: лекин ўзлари учун насиҳат қилингандан насиба олишни унутдилар.
Шу боис, Қиёмат кунигача улар орасида адоват ва кин солиб қўйдик.
Яқин кунда Аллоҳ Ўзи уларга қилган ишларидан хабар беради.
Моида:15 Эй Китоб аҳли, сизга Расулимиз келди - Китобдан яширганингиз нарсалардан кўпини очиқлайди, кўпини қолдиради.
Ҳақиқатан, сизларга Аллоҳдан Нур ва очиқ-ойдин бир Китоб келди.
Қуръон муҳим бир нуқтага ишорат қилади. Биздан аввалги икки уммат ҳам ахдларига содиқ бўлмади.
Хўш, мусулмонлар ахдларига содиқми ёки ўзларини аввалги умматлар каби тутдими?
Афсуски, юқоридаги оятларга қарасак, мусулмонлар хам айни хатоларни такрорлаган.
Диний олимларнинг кўпи, Қуръондан кўпроқ уйдирма ҳадислар, мазҳаб ҳукмлари, манбаси номаълум ҳикоят ва хурофотларни халққа дин деб ўргатади.
Дин дея ўргатилаётган таълимотни Қуръонга мос эмаслигини сезган диний олимлар оз бўлса-да бор.
Факат уларнинг кўпчилиги хақиқатни очиқ айтишга қўрқиб хақиқатни яширишни маъқул кўради.
Диний олимларнинг кўпчилиги муҳим масалалардан Ширк, Тоғут, Илоҳ каби масалаларда ваъз қилганини кўрмаймиз.
Аҳамияти кам мавзуларда йиллаб тортишадиган бу олимлар, Қуръон кўтарган муҳим масалалар ҳақида жим, уларни билмайдилар ёки билиб туриб яширадилар.
Ўз ваъзларига мос келган оятлардан келтирсалар ҳам, бошқа оятлар хақида халқни огоҳлантирмайдилар. Бундай хақни яширувчиларни Аллоҳ лаънатлагани ва қалблари қотгани оятда айтилади. Муҳим мавзулардан бехабар оддий халқ эса, бунинг оғир ва аччиқ бадалини тўлаётганини кўряпмиз.
Мана шу, мусулмонларнинг нега зиллат ичида эканлигининг асосий сабабидир.
Аллоҳ бу икки гуруҳнинг адашув сабабини бизга маълум қилиши бежиз эмас.
Ушбу оятларда биздан аввалгилар қандай адашганини билдириш орқали, бизни ҳам айни хатога йўл қўйишдан огоҳлантиради.
Бу хатоларни содир этиб, аввалгилар каби адашган ота-боболаримиздан қолган динни биз ҳам кўр-кўрона қабул қилиб, айни чуқурга тушмаслигимиз лозим.
Энди Аллоҳнинг бу икки гуруҳдан олган аҳдларига мисоллар билан танишайлик:
Мусулмонлар ҳам бир-бирининг қонини тўкдилар ва диндошларини юртларидан чиқардилар!
Бақара:84 Эсланг, сизлардан АҲД олганмиз: Ўз орангизда қон тўкмагайсиз ва уйларидан ҳайдаб чиқармагайсиз. Шунда гувоҳлик бериб, иқрор бўлгансиз.
Бақара:85 Аммо сизлар яна бир-бирингизни ўлдирасиз, ўзингиздан бир гуруҳни диёридан чиқарасиз; уларга қарши гуноҳ ва душманликда бирлашасиз, ҳолбуки уларни чиқариш сизларга ҳаром қилинган эди. Агар сизларга асир тушсалар, улардан фидя/товон истайсиз. Йўқса КИТОБнинг бир қисмига ишониб, бир қисмини инкор этасизми?! Сизлардан бундай қилганларнинг жазоси - бу дунёда фақат хорлик, Қиёмат кунида эса, энг шиддатли азобга қайтарилгай. Тангри қилмишларингиздан бехабар эмас.
Мусулмонлар ҳам ҳақиқатни яширдилар!
Оли Имрон:187 Мана, Аллоҳ Китоб берилганлардан аҳд олди: "Уни (Китобни) одамларга мутлақо очиқлайсизлар/баён қиласизлар, ва сақламайсизлар/беркитмайсизлар!" Бироқ улар сўз берганларидан кейин уни (Китобни/Аҳдни) ортларига ташладилар, ва уни арзимас эвазга сотдилар. Сотиб олган эвазлари қанчалар ҳам ёмон!
Мусулмонларнинг кўпи қуйидаги ишларни қилдилар!
Бақара:83 Эсланг, Исроил ўғилларидан АҲД олганмиз: Тангридан ўзгага қуллик қилмайсиз, ота-онага, яқинларга, етимларга, мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга яхши гапирасиз. Бу Аҳдга мудом риоя қилинг, уни покиза тутинг. Сўнгра оз қисмингиз мустасно бошқангиз юз буриб, ортга кетдингиз.
Хўш, биз мусулмонлар, Аллоҳ билан орамиздаги бу аҳдларга риоя қиляпмизми? Йўқ!
Юз йиллардан бери бир-биримиз билан урушиб қонлар тўкяпмиз, тинч замонларда ҳам бир-биримиздан нафрат қиламиз.
Ота-онага ёмон муомала қилиш, мухтожларга ёрдам бермаслик, ибодатларни буюрилганидек қилмаслик каби гуноҳлар бугун мусулмон уммати ичида кенг ёйилган.
Моида:62 Уларнинг кўпларини кўрасан: гуноҳ, адоват ва ҳаром ейишда ўзаро рақобатлашади. Қанчалар ёмон бу қилиқлари!
Афсуски инсоният Аҳдга вафо қилмасдан айни хатоларни содир қилмоқда. Бу орада динини тўғри англашга етарли ҳаракат қилмасдан, ота-боболаридан қолган «дин»га текширмасдан, кўр-кўрона эргашмоқда.
Аллоҳга ишонган инсон, диндаги биродарини қандай ўлдириши мумкин?
Мусулмон сиёсий раҳбарлар уруш чиқараётганида, албатта ўзларини хақ кўрсатиш учун баъзи "далиллар" келтиради. Бу далиллар кўпинча оятларнинг асл маъносини буриш орқали пайдо қилинган далиллардир.
Диндан фақат ўз қарашларини қувватлаш учун фойдаланадиган раҳбарлар ҳар бир даврда бўлган. Асл маъноларини ўзгартириб оятларга истаган гапини «гапиртиради». Оятларни асл маъносидан буриш яхудийларда кўп учраган ва улардан кейингилар бу ишни такрорлаб келганлар. Бу мавзуда мусулмонлар ҳам жуда фаол.
Мусулмонларнинг кўпчилиги Куръонни ўқимайди!
Фурқон:30 Элчи деди: «Роббим, қавмим ушбу Қуръонни тарк этди».
Мусулмонлар нафақат баъзи хукмларни унутдилар, балки бутунлай тарк ҳам этдилар!
Халқнинг кўпчилиги Қуръонни ўзи тушунмайдиган тилда ўқийди. Бундай муҳим китобни англаш ва ҳаётига татбиқ этишни ўйламайдилар.
Яъни бизлар, яъни Муҳаммад а.с. уммати, юқорида Аллоҳнинг огоҳлантиргани каби, оятнинг асл маъноларидан буриш ва унутиш каби хатоларни ортиғи билан қилиб келганмиз.
Бундай ҳолатга тушганимизни англаш аслида қийин бўлмаслиги керак, чунки қўлимиздаги Китоб, биздан аввалги умматларнинг аҳволидан ҳам огоҳлантиради. Аммо Қуръонни тарк этганимиз боис, айни хатоларга биз ҳам йўлиқдик.
Қисқа дунё ҳаётига алданиб, хақиқатни яширманг!
Бақара:41 Сиздагини тасдиқловчи қилиб нозил қилганимни сиз ҳам тасдиқ этинг. Уни илк инкор этувчилар бўлманг. Менинг оятларимни оз эвазга пулламанг, Менгагина тақво қилинг.
Бақара:42 Ҳақни Ботил воситасида ўраманг ва била туриб Ҳаққни яширманг.
Ҳақни Ботил воситасида ўраш ўтмишда содир этилган эди, хозир ҳам этилмоқда.
Энг аввало диний уламолар (имомлар) хаққни яширмаслиги ва Аллоҳдан лозим даражада қўрқишлари керак.
Оятларда айтилган ҳолатларни содир этганлар, оятда келгани каби, Аллоҳ тарафидан ҳам бу дунёда, ҳам охиратда жазоланадилар. Муҳими бу хатоларни аниқлаб, улардан тийилиш учун ғайрат қилишимиз лозим.
Аллоҳга ҳамд бўлсинки, сўнгги йилларда такрор уйғониш бошланди.
Қуръон муминлари қўлларидаги Китобнинг оятларини ўқиб ўргана бошладилар.
Мусулмонлар Қуръонни хаётларига татбиқ этган сари, Аллоҳ уларга ёрдам беради ва ҳозирги зиллатдан қутқаради.
Динга жиддий қараб, далил асосида яшаб, далил асосида ўлишни истаган инсонлардан бўлишимизни ва ўтмишда қилган хатоларимизни кечиришини Аллоҳдан сўраб қоламиз.