ОТАИЗМ-13. Расуллигига шубҳа қилишган Юсуф қадрини ўзидан кейин билишдими?
Ғофир:34 Бундан олдин Юсуф очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келганди. Сиз унинг келтирганига доим шубҳа қилдингиз. У вафот этгач эса, "Аллоҳ ундан кейин расул юбормайди", дедингиз. Шубҳада ҳаддан ошганни Аллоҳ мана шундай адаштиради.
Расулларнинг вафотидан кейин, дин қандайдир бир табу ҳолига келтирилади. Расуллар ҳаёт даврида эркин ва ҳур бўлган мусулмонлар, кейинчалик сонлари озайиб, динни бузиб юборган кишилар қўлига ўтади.
Бу жараён деярли бир хил шаклда такрорланади. Расул қарши чиққан барча табулар, унинг вафотидан кейин динга Расул номини ишлатиб, қайта киритилади. Расул ўргатган соф Рисолат, ширк келтирганлар тарафидан асло қабул этилмайди.
Юқоридаги оятда муҳим бир нукта бор.
Юсуф Пайғамбар ҳеч қачон "Сўнгги Расулман" демаган. Шунга қарамасдан, унинг вафотидан сўнг, Юсуфга эргашганини айтиб юрганлар, унинг айтмаганини айта бошладилар. Оятнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, ҳаддидан ошган кишиларнинг имон иддаоси ҳам яроқсиз. Юсуф а.с.га эргашдик, деган кишилар (оятдаги иборани айтганлар) муминлар эмас, кофирлар ўлароқ танитилмоқда. Албатта буни сезишмасди.
Кунимизда ҳам Расулларга эргашяпмиз деганларга бир назар солинг, улар Расул келтирган Рисолатга эргашяптими ёки қавмларининг юзйиллардир тутган урф-одат ва анъаналаригами...
Юсуф Пайғамбар далил асосида Аллоҳнинг йўлига чорлаган эди!
Юсуф:108 Айт: "Мана шу – менинг йўлим. Мен очиқ далил асосида Аллоҳга чақираман, менга эргашганлар ҳам худди шундай. Аллоҳ пок ва олийдир, мен мушриклардан эмасман".
Ҳолбуки, юқоридаги оятда кўрганимиздек, "Юсуфдан кейин Аллоҳ расул юбормайди", деганларнинг биронта далили йўқ эди. Юқоридаги оят, Расуллар вафот этганидан кейин уларнинг номидан гапирувчи, улар ҳаётда айтмаган бир қатор гап-сўзларни Расул номидан уйдирувчилар чиқишига чиройли далиллардан биридир. Яъни Расул айтмаган уйдирмаларни динлаштириш оқибатида йўлдан озганлар хабарини Ғофир:34-оят беради.
Юсуф пайғамбарнинг ортидан инсонларнинг нималар уйдирганини юқоридаги оятда кўрган эдик.
Юсуф:105 Улар Осмонлару-Ерда қанчадан-қанча оят-белгилар қаршисидан юз ўгирган ҳолда ўтадилар.
Юсуф:106 Уларнинг аксари Аллоҳга ширк келтирмасдан иймон келтирмаслар.
Аллоҳга иймон келтирган кўплаб диний гуруҳ ва жамоалар, афсуски, иймонига ширк аралаштириб эътиқод қилади.
Ўтмишда бўлгани каби, кунимизда ҳам бу ўзгарган эмас.
На христианлар Исо келтирган рисолатга, ва на яхудийлар Мусо келтирган рисолатга соф ҳолича эргашмади, балки ҳар бири ўз динларига иловалар қўшиш оқибатида уни буздилар.
Хўш, мусулмонларнинг холати улардан фарқлими?
Буни оддий кузатиш билан осонгина пайқаш мумкин.
Ислом, жамоатдан жамоатга, мазҳабдан мазҳабга ўзгараверадиган дин эмас.
Лекин ота-боболаримиздан қолган динда ҳар бир мазҳабда бошқа мазҳабдан фарқли бўлган ўзининг ақидаси ва фиқҳи бор. Ҳар бир мазҳабда бошқа мазҳаблардан фарқли ўз диний ҳукмлар рўйхати бор.
Ҳолбуки, динга битта ҳукм қўшиш ёки битта ҳукмни бузиш, одамни мушрик бўлиши учун етарли.