Қуръон инсонга қуёшдан-да зарурроқ
“Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир” (Бақара,185-оят).
Қуръон ҳам, Қуёш ҳам Аллоҳники, қуёш қанчалик узоқда бўлса ҳам, инсоният ундан деярли хар кун фойдаланади, аммо Қуръон инсонга жуда яқин, ҳатто ҳар бир инсонни уйида – қўлида бўлишига қарамасдан, одамлар ундан фойдаланмайдилар. Фойдалансалар-да жуда оз, қуёш заруратича эмасдек кўриниб кетади…
“Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва ойдин Китоб келди” (Моида сураси,15-оят)
Асли Қуръон инсонга қуёшдан-да зарурроқ, фойдалироқ, манфаатлироқ бўлиб, инсон ҳаётини қуёшдан кўра кўпроқ мунаввар этишга қодир.
Қуёшдан фойдаланмаганлари учун сўралмасликлари мумкин, аммо Қуръонга амал қилган-қилмаганликдан инсонлар албатта сўралади.
“Сўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласизлар.”(Такосур,8-оят)
Бугун кўп жойларда Қуръонни “хатм қилдик” дейилди, одамлар йиғлади… балки одамлар унинг маъноларига тушуниб етиб йиғлагандирлар, балким унга (Қуръонга) тўлиқ амал қилолмай яшаётганимизга йиғлагандирлар, нима бўлганда ҳам Аллоҳ ибодатларни қабул қилсин.
Аслида Қуръонни хатм қилиб (тугатиб) бўлмайди, У – тугамайди.
Унинг маънолари, куч-қуввати, раҳмати, неъмати ва инсониятни ҳақ йўлга бошлаб ҳаётларини гўзал бўлиши учун йўл кўрсатиши, янги қирралари, илм-фан тараққиёти учун илҳом бериши – қиёматга қадар давом этаверади, чиқаверади, очилиб-ойдинлашаверади.
“Аллоҳнинг сизга берган неъматини ва ваъз этиб туширган китоби ва ҳикматини эсда тутинг. Аллоҳдан тақво қилинг ва, билингки, албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир” (Бақара сураси,231-оят).
Рамазон бошида айтганимиздек, Рамазон – Қуръон ойидир.
Рамазонда Қуръон қайта-қайта ўқилар экан, инсон уни англаб етар экан, инсоният ундан эртанги кунга, келаси ойга, йилга қадар Қуръонга мос яшаш учун яхши ниятлар, режалар тузади, ўзини яхши томонга ўзгартиради ва ўшанга биноан ҳаётини давом эттиради.
Бу рамазон учун Роббимизга ҳамдлар, бизларга Қуръонни етказган Росулимизга саломлар бўлсин.