May 2, 2021

Ақл ишлатиш – Аллоҳнинг амри-ку!?

Меҳрибон Роббимиз Ўзининг каломи Қуръони каримда биз инсонлардан – бизга берилган неъмат бўлмиш – АҚЛни ишлатишни буюради, огоҳ қилади, эслатади. Агар оддий ўйлаб қарасангиз ҳам, хатто ўз фарзандингизга аввало бир ишга имкон яратиб берасиз – кейин эса ўшандан бирор натижани сўрайсиз, талаб қиласиз, шундай эмасми?
Модомики Аллоҳ таоло бизларга “ақл ишлатмайсизми?!” деб хитоб қилар экан, демак ишлатилиши лозим бўлган ўша ақл бизларга “берилган”.
Фақат бизларга уни ишлатиш қолган.
Агар “ақл” берилмаганида эди, албатта “ақл ишлатмайсизми?! ақл юритмайсизми?!” деган хитоб ҳам айтилмас эди, амр ҳам бўлмас эди.
Чунки Меҳрибон зот шу қадар Адл-ки, аввалда берилмаган нарсани, яъни йўқ нарсани маҳлуқотларидан талаб қилишдан пок ва олий бўлган Зотдир.
Ҳисоб куни ҳам инсонларнинг сўроққа тутилиши айнан шу – берилган имкон, ақл ва ихтиёр бўлгани ҳолда – бажарилмаган буйруқдан, қилинмаган амалдан, қулоқ солинмаган огоҳдан ва ишлатилмаган “ақл”дан жавоб берилади.
Кўп ахли илмлар баъзан айнан Қуръондаги шу хитоб ва эслатмаларни унутган ҳолларида – ақлни ишлатмасликка, аксинча нақл билан кифояланишга чақирадилар. Ўтмишда кимдир ақлни ишлатган бўлса – ўшанинг ақлигагина таяниб иш тутишни маъқул кўришади, ваҳоланг-ки бу билан Аллоҳ таолодан хар инсонга қилинган амр соқит бўлмайди.
Аксинча, ақл ишлатишингиз билан яна ҳам яхшироқ тасдиқ топасиз, иймон қуввати ошади ва Аллоҳнинг амри (фарзи) бажарилади.
Ўзингиз ҳам сизга берилган ақлни ишлатинг, агар ўша аввалдаги одам ақл ҳулосаси сизни ҳам қониқтирса – унда ўша билан қаноат топасиз, агарки хатолик, ёки ўша аввалдаги инсон ақлида ноқислик бўлса – сиз тўғрилаб тушунишингиз ва ақлни ишлатиб – Аллоҳ амрини бажаришингиз сизни хидоят топишингизга сабаб бўлади. Аслида мана шунга буюрилиб турибмиз-ку?!
Қуръон ўқинг, ақл ишлатинг, фикр юргизинг, буйруққа амал қилинг-ки, шояд раҳм қилинишга лойиқ бўлолсак.

Қуйида АҚЛ ИШЛАТИШ зикр этилган оятлардан баъзиларини эслатишни лозим кўрдик:

“Аллоҳ худди шундай қилиб ўликларни тирилтиради ва оят-аломатларини сизга кўрсатади. Шоядки АҚЛ ишлатсангиз”. (Бақара 73-оят)
“Аллоҳнинг осмондан сув тушириб, у билан ўлган ерни тирилтириши ва унда турли жондорларни таратишида, шамолларни йўналтиришида, осмону ер орасидаги итоатгўй булутда АҚЛ юритувчи қавмлар учун белгилар бор”. (Бақара,164-оят)
“Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашингиз», дейилса, улар: «Йўк, биз оталаримизни нимада топсак, шунга эргашамиз», дейдилар. Оталари ҳеч нарсага АҚЛИ етмаган ва ҳидоят топмаган бўлсалар ҳам-а?!” (Бақара,170-оят)
“Улар кар, соқов ва кўрдирлар. Улар АҚЛ ишлатмаслар”. (Бақара,171-оят)
“Эй АҚЛ эгалари! Шоядки тақводор бўлсангиз”. (Бақара,179-оят)
“Менга тақво қилинг, эй АҚЛ эгалари!” (Бақара,197-оят)
“Аллоҳ шундай қилиб сизларга Ўз оятларини баён этади. Шоядки АҚЛ ишлатсангиз”. (Бақара,242-оят)
“У зот кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни беради. Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлади. Фақат АҚЛ эгаларигина эсларлар”. (Бақара,269-оят)
“Илмда собит бўлганлар эса, унга иймон келтирдик, барчаси Раббимиз ҳузуридандир, дерлар. Ва фақат АҚЛ эгаларигина эслайдилар”. (Оли имрон,7-оят)
“«Сизга тўқнашган икки фирқада ибрат бор эди. Бир фирқа Аллоҳнинг йўлида уришади. Бошқаси кофирдир. Улар ўз кўзлари билан (душман) ўзларига икки баробарлигини кўриб турардилар. Ва Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани Ўз нусрати ила қўллар. Албатта, бунда АҚЛ эгалари учун ибрат бордир», деб айт”. (Оли имрон,13-оят)
“Ҳолбуки, Таврот ҳам, Инжил ҳам ундан кейин тушган-ку! АҚЛ юритмайсизларми?!”. (Оли имрон,65-оят)
“Агар АҚЛ юритадиган бўлсангиз, биз сизларга оят-белгиларни баён қилиб бўлдик”. (Оли имрон,118-оят)
“Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинишида АҚЛ эгалари учун белгилар бор”. (Оли имрон,190-оят)
“Агар намозга нидо қилсангиз, улар уни масхара ва ўйин қилишади. Бу уларнинг АҚЛ қилмайдиган қавмлигидандир”. (Моида,58-оят)
“Сен:«Агар нопокнинг кўплиги сени ажаблантирса ҳам, пок билан нопок тенг бўла олмас, эй АҚЛ эгалари, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки нажот топсангиз», деб айт”. (Моида,100-оят)
“Уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага, Пайғамбарга келинглар», дейилса, «Бизга ота-боболаримизни нимани устида топган бўлсак, ўша етарли», дерлар. Агар ота-боболари ҳеч нарсага АҚЛИ етмайдиган ва ҳидоятга эришмаган бўлсалар ҳам-а?!”. (Моида,104-оят)
“Бу дунё ҳаёти ўйин-кулгудан ўзга ҳеч нарса эмас. Тақво қилувчилар учун охират ҳовлиси яхшироқдир. АҚЛ юритмайсизларми?”. (Анъом,32-оят)
“АҚЛИ пастлик қилиб, жоҳиллик ила фарзандларини ўлдирганлар ва Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган нарсаларни ҳаром қилганлар зиёнкор бўлдилар”. (Анъом,140-оят)
“Фаҳш–бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашманг. Аллоҳ ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар ҳақ ила бўлса, майли. Ушбуларни сизга амр қилдикки, шояд АҚЛ юритсангиз.»- деб айт”. (Анъом,151-оят)
“Охират ҳовлиси тақво қилганлар учун яхшидир. АҚЛ ишлатмайсизларми?!” (Аъроф,169-оят)
“Аллоҳнинг ҳузурида ҳайвоннинг энг ёмони, албатта, кару соқов бўлиб, АҚЛ ишлатмайдиганлардир”. (Анфол,22-оят)
“Сен:«Агар Аллоҳ хоҳлаганида, уни сизларга тиловат қилмас эдим ва У зот ҳам уни сизларга ўргатмас эди. Батаҳқиқ, мен орангизда ундан олдин ҳам умр кечирдим. АҚЛ ишлатиб кўрмайсизларми?» деб айт”. (Юнус,16-оят)
“Ва улардан сенга қулоқ тутадиганлари ҳам бор. Агар АҚЛ ишлатмасалар, карқулоқларга сен эшиттира олурмисан?!” (Юнус,42-оят)
“У АҚЛ юргизмайдиганларга ўта ифлосликни раво кўрур”. (Юнус,100-оят)
“Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр сўрамайман. Менинг ажрим фақат мени яратган зотнинг зиммасидадир. Ақл юритмайсизларми?” (Худ сураси,51-оят)

http://kemalyoldash.com/cat/quran