АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-9
5-БОБ. «САҲИҲ БУХОРИЙ»НИ БУХОРИЙ ЁЗМАГАН
Муллалар Қуръонни тарк этганига юзйиллар бўлди. Бу дегани, уларнинг Қуръон ҳақидаги билимлари 0 га тенг. Қуръон ҳақида бир неча оддий ва бошланғич саволлардан бериб кўринг, дарҳол илм ва нигоҳида тубсиз бўшлиқ зоҳир бўлади. Оддий мисол: Муллалар осон зикр қилишлари учун Қуръони каримни 30 порага ёки жузъга ажратганлар. Лекин Қуръонда нечта сура бор? Нега суралар бу тартибда жойлашган? каби саволларга жавоб излаб ҳам кўришмайди. Нечта сура? Жавоб 114, бор-йўғи шу. Қуръон ҳақидаги ўртача мулланинг билим даражаси бундан ортмайди.
Бу китобда Қуръондан ўнлаб оятларни ўқидик. Муллага бу оятлар Чин тилидек тушунарсиз. Қуръон Пайғамбарнинг қиёматдаги ягона шикоятини келтиради:
«Расул деди: Эй Раббим! Қавмим ҳақиқатан Қуръонни тарк этди». (25:30)
Муллаларнинг тутган йўли ҳам худди шундай бўлди. Улар Қуръонни бутунлай ташлаб қўйганлар. Аммо Қуръонни ташлаб, ўрнига нимани олдилар? Уйдирилган ҳадис ва бошқа ғайри-Қуръоний манбалардан иборат сунъий динни.
Сунний муллалар ўзларининг ҳадис пантеонида (олиҳалар мажлисида) Бухорий ҳадис тўпламини Қуръондан кейинги иккинчи дин манбаи дейишни яхши кўришади. Ҳолбуки, атрофда айланиб юрган мингларча ҳадис бор. Бугун дунёдаги худкуш ҳужумлари, шариат давлатлари, улардаги тошбўрон қилиб ўлдиришлар, аёл-қизлар ҳақларининг поймол этилиши, мактаб қизларини ўғирлаш, китоб ўқишни таъқиқлаш, маъбадларни тортиб олиш каби «Ислом дунёси» кун тартиби уйдирилган диннинг жиноятлари билан тўла. Бунда муллаларнинг саъй-ҳаракати, албатта, беқиёс.
Бу жиноятларнинг бирортаси Қуръондаги диндан эмас. Мулла ҳимоя қиладиган ҳеч бир нарса Қуръондан эмас. Қуръондаги ҳеч бир нарсани мулла ҳимоя қилмайди.
«Албатта, биз Қуръон эслатма олиш учун осон қилдик, борми эслатма олувчи?» (54:17)
Бу оят, таъкид учун, айни суранинг ўзида яна уч марта такрорлайди (54:22, 54:32 ва 54:40).
Инсонлар Қуръонни эшитиб, эслаши ва эслатма олишлари учун такрорлар кўп келади. Шу билан уни англаш ва қамраш кучаяди. Ҳидоятни ўргатувчи китоб, унга эгашувчилар учун қулайлаштирилган бўлиши керак. Муллалар ўз ҳадис тўпламларининг энг мўътабари деб Бухорий тўпламини айтишади. Бухорий - Марказий Осиёдаги Бухоро минтақасида туғилган бир форсий. Унинг «Саҳиҳ Бухорий» деган тўплами кўпроқ танилган, ҳатто муллалар уни Қуръонни англаш учун энг зарур, Қуръондан кейинги иккинчи мўътабар манба дейишади.
Бухорий милодий 870 йилда вафот этган деб ишонади, яъни Пайғамбардан 238 йил кейин. Бу дегани, Бухорий ҳеч қачон Пайғамбарни, Пайғамбарнинг саҳобаларини, саҳобаларни тобеъ бўлган наслни ёки ҳатто улардан кейинги авлодни (табаъа тобеъинларни) ҳам кўрган эмас. Пайғамбаримизнинг сўзлари дея Бухорийнинг ёзган бу тўплами, шунинг учун ҳам, тамоман зонн, гумон ва миш-мишлардан иборат.
«Саҳиҳ Бухорий» деб номланувчи тўпламни муллаларнинг ўзлари бошдан оёқ тўлиқ ўқиб ҳам кўришмайди. Агар ўқиб кўрганида, Қуръондаги 114 суранинг ҳатто учдан бирини ҳам англашга ярамаслигини кўрган бўлишарди. Қуръонни тушунтириш учун Бухорий тўплами, «ишга яроқсиз».
Бундан ташқари, Бухорийдаги бобларда «бу ерда ҳеч қандай ҳадис қайд этилмаган» деган гапдан бошқа ҳеч нарса йўқ. 28 та сурага тааллуқли бобда шундай «бўшлиқ» келади. Бухорийнинг ўзи 28 та сурани баён қилиш учун ҳадис йўқлигини тан олади. Бу 114 суранинг тўртдан бири дегани.
Қолган ҳадислар ҳам узуқ-юлуқ, ҳам кулгили ҳамда Қуръондаги ҳеч бир оят маънони очиқламайди. Бироқ муллалар барибир Бухорий ҳадислари Қуръондан кейинги энг мўътабар манба дейди.
Шу ўринда Бухорийнинг ўз мухлисидан бир таъриф келтирамиз:
«Бой ҳадис адабиётини агар сочилган инжулар десак, Имом Ал-Бухорийнинг «Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ» тўплами ўша қимматбаҳо маҳобатли парчаларни ўз тубида жамлаган улкан бир Уммон дейишга лойиқ. Чексиз ва тубсиз уммон сон-саноқсиз ташналарнинг чанқоғига малҳам бўлар экан, у ҳам дўстлари, ҳам душманлари тарафидан «Аллоҳнинг китобидан сўнг энг саҳиҳ китоб» деган энг олий таърифга лойиқ».
Улар Бухорий томонидан ровийлар занжирининг саҳиҳлигини аниқлашда кўрилган «мукаммал чоралар» ҳақида фахр билан гапиришади. Аммо, «Саҳиҳ Бухорий» деб номланган матнларни Бухорий ёзганига бирор аниқ далил йўқ. Муллаларнинг ўз эътирофига кўра, «Бугунги Бухорий матни бизга яхлит ҳолда етиб келмаган, балки Кушаймоний (мил.968) ёзган версияга таянилади, у эса Ал-Фирабрийга ишониб ёзган, дейишади. (Ал-Фирабрийни Бухорийнинг талабаси дейишади).
Уларнинг қўлидаги Бухорийнинг қўли билан ёзилган ва бугун комил имон билан «Бухорий тўплами» дейишга арзигулик мажмуа эмас. Бунақа мажмуанинг ўзи йўқ.
Хўп, у ҳолда уларнинг қўлидаги нима? 600 йилдан кўп муддатда йиғилиб, сараланиб тартиблаштириб келинган узуқ-юлуқ парчалар. Муллалар бўш аравани олиб қочаётганини яхши тушунади. Шунинг учун, Бухорийни қийматини орттириш илинжида «Бухорийнинг «Ал-Жомеъу ас-Саҳиҳ»ига 70 га яқин шарҳ ёзилган» дейишади.
Уларга кўра, бу шарҳловчилар орасида энг мўътабари «Фатҳул-Борий шарҳи-Саҳиҳи-Бухорий» (Ибн Ҳожар Ал-Асқалоний). Бу шарҳ муалифнинг илмий фаолиятининг, айни пайтда ҳадис жанрининг чўққиси, дейишади. Бу китоб бир неча жиҳати учун, уламолар ҳурматига сазовор бўлган, масалан, муаллифнинг доктринал бутунлиги, «Бухорий материали»нинг тўлиқ ёритилгани, тегишли Араб илмларидаги маҳорати, ундаги ҳадислардан ҳикматлар чиқариш (Фавоид), ва мухталиф ўқишлар орасидаги чигал низоларни ҳал қилишдаги маҳорати ва б. Бухорий матни осмондан тайёр ҳолда тушмаган, балки бир неча ривоятда мавжуд, шулардан ал-Фирабрийга суяниб Кушаймоний ёзиб олган, дейди ҳадис олимлари (қаранг “Fath al-Bari: Commentary on Sahih al-Bukhari” by Shaykh Abdal Hakim Murad, http://www.sunnah.org ).
Ўз қабулларига кўра, Бухорий ҳадислари тўплами Ибн Ҳожар Асқалоний «шарҳ»идан тузилган. Ибн Ҳожар Асқалоний 1466-йилда вафот этган, яъни Бухорийдан 596 йил кейин ўтган. Муллаларнинг ўзлари, Бухорий ўзи ҳеч қачон китобни тўлиқ ёзмаган дейишади. У замонларда на босмахона, на компьюьер, на Xerox бор эди. Саҳиҳ Бухорий ҳеч қачон тўлиқ асар сифатида ёзиб сақланиб қолмаган. Ибн Ҳожардан то Бухорийгача 596 йил бор орада. Хўш, қандай қилиб Ибн Ҳожар ҳеч қачон мавжуд бўлмаган китоб ҳақида изоҳ ёзиши мумкин?
Бу бўшлиқни тўлдириш учун муллалар шундай дейди: «Ибн Ҳожар Асқалоний ўз шарҳини Кушаймоний (ваф. 968 й.) шарҳига асосланиб ёзган». Шундай қилиб, улар Ибн Ҳожар Асқалоний шарҳи билан Кушаймоний шарҳи орасидаги 498 йилга қадар бўшлиқни бартараф этмоқчи бўлишади. Бироқ яна муаммо чиқади: Кушаймонийнинг шарҳи ҳам бир бутун ҳолида йўқ, бундан ташқари, Кушаймоний билан Бухорий ораси яна 133 йилга ажралиб қолаяпти. Бу сафар муллалар Ал-Фирабрий (ваф.899 й) га бош уради, уни Бухорий билан бўлган бўшлиқни тўлдирувчи ва Кушаймоний (ваф. 968 й.)дан бошлаб то Ибн Ҳожар Асқалонийгача (ваф. 1466 й) бўлган ҳадис тўпламларининг манбаи дейишади.
Хуллас, улар орасини 463 йиллик улкан замон бўшлиғи ажратиб туради. Ҳеч қандай архивсиз, босмахонасиз салкам ярим минг йил бўм-бўш...
Шуни ёдда тутингки, азиз ўқувчилар, муллаларнинг ўзлари келтираётган далиллари, Бухорий ва Ибн Ҳожар ўртасидаги 596 йиллик бу даврда, тўлиқ Бухорий ҳадис тўплами мавжуд бўлмаганини исботлайди. Ибн Ҳожар Асқалоний ўз шарҳини Кушаймонийга асосланиб ёзди, деган иддао тўлиғича тахминларга таянади. Бу нусхалар орасида 463 йиллик давр бор, аммо унинг тўғрилигини аниқлаш мумкин бўлган на бирор босма китоб ёки бошқа қайд бор. Айни аргумент бошқа 70 шарҳга ҳам тегишли.
Бу ҳақда муллаларнинг келтирадигани типик баҳона: «Ибн Ҳожар кўпинча Кушаймоний вариантини олиб, уни ўзи учун стандарт матн сифатида фойдаланган, у матндаги мураккаб деталларда, фарқли ўқилишлар орасидан афзалини танлашга ёрдам берувчи изоҳлар ёзган. Бундай қилиш учун барча ривоятлар борасида ваколат ва рухсат (ИЖОЗА) унга берилган». Бу гапнинг оддий тилга таржимаси, Ибн Ҳожар Асқалоний ўз шарҳини «Бухорий ва унинг Саҳиҳи аслида мана бунақа бўлиши керак», деб ёзган. Сабаби, мавжуд манбаларда турли вариантлар бор эди, «Саҳиҳ Бухорий» дейишгани мана шу.
Муллалар яна шундай дейди: «Ҳадислар ҳақида олимларнинг тортишувларига мурожаат қилмай, уларни ўрганмай туриб, ҳадисларни тушуниш мумкин эмас». Боягина, ҳадисларсиз Қуръонни англаб бўлмайди, деб эдингиз, энди эса муллалар тортишувисиз ҳадисни англаб бўлмайди, деб бошлаяпсизми!
Демак, сизларга кўра, мусулмонлар аввалбошдан муллалар орасидаги тортишувларга боғлиқ бўлишлари керак: аввал муллалар ҳадисни англайди, кейин мусулмонлар Қуръонни англайди, шунақами? Муллалар бугунгача ҳеч қандай масалада аниқ-тиниқ ечимга келолмаганини инобатга олсак, мусулмонлар ҳеч қачон Қуръонни англамай ўтиб кетишга маҳкум экан-да!..
Лекин, муллаларнинг бунча осмонўпар иддаоларига қарамай, Бухорий тўпламида ҳали Қуръоннинг 28 сураси учун ҲЕЧ ҚАНДАЙ ҳадис йўқ.
Келинни келганда кўр, сепини ёйганда кўр. Қуйида, Бухорийдаги «инжу»лар уммонидан бир мисол ва уни тушунтириш учун Ибн Ҳожардаги «инжу»лардан бир ўрнак келтирамиз:
«Амр бин Маймун ривояти: «Жоҳилият даврида мен бир урғочи маймунни кўрдим, уни маймунлар ўраб олганди. Улар ҳаммаси уни тошбўрон қилишарди, чунки зино қилган эди. Мен ҳам улар билан бирга тошбўрон қилдим». (Бухорий 5-жилд, 58-китоб, 188-ҳадис)
Ибн Ҳожар Асқалоний бу воқеани Амр ибн Маймундан-да батафсилроқ ривоятини топиб келади:
«Мен жоҳилият даврида Яманда бир тепада қавмимнинг қўйларини боқиб юрган эдим. Бир эркак-урғочи маймун жуфти келди, урғочи эркакнинг қўлига бошини қўйди. Кейин кичикроқ маймун келиб, унга имо қилди, урғочи маймун қўлини эркак маймуннинг ёноғи остидан оҳиста сирғалиб чиқди. Кичикроқ маймун билан иккиси бирга бўлди, мен буни томоша қилиб турдим. Кейин урғочи маймун қайтиб келди ва секин қўлини эркак маймуннинг ёноғи остига қўймоқчи бўлувди, эркак бирдан уйғониб, уни ҳидлади ва чийиллаб юборди. Кейин маймунлар тўпланиб уларни ўраб олишди, эркак маймун қўли билан унга томон ишора қилиб чийиллай бошлади. Маймунлар ҳалиги кичикроқ маймун билан қайтиб келди, бир чуқур қазиб, икковларини тошбўрон қилдилар. Шундай қилиб, Одам авлодидан бошқалар ҳам тошбўрон қилганига гувоҳ бўлганман”.
Эҳтимол, бу турдаги аҳмоқона ҳикоялар 9-аср арабларини лаққа туширган бўлиши мумкиндир, лекин 21-асрдаги инсоният ҳам буларга илоҳий таълимот деб ишониши ахмоқлик. Эслатиб ўтамиз, «ҳадис адабиёти сочилган инжулар бўлса, Саҳиҳи-Бухорий ўша қимматбаҳо маҳобатли парчаларни ўз тубида жамлаган улкан бир Уммон».
Мана, уммондан яна бир нечта инжу:
Оиша ривояти: «Намозни бузувчи нарсалар ҳақида сўз кетганда, «Намозни ит, эшак ва аёл бузади» дейишди. Мен: «Сен бизни (яъни аёлларни) ит қилиб қўйдинг. Мен Расулуллоҳ намоз ўқиётганларини кўрдим, мен унинг билан қибланинг орасида ётардим». (Бухорий 1-жилд, 9-китоб, 490-ҳадис) . Аёл зикри, ит ва эшак билан бир қаторда.
Абу Ҳурайра ривояти: Пайғамбар деди: «Агар бирортангизнинг таомига чивин тушса, уни ботирсин, чунки унинг бир қанотида касаллик бор ва иккинчисида унинг давоси бор». (Бухорий 4-жилд, 54-китоб, 537-ҳадис) . Чойга чивин ботириб ичишда шифо бор.
Бу антиқа тиббиётга яна бир илова: «Маҳмуд ибн Рабиъ ривояти: «Мен беш ёшда эдим. Эслайманки, Расулуллоҳ пақирдан бир ютум сув хўплаб олиб, юзимга пуркаб юборди». (Бухорий, Китобул Илм, 2-жилд, 77-ҳадис)
Бу бемаъни ва оддий гигиенадан узоқ амал. Ҳатто бундан касалликлар тарқалади. Атоъ ривояти: «Сариф деган жойда Маймунанинг жаноза маросимида Ибн Аббос билан бирга қатнашдик. Ибн Аббос: «Бу Пайғамбарнинг хотини, шунинг учун сиз уни тобутини кўтарганингизда, уни чайқаманг ё силкитманг. Равон юринг, Пайғамбарнинг тўққиз хотини бўлган, ва кечаси саккизтасини зиёрат қиларди, биттаси учун кечаси навбат йўқ эди». (Бухорий 7-жилд, 62-китоб, 5-ҳадис)
... ? (Буни қандай тушуниш мумкин?)
Анас ривояти: «Расулуллоҳнинг тўққизта хотинлари бўлиб, бир кечада ҳаммасини айланиб чиқардилар». (Бухорий 7-жилд, 62-китоб, 6-ҳадис)
«Расулуллоҳ ҳар кеча хотинларининг тўққиз нафарини зиёрат қилар эдилар. Расулуллоҳ кеча ва кундузнинг бир соатида (ғусл қилмасдан) хотинларининг ҳаммаси билан алоқа қилар эдилар ва бу (хотинлар) ўн бир киши эди». (Бухорий, Никоҳ китоби, 3:52-ҳадис)
Пайғамбаримиз 30 эркакнинг (жинсий) қудратига эга эдилар. (Бухорий, Ғусл китоби 1: 189-ҳадис)
Ибн Аббос деди: «Пайғамбар - одамларнинг энг яхшиси — энг хотини кўпи эди». (Бухорий, Никоҳ китоби 3:52-ҳадис)
Саъид ибн Жубайр ривояти: «Ибн Аббос менга «Уйландингми?» деди. Мен: «Йўқ», дедим. У: «Уйлангин, зеро бу умматнинг энг яхшиси (яъни, Жаноб Расулуллоҳ) энг хотини кўпидир!» деди». (Бухорий 7-жилд, 62-китоб, 7-ҳадис)
Энг кўп хотин ва кўп жинсий муносабатларда бўлиш ҳақида юқоридаги барча ҳикоялар, мулла зеҳниятидаги жинсий зўравонлик фиксациясига ишора қилади. Улар тарих бўйича ўз жинсий хаёл ва орзуларини қондириш учун Пайғамбар номини суистеъмол қилиб келишган. Бунга ҳали яна кўп мисолларни келтирамиз.
«Расулуллоҳ сўради: «Бу қулни мендан ким сотиб олади?» Наъим уни 800 дирҳамга (кумуш пулга) сотиб олди». (Бухорий, Китобул-Икроҳ 669)
Яъни, Бухорий Пайғамбарни қул савдогари қилмоқда! Қуръон таълимоти эса, аксинча, Пайғамбарга қулларни озод қилишни буюрган. «У қийин йўлни танлаши керак. Қайси бири қийин йўл? Қулларни озод қилиш». (90:11-13)
«Қуёш Шайтоннинг икки шоҳи орасидан кўтарилади». (Бухорий 2:134) Сиз эса Қуёшни Шарқдан, Япония тарафлардан чиқади, деб юрибсиз!
Умуман, Шарқ ҳақида Бухорийда бошқа яна кўп қизиқ гаплар бор: «Мусибат (фитна) Шарқда кўтарилади». (Бухорий, Талоқ китоби 3:132)
«Хайбар фатҳидан кейин, одамлар Сафия Бинт Ҳуяй ҳақида - қатл этилган душман аскарнинг янги уйланган келини - ва унинг гўзаллиги ҳақида гапира бошладилар. Пайғамбар уни ўзига танлаб олди. Мадина йўлда тўхтаб, у билан жинсий алоқа қилди. Саҳобалар уни хотинликка олдими ёки канизак қилибми, билишмасди. Кейинчалик у билан эркаклар-халқ ўртасида парда тортилди, шунда уни хотинликка олганини англадик”. (Бухорий, Савдо китоби ва Никоҳ китоби 3:59)
Бу - урушда асира тушган аёлларга шафқатсиз ва ғайриинсоний муомаладир. Бу уйдирма экани очиқ-ошкор бўлган ҳадис, муллалардаги шаҳвоний орзу-истакларнинг яна бир кўринишидир. Айни пайтда, бу Пайғамбардаги гўзал намуна бўлмиш Хулуқи-Азимга қарши оғир туҳмат ҳамдир. Душман ва ҳарбий асирларига бўладиган муомалани Қуръони Карим шундай ўргатади:
«Агар Мушриклардан бири сендан бошпана истаб келса, сен унга бошпана бер, токи у Аллоҳнинг Каломини эшитсин, хавфсиз жойига етиб олсин. Чунки улар билмайдиган одамлардир». (9:6)
Албатта, Сафиядан сўралса, эҳтимол, душмани ўлдирган куёвининг жасадини ўз қавмига қайтариб беришларини, уни ўз диний русумларига кўра дафн этишни, ўзи ҳам ўз қавми-қариндоши билан хавфсиз бир жойда қолишни истарди балки. Таъқиблардан омонда, эрининг қотиллари ораси қўлма-қўл бўлмасдан. Аммо муллалар ҳикоясига кўра, Пайғамбар у билан жинсий алоқада бўлишни танлаган, ҳеч қандай иддасиз ва азасиз.
Қатл этилган душманнинг хотини билан жинсий алоқа қилиш Қуръонда буюрилмаган. Бунақа ишлар Пайғамбар ахлоқига эмас, аксинча жоҳилият арабларига ҳос.
Бир киши сўради: «Биз бу фоҳишалардан даромад топамиз, шунинг учун улар билан жимоъда азл қилсак (манийни ташқарига тўксак) бўладими?» Пайғамбар деди: «Бундай қилишда гуноҳ йўқ». (Бухорий, Китобул Қадр 3:543)
Пайғамбар бу ҳадисда, фоҳишалардан даромад топишга ҳам, улар билан жимоъ қилишга ҳам рози бўлган кишининг жавобини беради. Шундай қилиб, фоҳиша тижоратидан даромад олишдан то асиралар билан жинсий алоқа қилишгача, бир кечада тўққиз ёки ўн аёл билан бирга ётишдан то қул савдосигача, Бухорийнинг «инжу уммонидан» топиш мумкин. Мана шу инжулар ўта маккорлик билан Ислом Пайғамбарини қотил, ваҳший ва хотинбоз деган тасаввурни яратиб беради.
«Пайғамбар деди: «Бахтсизлик уч нарсада: Хотинда, Уйда ва Отда”. (Бухорий, Никоҳ Китоби 3:60)
«Мендан кейин эркаклар учун энг катта фитна аёллар бўлади”. (Бухорий, Никоҳ Китоби 3:61)
«Дўзахга кирганларнинг аксарияти аёллар эканини кўрдим”. (Бухорий, Никоҳ китоби 3:97)
Яна аёлларга туҳматлар. Оналар, қизлар, опа-сингиллар, аммалар ва холалар, ит ва эшаклар билан бир сафга қўйилади. Энди эса отга ўхшатилди. Охир-оқибат дўзахга тушадиганларнинг кўпчилиги яна аёллар дейилади. «Тушда қора танли аёлни кўриш - бўлажак эпидемиянинг аломатидир”. (Бухорий, Китобул Таъобир)
Бугун бунақа гаплар қора танлиларга қарши ҳақорат дея баҳоланиб, қонунан жазоланади. Оиша деди: «Бошим оғрияпти, ёрилай деяпти». У эса деди: «Қанийди, ёрилсайди». Оиша жавоб деди: «Сиз мени ўлишимни истайсиз, кейинги сафар кечани бошқа хотинингиз билан ўтказмоқчисиз”. (Бухорий, Тиб Китоби, 3-жилд)
Анас ривояти: «Урайна қабиласига мансуб бир гуруҳ одамлар бетоб эди. Улар: «Ё Расулаллоҳ, бизга шаҳар (Мадина) ҳавоси хуш келмади, бошқа бошпана бериб, ҳам таом бирла таъминласангиз!» деб илтимос қилишди. Расулуллоҳ уларга бир нечта туя бериб, «Буларнинг сути билан сийдигини ичиб туринглар!» деди. Улар, касаллари кетиб, дармонга кирганларидан сўнг, Расулуллоҳнинг туя боқарларини ўлдириб, туяларни ҳайдаб кетишди. Расулуллоҳ уларнинг ортидан одам юборди, тутиб келишгач, қўл-оёқларини кесиб, кўзларига мил тортишди, сўнг офтобга ташлаб қўйишди, оғриқдан тош ғажиб ётишди». (Бухорий, Китобут Тиб 5-боб)
Батафсил тиббий рецептлар, хўплаш юзга пуркашдан тортиб чивин ботириб чой ичиш-у, туя сийдигигача. Буям етмаса, маҳбусларнинг кўзини ўйиб, оёқ-қўлини кесишгача. «Пайғамбаримизнинг хотинлари бир куни эрталаб кеч уйғондилар. У зот: «Бу дунёда кийиниб юрган кўп аёллар охиратда либоссиз турғазилади”. (Бухорий Фитналар 3:718).
Либоссиз аёллар... Муллалардан яна ва яна шаҳвоний орзулар. Оиша ривояти: «Расулуллоҳ осмонда бирор булут кўрса, дам олдинга ва дам кетинга юрар, хадеб ичкарига кириб чиқаверар эди»... (Бухорий, Дастлабки яратилиш 2:213).
Бу ҳам Пайғамбарга туҳмат. Абу Ҳурайра ривояти: «Расулуллоҳ: «Ўт (олов) ўз Раббига: «Ё Раббий, бирим иккинчимни еб қўйди!» деб шикоят қилди. Демак, ўт икки шахсдан иборат бўлиб, бири ёзда ва иккинчиси қишда намоён бўлади, ёздагисини қаттиқ исиб кетганингизда, кишдагисини эса қаттиқ совқотганингизда ҳис қиласиз», деди». (Бухорий, Дастлабки яратилиш 2:231).
Бухорийда бироз ақл борми, одам ҳайрон бўлади. «Азон айтилса, шайтон ортидан ел чиқариб учиб қолади». (Бухорий Дастлабки яратилиш 2:237).
Яъни, азон айтилса, шайтонда реактив мотор ишга тушади. «Шайтон кечаси сизнинг бурнингизда ётади». (Бухорий, Дастлабки яратилиш 2:241) .
Азон эшитилгунча, албатта. «Хўроз фаришталарни, эшак эса шайтонни кўради».(Бухорий, Дастлабки яратилиш 2:213)
«Каламуш Исроилнинг йўқолган қабиласидир, чунки улар туянинг сутини эмас, балки эчки сутини ичишарди».(Бухорий, Дастлабки яратилиш 2:244)
«Беш турли ҳайвон гуноҳкор, шунинг учун уларни Маккада бўлса ҳам ўлдиринг: каламуш, чаён, бургут, қарға ва қопағон ит». (Бухорий, Дастлабки яратилиш 2:245)
«Пайғамбар итларни ўлдиришни буюрди».(Бухорий, Дастлабки яратилиш 2:247)
«Аёл қовурғадан яратилган, шунинг учун у ҳар доим қийшиқ қолаверади. Уни қийшиқ қолдиринг».(Бухорий, Дастлабки яратилиш 2:251)
Яна аёлларга туҳмат устидан туҳмат. «Маймуна жимоъдан сўнг Расулуллоҳнинг ғусл олишини томоша қилди, токи у авратларини ювганини кўрмагунча унга тикилиб кузатди». (Бухорий, Ғусл китоби 1:193)
«Абу Салма ва Оишанинг биродари жимоъдан кейин ғусл олишни ўрганиш учун Оиша олдига бордилар. У сув идишини олди ва ғусл олди. Улар билан унинг ўртасида парда бор эди».(Бухорий, Ғусл китоби 246)
Биргина хулоса шуки, Маймуна Пайғамбарнинг авратларини ювишини кузатмагунича, ва Оиша ўз укаси ва Абу Салма учун ғусл намойиш қилиб бермагунча, Араблар жинсий алоқадан сўнг ювиниш қандай бўлишини умуман билишмаган. Оиша ривояти: «Қачонки, Расулуллоҳ ўз даврларида бизлардан бирортасини эркаламоқчи бўлса, изор кийишни буюрар, кейин уни эркалашни бошларди». (Бухорий Ҳайз китоби, 1:98, 207-боб)
Абу Ҳурайра ривояти: «Мен намоз ўқиётган эдим. Шайтон олдимга келиб, намозларимни бузишга ҳаракат қилди. Худо менга унинг устидан назорат берди ва уни менга мағлуб қилиб берди. Уни эрталаб кўриб қолишингиз учун устунга боғлашни ўйладим».(Бухорий 1:469, 766-боб)
Бу ҳадис очиқ-ойдин уйдирма, чунки Қуръон бизга шайтонни енгиш у ёқда турсин, у билан курашиб ҳам бўлмаслигимизни айтади: «Шайтон ва унинг қавми сизларни, сиз кўролмайдиган ҳолда/жойда кўриб туради» (7:27)
«Аёл эрининг ётоғига келишдан бош тортса, қайтиб келгунича фаришталар уни лаънатлайди».(Бухорий, Никоҳ китоби с.96)
Пайғамбар бир гуруҳ аёллар ёнидан ўтди ва деди: «Аёллар, садақа қилинглар, чунки дўзахда энг кўп ёнадиган аёллар эканини кўрдим». Аёллар бунинг сабабини сўраганида, у деди:
• «Сиз аёллар жуда кўп лаънатлайсиз!”
• «Сиз эрларингизга нонкўрсиз”.
• «Ақл-идрокда ҳам, динда ҳам ноқис эканингизга қарамай, сиз ақлли одамдан устун бўлишга қодирсиз; сиз мисли ҳеч кўрилмаган яратиқларсиз”.
• «Аёлнинг гувоҳлиги эркакнинг ярми эмасми? Бу эса ақлингиз этишмаслигини кўрсатади”.
• «Бир аёл ҳайз кўрса, намоз ўқиёлмайди ёки рўза тутолмайди. Бу сизнинг диндаги ноқислигингизнинг кўрсатади”.
Муллалар Бухорийни мақтаб, 600,000 ҳадис орасидан 3000 энг саҳиҳ ҳадисни танлаб олган дейишади. Бу дегани, фақат 0.5% ҳадис саҳиҳ, қолган 99.5% (600,000 ҳадисдан 597,000 ҳадис) - ғайри-саҳиҳ ва яроқсиз бўлган. Бухорий тўплаган 600,000 ҳадиснинг 99.5% яроқсиз ахлат экани хулосаси чиқади.
Юқорида келтирилган мисоллар ушбу 0.5% «энг саҳиҳ» ҳадислар таркибига киради. Пайғамбар ҳеч қачон дин дея бунча мантиқсиз, туҳмат ва ҳақоратлар тўла ҳикояларни тарқатиши мумкин эмас.