Иддаоларга жавоблар №10 (Сабаби-нузул ривоятлар қанчалик яроқли?)
Иддао №10
Қуръонни англаш учун “Сабаби нузул” ривоятларни (оятнинг нозил бўлиш сабабларини) билишимиз керак. Чунки бир оятнинг нега, қачон ва қандай шароитда ваҳй этилганини билмай туриб, Қуръонни англаш мумкин эмас.
Иддао №10 га жавоб
Қуръон, ўз буйруқ ва қайтариқлари, ўгит ва насиҳатлари, хитоб ва ъитоблари билан фақатгина маълум бир замон ва макон билан чекланган китоб эмас. Қуръон, барча замонларда амал қилинадиган ўзгармас принципларни беради бизга. Қуръонни англаш учун маълум замонга оид ривоятларга эҳтиёж бор демоқ, Қуръонни маълум бир даврга чеклашдир. Ҳолбуки, инсониятнинг барча ҳолатидан хабардор Аллоҳ, бу иддаони рад этади, ва аксинча, Қуръонни “Барча оламлар учун Эслатма” (Таквир:27) ва “Инсоният учун ҳидоят” (Бақара:185) дея сифатлайди.
Қуръон, оятларда айтилганидек, барча инсоният учун, барча замон ва маконда жамиятни ислоҳ этиш ёки янгидан қуриш учун зарурий принципларни тақдим этади. Инсон жамияти яшаган ҳар қандай замон ва маконда яроқли бўлган система – Қуръондаги қадриятлар ва ўлчовлар системасидир. Бу қадриятлар доимий ва ўзгармасдир, замон ва макон ўзгаришига тобеъ эмас. Қуръоннинг бу ўзгармас ҳукмлари ўтмишда қанчалик ишга яроқли ва ўз замон ва макони талабларига мукаммал жавоб бўлган эса, бугун ҳам худди шундай.
Бизга қолгани – Қуръонни бир раҳбар ва бугун йўлимизни ёритгувчи нур деб билмоқ, ва ҳар бир жавоб ва ечимни бу илоҳий китобдан изламоқдир. Бир замонлар кимдир нақл этган тарихий ривоятларни тадқиқ этиб, Аллоҳнинг Китобини бу ривоятларга тобеъ қилмоқ улкан хатодир.
Юсуф сурасида бу ҳақда очиқ бир эслатма бордир:
“Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор. Бу – уйдирилган ҳадис эмас, балки ўзидан аввалги нарсаларни тасдиқ этувчи, иймон келтирадиган қавм учун барча нарсани муфассал баён этувчи Ҳидоят ва Раҳматдир”. (Юсуф:111)
Ҳуд сурасида ҳам ўхшаш бир эслатма бордир:
“Биз сенга элчиларнинг хабарларидан қалбингни собит қиладиган қиссаларни сўйлаб бермоқдамиз ва бу қиссаларда сен учун ҳаққ ва муъминлар учун ўгит ва эслатма келди” (Ҳуд:120)
Кўриб турганимиздек, Қуръондаги қиссалар, ўтмиш насллар ва элчилар ҳақидаги мисоллар, зинҳор тарихий ҳикоя бўлгани учун эмас, балки инсонларга илоҳий дастур бўлгани ва ахлоқий сабоқлар бергани учун нозил қилингандир. Аллоҳ, бир тарафдан Китобининг барча замонлар учун бир раҳбар экани ва ҳар замонда амал қилиниши таъкидланса, бошқа тарафдан баъзи инсонлар Қуръонни маълум бир замонга чеклаши ва унинг англаб бўлмаслигини иддао этишини билдиради:
“Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ уларнинг яширадиган нарсаларини ҳам, ошкор қиладиган нарсаларини ҳам билур. Албатта У Зот мутакаббир кимсаларни севмас. Қачонки уларга: “Раббингиз нима нозил қилди?”, дейилса, улар: “Эскиларнинг афсоналари”, дейишади” (Наҳл:23-24)
Бошқа бир оятда ҳам Аллоҳ шундай марҳамат қилади:
“Сен мана шу тубан қасамхўр, ғийбатчи, гап ташувчи, яхшиликни манъ қилгувчи, тажовузкор, гуноҳга ботган, қўпол ва паразитларнинг ҳеч бирига бўйсунма! Қачонки унга Бизнинг оятларимиз ўқилса, у мол ва ўғиллари бўлгани боис: “Эскиларнинг афсоналари!” дейди” (Қалам:10-15)
Юқоридаги оятда шуни очиқ кўриш мумкинки, Аллоҳнинг Китобини маълум бир замонга чеклаш, имонсизларнинг қиладиган ишидир. Бундан ташқари, сабаби-нузулни – яъни ваҳйнинг нозил бўлиш сабаби ва тарихий шароитларни – билмай туриб, Қуръонни англаш мумкин эмас, дегувчиларга, бизнинг бир неча саволларимиз бор:
Аллоҳнинг оятларини ҳафс этганингиз сабаби-нузул ривоятлар, Қуръоннинг ҳар бир оятини таъминлай оладими? Бу борада бирорта яроқли-тутуруқли маълумот мавжудми? Ислом дунёсида бу борада ҳатосиз, чалкашсиз бирорта манба борми ёки ҳар мазҳаб ўзида хусусий сабаби-нузул куллиётига эгами?
Шубҳасиз, Аллоҳнинг чалкашлардан пок, маъно ва мазмуни очиқ, ҳар бир замонда амал қилинадиган Китобини; Қуръоннинг нузули даврида ҳали туғилмаган одамлар тарафидан бир кисмини рад этиб, бир қисмини қабул этувчи, ақл-мантиққа зид, ҳатто ўзаро чалкаш, тамоман зонн-гумонга таянган, чала-ярим қилиб тўпланган ривоят ва нақлларга боғлиқ қилиш жиддий эмас.
Хулоса шуки, Сабаби-нузул ривоятларининг моҳияти ҳаққ эмас, балки ривоятларнинг барчаси каби, зонн-гумондан иборатдир. Қуръонда билдирилганидек, “занн” ҳеч қачон “ҳаққ”нинг ўрнига ўтмайди. Аллоҳнинг инсониятга юборгани рисолани англаш учун, ўзаро чалкаш ва ақл-мантиққа зид бўлган ривоятларга умуман эҳтиёж йўқ.
“Агар ер юзидагиларнинг кўпчилигига бўйсунадиган бўлсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар. Улар фақат гумонга эргашурлар ва фақат алдайдилар холос” (Анъом:116)