biblical-mullahs
May 29, 2021

АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-24

15-БОБ. СОХТА ЖАНГЛАР ВА ШАРТНОМАЛАР

Муллаларнинг ғайри-Қуръоний ҳикоялари ўтган улкан жанглар билан тўла, бу жанглар мўмин-кофир ва ҳатто мўмин-мўмин ўртасидаги урушлардир. Бироқ, бу ҳикояларни текшириш учун ўша тарихий даврга оид бирорта далил йўқ. Масалан, муллалар доим фахр ва ғурур билан нақл этадиган - Пайғамбар алайҳис-салом Ясриб деган жойда Бани Қурайза номли яҳудий қабиласининг 400-900 инсонни қатлиом қилишни буюргани ҳикоясини олайлик.

Бани Қурайза - 7-асргача Шимолий Арабистонда, Ясриб (ҳозирги Мадина) воҳасида яшаган яҳудий қабиласи. 627 милодий йил феврал/март ойларида улар Муҳаммадга қарши хиёнат қилгани учун 25 кун қамал қилинган ва оқибатда қатлиом қилингани айтилади. Қатл этилганлар сони ҳақида мунозаралар бор, 400-900 орасидаги рақамлар айтилиб, фақат эркаклар танланиб, калласи олинган, дейилади. Сунний ҳадисларда айтилишича эса, барча эркаклар ўлдирилган ва ҳатто бир аёл ҳам қатл этилган. https://en.wikipedia.org/wiki/Banu_Qurayza

Яҳудийлар ўз тарихида ўзларига қарши қилинган зулм ва тазйиқларнинг ҳар бирини қайд этиб, доим хотирлаб келади. Бироқ қизиғи шундаки, уларнинг биронта ҳам қайдида Бану Қурайзанинг 900 яҳудий эркаги қатл этилди, деган гап йўқ.

Муллалар яна Жамал уруши ҳақида айтишади. Бу воқеада Оишанинг кучлари (уни Пайғамбарнинг хотинларидан бири дейишади) билан Али (Пайғамбарнинг амакивачаси ва куёви) ўртасида содир бўлган қуролли тўқнашув бўлади. Яна бошқа бир қонли тўқнашув ҳам бор: Муовия ва Али ўртасидаги Сиффин жанги. Муллаларга кўра, булар буюк фитна (фитнаи кубро) давридаги ҳодисалар эди. Тавҳид (бирлик) асосига қурилган уммат ушбу воқеалар оқибатида Сунний/Шиа дейилган икки душман фирқага, кейинроқ икки сиёсий фракцияга, кейинроқ икки фиқҳий мазҳабга, кейинроқ икки алоҳида динга ажралди.

Бу жанглар рўй берганига тааллуқли ҳеч қандай тарихий далил йўқ. Бу воқеалар содир бўлиши учун, биринчидан, Оиша деган бу аёл Пайғамбарга олти ёшга тўлганида никоҳланган бўлиши керак. Биз 7-бобда кўрдикки, бу ақл бовар қилмайдиган уйдирма ва Пайғамбарни Педофилга чиқарадиган оғир туҳматдир.

Аммо ҳикоя давом этади, учинчи Халифа деб аталган Усмоннинг ўлимидан кейин Оиша ўз дўстлари/ақраболарининг тўртинчи Халифа бўлишини истаб қолди. Бу Алининг Халифа сайланишига қарши чиқиш эди. Бу орада Муовия ҳам Сурияда ўзини Халифа эълон қилган эди.

Узун гапнинг қисқаси шуки, ҳаммаёқда уруш қайнади. Сиффин жангида бир тараф Муовия ва бошқа тараф Али. Сўнгра Жамал жангида бир тараф Оиша ва бошқа тараф Али.

Бу воқеаларнинг сабабларини қамрай олиш учун, Муовия ва Али ўртасидаги Сиффин жангидан олдинги воқеаларни ўрганиш керак бўлади.

"Сурияда фитна ва исён қўзғаш тўхтовсиз давом этарди. Усмоннинг қонли кўйлаги ва хотини Ноиланинг кесилган бармоқлари минбардан намойиш этилди. Шу тариқа, Муовия бутун Сурия мамлакатини Алига қарши кўтарди. Оқибатда, ҳар икки томон бир-бирига қарши урушга чиқиб, 37-ҳижрий/657-милодий йилда Сиффинда тўқнашди. Ҳатто шу ҳолатда ҳам Али Муовияга уч кишилик ҳайъат юборди (Башир ибн Амр бин Маҳз Ансорий, Саид ибн Қайс Ҳамдоний ва Шис ибн Рабиъ Таминий). Муовияга урушмаслик, сулҳ ва иттифоқ таклиф этди. Табарийга кўра (5-ж., 243-с.)

Муовия: "Йўқолларинг бу ердан, орамизда фақат қилич ҳукм чиқаради".

Оиша/Али ўртасидаги Жамал жангига олиб келган воқеалар эса қуйидагича:

"Усмон ўлдирилганида Оиша Маккада, ҳаж сафарида эди. У ҳар доим Талҳа ёки Зубайрнинг халифа бўлишини кутган эди, аммо халифа этиб Али сайланишини эшитгач, жуда хафа бўлди".

У (Оиша) Усмон мансуб бўлган Бани Умайяни қувватлаш учун катта кучга эга аймоқларни ўз тарафига олди. Ўз даврида Усмон тайинлаган волийларни Али ишдан бўшатган эди, улар ҳам Оиша тарафига ўтди. Йамандаги собиқ волийлар ҳам у (Оиша)нинг лашкарини молиялаш ва волийлик пайтида Йаман халқидан ўмарган бойликларини унга топшириш орқали қўлладилар. Талҳа ва Зубайр ҳам Алига байъат қилганларига қарамай, Оиша кучларига бориб қўшилди. Кўп сонли бекорчи дайдилар ҳам пул илинжида Оиша лашкарига келиб ёлланди.

Уруш ҳозирликлари тамомланиб, Оиша лашкари Басра сари юрди. Кетишдан олдин у Пайғамбарнинг содиқ беваси Умму Саламани унга ҳамроҳ бўлишини сўради. Умму Салама унга жавобан дедики, Пайғамбар а.с. Алини ўзининг вориси эканини ва ким Алига осий бўлса, Пайғамбарга осий бўлибди, деганини айтиб, ғазаб билан рад этади. У, шунингдек, барча хотинларига хитобан, қай бирингиз исёнкор тўданинг бир қисми бўлганида Хавъаб итлари уларга ҳуради, деганини эслатди. Кейин у Оишага қарата, Талҳа ва Зубайрнинг сўзларига алданма, улар фақат нотўғри ишларга қўл урдиради, дея огоҳлантиради. Бу эслатма таъсиридан, Ойша сал қолса иддаосидан воз кечарди. Бироқ унинг асранди ўғли, Абдуллоҳ ибн Зубайр уни яна давом этишга кўндирди". (Аҳмад, Абу Йаъло ва Ал-Баззор, саҳиҳ ҳадис).

ҲАВЪАБ ИТЛАРИ

Ҳавъаб итлари ҳикояси бу ривоятларнинг сохта эканлиги кўрсатувчи энг яққол далил. Ва бу сохталикни ишончли кўрсатиш учун бир зўраки уриниш холос.

"У (Умму Салама), шунингдек, Ҳавъаб итлари фосиқ тўда таркибига кирадиган хотинларга ҳуришини айтган Пайғамбар ҳадисини эслатди Оишага.

Бу ҳикоянинг яна бир версиясида шундай дейилади:

"Ҳавъаб итлари қиссаси "Сиҳоҳи Тисъа"дан (9 саҳиҳ тўплам - Бухорий, Муслим, Насоий, Ибн Можа, Тирмизий, Абу Довуд, Молик, Аҳмад ва Доримий) фақатгина Аҳмадда келган. Аҳмад бу қиссанинг икки хил вариантини келтирган. Шунингдек, бу ҳикоя "Саҳиҳи Ибн Ҳаббон"да, "Ҳоким Мустадрак"да ҳамда тарих китобларида келтирилган.

Ҳикоя қуйидагича:

Қайсдан Исмоил ривоят қилади: "Оиша Бани Омир сувларига етганида, ит ҳуришини эшитди. Шунда Оиша: "Бу қаернинг суви?" деди. Одамлар айтишди: "Ҳавъаб суви!" Аиша онамиз айтдилар: "Мен ортга қайтаман". Шунда баъзилар дейишди: "Йўқ, сен давом этмоғинг лозим. Мусулмонлар сени кўрсин ва Аллоҳ улар орасида тинчликни насиб этсин". Шунда Оиша яна деди: "Мен Набий а.с. шундай деганини эшитган эдим: "Ҳали бирларингга: "Ҳавъаб итлари" ҳурганида, ҳолингиз қандай кечар экан!"...

Бу ҳадислар Пайғамбарни башоратчи сифатида тасвирлайди. Яъни, хотинларидан бирининг исён кўтаришигача, ҳатто Хавъаб итлари ўша хотинга ҳуришигача олдиндан башорат қила олибди. Пайғамбарнинг башоратлари, ўша вақтдаги ва ўша жойдаги фолбин/коҳинлар орасида кенг тарқалган туялар ёки отлар орқали эмас, негадир итлар орқали айтилган. Пайғамбаримиз бу итларнинг аниқ ҳуриш манзилигача (Ҳавъаб) айтиб берибди-ю, хотинлардан қайси бири исёнга етаклашини аниқ башорат қилолмабди. Ваҳийнинг бу қисмини бироз булут босибди, тиниқ кўринмабди!

Пайғамбар асло коҳинлик/фолбинлик қилмаслиги ҳақида Қуръонда шундай дейилади:

"Айт: "Мен ўзимга на фойда, на зиён етказишга қодир эмасман, магар Аллоҳ хоҳлаган ишгина бўлади. Агар ғайбни билганимда, яхши амалларни кўпайтирган бўлардим ва менга бирон ёмонлик – зиён етмаган бўларди. Мен фақат иймон келтирадиган қавмга огоҳлантиргувчи ва хушхабар бергувчиман, холос". (7:188).

Бошқа таржимонлар эса шундай ўгирган: "агар ғайбни билганимда, ўзим фойда қилган бўлардим".

Пайғамбар ҳеч қачон келажакни билиб, айтиб бериши мумкин эмас. Мабодо кўрганида, келажакда даҳшатли келажак воқеалар рўй беришини билган бўларди: ўз севимли хотини (Оиша?) бир тараф, ўз севимли куёви (Али?) бир тараф, бир-бирига қўшин тортиб урушиши ёки улуғ саҳоба (Муовия?) бир тараф уруш бўлиши, минглаган мусулмон (орасида саҳобалар ҳам бор) қатл этилиши каби оғир мусибатларни билиши керак эмасмиди?

Лекин асл ҳақиқат шуки, Пайғамбар ҳеч қандай фолбин бўлмаган, на келажакни, на бошқа бир ғайбни, на Ҳавъабда хотинларга ҳураётган итларни кўрмаган. Пайғамбарнинг вазифаси фақат эслатиш ва етказиш билан чекланади.

"Бас, сен эслат! Раббингнинг неъмати ила сен коҳин/фолбин ҳам, мажнун ҳам эмассан" (52:29)

Келажакда нима бўлишини башорат қилиш Пайғамбарнинг иши эмасди.

"Бу шак-шубҳасиз, улуғ Расулнинг қавлидир.
У шоир сўзи эмас!
Ўта оз ишонаяпсиз!
У коҳин/фолбин сўзи эмас!
Ўта оз эслатма оляпсиз!
У Оламларнинг Раббидан нозил қилингандир.
Агар у (Расул) Бизнинг шаънимизга айрим сўзлар сўзласа;
Биз унинг ўнг қўлидан тутамиз, ва шохтомирини узиб ташлардик.
Ўшанда ҳеч бирингиз уни қутқара олмасди" (69:40-47).

Қуръон бу ерда жуда қўрқинчли таҳдид ёғдиради. Бу Расул бир коҳин эмаслигини қасам-ла таъкидлайди. Мабодо Расул Аллоҳнинг айтганидан (Қуръондан) бошқа нарсалар айтиб, уни ҳам Аллоҳдан деб даъво қилса, Аллоҳ таоло Ислом Расулини қаттиқ жазолашини айтади. У ҳолда ҳеч ким Расулга ёрдам бера олмайди.

Шундай экан, Расулуллоҳ хотинларидан бирига Ҳавъаб итларининг ҳуришини фолбин каби башорат қилишини тахмин ҳам қилиб бўлмайди. Ҳавъаб итлар ҳақидаги ривоят бошдан-оёқ уйдирма.

Қуръонда яна шундай дейилади:

"Агар улар сени алдамоқчи бўлсалар, бас, Аллоҳнинг Ўзи сенга етарлидир.
У сени Ўз ёрдами ҳамда мўъминлар билан қўллаган ва уларнинг қалбларини улфат қилган Зотдир.
Агар ер юзидаги бор нарсани сарфласанг ҳам, уларнинг қалбларини улфат қила олмас эдинг.
Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди.
Албатта У Қудратли, Ҳикматлидир.
Эй пайғамбар, сен учун ва сенга эргашган мўъминлар учун Аллоҳнинг Ўзи етарлидир". (8:62-64)

Бу оятлар, айниқса, Қуръонга иймон келтирган мусулмонларга тааллуқлидир. Аллоҳ Пайғамбар билан бирга бўлган саҳобаларнинг қалбларини бирлаштирганини айтади. Бунга, албатта, Оиша, Али, Усмон, Муовия ва бошқалар ҳам киради (агар улар ҳақиқатан ҳам яшаб ўтган бўлса).

Қуръонда "Ал-ҳаққу мин-Раббика" дейилади, бу "Ҳақиқат ёлғиз Роббингдан", дегани бу. Демак, Аллоҳ Пайғамбар атрофидаги саҳобаларнинг қалбларини улфат қилганини (ўтган замон феълида) айтган экан, бу Аллоҳдан келган ал-Ҳаққдир (Ҳақиқатнинг билдирилишидир).

Агар бирон мусулмон ўшанда ёки бугун бунга шубҳа қилса, у ҳолда Қуръон дейдики:

"Агар ер юзидаги бор нарсани сарфласанг ҳам, уларнинг қалбларини улфат қила олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта У Қудратли, Ҳикматлидир".

Аллоҳ уларнинг қалбларини бирлаштирган бўлиши керак. Аммо муллаларнинг ҳикояларига кўра, Пайғамбар вафот этиши биланоқ, Қуръондаги бу ваъдаларнинг ҳаммаси деразадан улоқтирилган. Бу саҳрода Али, Муовия, Ойша бир-бирига қарши урушган ва саҳобаларни ўлдиришган.

Қуръонда Пайғамбарнинг ҳам айтган сўзлари келтирилган, шунинг учун, Пайғамбар ҳам ҳамманинг оёғидан тортган бўлиб кўринади.

Мана шундай очиқ ва аҳмоқона уйдирмаларни кўрганимизда, муллалар айтадиган ҳикоялар яна-да ақл-мантиқдан узоқ экани очилиб бораверади.

Қуръони каримда Пайғамбар, унинг хотинлари ва мўминлар ўртасидаги муносабатлар ҳақида ҳам конкрет қонун-қоидалар баён этилган.

Пайғамбар мўъминларга ўзларидан ҳам авлороқ — ҳақдорроқдир, унинг аёллари эса уларнинг оналаридир. Қариндош-уруғлар бир-бирларига мўъминлардан ва муҳожирлардан кўра Аллоҳнинг Китобида ҳақдорроқдир. Магар сизлар дўстларингизга яхшилик қилмоғингиз мустасно. Бу — Китобда битиб қўйилгандир. (33:6)

Расулуллоҳнинг хотинлари мўминларга оналаридек эдилар. Уларнинг юксак мақоми мана шундай. Лекин муллалар бизни Оиша исмли "мўминларнинг онаси" дейилган аёл баъзи бир бошқа саҳобалар билан бирлашиб, Аллоҳ қалбларини бирлаштирган Пайғамбарнинг бошқа саҳобаларига қарши тиш-тирноғи билан уришиб кетди" (8:63), деб ишонтирмоқчи бўлади.

Оиша ҳақида шундай дейишади: "Халифа этиб Али сайланишини эшитгач, жуда хафа бўлди"

Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ Қуръонда айтганида "Агар ер юзидаги бор нарсани сарфласанг ҳам, уларнинг қалбларини улфат қила олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди". Аллоҳ алдаяптими унда? У алдовини мусулмонлар устига яна-да тезроқ кўрсатибди-да унда?!

Аллоҳ Пайғамбарнинг хотинларини мўминларга "оналар" кабидир дейди, муллаларга кўра эса, Аллоҳ шунчаки ҳазил қилган. Уларга кўра ҳатто бир "мўминлар онаси" ҳам, бошқа мўминларни қурбонлик учун урушга, ўлимга бошлаб олиб бориши мумкин, чунки у "мўминларнинг онаси", анавилар эса унинг фарзандлари".

Булар ҳаммаси муллалар томонидан ижод этилган уйдирма ва ёлғонлар холос. Ҳақиқат эса шундан иборатки, саҳобалар қалблари Аллоҳ тарафидан улфат қилинган/бирлаштирилган кишилар эди ва улар ҳеч қачон бир-бирлари билан уруш олиб бормаганлар.

Пайғамбар Ҳавъаб деган жойда итларни ўз аёлларига ҳуриши ҳақида ҳам гапирмаган, на бошқа бирор башорат ҳам қилмаган.

Жамал ва Сиффин жанглари ҳеч қачон содир бўлмаган. Бу барчаси уйдирилган ҳикоялар холос.