quranonly
April 1, 2022

САВМ ШАҲРИ РАМАЗОН

Ассалому алайкум. Мана Рамазон ойига кирмоқдамиз. Шунинг учун илк суҳбатимизни Рамазон мавзусига бағишлаймиз.

Маълумки, Рамазон калимаси арабча калима. Бу калима Қуръонда ва Исломда ниҳоятда муборак бир калима эканлигига қарамай, афсуски мусулмонлар орасида бу ой ниҳоятда барбод бир ой ўлароқ ўтказилмоқда. Шунинг уун биз бу калимани Қуръонга уйғун тарзида сизларга тақдим этишга ҳаракат қиламиз.

Рамазон калимаси Қуръонда фақат биргина оятда келади. У ҳам “Бақара” сураси 185 оятда. У ерда шундай дейилади: “У Рамазон ойики, унда Қуръон нозил этилди”. Бутун масала мана шу. Биз бу ерда олдин Рамазонни, Рамазон ойида қилиниши керак бўлган амалларни, ундан кейин Рамазоннинг қадр-қиймати ҳақида сўз юритамиз.

Биринчидан, Рамазон калимасининг маъноси нима? Маълумки, бу калима туркча эмас, арабча бир калима. Арабчадаги маъносига келадиган бўлсак, бунинг икки манбадан адабиётга киргани маълум. Биринчиси, ЖАЗИРАМА ИССИҚ деган маъно бор. Бу маъно Қуёш иситиши билан Ердаги тошлар ва қумларнинг ниҳоятда қиздирилиши ва устида юрган инсонларнинг ҳам ялангоёқларини куйдириши маъноси. Биринчи маъноси шу.

Иккинчисидан, араб анъаналарида ойларнинг ўзига хос қадр қийматлари бор. Баъзи ҳаром ойлар, яъни чекловлар бор, баъзиларида йўқ. Ҳаром ойларда уруш олиб борилмайди. Бошқа ойларда урушга тайёргарлик кўрилади. Рамазон ойи ҳам урушга тайёргарлик кўрилган ва ўқларнинг учлари чархланиб, ўткирланадиган ой бўлган. Мана шу маънодан келиб чиққани ҳам манбаларда айтилади.

Баъзилар эса, бу калима ҳақида шундай ҳам дейишади (бу талқинни сиз ҳам эшитгандирсиз балки): Рамазон калимаси ниҳоятда қиздирган деган маънога асосланиб айтишадики, Рамазонда инсоннинг гуноҳлари тўкиладиган, гуноҳларни ёқиб йўқотган бир ой дейишмоқчи бўлишади. Бу эътибор беришга арзигулик талқин эмас. Зеро, мусулмонлик келишидан ва Қуръон нозил бўлишидан олдин ҳам Рамазон ойининг номи арабларда мавжуд эди. Шунинг учун бу калима Ислом келиши сабабли пайдо бўлган калима эмас.

Умумият-ла шуни айтишим мумкинки, Рамазон калимасининг асл маъноси иккинчи вариантдаги "ўқларни чархлаш ва ўткирлаш" маъноси эмас, биринчи вариантдаги Қуёш ва Ердаги тупроқ, қум ва тошнинг ниҳоятда қиздиргани ва шу сабабли оёқларни куйдиргани ҳақидаги талқин қабул этилган маънодир. Демакки, Рамазон ойининг номи июль ва август каби айниқса, Ҳижоз диёрида ва Арабистон ярим оролида ниҳоятда жазирама, ҳаддан зиёд иссиқ муҳитда қўйилган ном.
Бир нарсага ном қўйилган пайтда илк қўйилган исм агар хато исм бўлган тақдирда ҳам кейинчалик у такрор тортишилмайди, қайта кўриб чиқилмайди. Шу бўйича қабул бўлиб қолади. Тузатишлар киритилмайди. Дунёда бунга жуда кўп мисоллари бор. Атамада тортишув бўлмас деган қоида бор. Масалан: бир замонлар инсонлар тасаввурида Қуёш бир жойдан чиқиб, бир жойга ботиши шаклланган эди. Шунинг учун Қуёш чиққан тарафга кунчиқар, Қуёш ботган тарафга эса кунботар дея ном берилган эди. Кейинчалик маълум бўлдики, Қуёш ҳеч бир жойдан чиқмайди ва бир жойга ботмайди экан. Лекин кунчиқар ва кунботар тарафларни номини ўзгартирайлик дейилмади. Бутун дунёда ҳамма ўз тилида кун чиқиш ва кун ботиш дейилаверади.

Масалан, Колумб Американи кашф этганда бир жойга бориб жойлашади. У ерни Хиндистон деб ўйлайди. У жойни Хинд ороллари деб номлайди. Кейинчалик у ер Хиндистон эмаслиги маълум бўлишига қарамай, уни номини ўзгартирайлик дея ҳеч ким айтмади.

Бунга ўхшаш, Қуръонда ҚАЛБ калимаси бор. Бу инсоннинг интеллектуал, фикрлаши қалбда бўлиши айтилади. Бугун аниқ маълумки, фикрлаш ва ақл юритиш функциялари қалбда, юракда эмас, мияда содир бўлади. Шунинг учун бир пайтлар хато бўлган экан, энди тузатайлик дейилмайди. Ҳозир ҳам инсоннинг қалби, юраги дея ифода этилади.

Рамазон ойи ҳам қанчалик ўз даврида илк асл маъно сифатида энг иссиқ ойга берилган ном бўлишига қарамай, фасллар ва ойлар ўзгарар аммо Рамазон ойи январь ойига ва энг совуқ кунларга ҳам келиши мумкин. Унда Рамазон иссиқ ой номи, келинг ўзгартирайлик деб биров айтмайди. Рамазон калимаси иссиқ бир мавсумга берилган номдир. Шунинг учун янгидан ўзгартириш ҳақида бирон бир гап йўқ.

Қуръони Каримда "Рамазон ойики, унда Қуръон нозил қилинган" дейилади. Оятнинг давомида эса, “Сиздан кимки Шаҳри Рамазонга гувоҳ бўлса, бу ойни саумли ўтказсин” ифодаси бор. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, Рамазон ойининг қадр-қиймати ва аҳамияти икки жиҳатда акс этади. Биринчиси, бу ойда Қуръон нозил бўлганлиги, иккинчиси эса, бу ойни саум билан ўтказиш буюрилганилиги. Бу икки жиҳатдан ташқари, Рамазон ойининг бошқа тақвим ойларидан бирон бир афзаллиги, устунлиги, зиёдалиги ва имтиёзлилиги йўқ. Биз мана шу икки жиҳатни кўриб чиқамиз.

Аввало Рўза мавзусини кўриб чиқамиз. Ҳолбуки, оятда биринчи Қуръон нозил бўлиши зикр этилган. Биз Қуръонни Рўза мавзусидан кейинги навбатда баён қиламиз. Биринчи масала Аллоҳ Бақара сурасининг 183-оятида шундай марҳамат қилади: “Тақво эгаси бўлишингиз учун сизлардан олдингиларга фарз қилингани каби сизларга ҳам ўзаро рўзалашиш фарз қилинди”. Биз бу ерда шуни айтамизки, Рамазон калимаси туркий эмас, арабий калима. Рўза калимаси ҳам туркий калима эмас. Бу калима форсча. Рўза калимаси РЎЗ кун, (рўзнома калимаси ҳам ўша КУН маъноси билан боғлиқ). Бизнинг одамлар уни ўзимизга мослаб талаффуз қилишган. Рўзни РЎЗА, баъзи тарафларда ЎРАЗА, Туркияда ЎРУЧ дейилади. Бу ўзгаришлар ҳақида шуни айтамиз: Қуръон араб тилида нозил бўлган, аммо туркларга Қуръон, Ислом етиб келганида халқ тушуна оладиган туркча билан келтирилмади, балки Форсча аралаш келтирилгани сабабли асл маъноларидан бутунлай бошқа тарафларга буриб юборилишлар бўлди.

Саум рўз, рўза, ўраза бўлса, ўруч бўлса қандай муаммо?

Менинг шахсий фикрим шуки:, бу калималардаги асл маънони туркча келтирилмаслиги - бир ХИЁНАТ эди. Динни худди христиан, яҳудийларда бўлгани каби бир гуруҳнинг монополиясига топшириш. Буни фақат бир тоифа билиши мумкин, оддий халқ англай олмайди, шайхлар, пирлар, устозлар билиши мумкин, дея асосида амалга оширилган хиёнат эди. Буни очиқ айтиш керак.

Тилда айниқса, биз яшаётган минтақаларда, мусулмонлар бир тарафдан ўз билимсизлиги қурбони ёки етарсизлик комплекси десак ҳам бўлади. Ўз туркий тилига эгалик қила олмаганлиги сабабли даврида "Усмонли" дея сарой тили ижод этишди. Туркча, арабча, форсчадан иборат қоришиқ бир тил. Буни ҳам оддий халқ ҳеч қачон англай олмади. Рўза ҳам худди шунга ўхшаган сўз.

Рўза арабча оригиналда САУМ дегани. Саум - тўхтаб, тийилиб туриш, ҳаракатсизлик маъносини беради. Масалан, от сувсизликдан, очликдан ҳаракатсиз тўхтаб туриши, шамол бўлмаган пайтда дарахт шоҳлари, барглари ҳаракатсиз туришига араблар Саум дейишарди. Саум калимасининг оригинал маъносини шундай дейишимиз мумкин: ИНСОН ЎЗ-ЎЗИНИ ТИЙИШИ. Эътибор беринг, РЎЗАНИ ТУТИШИ эмас. Рўза тутиши десангиз, бир шакл ва ритуал каби тақлид яратасиз ва уни тутамиз дея машғул бўласиз. Аслида ундай эмас. Рўза ташқаридан тутиладиган бир нарса эмас. Инсон ўз-ўзини тийишидир.

Хўп, инсон ўзини қандай тутади?

Калиманинг луғавий маъноси тўхташ, тийилиш ва ҳаракатсизлик дегани дедик. Инсон ҳам ўз-ўзини худди шундай тутади. Қаранг, ейишдан, ичишдан, жинсий алоқадан ва гапиришдан тийилади. Саум калимасининг оригинал маъноси мана шу тўрт нарсадан тийилиш деганидир. Аммо, афсуски диний китобларига қараганимизда, бу ерда бир сохтакорлик қилинган. Бу калиманинг маъносига таъриф берилар экан, дин ва фиқҳ китобларида “Шариатда Саум” дея бошланади. Улардаги Саум таърифидан ТАРКИ КАЛОМ, гапиришдан тийилиш чиқариб ташланган. Ҳолбуки, диндан бирон нарсани фақат Аллоҳ чиқариши мумкин эди. Ҳолбуки, Аллоҳ Саумдан бу маънони чиқариб ташлаган эмасди. Бу нуқтага ҳали қайтамиз.

Аллоҳ таоло оятда “Кимки бу ойга гувоҳ бўлса, унда саум қилсин” дейди. Яъни, бу ерда САУМ қилувчи СОИМ ҳолатда ўтказиш деганимизда ўзини тияди. Яъни, ЕЙИШДАН, ИЧИШДАН, ЖИНСИЙ АЛОҚАДАН ВА ГАПИРИШДАН тийилган ҳолда ўтказади деган маъно чиқади. Бир ой бўйича ҳамда кеча ва кундузи. Аммо бунга Аллоҳ енгиллик беради. 187-оятга келганда ейиш, ичиш, жинсий алоқа ва гапириш кечаси ҳалолдир, рухсатдир дейди. Бунда кечани истисно қилади. Агар саумдан, гапириш моддаси чиқариб, ўчириб юборилиши бор бўлганида бунга Қуръондан, Аллоҳнинг каломидан бирон оят далил сифатида келтирилиши керак зид. Афсуски бундай оятни келтира олишмайди. Демакки, Рамазон ойи келганида Аллоҳ кечаларни истисно қилди, кундузларни ҳар ким ейиш-ичиш ва жинсий алоқа ва гапиришдан тийилган ҳолатда ўтказади. Рўзанинг, Саумнинг маъноси мана шу.

Буни илк марта айтганимда баъзилар дейишдики, "унда одамлар қандай рўза тутади?" Жавоб шуки, ҳамма рўзани тутади, рўза бу бир нарсани тутиш дегани эмас. Аллоҳ Қуръонда дейдики, кимки сизлардан касал, хаста бўлса ёки сафарда бўлса бошқа кунларда тутади. Уйғун бўлган кунларда тутади.

Бу ерда сафарда нима дегани? Сафар ва хасталик деган мавзуни буни ниҳоятда аниқ ўрганиш шарт. Чунки бу ердаги хасталик ва сафар деган моддаларни фиқхчилар бузишган. Сўзнинг асл маъносидан бутунлай бошқа томонларга олиб кетишган.

Биринчиси, хасталик оятда МАРОЗ деб келади. Мароз калимаси М-Р-З ўзагидан бўлиб, хасталик дегани. Инсоннинг сезишидаги, сезиш органларидаги нуқсонлик дегани, яъни ҳар қандай нуқсонлик. Инсоннинг кўришида, эшитишида, мушакларида ҳам бирон нуқсонлик бўлса, булар мариздир, хасталикдир. Бизда эса, хасталик дейишили билан гўёки бир рак, диабет каби клиник ҳолатлар тушунилади. Ҳолбуки, мароз калимасининг асл маъноси сезги органларидаги йўқотиш, нуқсонлик холос. Зотан, ҳозир ҳамма рўза тутишни ният қилади. Рўза тутишни бошлайди, ейиш ва ичишни тўхтатади. Маълум бир нуқтага келганидан кейин баъзиларда масалан, кўриш ва эшитишида нуқсонлар пайдо бўла бошлайди. Натижада асаби бузилади. Асаблашиш ҳолатлари кўпаяди. Шу пайтда нима қилади? Албатта, ўзини уйқуга уради. Ҳолбуки, Рўза дегани бу эмас. Рўзанинг шу жиҳатини ҳам айтиб ўтай. Рўза, Саум буюрилишидан мақсад, одамни оч ва ташна ҳолга солиш эмас. Саум буюрилишига сабаб оятда ҳам айтилганидек, "тақвога эришасиз, яъни Аллоҳнинг ҳимояси остига кирасиз" деган мақсадда фарз этилган.

Бу нуқталардаги биринчи масала ХАСТАЛИК, вужуднинг соғлик, сиҳат масаласи. Иккинчиси САФАР масаласи. Учинчи масала, Саумнинг асл асосий мақсади.

Аллоҳ мусулмонларга Саумни буюрар экан, "Сизларга Саум буюрилди" демайди. Калима САУМ сўзи билан эмас, СИЁМ сўзи орқали келади. Сизларга СИЁМ буюрилди, дейилади. СИЁМ бу САУМнинг бошқа бир тарздаги, феълни ўзаро биргаликда содир этиш деган маъно ташийди, яъни, Сиём бу рўза тутишдан кўпроқ, ЎЗАРО РЎЗАЛАШИШ дегани. Бунинг маъноси шуки, Рамазон ойида мусулмонлар рўзани фардий, якка тартибда эмас, балки ижтимоий фаолият сифатида адо этади. Зотан, оятнинг аввалидаги “Эй иймон келтирганлар” дея кўплик шаклидаги хитоб сири ҳам мана шунда. Демак, мусулмонлардан шароити мувофиқ келганлар, (истиснолар ҳам бор, уларга алоҳида тўхтаталамиз) Рамазон ойида ишларини рўза шартларига кўра тартиб этадилар. Токи, Рўзадан кўзланган асл мақсад рўёбга чиқсин. Яъни, мусулмонлар ўзларини қайта кўздан кечиради, ревизия қилади, ўз устида ишлайди ва ўзларини келажакка ҳозирлайди. Бу ой ана шундай бир ой.

Аввал ҳам айтганимиздек, Рамазоннинг маъноларидан бири араблар жоҳилият давридан бери урушга ҳозирлик кўриши, ўқларини чархлаши, ўткирлаши маъноси ҳам бор деган эдик. Биз учун Рамазон ойи ақл, билим, онг ва зеҳниятни келажакка ҳозирлаш палласидир. Рўзанинг мақсади шу.

Шу ўринда қуйидагиларни ҳам ифода этайлик: Рамазон ойида инсоннинг рўза тутиши демайлик, ўзини тутиши, ижтимоий фаолият ҳолида амалга оширилиши, бугунги замонавий тиббиётдаги гуруҳ терапия (group therapy) кабидир. Гуруҳ терапия деганимизда ҳам тиббиётда, ҳам таълимда гуруҳ фаолияти энг самарали экани маълум. Ҳатто энг самарали тури дейиш мумкин. Дунёнинг ҳар тарафида илм давраларида фардий, яъни якка шахс тартибида фаолият юритиш даври тугаган. Тамоман гуруҳ, жамоавий фаолиятига ўтилган. Аллоҳ ҳам бу оятда Сиём шаклида буюриш орқали гуруҳ фаолияти ҳолида олиб боришни таъкидлайди.

Гуруҳ терапиядан мурод маълумки, ижтимоий гуруҳ таълим, тарбия, ислоҳ фаолиятларини ўз ичига олади. Бошқа оятларда ҳам шуни кўрамизки, инсонларни содир этган жиноятларида ҳам, масалан қонунни бузиш, қасамини бузиш, Ҳаж талабларини бузиш, аёли билан муносабатларини бузиш (ЗИҲОР), яъни Исломда манъ этилган амалларни содир этган инсонларга ҳам Аллоҳ таоло маълум бир муддат баъзисига икки ой, баъзисига ўн кун Сиём, яъни, ўзаро рўзалашган ҳолда ўтказишни, ўзини тутишни, рўзадор бўлишни амр этган. Бу каффорат туридаги амаллар, маъноси шуки, Ислом динида жиноятларни қамоққа қамаб, зиндонга ташлаб жазолаш деган нарса йўқ, буни очиқ айтиш керак. Исломда қонунга риоя этмаганларга кўриладиган чора, ўзаро айни модда билан айбланган кишилар ўзини тутиш ва ўз ич дунёсига йўналиш, ўзини текшириш, таҳлил этиш каби бир муддатга кирилади. Ўзи каби аҳволдаги кишилар билан айни муаммо, айни дарддаги кишилар билан бир жойда қолади. Яъни, дардлашиб, ошиб ўтади. Ўз қилмишларини мушоҳада этиши, устида тафаккур ва таҳлил этиши, нафс муҳосабаси қилиши амр этилади. Қуръондаги оятлардан чиқадиган хулоса бу.
ТАРКИ КАЛОМ, яъни гапиришдан тийилиш деган маъно Саумнинг таърифидан чиқарилди тарихда. Нега? Рўза ҳеч бир ишга ярамасин дея.

Зеро, гапириш билан фикрлаш ўзаро тескари нисбатда. Бир одам қанча кўп гапирса, шунча оз фикрлайди. Гапирганда инсон фикрлаши четга чиқиб туради.
Конфуций деган мутаффакирдан сўрашибди: Бир инсонни қанчалик ақлли эканини қандай билса бўлади? "Қанча оз гапирса, шунча ақлли" дебди. Кейин сўрашибди: Мабодо ҳеч гапирмаса-чи, унинг ақлини қандай биламиз? Конфуций дебдики: "Дунёга ҳали унча ақлли инсон келмаган". Яъни, тарки калом моддасини Саум маъносидан чиқарганда, рўзадан кўзланган энг асосий мақсад, яъни инсонни тақвога етиштириш мақсад йўққа чиқарилади. Шунинг учун Аллоҳнинг оятидаги ҳар бир калимасига хассос, диққатли ёндошишимиз лозим.

Энди, бугун ҳар кимнинг ўз иши, тирикчилиги бор, ёки хаста. Бу моддаларни бирма-бир очишга ҳаракат қиламиз. Хасталик ва Иш мавзуси.

Биринчидан, Аллоҳ оятда дейдики, мариз-хаста эсангиз, бошқа кунларда тутасиз. Оятдаги хасталик маъноси оғир касалликлар, масалан саратон, ёки қандли диабет ҳақида эмас. Оятдаги Мариз дегани функционал етарсизликларни ўз ичига олади.

Функционал етарсизликларга кейинроқ тўхталамиз.

Олдин Сафар мавзусини очмоқчимиз.

Сафар калимасининг Қуръон нузулидан олдинги асл маъноси дарахт шоҳларини тебраниши, чайқалиши, ердаги тўкилган баргларнинг учирилиши, киши қўлига супурги олиб ерни супуриш ҳаракати. Мана шунга САФАР дейилган. Фиқҳчилар уйдирганидек, ўн беш соатлик йўл, 90 километрлик масофага чиқиш сафар дегани эмас. Оятдаги САФАР дегани бу эмас.

Фиқҳчилар дейдики: ўн беш соатлик яёв йўлга чиқсанг, ёки 90 километрлик масофага машинада чиқсанг сафардасан, мусофирсан, яъни рўза тутишинг шарт эмас.

Сафарнинг маъноси - ҲАРАКАТЛИ ИШ дегани. Муззаммил сурасининг 20-оятида Аллоҳ мусулмонларга сафарни таъриф этади. Сафарга тааллуқли баъзи енгилликлар беради. Бу жойда сафар маъноси қуйидагича билдирилади: сура бошида ҳар бир мусулмон Қуръонни ўрганиши ва ўргатиши амр этилади, суранинг охирида истиснолар ва рухсатлар берилади. "Мабодо, хаста бўлсангиз ёки (мана энди сафар сўзи эмас унинг таърифи келади) бир қисмингиз ер юзида Аллоҳнинг фазлидан исташи... (бу нима дегани? - албатта тижорат) Шундай экан, Қуръондан қулай келганини ўрганинг ва ўргатинг".

Аллоҳ сафар сўзининг маъносини мана шундай беради. Уйдан ташқарида ҳаракатли бирор иш, дейлик деҳқончилик, ўқитувчилик, аскар ёки тужжор. Уйдан ташқарида бирон ерга бориб ишлаши керак бўлса, у сафарда бўлади ва рўзани бошқа бир мувофиқ келган кунларга кечиктиради. Бир тарафдан ишлаб, бозорда, дарсда, аскарликда, далада меҳнат қилиш, бошқа тарафдан рўза тутаман дейиш, бу рўза тутиш эмас. Рўза тутадиган одам мутлақо ва мутлақо рўзага мувофиқ шарт ва шароитларда бўлиши керак. Сафарда бўлмаслиги керак, хаста ҳам бўлмаслиги керак.

Мариз - бу сўз ҳам арабча. Оригинал маъноси функционал етарсизлик демакдир. Саратон, диабет, қон босими каби оғир касалликлар бунга кирмайди. Диний адабиётда Саумнинг таърифи тўрт нарсани, яъни ЕЙИШ, ИЧИШ, ЖИМОЪ ва ГАПИРИШНИ тарк этиш деб айтилган. Бу гал ейиш ва ичиш моддасида тўхталамиз. Бақара сураси 187-оятда " Енглар ва ичинглар" (Кулу вашробу) дейилган. Буни жисмонан егулик ейиш, ичимлик ичиш деб ҳарфиян англаш хато. Жуфт калималар ва сўзлар таркиб ҳолида келган сўзларнинг маъноси бошқадир.
Тақрибан ўн йилдан буён Қуръон ўрганилаётган бутун дунёда бу маълум. Бизнинг туркчада ҳам бу каби сўзлар бор. Масалан, кеча-кундуз. Кеча-кундуз ишладим дегани кечада бир, кундузи бир ишладим дегани эмас. Қуръонда инсу-жин ибораси бор. Инс – танилган, билинган. Жин – танилмаган, билинмаган. Содда тасаввур буни одамлар билан жинлар деб ўйлайди. Аслида бу танилган-танилмаган, билинган-билинмаган халойиқ, яъни ҳамма дегани. Худди биздаги ёшу-қари дегандек. Ёки олди-қочди дегани бор. Олди-ю, бир тарафга қочди дегани эмас. Балки ёлғон, янглиш гаплар дегани. Яъни, жуфт калималардаги маъно ҳарфиян эмас, балки фарқли. Алоҳида олинса бошқа, жуфт ҳолда келса бошқа. Енглар-ичинглар дегани туркча "бемалол, кўнглингиз истагандек" каби маъноларни билдиради. Бу ифода Қуръонда 20 га яқин ўринда келади. "Кулу вашробу" истасангиз енг, ичинг, истасангиз жинсий алоқага киринг, истасангиз гапиринг, бумалол вақт ўтказиш дегани. Бу то 187-оятда "тонгдан оқ ип қора ипдан айрилгунига қадар" давом этаверади.

Оқ ип қора ипдан айрилиши нима?

Кечанинг қисмлари бор. Оқшом, тун, тонг. Оқшом кун ботган палла, тун қоронғуда одам юрган йўлида ҳеч нарсани кўра олмайдиган пайт. Тонг бу шафақ пайти. Булар кечанинг бўлимлари. Тонгдаги оқ ип қора ип айрилгани аслида киноя бир ифода. Ҳар ким уни ўзича фарқли соатга ва тақвимдаги вақтларга кўра белгиламайди. Оятдаги Фажр вақти биздаги Тонг. Бу кеча билан кундуз қоришган, ойдинлик хира пайти. Оқ ипнинг ортиши, ёруғлик ортиб бориши. Бу тақрибан кун чиқишидан 20 дақиқа-ярим соат қолгунга қадар. Бемалол бўлинг, еб-ичиб, оила билан бирга бўлиш ва суҳбатларга рухсат дегани. Куллу вашробу ифодасининг асл маъноси мана шу.

Ейиш-ичиш моддасига нима киради?

Рўзадорлар узоқ вақт емай-ичмай вақт ўтказади. Очиқ айтамиз, бутун дунёда маълумки, ярим очлик инсонга фойдали. Яъни, одам тўйиб, босиб емасдан, туриб кетиши соғлиққа фойдалироқ. Сувсизлик, сув етарсизлиги баданга зарар. Бу ерда енглар-ичинглар дегани бемалол бўлинглар дегани тўйиб, босиб ейишни ўз ичига олади. Аммо рўза мобайнида маълум миқдорда вужудни сувсиз қолдирмаслик, хасталик даражасига олиб бормаслик шарти билан сув ичиб олишда ҳеч бир хатар йўқ. Бу билан рўза бузилмайди.

Биз буни илмий ўлароқ Қуръон оятлари асосида арабча асл маънолари билан кенг оммага эълон қилганмиз. Сувнинг аҳамияти илмий тасбитларга кўра, инсон миясининг 75 фоизи, қоннинг 90 фоизи, мушакларнинг 70 фоизи, суякларнинг 22 фоизи сувдан иборат. 24 соатда мияда бир нуқтадан 4 литр сув ўтади. Шу боис сувсизликнинг илк симптомлари мия фаолиятида акс этади. Бунинг учун кунига саккиз-ўн стакан сув, яъни 2-3 литр сув ичиш тавсия этилади. Инсон егуликсиз 50 кунгача яшай олади, сувсиз бир неча кундан ортиқ яшай олмайди.

Сувсизликни инсон вужудига берадиган зарарлари.

Рўзадор сув ичмайди. Бунинг оқибатлари қандай? Агар вужудга бир фоиз сувсизлик бўлса, вужуднинг умумий фаолияти сусаяди, озаяди. Шунинг ўзигаёқ хасталик дейилади. Оятдаги МАРИЗ хаста дейилгани категорияга вужуддаги органларни нуқсонли экани, тўлақонли фаолият юрита олмаслиги киради. Бундай ҳолатдаги кишилар, шундоғам рўзадан озод.

Вужудда 3% сувсизлик бўладиган бўлса, вужуд иссиқлик нисбати бузилади. Ҳаддан зиёд чанқоқлик ҳисси пайдо бўлади. 4% озайса, жисмоний умумий фаолият 20-30 фоизга тушади. 5% озайса бош оғриғи ва чарчоқ, 6% озайса ҳолсизлик ва қалтираш, 7% озайса жисмоний ҳаракатларда ҳушдан кетиш, 11 % озайса вужуд тамоман бўшашади, ҳеч нарсага реакция билдирмайди. 12% сув озайса, бундай ҳолатларнинг ҳар юздан 97 ҳолатида ўлим, 15% озайса ҳар юздан 100 ҳолатида ўлим билан якунланади.

Қаранг, вужудда сувсизлик нималарга олиб келади? Аллоҳ бизни қийноққа солиш учун ёки очлик, хасталик билан тарбия этиш учун Саумни фарз қилмаган. Биз яна-да кўпроқ онг, билим ва зеҳниятга етишайлик деган мақсадда фарз этган. Шунинг учун вужудда сув йўқотиш бўлганида мияга зарур миқдордаги сув берилмаганида, кислород етмаслигидан стресс яратиши, асаб бузилиши оқибатида фойдадан кўра кўпроқ зарарга сабаб бўлади.

Мен ўзим ҳақимда айтиб ўтсам. Мен кунчиқишидан ярим соат олдин саҳарлик қиламан, одатдагидек еб ичиб оламан, сўнгра кундузи соат бирларда ярим стакан сув ичиб оламан, икки соатлар ўтиб, яна ярим стакан, яна икки соат ўтиб, яна ярим стакан сув ичиб оламан. Вужудимни хасталикка олиб бормаслик, мия фаолиятини заифлатмаслик учун. Кимдир буни қоралаши, қарши чиқиши мумкин. Аммо бу Саумнинг Исломдаги ҳақиқий маъносидир. Унутмангки, Аллоҳ "енглар-ичинглар" дегани айнан тўйиб еб-ичиб олинг дегани. Бир стакан сув бунга кирмайди. Мен буни китобларимда батафсил ёзганман. Кулу арабчадаги А-К-Л ўзакли "тиш билан чайналадиган нарса" дегани. Чайналмай ютиладиган, ичиладиган нарсалар бунга кирмайди. Шунинг учун мусулмонлар ярим очлик ҳолида сувсиз қолмаслик шарти билан ақлларини яна-да яхшироқ ишлатишга эришмоқлари лозим.

Рўзадан кўзланган асосий мақсад, инсонни тақвога етиштириш. Бақара сураси 183-оятда тақвога эришинг дея сизларга САУМ/СИЁМ/РЎЗА яъни ейиш, ичиш, жимоъ, калом тийилиш фарз қилинди. Худди ўтмишдагиларга фарз қилингани каби. Ўз-ўзингизни тийиш, назорат этиш фарз қилинди. Мабодо бугун Рўза бу мақсадга хизмат қилмаётган бўлса, демак у Қуръондаги Рўза, Саум, Сиём эмас.
Баъзилар Рўзанинг фойдалари дея озиш, кило озайтириш каби диета мавзуларини айтиб юради. Биз у кўчаларга кирмаймиз. Бизга оятда бош мақсад сифатида ТАҚВО кўрсатилган. Рўзани мана шу тақво жиҳатидан кўриб чиқамиз. Бошқа ўлчовлар билан билан ўлчамаймиз. Тақвога етишиш учун эса асосий шарт бу АҚЛ. Ақл эгалари фақат ақл ишлатиш орқали онгини, зеҳниятини ўстиради, тақвога етишади.

Энди, тақво масаласига келайлик. Қандай қилиб Рўза инсонни тақвога етиштиради? Бир киши емай, ичмай, гапирмай, жинсий алоқага кирмай турибди. У ўзини тийганида, ўзини тутганида нима қилади? Тўғри, фақат ўйланади, тафаккур қилади. Агар унинг тафаккури Қуръон билан боғланганида Қуръон ўз илму-ҳикматларини очади унга. Бу қандай бўлади?

Биринчидан, Қуръонда буюрилган Саум сабрни, тафаккурни жалб этади. Зеро, тафаккур йўлидаги энг катта монеъ, тўсиқ бу тўқлик ва гапиришдир. Юқорида ярим очлик фойдали дедик. Тўйиб, тиқилиб ейишдан ейилган тўқлик фойдали эмас. Ярим очлик деяпмиз, эътибор беринг. Оч қолиб, чирпаниш дегани эмас бу. Ярим очлик инсонни тафаккурга етаклайди. Зеҳнини, мия фаолиятини яхшилайди. Ошқозон, жигар, ичакка сарфланадиган энергия мияга боради, ақл яхшироқ ишлайди.

Рўза тутган бойларни муҳтожлар билан бирга бўлишини, уларнинг ҳолидан хабар олишини, очликни ва очларни яна-да яқиндан англашини таъминлайди. Аллоҳнинг неъмати бўлган бойликда муҳтожларнинг ҳам ҳаққи бор эканини идрок этиб, молидан эҳтиёж эгаларига бериш орқали Аллоҳ олдидаги қарзини ўтайди. Ундан ташқари, ижтимоий бўҳрон ва портлашларнинг олди олинади. Улкан муаммоларга сабаб бўлган ҳаддан ортиқ истеъмол ёки шаҳвоний истаклар билан боғлиқ сабаблардан келиб чиқади. Шунинг учун сабр ва тафаккур манбаи бўлмиш Саум бу истакларни жиловлайди. Рўза зоҳиран кўринмаслиги сабаби билан РИЁ аралашмаган, балки самимият билан адо этиладиган амал экани боис бошқа амаллардан кўра самаралироқ.

Рўза тутган жамиятларда инсонлар ўзаро меҳр-мурувват, раҳм-шавқат ва ёрдамлашиш ҳислари туйғулари кучли бўлади. Бунинг натижасида жамиятлар бахтли-саодатли, ҳузур-халоватли бўлади. Фақат мана шундай рўзагина инсонни тақво эгаси/мутаққий қилади. Унинг жаннатга киришига васила, сабаб бўлади. Шу сабабдан ҳам Рўза баъзи тарбиявий мақсадларда, масалан қасамни бузганга, ҳаж ва зиҳор билан боғлиқ гуноҳларда каффорат сифатида тайин этилган. Рўзанинг соғлиққа фойдалари бизни қизиқтирмайди. Чунки Рўзага бу нуқтадан қараш Рўзани рўзалигини йўқотади, уни аксинча диета ва парҳез ҳолига келтиради.

ТАҚВО нима?
"Иттақуллоҳ - Аллоҳга тақво қилинглар" деган оятларни таржималарда "Аллоҳдан ҚЎРҚИНГ" тарзида таржима этишади. Аммо Аллоҳдан қўрқиш деган нарса йўқ. Мўминлар ва мусулмонлар Аллоҳдан қўрқмайди, чунки Аллоҳ уларни қўрқитмайди. "Тақво" калимасининг маъноси аслида қўрқиш/қўрқитиш эмас, балки сақлаш/сақланиш, муҳофаза этиш маъноларини англатади.

Юқорида, Саум/Рўза калимасида, киши ўзини ейиш, ичиш, жимоъ ва каломдан тийиш эканини айтган эдик. Тақво ҳам инсонни ўзини тийиши, ўзини сақлаши. Асл бошланғич маъноси мана шу сақлаш/сақланиш, аммо қўрқиш эмас. Қуръонда Мутаққий ёки Иттиқо калималари бор. Бу калиманинг қолипига кўра маъноси "Бошқанинг ҳимояси остига кириш" дегани. Мутаққий дегани Аллоҳдан қўрадиган эмас, балки Аллоҳнинг ҳимояси остига кирган дегани.
Хўп, у ҳолда Аллоҳга тақвони, яъни инсон ўз-ўзини ҳимоя қилишини, сақлашини/сақланишини, Аллоҳнинг ҳимояси остига киришини қайси калималар билан ифода этамиз?
Қуръонда ТАҚВО, МУТАҚҚИЙ калималари келган оятлардаги Аллоҳнинг исм ва сифатларига эътибор бериб қараганимизда тақвони қуйидаги тарзда баён этилади: биринчиси, иймон келтириш, ширкдан узоқ туриш, Аллоҳни доим ёдда тутиш, Аллоҳга ва расулларига бўйсуниш, инкорчилар билан мужодала этиш, тўқликда ҳам очликда ҳам эга бўлганидан инфоқ этиш, Салотни қоим этиш, Закотни бериш, берилган Аҳдларга риоя этиш, қийинчиликларга сабр этиш, очкўз бўлмаслик, ота-онага, яқинларга яхшилик қилиш, ҳеч қачон ўзини покизага чиқаришга уринмаслик, тавба этиш, хатоларда билиб туриб давом этмаслик, қилинган қилмишларига авф тилаш, ғазабни жиловлай олиш, бошқаларни кечириш, адолатли бўлиш ва адолатни қоим этишга ҳаракат қилиш. Буларни рўйхатга тизиб чиққанимизда, Аллоҳнинг ҳимоясига кирмоқ нима экани тушунарли бўлади. Биз буларга ТАҚВО - иймоннинг амалдаги инъикоси дейишимиз мумкин.

Агар бир киши мен мўминман деса, менинг иймоним бор деса бу сифатларга эга бўлиши керак. Яъни, иймон келтириш ва ширкдан узоқ туриш, ҳам Аллоҳга ишониб, ҳам унга бошқаларни тенглаштириб, илова илоҳларга эътиқод қилиш бу тақво эмас. Бошқа моддаларда ҳам худди шундай.

Агарки бир киши ўзини тия олса ёки бошқача қилиб айтганда, Аллоҳнинг ҳимоя шамсияси остига кира олса, мана шу сифатларга эга бўлади.

Инсонни ушбу сифатларга эга бўлишига сабаблардан бири Саум ибодати. Такрор айтамиз, Саумнинг маъноси фақатгина ейиш, ичиш, жимоъдан эмас, балки каломдан ҳам тийилишдир. Аммо шартлари уйғун бўлганлар Рамазон ойини Саумлашиш ойи қилиб олишади. Бу ой мобайнида ўз устида ишлайди ва ўзини ўстиради. Яъни, Қуръонда берилган идеал инсон бўлиш сари ҳаракат қилади. Бу дегани жамоа ҳолида бир гуруҳ фаолияти тарзида амалга оширилади. Сиём дегани мана шу.

Атрофда Рўза билан боғлиқ айтилаётган гап-сўзлардан бири – Рўзани нималар бузади? Бизнинг жавоб шуки, Рўза ё бор, ё йўқ, Рўза ҳеч қачон бузилмайди. Юқорида айтганимиздек, бир инсонни эҳтиёжи бўлган сувдан, егуликдан хасталик миқдорига олиб бормайдиган миқдорда сув ичиши, бирон бир нарсани ейиши Рўза бузилишига алоқаси йўқ.

Зиҳор қилганга Қуръонда саум яна Зиҳор каффоратида буюрилган эди.
Зиҳор жоҳилият арабларининг эркакларни аёлларга нисбатан қийноқ қўллашнинг бир тури эди. Унда аёл расман ажрашмас эди, уни қийнаш учун эркак у билан эр-хотинлик муносабатларини давом эттирмасди. Аёл муаллақ ҳолатда эри талоқ беришини кутиб, юраверарди. Аллоҳ буни таъқиқлади. Унга олтмиш кун пайдар-пай рўза тутишни буюрди. Олтмиш кун бўйича бу одам ўз ичига беркиниб, тафаккур қилади, ўз қилгани қандай хато ва қандай гуноҳ содир этганини англаши учундир бу. Бошқанинг ҳаққига қандай тажовуз этгани устида тафакур қилиб, ўзи учун керакли хулосалар чиқаради.

Жиноят содир этганга Бир мўминни қасддан ўлдириш мумкин эмас. Тасодифан ўлдириб қўйса, унга ҳам Саум буюрилади. Айни саум муддатида у ўйланади, тафаккур қилади. Бошқа қайтиб бундай қазоларга йўл қўймаслик учун.

Қасамни бузганга Касамни бузганга рўза туттириш каффорат эмас. Қуръондаги ЯМИН/АЙМАН калимасини ҚАСАМ деб таржима қилишади. Ямин ҳар қандай келишув ва битимларни ўз ичига оладиган калима. Яминни бузди, дегани қасамини бузди дегани эмас. Бир одам билан ўртада бирор нарсага келишиб, кейин бир тарафлама уни бузган ҳолатда, унга ҳам Саум каффорати буюрилади. Чунки унинг иккинчи тарафга етказган зарари устида ўйланиб, мушоҳада этиши ва Саум у инсонни ҳам яхши инсон бўлишига хизмат қилади.

Ҳажда ов қилганга
Бу гуноҳ учун каффорат рўзасини Аллоҳ тайин этган. Чунки Ҳаждаги киши таълим-тарбия остидаги шахс. Қуръондаги Ҳаж бугунги кўринишдаги чўл туризми эмас, балки илоҳий таълим-тарбия жараёнидир. Агар у ерда таълим-тарбия жараёнини тарк этиб, ов қилишга ўтиб олса, бўлиб ҳам Ҳаж таълим жараёнида ҳамда экология ва атроф муҳитни ҳимоя этишда онгини, шуурини йўқотгани ва хиёнат қилгани сабабли, унга ҳам Саум буюрилади. У ҳам рўза тутади, Саум ҳолатида ўзини тамоман тафаккурга бағишлайди, уни аслида қандай йўл тутиши кераклиги, келажакда бу хатони такрорламаслиги жиҳатидан бу Саум анча кучли тарбиявий аҳамиятига эга.

Хурум ҳолатида соч олдиришнинг каффорати бор. Хурум дегани худди мактаб ўқувчиларнинг умумий формаси ёки аскарларнинг униформаси каби деганидир. "Сочни олдирди" дейилиши бу худди мактабни ташлаб кетди ёки аскардан қочди каби маънога келарди. Бақара сураси 196-оятда уни ҳам рўзадор бўлиши, рўза тутиши буюрилади. Бу кишилар рўза ҳолатда экан, мактабдан ёки аскарликдан қочиш дегани каби ҳолатда ва унинг ўзига, қавмига, ўлкасига ва мамлакатига еткзган зарарлари устида тафаккур қилади.

Бундан ташқари, рўзани бузиб қўйган пайтида, дейлик, бир одам бир нимадир еб қўйди, унга жазо ёки шунга ўхшаш нарса йўқ. Бизда кўпчилик каффорат калимасини ЖАЗО деб тасаввур этади. Каффорат бу жазо эмас, балки нуқсонларни тузатиш, устини ёпиш маъносидадир. Инсон ўзи содир этган гуноҳ ва жиноятни ўзи устини беркитиши ва тузатишидир. Яъни, рўзани бузган одам 60 кун тутади ва бузгани кунини қўшиб 60+1 кун тутади деган гаплар асоссиз.

Бундай зўраки мажбурлаб, қўрқитиб, таёқ билан ибодат қилдириш ибодат эмас. Ибодатни ҳар бир инсон ўз ихтиёри билан амалга оширади. Ана шунда ибодат ҳолис ва самимий бўлади. Акс ҳолда бу фақат нифоқ, алдов, иккиюзлилик бўлади. Натижада манфаатларга восита қилинишига йўл очилади. Чунки рўза инсоннинг ички олами билан боғлиқ жараён бўлгани боис зоҳирда билинмайди, шунинг учун ҳам уни риё ва хўжакўрсиндан сақлаш шарт.

Hakkı Yılmaz
(Туркчадан Sofia Safo таржимаси)