Ҳидоят йўлидаги ғовлар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча оламлар Раббига ҳамду санолар, Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин …
Сўнг …
Бандага берилган неъматларнинг тўкислиги ҳидоят ва раҳмат билан бўлса, уларнинг акси залолат ва ғазабдир.
Аллоҳ таоло бизни ҳар кечаю кундузда бир неча марта ҳидоят ва раҳмат эгалари бўлган ҳамда Аллоҳ неъматлар ато этган бандаларнинг Йўлига ҳидоят қилишини сўрашимизга амр қилган бўлса, раҳмат ато этилганларнинг зидди бўлган ҳамда Аллоҳ тарафидан ғазаб қилинганларнинг Йўлига яқин бўлишни таъқиқлади. Шунинг учун ҳам (Фотиҳа сурасидаги) бу дуо, энг пурмаъно, афзал ва зарурий дуолардан бири бўлиб қолди.
Шу боис, ҳар кечаю кундузда ўн етти марта Аллоҳ таолодан Тўғри Йўлни кўрсатишини сўраб дуо қилиш, банданинг эҳтиёжи балки унга фарздир. Шундай бўлсада, инсондаги тилак орзусининг заифлигига қараб, ижобат ҳам фарқли бўлади. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Аллоҳ, лоқайд ва ғофил қалбдан дуоларни қабул қилмайди» деганлари нақл қилинган (Термизий 3479). Тилак асносида қалбнинг ғафлати, дуонинг кучини йўқотади. Гоҳида баъзи одамлар: Таважжуҳ ва дуоларимиз кўп бўлсада нега энди ҳидоятнинг заифлигидан шикоятдамиз? Мен ҳидоятда устивор турмоқчиман, лекин уддасидан чиқа олмаяпман. Бунинг сабаби нима?,– деб қолишади.
Бу – муаммонинг кўринишидир. Хўш, унинг омиллари, натижалари ва даволари нималар?
Шубҳасиз, ҳидоят йўлидаги ғовлар кўп бўлиб, уларнинг барчаси кўпинча битта одамда жамланса, гоҳида фарқли бўлади ва банда билан ҳидоят ўртасида биттагина ғов туриши мумкин. Шунинг учун биз уларнинг ўнтасигагина тўхталиб ўтамиз:
Биринчи ғов: билимнинг саёзлиги.
Банданинг камолоти икки нарса: ҳақиқатни ботилдан айириш ва ҳақиқатни ботил устига афзал кўришда мужассамдир. Дарҳақиқат, айрим одамлар ҳақиқатни билишсада, уни ботил устига афзал кўришга кучлари етмайди. Ҳолбуки, саводсиз одам билгач билимига амал қилиш ва эргашишга яқинроқ бўлиб, ҳақиқат сари ярим йўлни босган бўлади ва унда ҳақиқатда устивор туриш иродаси қолади: «Аллоҳим! Сендан Тўғри йўлда устивор туришни сўрайман!» (Имом Аҳмад ривояти). Аллоҳ таоло эса бундай деди:
(وَكَيْفَ تَصْبِرُ عَلَى مَا لَمْتُحِطْ بِهِ خُبْراً)
«(Зотан) ўзинг эгаллаб олмаган — хабардор бўлмаган нарсага қандай сабр қилурсан?!»» (Каҳф: 68).
Бу, кофирлар билан Ислом ўртасида ғов бўлган омилдир. Улар Ислом ҳақида ҳеч нарсани билмасаларда, худди мақолда: Одамлар билмаган нарсаларининг душманидир!, деб айтилганидек, ундан нафратланадилар.
Бугунги кундаги мусулмонларнинг Исломнинг ҳақиқатини билмасликлари, ачинарли ҳолдир. Уларнинг айримлари: Тавба қилиб, Аллоҳнинг йўлига қайтиб, солиҳ амалларни қилсам ризқим камайиб қолади, тирикчилигим оғирлашади. Гуноҳ ишларни қилиб, нафсимнинг эркини берсам, ризқим ва чор атрофдан ёрдамчим кўпаяди,– демоқдалар. Бундай одамлар Аллоҳ таолога қоринлари ва истаклари учунгина ибодат қилишмоқда. Уларнинг муддаолари ҳосил бўлгач, Аллоҳ таоло бандасининг садоқати ва бардошини синаб кўради. Субҳоналоҳ! Бундай алдов билан қанча жоҳил обидлар, онгсиз диндорлар, халқ ичида «олим» дея донғи чиққан бўлсада дастор салла ўраган чаламуллалар бузилдилар!
Сиз Аллоҳ таолонинг: ( وَمِنَ النَّاسِ مَن يَعْبُدُ اللَّهَ عَلَى حَرْفٍ )
«Одамлар орасида Аллоҳга бир четда (яъни сидқидилдан эмас, балки тил учида) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир» (Ҳаж: 11) оятини ўқиганмисиз? Субҳоналлоҳ! Бу фитна қанча–қанча одамларнинг дин ҳақиқатини амалга оширишларига тўсқинлик қилди? Бунинг сабаби – динни, талаб қилаётган неъматларини ва Аллоҳга етиб бориши учун амал қилиш ҳақиқатини билмасликдир. Охират неъматларига нисбатан дунё неъматларининг нисбати қанча? Аллоҳнинг амру таъқиқлари, раҳмат ва ҳамиятдир. Аллоҳ таоло мўъминларга бу дунёни унга хотиржам бўлиб суяниб қолмасликлари ва охират неъматларига рағбат қилишларини хоҳлади.
Иккинчи ғов: нолойиқлик.
Билим тўкис бўлиши мумкин. Бироқ билим олган одам, билимга нолойиқ ва билимнинг ўрни бўлмайди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди:
(وَلَوْ عَلِمَ اللّهُ فِيهِمْخَيْراً لَّأسْمَعَهُمْ وَلَوْ أَسْمَعَهُمْ لَتَوَلَّواْ وَّهُم مُّعْرِضُونَ )
«Агар Аллоҳ уларда бирон яхшиликни билганида эди, албатта уларнинг қулоқларини очиб қўйган бўлур эди ва агар (Аллоҳ уларнинг) қулоқларини очиб қўйганида ҳам улар юз ўгирган ҳолларида кетган бўлур эдилар»(Анфол: 23).
Бунинг мисоли сув тўпланган қаттиқ ерга ўхшайди. У ерда қабул қилмагани учун ўсимликлар ўсмайди. Агар қалб қора бўлса, насиҳатларни қабул қилмайди. Аллоҳдан энг йироқ бўлган қалб – қора қалбдир. Агар қалб касал бўлса унинг берилган билимга нисбатан на қуввати ва на иродаси бўлади. Бундай одамларнинг мисолини Аллоҳ таоло шундай тавсифлайди:
(وَإِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَحْدَهُ اشْمَأَزَّتْ قُلُوبُ الَّذِينَلَا يُؤْمِنُونَ بِالْآخِرَةِ وَإِذَا ذُكِرَ الَّذِينَ مِن دُونِهِ إِذَا هُمْيَسْتَبْشِرُونَ )
«Қачон ёлғиз Аллоҳ зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг диллари сиқилиб кетар. Қачон У зотдан ўзга бутлар зикр қилинганида эса баногоҳ улар шодланиб кетурлар» (Зумар: 45).
Учинчи ғов: ҳасад ва кибр.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кибрни: «Кибр – ҳақиқатни бекор қилиш ва одамларни камситиш» дея изоҳладилар (Имом Муслим 275). Кибрнинг зидди – камтарликдир. Яъни, ҳақиқатни, кимда бўлишидан қатъий назар, қабул қилиш ва ҳалимликдир. Мутакаббир одам ўз гапи ва ишида туриб оладиган овсар–мутаассибдир.
Кибр – Иблис алайҳиллаънани сажда қилишдан бош торттирган иллатдир. Бу, Аллоҳ раҳм қилганлардан бошқа аввалги–ю охирги одамларга юққан касалликдир.. Яҳудийлар кўриб танишларига ва пайғамбарлигининг ҳақ эканини билишларига қарамай, кибрлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирмадилар:
(الَّذِينَ آتَيْنَاهُمُ الْكِتَابَيَعْرِفُونَهُ كَمَا يَعْرِفُونَ أَبْنَاءهُمْ وَإِنَّ فَرِيقاً مِّنْهُمْلَيَكْتُمُونَ الْحَقَّ وَهُمْ يَعْلَمُونَ )
«Биз китоб ато этган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) уни (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарни) ўз фарзандларини таниган каби танийдилар. (Яъни ўзларининг илоҳий китобларида у ҳақда ўқиганлар). Ва албатта улардан бир гуруҳи билганлари ҳолда ҳақиқатни беркитадилар» (Бақара: 146).
Аллоҳ таоло уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тавсифларини худди ўз ўғилларини танигандек яхши билишларини, бироқ, ёлғончи эканликларини эслатмоқда. Бу иллат туфайли Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ва Абу Жаҳллар иймон келтиришмади!
Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ростгўй пайғамбар эканини билгач Унга нега иймон келтирмагани ҳақида сўралганида: Биз ва Ҳошим аймоғи бу шараф учун мусобақалашар эдик ва ғолиб йўқ эди–ки, улар: Пайғамбар биздан чиқди!,– деб қолишди. Пайғамбарлик қўлимиздан кетди! Шунинг учун Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, биз Унга иймон келтирмаймиз!,– деб жавоб берди.
Бошқа мушриклар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чин пайғамбар ва ҳақиқат унинг билан бирга эканида шубҳа қилишмас, бироқ кибру ҳасадлари куфру ўжарликка ундар эди.
Тўртинчи ғов: раҳбарлик.
Раҳбарда ҳасад ва ҳақиқатга бўйинсуниш олдида кибр бўлмаса, яхши. Акси тақдирда унда ҳақиқатга бўйинсуниш билан раҳбарлик жамланиши мумкин эмас.
Бунга Ҳирақл ва унга ўхшашлар мисол бўла олади. Чунки у, Абу Суфён билан қилган суҳбатининг охирида: «Агар айтаётган гапларинг тўғри бўлса, У, менинг ушбу оёқларим турган жойгача эгаллайди. Унга холислик қилишни билсам эди, истиқболига интиқиб ошиқардим. Унинг ҳузурида бўлсам, оёқларини ювар эдим»– деди. Шундай бўлсада, ўз мулки ва ҳаётига хатар бўлмасин дея, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг висолига етиша олмайди.
Кибр – Нажоший каби Аллоҳгина сақлаган давлат арбобларидан бошқаларнинг, жумладан, Фиръавн ва аъёнларининг иллати эди:
فَقَالُوا أَنُؤْمِنُ لِبَشَرَيْنِمِثْلِنَا وَقَوْمُهُمَا لَنَا عَابِدُونَ
«Улар айтдилар: «Худди ўзимизга ўхшаган икки кишига иймон қелтирурмизми?! Ҳолбуки уларнинг қавми (яъни Бани Исроил) бизларга қуллик қилгувчидирлар»» (Мўъминун: 47).
Шундай дейилди ҳам. Фиръавн Мусо алайҳиссаломга эргашмоқчи ва пайғамбарлигини тасдиқламоқчи бўлганида вазири Ҳомон билан маслаҳат қилди. Ҳомон унга: Сиз сиғиниладиган тангри мақомидан бошқага ибодат қиладиган банда мақомига тушиб қоласиз–ку!– дегач, Фиръавн қиролликни ҳидоятдан афзал кўрди.
Бешинчи ғов: шаҳват ва мулк.
Шаҳват ва мулк китоб аҳлларининг кўпини иймон келтиришларига ғов бўлди. Чунки улар ўз қавмлари тарафидан берилаётган озиқ–овқатларнинг бекор бўлишидан қўрқишган эди. Қурайш қабиласи эса одамларни шаҳватларига қараб иймондан тўсишар ва ўша даричадан кириб келишар эди. Улар зинони ёқтирган одамга: Муҳаммад зинони таъқиқлаяпти!, ароқ ичмоқчи бўлган одамга: Муҳаммад ароқни таъқиқламоқда!,– дейишар ва замонасининг етук шоирларидан бири бўлган Аъшони шу йўл билан иймон келтиришдан тўсишган ва: Муҳаммад ароқ ичишни ҳаром қилди!,– дейишган эди. Буни эшитган Аъшо ортига қайтган ва йўлда қоқилган туясидан ерга тушиб, ўлган эди.
Илм аҳлларининг баъзилари шундай дейдилар: Мен китоб аҳлларининг кўпи билан Ислом дини ҳақида баҳс қилдим ва улардан бири менга: Мен ароқдан ва ароқ ичишдан воз кеча олмайман. Агар мусулмон бўлсам сизлар мен билан ароқ ўртасинин тўсиб қўясизлар. Ичсам, дарра урасизлар!,– деган.
Исломни қабул қилишга чорлаганимда баъзилари: Сиз айтаётган гаплар, ҳақиқат. Лекин менинг бадавлат қариндошларим бор. Агар мусулмон бўлсам улар менга беришаётган пулларини тўхтатиб қўйишади. Ҳатто улар ўлса меросхўрлари бўлишим мумкин,– деб раддия берган эди.
Буларга ўхшаган одамларнинг сони кофирлар орасида саноқсиздир. Агар уларда шаҳват ва мол омилларининг кучи иймон омилларининг заифлиги билан жам бўлса, албатта, банда шаҳват ва мол омилларига лаббай дейди:
(وَمَن لَّا يُجِبْ دَاعِيَ اللَّهِ فَلَيْسَ بِمُعْجِزٍ فِي الْأَرْضِ )
«Ким Аллоҳга даъват қилгувчи (даъвати)ни қабул қилмаса, бас, у Ер юзида (бирон жойга) қочиб қутулгувчи эмасдир» (Аҳқоф: 32).
Олтинчи ғов: оила, қариндош–уруғ муҳаббати.
Банда ҳақиқатни қабул қилиб ўзига яқин бўлганларга мухолиф бўлса, уларнинг узоқлашишлари ва ораларидан қувишларидан қўрқади. Бу – кўплаб кофирларнинг ўз қавмлари, қариндош–уруғлари ва ҳамюртлари ўртасида қолишларининг омилидир. Аксар яҳудий ва насронийлар ҳам худди шундай. Ўзлари орасидан мусулмончиликка яқинлашган одамларни нари сурадилар ва душманлари қаторида кўрадилар. Натижада, улар ичидан ҳақиқатни таниганлари залолат сари юз тутадилар.
Касал оғизнинг ичи бўлса аччиқ,
Тиниқ сув ҳам унга келади аччиқ.
Еттинчи ғов: турар жой ва ватан муҳаббати.
Банда туғилиб ўсган жойида ақрабо ва яқинлари қолмаган бўлсада, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёки ҳақли бўлган одамларга издош бўлиш сабабли ўз хонадони ва ватанидан ғурбат ўлкаларга чиқиши борлигини ўйлайди ва ҳақиқатга эргашиш ёки ишонч ҳосил қилганидан кейин мусулмон бўлишдан кўра ватанини афзал кўради.
Салмон Форисий разияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли ва ҳақиқатни топиш йўлида чеккан машаққатларини ўқиган одам, унинг нафси билан қандай курашгани, оиласи ва ватанини ташлаб Мадинага қандай ҳижрат қилганини билиб олади. Зеро Салмон Форисий разияллоҳу анҳуга «Ҳақиқат изловчиси» номи берилган.
Бошқа саҳобалар ҳам ўз оилалари, фарзандлари ва молу мулкларидан воз кечиб, Аллоҳнинг фазли ва ризоси учун Мадинага ҳижрат қилдилар ҳамда Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга ёрдам этиб садоқатларини исбот этдилар.
Саккизинчи ғов: Исломга кириш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга издош бўлишни ота–она ва аждодларни таҳқиқрлаш деб тушуниш.
Бу тушунча, Абу Толиб ва унга ўхшаганларнинг Исломга киришларига монеъ бўлди. Улар Исломни қабул қилишса оталари ва аждодларининг ақлларини ерга урган бўлишларини тасаввур этдилар. Шунинг учун Аллоҳнинг душманларидан бири ўлими асносида Абу Толибга қарата: Абдулмутталибнинг миллатидан қайтасанми?,– деди. Абу Толибнинг охирги сўзлари ҳам ўзининг Абдулмутталибнинг миллатида эканига иқрорлиги бўлди. Абу Толибнинг иймонга киришини шу йўлдан тўсдилар. Чунки Абу Толиб отаси Абдулмутталибни жуда ҳам ҳурмат қилар эди. Биз юқорида кофирлар бандага шаҳватлари ёки шу йўл билан таъсир этишларини эслатган эдик. Шу боис Абу Толиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: Агар Абдулмутталиб аймоғини камситиш бўлмаса эди, сизни хурсанд қилган бўлардим,– деди. У буни ўзининг шеърида шундай ифодалайди:
Муҳаммаднинг дини энг яхши диндир,
Менгзагани топилмас башарлар оламида.
Маломату ҳақоратдан эҳтиётлик бўлмаса,
Кўрардингиз мени ҳам мусулмонлар оламида.
Айрим одамлар: Ундайлар узоқ ўтмишда яшаб ўтиб кетдилар,– деб ўйлашади. Бу, шубҳадан бошқа нарса эмасдир. Мен ҳозирги кунимизда ҳам айрим бадавийларнинг: Ота–онам ва аждодларимнинг одатларидан воз кеча олмайман!,– деганларини эшитганман:
(وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ تَعَالَوْاْ إِلَى مَا أَنزَلَ اللّهُ وَإِلَى الرَّسُولِقَالُواْ حَسْبُنَا مَا وَجَدْنَا عَلَيْهِ آبَاءنَا )
«Қачон уларга: «Аллоҳ нозил қилган нарсага ва пайғамбарга келинглар», дейилса, улар: «Биз учун ота-боболаримизни ниманинг (яъни қайси диннинг) устида топган бўлсак, ўша етарли», дейишади» (Моида: 104).
Бу омил уларни ҳақиқатни танигандан сўнгра Ислом динига кириш ва ҳақиқатни қабул қилишларига тўсиқ бўлди.
Тўққизинчи ғов: душманларга эргашиш.
Ўзига ёки мусулмон бўлишига ёхуд эртароқ мусулмон бўлгани туфайли душманига айланган одамлардан интиқом олиш ҳам, кўпчиликнинг таниганларидан сўнгра ҳидоятга эришишларига монеъ бўлди. Яъни, банда бировнинг душмани бўлиб, ундан ва мансабидан нафрат этади. Шу боис душмани юрган йўлдан юрмайди ва унга хилоф ишларни қилади. Душманининг ҳақиқатга эргашганини кўради ва душманига бўлган нафрат ундаги ҳақиқатга ва шу ҳақиқатга эргашганларга ҳам душман бўлишга ундайди. Ҳолбуки, у билан ҳақиқат ва ҳақиқатга эргашганлар ўртасида бирон адоват бўлмайди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва маккалик мусулмонларга жой берган мадиналиклар – ансорларга душман бўлган яҳудийлар ҳаётида содир бўлди. Яҳудийлар ансорларга яқинда ичларидан пайғамбар чиқиши ва унинг воситасида мадиналикларга қарши уруш очишларини ошкора айтар эдилар. Ансорлар улардан илгари ҳақиқатни таниб мусулмон бўлишгач, уларга бўлган адоват ва нафрат яҳудийларнинг ўз куфру залолатларида қолишларига сабаб бўлди.
Ўнинчи ғов: одатлар.
Одатлар маъно нуқтаи назаридан сабабларнинг энг заифи бўлсада, халқларга, тил ва дин арбобларининг кўпига босим беради. Уларнинг кўплари ҳатто барчаларининг ҳужжати: Кошки одатларни енга олсам эди!,– бўлган. Одатлар дини одамларнинг кўпига босим беради. Улардан ажралиш гўё бир табиатдан иккинчисига чиқишдек мушкул. Аллоҳ таоло барча анбиёю расулларига , жумладан, энг охиргилари ва афзаллари бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар йўлласинки, улар инсониятни тилларида шаклланган қуйидаги бузуқ одат ва табиатларидан қутқардилар:
(إِنَّا وَجَدْنَا آبَاءنَا عَلَىأُمَّةٍ وَإِنَّا عَلَى آثَارِهِم مُّقْتَدُونَ )
«Албатта бизлар ота-боболаримизни бир миллат — дин устида топганмиз ва албатта бизлар уларнинг изларидан бориб ҳидоят топгувчидирмиз» (Зухруф: 23).
Бундай одамларнинг нақадар қийналган эканликларини, бир кишини ўз дини ва ҳақиқатга нисбатан айтган гапларидан олиб чиқишга ҳаракат қилган одамгина яхши тушунади. Аллоҳ таоло пайғамбарларни ҳеч кимга бермаган мукофотлари билан тақдирласин.
Ҳидоят омиллари эса, жуда ҳам кўпдир. Дуо, Қуръон, пайғамбарлар ва оқил инсонлар шулар жумласидандир. Касалликнинг даволари кўп бўлганидек, ҳидоятнинг омиллари ҳам ҳисобсиздир. Банда бетоб бўлса докторга боради ва тузалиб кетиш учун барча имкониятларини сарф этади. Ҳидоят ҳам худди шундай. Унинг учун имкониятларни ишга солиш лозим. Акси тақдирда кўзларни кўр қилмасада, кўнгилларни пардалайдиган омиллар ҳидоятга тўсқинлик қилади.
Сўнгги дуомиз: Ҳамду санолар барча оламлар Робби бўлган Аллоҳ учундир.
Аллоҳ таоло омонатдор пайғамбари Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар йўлласин.
Муаллиф: Шайх Абдурраҳмон ибн Яҳё
Мутаржим: Абу Жаъфар ал–Бухорий