May 2, 2021

Али Шариатий. Динга қарши Дин (2)

Кечаги суҳбатимизда “Динга қарши Дин” деганда, нимани назарда тутишимни баён этган бўлдим. Айтганимдек, зеҳнимиздаги қолипларга зид ўлароқ, сўнгги пайтларда шуни англадимки, инсоният тарихи бўйича Дин, бизнинг англаганимиз маънода Куфр билан – яъни динсизлик ёки иймонсизлик билан – курашган эмас (бу ҳолатни фарқ этиш жуда осон бўлиб, фалсафий ва илмий жиҳатдан чигал бир масала эмас. Бироқ бир қатор оддий масалалар борки, уларга етарлича аҳамият бермаганимиз боис, жуда жиддий оқибатларга олиб келади). Зеро ўтмишда динсиз ва илоҳсиз бирорта ҳам жамият ёки синф бўлмаган. Бутун тарих ва маълумотлар – тарих социологиясининг, дин социологиясининг инсон билан боғлиқ барча тарихий маълумотлари – шуни кўрсатадики, инсонлар жамият ҳаётлари бўйича доимо диндор эдилар.

Биринчи суҳбатимда шуни ҳам ифода этган бўлдимки, қай миллатга, ва қай даврга оид бўлмасин, истисносиз ва узлуксиз равишда, барча жамиятлар – диндор жамият эди. Яъни тарихда барча жамиятларнинг фикрий ва маданий негизлари дин эди. Бир тарихчи агар урф-одат ва маданиятлар тарихини ёзмоқчи ёки университетда ўқитмоқчи бўлганида, ҳар қандай жамиятнинг урф-одати ё бир миллатнинг маданияти ҳақидаги изланишларни бир нуқтадан сўнг муқаррар тарзда миллатнинг диний маданиятига ва диний урф-одат ва билими тарафга бурилиш ҳосил этганига гувоҳ бўлади.

Веда ёки Будда динини ҳинд маданиятининг руҳи, маркази ва тамали эканини билмай туриб, ҳинд маданиятидан ким ҳам сўз юрита олади. Лао Цзи ва Конфуцийдан сўз очмай туриб, нафақат уларнинг фақат қадимий Хитой маданиятининг вужудга келишида энг катта таъсир ўтказган шахсият эканини қабул этиш, балки аксинча, бу кўҳна миллат маданиятининг илҳом манбаи ва тамал ўзаги эканини қабул этмай туриб, қадим Хитой маданиятидан ким сўз юрита олади? Шундай экан, тарих[3] бўйича инсонлар диндор эдилар ва барча жамиятлар диндор бўлибгина қолмаган, боз устига, уларнинг негизлари ҳам дин эди. Жумладан, ўтмишдаги жамиятларнинг диндорлиги фақат маданий, маънавий, ахлоқий, фалсафий жиҳатдан эмасди, аксинча, моддий ва иқтисодий ҳаёт тарзлари билан, қадим шаҳарларнинг меъморий қурилиши дохил, бир диний мазмунга таянарди.

Айтганимдек, қадимий классик шаҳарларнинг аксари бирор шаҳар-тамсил эди. Яъни шаҳарнинг қурилиши, унинг тимсоли моҳиятида бўлган бир маъбад атрофида айланиб турарди. Худди Париж шаҳрининг тимсоли Эйфель минораси бўлгани каби. Ўтмишда ҳам Маъбад – шаҳарнинг тимсоли эди. Масалан, Делфи маъбади Афинанинг тимсоли моҳиятида эди.

Шу боис, пайғамбаримиз, яъни тарихий ҳаракатнинг асосчилари – ки бизнинг эътиқодимизга кўра, Одамдан, яъни бугунги инсон наслининг илк бошланғичидан бошланади ва бу ҳаракатнинг охирги халқаси бўлмиш Хотамул-Анбиёга қадар давом этади – Иброҳимий дин ёки умумий маънода Ислом дини, қайси қатламга, қайси фикрга ва қайси ижтимоий тизимга қарши қиём этганди? Ва бу динларга нисбатан (Иброҳимий динлар) қарши турган, курашган ва уруш олиб борган қатлам қайси қатлам эди? Албатта “Куфр” эди. Бироқ Куфр дегани, даҳрийлик – динсизлик маъносини эмас, яъни динсиз-даҳрий эмас. Яъни Пайғамбарлар халқни динга, диний туйғуларга даъват этиш учун келган эмасдилар. Пайғамбарлар фард (индивид) ва жамиятни (социум) бир динга – диний бир туйғу ва эътиқодга эга бўлиши керак дея кўндириш учун ҳам келган эмасдилар. Пайғамбарлар жамиятларга ибодатни таблиғ учун ҳам келган эмасдилар, зеро ибодат, диний туйғу, ғайбга, Аллоҳга ёки илоҳларга иймон ҳисси фардларда ва жамиятларда доим мавжуд эди. Ҳар не қадар тарихда пайғамбарларга, каломчиларга, файласуф ва дин пешволарига қарши чиқувчи, Аллоҳ ва ғайбга қарши далиллар илгари сурувчи баъзи “зиндиқ” ва материалист кимсаларга дуч келсак-да, аслида булар бошқа бир ўлчамда ва бошқа бир эътибор-ла барибир бирор диний эътиқодга эга эдилар ва метафизикага бир шаклда ишонар эдилар. Бундан ташқари, “материализм” – нисбатан янги мавзу. Яъни фалсафанинг ва ақлга таянган тушунчанинг тарихда юксалишига ўтган даврига оид. Бу даврдан сўнгра фардий ва истисноий ўлароқ баъзи кимсалар дин ва ирфонга шубҳа билан ёндошишини эълон этдилар. Бироқ бу тушунча (яъни даҳрийлик) тарихда ҳеч қачон амалга ошмаган, бу тушунчани асос олган бирор жамият қурилмаган, ва ҳеч қачон тарихнинг ҳеч бир даврида из қолдирмаган.

Кечаги оқшом, кириш қисмида ифода этганимдек, инсоният тарихининг оқиши қуйидаги тарзда кечади: Башарият тарихи бўйича барча жамиятлар социал, тарихий, иқтисодий, маданий жиҳатдан диндор эдилар. Шу боис пайғамбарлар башарият тарихининг ибтидосидан эътиборан ўз жамият эҳтиёжлари ва муаммолари йўлида бир диний ҳаракат бошлаган ва давом эттирганлар. Яъни динга, диннинг қувватларига ва жамиятнинг “мавжуд динига” қарши бош кўтарганлар. Жумладан, бу пайғамбарларга қарши турган, бу диний ҳаракатларнинг ривожига тўсиқ бўлган, бор кучини ва барча имконларини бу ҳаракатни йўқотиш ва бу йўлдан чиқариш учун сарф этган ҳам, доимо Куфр дини бўлиб келган, динсизлик ва даҳрийлик эмас.

Шунинг учун, дин – бизнинг ишонганимиз маънода – инсоният тарихи бўйича, доимо дин билан тўқнашиб келган ва пайғамбарларнинг рисолати – яъни уларнинг курашидаги асосий урғу – динсизликка қарши кураш эмас, аксинча, бошқа бир динга, “Куфр дини”га қарши, ўша жамиятнинг ва даврнинг динига қарши курашдир. Зеро динсизлик деган нарса, бу жамиятларда йўқ эди.

Куфр дини ва Ислом дини

Аллоҳ пайғамбарига шундай буюради:
“Айт: “Эй кофирлар!” (Кофирун:1)
Эътибор беринг, бу сурада муаззам бир такрор ва диққатни жалб этиш бор.
(Кофир – Куфр динига мансуб диндор киши деганидир, динсиз дегани эмас. Кофирлар – Исломга қарши урушган, ва ҳеч бир диний ҳассосияти, диний туйғуси бўлмаган кимсалар эмас. Аксинча, бир диннинг мансублари ва муҳофизларидир. Буларнинг бир дини бор, ва бу дин номидан пайғамбарга қарши жанг қилмоқда. “Ўз дини ҳимояси учун янги динга қарши курашмоқда”)

“Мен сизнинг қуллик этганларингизга қуллик этмасман!” (Кофирун:2) Бу ерда Ислом пайғамбарига шундай амр этилмоқда: Пайғамбарга қарши бўлган ва у билан урушганлар сафида ўрин олганларга айтки, Мен асло сизлар (кофирлар) қуллик қилган маъбудга қуллик этмасман.

Демоқчи бўлганимнинг ҳаммаси мана шу сурада ўрин олади, бу ерда гап “ибодатсизликка қарши ибодат” ҳақида эмас, балки аксинча, “бир қулликка қарши бошқа қуллик” ҳақида кетади! Шу боис, Пайғамбарга қарши сафда ўрин олганлар ибодати, маъбуди йўқ кимсалар эмасди, аксинча, Ислом пайғамбаридан кўра кўпроқ маъбудларга ибодат қиларди. Ўртадаги ихтилоф – қайси маъбудга қуллик этиш масаласи эди, диндорлик-динсизлик ихтилофи эмас.

“Мен сизларнинг қуллик этганларингизга қуллик этмасман! Сизлар ҳам менинг қуллик этганимга қуллик этмассиз!” (Кофирун:2-3) Бу оятнинг мазмуни олдинги оятнинг айнисидир, бироқ Аллоҳ бу мақсадни фарқли ифодалар орқали такрорламоқда. Чунки буни бир қоида, бир усул сифатида ўрнатмоқчи ва бу қоидани барча жиҳатлари билан, зеҳнларга сингдирмоқчи бўлади.

“Ва мен ҳам сизларнинг қуллик этганларингизга қуллик этмасман!” Яъни мен қуллик этувчи эмасман ўша сизлар қуллик этган ва этаётган маъбудларга.

Сўнгра яна шуни такрорлайди: “Сизлар ҳам менинг қуллик этганимга қуллик этмассиз!”
Сўнгида эса бир қоида, бир принцип сифатида шуни эълон қилади: “Сизнинг динингиз сизга, менинг диним менга”.
Демакки, тарих бўйича Дин фақат Динга қарши урушгандир.

Тарихга ҳукм этган Куфр дини

Кечаги суҳбатда айтганимдек, тавҳид дини “Менинг диним менга” динидир, доимо кофирларнинг дини билан уруш ҳолатда бўлиб келган диндир. Хўп, бу урушда ким ғалабага эришди? Тарих бўйича ғалаба қозонган, уларнинг дини (яъни Куфр дини) бўлиб келди. Жамиятларни бир кўриб чиқайлик, Пайғамбаримиз – ки пайғамбарларнинг барчаси Ҳаққнинг пайғамбарлари эканига иймон келтирганмиз – ўз динларини бирор жамиятга том маънода ҳоким қила олмадилар. Том исталган маънода динларида талаб этилган тарзда, бирор тарихий даврда ушбу ҳадафга эришолмаган. Бу пайғамбарлар доимо ўз давридаги, ўз қавмидаги “Мавжуд дин”га (StatusQuo динига) қарши ҳаракатга, қиём ва курашга киришган.
Куч уларнинг қўлида эди ва динлари ҳам мавжуд ҳолатни оқлаб турарди. Аҳвол бундай экан, жамиятдаги мақом ва мавқеларини кучайтарарди. Куч ва қудрат, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий обрў-эътибор, ҳамда сиёсий жиҳатдан, доим уларнинг қўлида бўлгани сабабли беихтиёр Ҳақ дин, тарихнинг ибтидосидан бугунга қадар бу динларга қарши том маънода ҳоким бўлиб, зоҳир этолмаган ва феълан ҳокимиятга эришолмаган. Барча жамиятлар тарих бўйича бу динларнинг (Куфр динининг) таъсири ва ҳукмронлиги остида бўлиб келган.

Бу динлар ўзи нима? Ва улар кимлар? Бу динларнинг номини осонроқ ифода этмоқ ва таърифламоқ учун диний матнларда фарқли ном ва сифатлар зикр этилади. Бироқ мухотаб назарида, “халқ дини”, даъватнинг маркази, руҳи ва услуби жиҳатидан “Аллоҳнинг дини” ва пайғамбарнинг уларга (Кофирларга) “Менинг диним менга” дегани диндир. Шу боис тарих бўйича мавжуд динга қарши қиём этган, унга қарши кураш олиб борган дин, барча жамиятларда ва даврларда Ҳақнинг пайғамбарлари тарафидан ўртага қўйилган ва мухотаби “халқ” бўлган диндир. Ҳа, бу диннинг мухотаби “халқ”, халқ чақирилган маъбуд эса Аллоҳдир. Албатта, бу Аллоҳнинг ва халқнинг динида бор бўлган, яъни Тавҳид динидаги маъбуд.

Мулк – халқникидир

Қуръонни диққат билан ўқиганимизда, илк қарашда шуни кўрамизки, Қуръон “Аллоҳ” лафзи билан бошланади, “одамлар” калимаси билан хатм бўлади. Қуръоннинг доимий мухотаби “халқ”дир. Кечаги суҳбатда баён этганимдек, диний ва фалсафий жиҳатдан – ваҳдати-вужудлар, пантеизм фалсафасининг аксига – Аллоҳнинг зоти ва мавжудияти халқдан айри, бу жиҳатдан Аллоҳ ва халқ бир-биридан тамоман фарқли. Бироқ социал маънода, тараф ва саф олиш жиҳатидан “Аллоҳ ва халқ” айни сафда, айни йўналишда ва айни мавқеда ўрин олади. Яъни Инсоннинг социал, экономик ва яшаш ўлчами билан боғлиқ барча оятларда “Аллоҳ” лафзи ўрнига “халқ” (ан-нос) калимасини қўйиш мумкин ва айни тарзда “халқ” (ан-нос) калимаси ўрнига “Аллоҳ” лафзини қўйиш мумкин. Жумладан, “Мулк – Аллоҳники!”; бу ерда – бутпарастликда бўлгани каби – Аллоҳнинг бирор мол-мулкка эҳтиёжи бор, шунинг учун халқнинг инфоқларидан бир қисмини (назр ё қурбонлар орқали) ибодатхонага ёки маъбад эгасига бериш керак деган маъно эмас, субҳоналлоҳ! “Мулк – Аллоҳники!” демоқ, бойлик – Аллоҳнинг демакдир, ва бу ерда “Аллоҳ” ифодаси “халқ” маъносидадир.

Бундай тафсир қилишимга сабаб, бугунги аср дунёқарашларининг таъсири эмас. Бу оятни мана шундай англагани учун Абу Зарр, Муовиянинг ёқасига ёпишиб шундай дейди: “Сен халқнинг молини ейиш учун, “Мулк Аллоҳники” деяпсан. Яъни мол Аллоҳники эканига кўра, ва мен Аллоҳнинг халифаси эканимга кўра, мол-мулкни ўзим ёйман ёки истаган одамимга бераман, истаганимдан тортиб оламан!”

Абу Зарр, Муовияга “Мулк – Аллоҳники” ифодасининг “Мулк – пешволарники” тарзида эмас, аксинча, “Мулк – халқники” тарзида тушуниш лозимлигини, Аллоҳнинг муроди мана шу эканини ўргатмоқда. Мол-мулк алоҳида шахсга тегишли эмас, аксинча, мол-мулк халққа тегишлидир. Эгалик Аллоҳга хосдир, шунинг учун эгалик халққа хосдир. Зеро Аллоҳ ва халқ айни сафда ўрин олади. “Инсонлар Аллоҳнинг оиласидир” ибораси ҳам мана шуни ифода этади. Шундай экан, оиланинг раиси, раҳбарлик қилгани оила билан бир сафда ёнма-ён ўрин олади.

Аллоҳнинг оиласи

Аллоҳнинг оиласига, яъни халққа қарши сафда “малаъ” – пешволар ва “мутраф” – исроф-маишатга ботганлар ўрин олади. Тарих бўйича халқ устидан ҳукмронлик қурганлар, доим халқнинг молига, мулкига тажовуз этган ва халқни ўз ижтимоий ва иқтисодий тақдирини ўзи белгилашдан маҳрум этганлар.

Ҳа! Буларнинг – малаъ ва мутрафнинг – ўз дини бор эди. Уларнинг ҳеч бири материалист, экзистенциалист ёки даҳрий эмасди. Барчасининг ибодат қилгани бирор илоҳи, ҳатто илоҳлари бор эди. Ҳатто Фиръавн ҳам шундай эди. Буларнинг динлари бор эди ва бу тарихий факт. Пайғамбарлар эса буларни ва Аллоҳнинг динига қарши курашга киришган динларини – яъни Ширк дини ва Тоғутга қуллик динини – бартараф этиш учун келганлар.

Синфий ва ирқий тавофутларни оқлаш

Кечаги суҳбатимда айтганимдек, Ширк бу – мавжуд ижтимоий-сиёсий ҳолатни диний тарафдан талқин этиш, оқлаш ва машруъ кўрсатишдир. Хўш, тарихда мавжуд ҳолат (StatusQuo) қандай эди? Мавжуд ҳолат Ижтимоий Ширкдан иборат эди. Нима дегани бу Ижтимоий Ширк? Жамиятдаги миллатлар, гуруҳлар, синфлар ва оилаларнинг сони қадар бут бор эди. Ва ҳар бир миллатнинг, ҳар оиланинг, ва ҳар ирқнинг ўзига оид хусусий бути бор эди. Бу турли-туман илоҳларга чўқиниш; жамиятни ташкил этган ирқлар, синфлар, гуруҳ ва қатламлар орасидаги тафовутни оқлаш учун уларнинг ҳар бири бошқалардан фарқли, фақат ўзларига хос, маъбудлари борлигини қабул этиш маъносини берарди. Ваҳоланки, тавҳид дини орқали, ва Ҳақ пайғамбарлари, яъни Аллоҳ ва халқ динининг Пайғамбарлари орқали, Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай маъбуднинг, ҳеч бир яратувчининг ва ҳеч бир илоҳнинг йўқлиги ва бўлмаслиги эълон этиларди. Эгалик, Рабблик – фақат Яратувчига хосдир.

Яратувчилик ва рабблик

Барча ширк динларида Аллоҳнинг яратувчи эканига ишонилади. Бироқ рабблик, эгаликка келганда, бутларнинг сони ортиб бораверади. Намруд ва Фиръавн каби кимсалар ҳам “Яратувчиман” демаганди. Улар “халқнинг рабблари, эгалари” дерди ўзларини. Рабб бўлмоқ, яъни эга бўлмоқ, молик бўлмоқ демакдир, яратувчи дегани эмас. Фиръавн шундай дейди: “Мен сизларнинг энг олий раббингизман” (79:24) Яъни мен сизларнинг энг катта эгангизман (яратувчингиз эмас). Яратувчи масаласида барча ширк динлари ҳамфикр: ягона яратувчи Аллоҳ деб ишонади. Хусусан, Юнон мифологиясида ва, барча ширк динларида ҳам, яратувчи ўлароқ буюк бир якка илоҳнинг борлигига ишонилади. Ўртадаги масала Яратувчи ким? масаласи эмас, балки яратувчи бўлган илоҳ билан бирга кейинчалик “халққа эгалик қилиш” иддаоси билан ўртага чиққан илоҳлар масаласидир. Хўп, нима учун? Жамиятга турли жиҳатдан мусаллот бўлиш учун. Инсонлар, умматлар, ирқлар, миллатлар ва жамиятлар орасига тафриқа ва тафовут солиш учун. Ёки бир жамиятни бир-бирига қарши бўлган фарқли синфларга ва гуруҳларга парчалаш учун. Бир тарафда бошқарувчи ҳукмдорлар синфи, бошқа тарафда бошқарилувчи оддий халқ синфи, бир тарафда бойлар, бошқа тарафда йўқсиллар.

Мадина: Идеал жамият модели

Кечаги суҳбатимизда айтиб ўтганимдек, “Аллоҳнинг ва халқнинг дини” ўз идеаллари йўлида жамият барпо этиш учун доимо мужодала ҳолидаги ҳаракат бўлиши лозим. Инсоният тарихида бу дин [4] асосларига биноан қурилган ягона жамият бу – Мадина жамияти. Бундан бошқа ҳеч бир давр ва жамиятни бу асосларга биноан қурилган жамият деб бўлмайди. Бу ҳам бир тарихий даврни тўлиқ қамровчи тарзда эмас, балки жудаям қисқа ва ўта кичик миқёсда ва тамсилий хусусиятдадир.

Масалан, Мадина жамиятининг тарихи ва умри – 10 йил. Инсоният тарихининг бизга маълум 50000 йиллик тарихи қаршисида 10 йил… Бу 10 йилдан ташқари Мадинада доим ё номига “Тавҳид дини” ёки очиқчасига “Ширк дини” номли бир дин ҳукм сурарди. Бор-йўғи бу 10 йиллик муддат ичида Мадинада иқтисодий ва ижтимоий тизим, маориф тизими, фард ва жамиятнинг ўзаро муносабатлари, турли синфларнинг, табақа ва миллатларнинг, озчилик ва кўпчиликнинг ўзаро муносабатлари ва б.нинг барчаси, “Аллоҳнинг ва халқнинг дини” асосларига кўра таъсис этилганди. Яъни бу ишнинг фақатгина пойдевори қурилган ва илк тамали тикилган эди. Тизим ҳали тамоман ўрнатилиб, ўз тараққиётига эришган эмасди. Зеро тарихусти бир таълимотни инсон 10 йил ичида ҳар тарафлама барпо этиб, илдиз оттира олмасди.

Мадина жамияти мисолида яна шуни кўрамизки, инсоният 10 йил ичида эски жоҳилият одатлари ва ҳаёт тарзини тарк этолмади. Янги қурилган тизимни ҳам муҳофаза этолмади. Орадан 20 йил ўтмасданоқ бу ҳаракатнинг душманлари такрор ҳаммасини ўз ҳукмронлиги остига олдилар. Шунинг учун, бу ерда шундай хулосага келамизки, агар тарихга мана шу нуқтадан баҳо берганимизда, динга, тарихга, дин қаршиларига, ойдинларга, бугунги динсизларга, ўтмишнинг диндорларига нисбатан кўзқарашимиз ва маданият-ла илм орасидаги муносабатга, материалист-ла диндор орасидаги алоқа ҳақидаги тушунамиз тамоман ўзгаради. У ҳолда “Дин доим халқ оммаларининг афъюни бўлгандир” деган 17,18 ва 19 асрнинг – айниқса 19-асрнинг – ойдинларининг гапи бежиз эмаслигини эътироф этишимиз керак бўлади. Зеро улар тарих бўйича ҳукм сурган диндан сўз юритадилар. Улар тарихга ҳукм этган динни кўрмоқдалар, ўрганмоқда ва таҳлил этмоқдалар, ва бу дин воситасида халқни ухлатганлар қўлидаги бир восита бўлганини мушоҳада этмоқдалар. Шу боис “Дин социал ва иқтисодий жиҳатдан озчиликнинг кўпчилик устидаги ҳукмронлигини диний тарафдан машруъ кўрсатади ва бунга йўл очади” деганларнинг ҳам гапи бежиз эмаслигини эътироф этишимиз керак. Зеро мавжуд ҳолат мана шу эди.

Ҳар бир жамиятда, ҳар даврда ва ҳар ижтимоий қатламдаги иқтисод ва бошқарув тизимининг формати қандай бўлишидан қатъи назар, мавжуд диннинг бу тизимга нисбатан мавқеи доимо қуйидагича бўлган: Инсон фитратида, халқнинг ичида мавжуд бўлган диний эътиқод ва туйғуларини манипуляция қилиш орқали, мавжуд ҳолатни оқлаш, машруълаштириш ва унга диний талқин бериш. Тарихда бунга мисолларнинг сон-саноғи йўқ. Бу ҳақиқатни кўриш учун тарихнинг истаган даврини ё ерюзининг истаган минтақасини ўрганиб кўриш кифоя бўлади. Масалан, Эрон.

Қадимий Эронда дин

Сосонийлар даври, диннинг жамият устидан тўғридан-тўғри ҳукм этгани даврдир. Боз устига, Сосоний подшоҳлари билан шахзодалар ҳам Зардушт дин пешволари қўлидаги қўғирчоғи мақомида бўлиб, уларга сўзсиз-шартсиз итоат этишарди. Жамият бир-биридан бутунлай айри ва ўзаро зид синфлардан иборат эди. Жумладан, барча ўйин ва хийлаларга қўл уриб, беҳисоб мўъжизалар кўрсатса ҳам, ҳеч ким ост синфдан уст синфга ўтолмас ва мансуб бўлгани табақадан бошқа бир табақага кечолмасди.

Биринчи ва Иккинчи синф

Сосонийлар даврида шахзода ва зодагонлар синфи энг олий табақа эди. Ёнларида эса иккинчи синфни тамсил этувчи Зардушт дин пешволари бор эди. Сосонийлар даврида куч ва иқтидор, бу икки синф орасида бориб-келарди. Баъзан биринчи синф, яъни шахзодалар билан зодагонлар синфи кучни қўлга киритиб, олдинга ўтарди. Баъзида эса иккинчи синф, яъни дин пешволари. Бироқ ҳар икки синф ҳам халқни эзган ва уларни мазлум ва маҳрум этган “малаъ”, “мутраф” ва бошқарув синфи эди. Орасида биргина фарқ шуки, шахзодалар ва зодагонлар табақаси очиқ ва куч ишлатиш орқали эзарди халқни. Иккинчи синф, яъни дин пешволари эса, халқнинг молини ўғирлаб, бойлик тўпларкан, ўз жиноятларини диний бир таъвил ва талқинларга солиб, содир этарди. Мана шундай қилиб, халқнинг бор-буди бу икки синфнинг қўлида эди, ҳатто кўпроқ дин пешволарининг қўлида эди. Алберт Маллет (Albert Mallet) айтганидек, йигирмадан ўн саккизи дин пешволари қўлида эди. Мулкият!

Учинчи синф

Санъаткорлар, ҳунармандлар, аскарлар ва раъийя табақаси, Сосонийлар даврининг учинчи синфини ташкил этарди. Ҳар қандай ҳурмат ва иззатдан маҳрум халқ оммалари!.. Ҳеч қандай социал ҳақи йўқ, чунки – Ҳиндистондаги каби – мансуб бўлгани насаби нажисдир! Фирдавсий хижрий 4-асрда Рустам Фаррухзоднинг оғзидан шундай дейди: “Ислом келгач, ҳаммасини остин-устин этади. Синфлар, табақалар, ҳаммаси бир-бири билан қоришиб кетади”,

“Ҳеч бўлган бирорта қул ҳукмдор бўлур бошга,
Устунлик ва буюклик ҳам энди ярамас ишга”.

Зеро бундан буён насаб, ирқ, сулола ва қабила бўлмаяжак. Бир қул ҳам энди бошқарувга кела олади ва жамиятга раҳбарлик эта олади. Фирдавсийнинг Исломга ҳақорат мақсадида айтган бу сўзлари, бугунги дунёда Исломнинг энг буюк ифтихори ва энг олий шиоридир!

Сосонийлар даврида бу ижтимоий каста диний жиҳатдан қандай машруълаштирилди? Зўравонлар фалсафа билмас, зўравонлар қилган зулмларини диний калималар билан жоиз кўрсатиш маҳоратига эга эмас, зўравонлар моддадан тепасини англамас. Шунинг учун қилмишларини куч билан амалга оширади. Бу даврда бир пойабзалчининг ўғли ўқиш ҳаққига эга эмасди. Нега дерсиз? Зеро мактаб ўқиса, муаллим бўлиши мумкин, раҳбар бўлиши мумкин ва олий табақага мансуб бўлиб қолади. Аммо бундай бўлмаслиги керак, отаси ҳам бир этикдўз боласи бўлган, демак бу ҳолат муаббад давом этиши керак ва бунинг ҳамма авлоди этикдўз бўлиб ўтишга маҳкум. Гарчи бу бола мўъжизалар тўла бир даҳо бўлса-да. Даҳо бўлса ўзига, бориб шу даҳолигини этик ямашда кўрсатсин!

Синфий тизимни машруълаштирувчи дин пешволари

Сосоний даврида дин воситасида синфий тофовут ва тафриқани машруълаштирувчилар – дин пешволари эди. Бу даврда Ахурамазданинг ва олий илоҳнинг тазоҳури бўлмиш Уч оташнинг ҳар бири Ахурамазданинг уч фарқли инъикосини тамсил этарди.
1) Озарбайжондаги, Озари-Гушнасп;
2) Сабзивор яқинларидаги Озари-Бузургмеҳр;
3) Форс минтақасидаги Озари-Астахр.
Бу уч оташ “Ахурамазда”дир, унинг тазоҳурларидир. Бироқ Ахурамазданинг ўзи ҳам синфларга айрилади. Ахурамазданинг Озарбайжондаги оташ – подшоҳ ва шахзодаларни, Форс минтақасидаги оташ – рухоний ва дин пешволарини, Сабзивор яққинларидаги қалъада жойлашган оташ эса – деҳқонларни тамсил этади.

Гўзаллик ва эзгулик тангриси ягона бўлган ва барча халқлар Ахурамаздага қуллик қилиши, ва Ахриманга қарши урушиши лозим бўлган Зардуштийлик динида яна шуни кўрамизки, ижтимоий ҳаётда ҳам Ахурамазданинг ягона тазоҳури йўқ, уни тамсил этувчи оташлар бор. Бу муқаддас оташ(лар), тамсил этганлари уч табақанинг бир-биридан айри эканини, бир синфдан бошқасига ўтиш имконсиз эканини, бу синфлар бир-бирига асло ўхшамаслигини ифода этади ва буни машруъ кўрсатади. Бу дин пешволарига кўра, синфий тизим Ахурамазда иродасининг тажаллийсидир. Ахурамазда бу муқаддас оташлар-ла тазоҳур этиш орқали бу уч табақани, бу тафриқани, бу синфий тафовутни жамиятда таъсис этган бўлади. Бу сабабдан деҳқон қарайдики, ўзини тамсил этган муқаддас оташ на Форс минтақасидаги, на Озарбайжондаги. Уни тамсил этган ягона муқаддас оташ Сабзивор яқинларида, бошқа оташларнинг у билан ҳеч қандай алоқаси ҳам йўқ, иши ҳам йўқ.

Ҳиндистонга қаранг. Будда илоҳларни ва Буюк илоҳни зикр этмоқчи бўлганида ёки бир маънони, юксак бир туйғуни, олий бир тушунчани тасвир этмоқчи бўлганида, шундай дейди: “Бу услуб, бу тушунча бир Орий услуби, бир Орий тушунчасидир. Яъни аслзода, олий ва асил Орий ирқига оид бир услуб, бир тушунчадир бу. Бу сўзлар, бу тушунчалар Орий бўлмагани учун нажис ва нопок бир синфга оид эмас”.

Кўрганимиздек, илоҳларга ва энг муқаддас диний туйғу ва тушунчаларга ҳам турли сифатлар, синфий, ирқий ва оилавий хусусиятлар юкланади. Барча бу бўлинишлар дин воситасида машруълаштириларди. Зеро файласуф руҳли эмасди. Ҳар нақадар Арасту ва Афлотун каби баъзи файласуфлар “Қул, илк ондан қўл бўлиб туғилди, қулдор эса қулдор бўлиб. Аристократ табақаси устунлигини қонидан олади. Бу шараф эса мана шу Афиналик 20 оилага хосдир. Уларнинг адади на кўпаяди, на озаяди”, десалар ҳам, бу даврда халқ фалсафанинг эмас, диннинг таъсири остида яшарди. Дин мана шундай шаклда мавжуд ҳолатни сақлар, қўллар ва машруълаштирарди.

Жамиятни сармаст этувчи афъюнни етиштириб берувчи мана шу малаъ дини эди. Бу дин халқни қандай ухлатарди? “Ҳеч ким жавобгар эмас. Зеро бўлиб ўтган ҳар нарса Тангрининг иродасидан ташқари эмас. Шундай экан, қашшоқ ва фақирлигингиз сабабли хафа бўлманг, сиқилманг. Зеро нариги дунёда бунинг мукофоти мутлақо берилади. Шундай экан, қанча норози бўлсангиз ҳам, сас чиқарманг! Кейинроқ сизга бунинг ўн баробари берилади!..”

Мана шундай қилиб, бу дин муъминларининг эътирози олди олинади, танлаш ва ўз танлови сари интилиш йўли ёпилади. Бу нарса ҳали зеҳнлардаёқ битирилади. Халқ ёки бир жамоа агар жавобгарликни англаб, қўзғолишга, мавжуд динни танқид ва савол остига олишга уринса, бу қўзғолишни куч ва пул катталари, зўравонлик билан бостирадилар. Аммо дин бўлса бу ҳаракатни, бу реакцияни, бу фикр тарзини, бу эътирозни ҳали халқ ташқарига изҳор этмасидан, зеҳнлардаёқ бостириб қўя қолади. Яъни қаршилик ва исён руҳини йўқ этади. Хўш, бунга қандай эришилади? “Бошга тушгани Тангрининг изни ва иродаси, тақдири азалийсидир. Шунинг учун ҳар қандай эътироз, танқид, исён – Тангрининг иродасига қарши осийликдир”, дейиш билан.

Кўриб турганингиздек, буларнинг барчаси дин фатволаридир. Буларнинг барчаси диндир, диний эътиқод ва қулликка асосланади. Бироқ бу халқни ухлатувчи, унинг жавобгарлик онгини йўқотувчи, синфий ва ирқий тизимни машруъ кўрсатувчи ва ҳатто бунга илоҳларини ҳам хизмат эттирувчи [5] динга қарши тарихда курашувчи ҳақ дин, яъни Тавҳид дини тарихда ҳеч йўқ бўлмаган.

Тавҳид дини пайғамбарлари

Чўпон ва ишчи пайғамбарларга келсак, бу пайғамбарлар жамиятнинг ҳар қандай қатламидан кўра кўпроқ азият чекдилар, кўпроқ ишладилар, кўпроқ қашшоқ ва оч қолдилар. Очликнинг нима эканини ҳақиқий маънода ўз жони ва руҳида ҳис этдилар. Бу элчилар, Пайғамбар айтганидек, “Барчаси чўпонлик қилганди”. Бу дин доимо “юқоридан пастга” қараб синфланган тизимда, ҳукмрон синфнинг – дин пешволари, руҳонийлар, аҳбор ва руҳбонлар ҳам бу ҳукмрон синфнинг бир парчаси эди – уйдирмаси бўлган динга қарши бош кўтарганлар. Феълан тоғутга қуллик бўлган, тавҳиднинг зидди ва халқнинг душмани бўлган бу дин, тарих бўйича ҳоким бўлган бу дин; ҳа, бу дин; ҳар нарсага эга бўлган синф қўлида ҳеч нарсага эга бўлмаган қатламнинг бошини эзиш, уларни овозини ўчириш учун доим ишлатилган бир масаллиқ, бир асбоб, бир восита бўлиб келган. Бу дин – Ўрта Аср ҳам дохил – тарих бўйича икки тарзда тазоҳур этган.

Ширк дини

Тоғутга қуллик динининг икки туридан бири, бошқа бирор қолипга кирмасдан, очиқ ва ошкор тарзда ўзини намоён этган ва Ширк дейилган туридир. Бугун Африкада бўлгани каби, Африкада ширк дини ҳануз ўз борлиғини давом эттирмоқда. Жуда очиқ бир кўринишда бирдан кўпроқ илоҳга, бирдан кўпроқ маъбудга қуллик қилувчи дин яъни. Ҳануз кўзмунчоқларга ишонган, ҳар қабиланинг ибодат этгани бир табу, бир муқаддас ҳайвон бўлган дин. Бу турдаги динлар ҳозир ҳам мавжуд.
Ўзини очиқ ифода этувчи, ички юзини яширмасдан, ҳаёт тарзини ўртага қўювчи, Тоғутга қуллик қилувчи динга, яъни “малаъ ва мутраф дини”га қарши мужодала этиш осонроқдир.

Қийин ва хавфли бўлгани, Ширк ва Тоғут энди Тавҳид либосига бурканиб, малаъ ва мутрафнинг қўлида бир сиёсий восита ҳолига келишидир. Асл таҳлика мана шу ерда, бу – Ширк динининг тарихда тазоҳур этган иккинчи туридир. Мана шу ерда тоғутпарастлик тавҳид ниқобини тақиб, Тавҳид дини қаршисига чиқади. Тоғутга қуллик қилувчилар Аллоҳга қуллик номи ила, Аллоҳнинг самимий қулларини ва раббоний ҳаракатнинг ҳақиқий пешволарини йўқотишни мақсад қилади. Бу ўта хавфли бир ҳолатдир.

Қатнашганим “Ислом дини” дарсларида доим такрор этганим, ҳаммага маълум бўлган бир савол бор, агар бу саволга тўғри жавоб топилса, ижтимоий муаммолар дохил барча муаммо ҳал бўлади. Савол қуйидагича:
Бир жамиятда икки киши ўртага чиқади ва динни ҳоким қилишга ҳаракат қилади. Буларнинг бири (Али) мағлуб бўлади, бошқаси (Муҳаммад) зафар қозонади. Нега? Милодий 7-асрда яшаган айни араб қабиласи, дин айни дин, тил айни тил, давр айни давр, Қуръон айни Қуръон, даъват қилинган ҳадаф айни ҳадаф, аммо бири енгади, бошқаси енгилади. Нимага?
Бу саволни берганимда, баъзан ўта мудҳиш жавоблар олардим. Дедиларки, Али муросасиз характерга, кескин ва қарорли бир шахсиятга эга эди, ноҳақликка ҳеч қачон таҳаммул этмасди, шунинг учун босим ва зулмга сассиз қололмади. Хўп, бу сабаблар барчаси мағлуб бўлган Алига тааллуқли бўлса, у ҳолда, бу характер Пайғамбарга тааллуқли бўлмаслиги керак, субҳоналлоҳ! Гўё музаффар шахснинг характери бундай бўлмагандек.

Муросасиз бўлиш, босим ва зулмга сассиз қолмаслик каби хислатлар Алининг мағлубиятидаги муҳим омиллардан экани тўғри. Асл сабаб бу эмас. Бундан бошқа бир омилни эътибордан чиқармаслик лозим. Яъни пайғамбар даврида бўлмаган ва Али даврида юзага келган бир омилни. Бу омилнинг нима экани аён. Бу омил Тоғутга қуллик қилиш дини эди. Бу омил ирқчиликка, қабилачиликка, синфлашувга таянган бутпарастлик дини, яъни Ширк дини эди. Қисқаси, малаъ ва мутраф, яъни Қурайш қўлида сиёсий восита ўлароқ ишлатгани дин эди.

Ширк дини Пайғамбар даврида ҳижобсиз эди. Очиқ-ошкор ва аниқ эди. Абу Суфён, Абу Жаҳл, Абу Лаҳаб очиқ бир тарзда шундай дея оларди: “Булар бизнинг бутларимиз. Бу Байтни (Каъбани) кўриб-қўллашимиз лозим. Зеро Қурайш иқтисодининг ва обрў-эътиборининг бардавомлиги мана шу Байтга боғлиқ. Бизнинг дунёда ва бошқа Араб қабилалари орасидаги нуфузимиз, мақомимиз ва ҳурматимиз, мана шу Байтнинг ва бутларнинг валояти бизда бўлишига боғлиқ. Булар – бизга оталаримиздан қолган “анъаналар” ва ақидалар (Асотирул-аввалин)”. Бу сўзларни улар очиқ ва самимий айтишарди. Шунинг учун улар билан курашмоқ ва уларни мағлуб этмоқ мумкин ва нисбатан осонроқдир. Пайғамбарнинг муваффақияти мана шу сабабдандир. Биз бу ерда социологик ва тарихий омилларга таяниб гапиряпмиз. Ғайбий омилларга келсак, уларни на мен била оламан, на бир бошқаси. Али эса ниқоб кийган кимсалар билан урушаётганди. Нима эди бу ниқоб? Ширк лашкарининг тақиб олгани Тавҳид ниқоби. Бундан буён Алининг қаршисидаги рақиб, бутларнинг ҳимоячиси бўлмиш Қурайш эмас, аксинча, (номига) Каъбатуллоҳнинг ҳимоячиси Қурайш эди. Бундан буён найзалар учига осилган “Муаллақати-Сабаъ” эмас, балки шиор ўлароқ найзаларга осилган – Қуръон эди. Бундайлар билан мужодала этмоқ чандон ва чандон мушкулдир.
Энди эса Ширк дини нима қиляпти? Жиҳодга кетяпти, Исломий фатҳлар қиляпти, меҳроби бор, кўркам жомеълар қуряпти, жомеъларда жамоат намозлари бор, тиловати Қуръонлар бор. Барча Ислом олимлари ва қозилари бу динга тобеъ, дин шиорларининг ва пайғамбар динининг ҳимочиларидир. Бироқ бу – ишнинг шаклий тарафи, ишнинг руҳи ва моҳияти эса – Ширкка таянмоқда.

Дўст қиёфасига бурканган бир душманга қарши урушиш, Тавҳид динига қарши урушиш мақсадида тақво ва тавҳид либосига ёпинган Ширк динига қарши урушиш қийиндир. Шунчалик қийинки, Али ҳам бу урушда мағлуб бўлаяпти. Тарихдаги барча ислох ҳаракатларида ва ижтимоий ҳодисаларда, жамиятига қарши тўғридан-тўғри уруш бошлаган ва улар устидан ҳукм ўрнатишни истаган ташқи душманга қарши осонликча зафар қозонган ва барча душманни тор-мор эта олган ҳаракат лидерларига дуч келамиз. Ташқи душманнинг ва ёт ирқнинг дунё бўйича эга бўлгани бунчалар имкон ва ҳайбатга қарамай, бу раҳбарнинг ва мужоҳиднинг қиёми бу душманни йўқ қилиб юборган. Аммо дунёнинг энг кучли лашкарини мағлуб этган бу қаҳрамонлар, бу миллатни ичида туриб ҳалокат сари етакловчи сабабларга қарши кураш бошлаганида, мағлуб бўлмоқда ва душманни жамият ташқарисига улоқтиришга кучи етмаётир. Боз устига, булар шунчаки бир киши, икки киши, ўн киши эмас. РатхаКришна айтганидек, “Зўравонлик ва хийла тақво либосига буркангани кун – айнан мана шу кун – тарихнинг энг катта фожеаси рўй берибди ва тарих қаршисига чиққан энг катта куч дунёга келибди”.

Шунинг учун Ширк дини деганда, фақатгина ўтмишда бирдан кўпроқ ашёга, ҳайвонга, дарахтга, ёки бутга сиғинган ва зотан кейинчалик Иброҳим ва Мусо тарафидан бартараф этилган динни тушунмаслик керак. Аксинча, ширк дини малаъ ва мутрафнинг қўлида бўлган, халқнинг диний туйғуларининг ўзидир, бу малаъ ва мутраф доим жамиятда ҳукмрон синф бўлган. Шу боис Ширк дини йўқолмаган ва бу шакли ила ҳануз яшамоқда.

Демак, 17-18 ва Янги Давр ойдинлари ҳам бу динга қарши мужодала ва мухолифат этганлар. Халқни жаҳолат ва фалокатга итарувчи динга исён этганлар. Халқни забунлик ва зиллатга, ожизлик ва масъулиятсизликка ўргатган ва кўндирган динга қарши курашга чақирганлар. Жамиятдаги ирқчиликни, тафриқани, гуруҳларга бўлинишни қўллаган ва қўриқлаган динга қарши курашганлар. Бутун булардан кейин шундай хулосага келишга ҳам ҳақлари бор эди: “Динни бир четга суриб, фавқулодда зафарга эришган Европалик ойдинлар, динга қарши таъналарида қанчалик ҳақ эканини амлда ва ўз тажрибаларида исботладилар”.

Дин номидан уйдирилган ва уйдирилаётган хурофотлардан, бу зиллатнинг ва ухлатувчи заҳарнинг таъсиридан халқни қутқариш ва халос этиш учун курашган (ки барча пайғамбарлар улар қаршисида мағлуб бўлдилар. Бўлиб ҳам, уларга қарши курашганлар оддий кишилар ҳам эмас, Аллоҳнинг пайғамбарлари эди) бу озодлик ойдинлари бир ўринда хатога йўл қўймоқдаки, айни хатони биз диндорлар ҳам такрорлаяпмиз.

Ойдинларнинг янглишгани нуқта

Ойдинларнинг янглишгани нуқта мана бу ерда: улар тарихда Тангрига ибодат ва Дин амри номидан, маъбад номидан, муқаддас уруш номидан, салб юришлари номидан ва исломий жиҳод номидан содир этилган ҳар бир амални, бу борадаги ҳар бир тарихий фактни ҳақиқатан ҳам Дин дея тахмин этишади. Ҳатто, биз ҳам шундай ўйладик ва ўйлашда давом этаяпмиз.
Тақдири илоҳий, – яъни аввалроқ ҳам ифода этганимдек, – Ислом инқилобчи тушунчага эга бўлиб, бу содир этилганларнинг ҳеч бирини қабул этмайди ва бу Ҳақ Диннинг, бу “Менинг диним менга!” динининг, келажакда мутлақо таҳаққуқ этажак дея ишонади. Хоҳ Тавҳид қиёфасига бурканган бўлсин, хоҳ очиқчасига Ширк номидан бўлсин, хоҳ Шарқда, хоҳ Ғарбда оммаларга ҳукм этган бу тизимларнинг ҳеч бирини қабул этмайди. Буларнинг барчасини Ширк дейди.
Пайғамбарлар бу Ширк динларининг бошини эзиш ва уларни тамоман бартараф этиш учун келтирганлари Тавҳид дини; оммага, ойдинларга ва озодлик ошиқларига масъулият юклайдиган бир диндир. Бу динда жавобгарлик пайғамбарларнинг вафоти билан тугамайди, бу йўлга жонини тикканлар масъулияти, худди пайғамбарларнинг масъулияти каби доимо давом этади. Пайғамбарларнинг “Умматимнинг олимлари, Бани Исроил набийларидан устундир” ҳадиси шуни билдиради: Олдинроқ пайғамбарларнинг қилгани иш, яъни пайғамбарлик муассасаси ниҳоясига етган бўлса, энди бу – олимлар, яъни ойдинлар давом эттириши лозим бўлган миссиядир.

Олимлар ва ойдинларнинг миссияси

Олимлар нимани давом эттириши лозим? Динни иҳё этмоқ ва қоим қилмоқ учун дин билан кураш… Миссия мана шудир. Тарихда таҳаққуқ этмаган бир динни ҳоким қилмоқ. Аммо бу ҳадафга эришмоқ учун халқ (ан-нос) шу даражада етишиши, шу даражада диний виждон онгига ва уйғонишга эга бўлиши; тавҳиднинг ҳақиқий маъносини шундай англаб етиши керакки, тавҳиднинг тоғутга қуллик билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, балки аксинча, чуқур зиддият ичида эканини англаб етиши, ва ўз ҳаётига татбиқ этиши лозим. Хусусан, тавҳид либосига бурканган Ширкнинг ёлғончи юзини ташхис ва фош эта олиши лозим. Ҳамда ерюзида Ширкнинг ҳар қандай кўринишини, ҳар қандай ниқобини парчалаб йўқотиши керак, токи инсоният материалистларнинг ҳақли равишда ифода этгани “жаҳолат ва қўрқувнинг махсули бўлмиш дин”дан халос бўлиб, тавҳид динига қайта қовушсин.

Инсонлар денгиздаги тўфонда бирор хавф-хатарга дуч келганида, Аллоҳга илтижо этади, бир зарарга учраганида, ёки бирор салбий ҳодисага йўлиққанида, қўрқувга тушади, кўзёшлар тўкади, кейин эса ҳеч қачон бундай воқеа бўлмагандек, нонкўрлик этади. Қуръон буни бир неча маротаба рад этади ва бундай инсонларни айблайди. Бу – қўрқувга асосланган дин. Бу – 19-аср материалистларининг “Дин табиат ҳодисаларининг таъсирида халқ орасида пайдо бўлган қўрқувнинг хосиласидир” дегани нарсадир. Бу гап тўғридир! Ҳали материалистлар “Дин – қўрқув махсулидир” дейишдан олдинроқ Қуръон, бу диннинг тобеълари орасида қулга қуллик этганларини, қўрқоқларнинг ибодат мантиғини ва синфлашувнинг махсули бўлмиш бу динни ҳадаф олган.

Бу динни яратган нима эди? “Агар бу дунёда бир луқмага, бир қотган нонга, бир ошга эга эмассанг, сабр қил, нариги дунёда жаннат дастурхонлари олдингга ёзилажак!” дегувчилар яратди бу динни! Бу дин синфий бир тизимнинг махсули ва уйдирмасидир.

Али бу динга – ширк динларига – “тижорат дини” ва “қўрқоқлар дини” дейди. Хўш, бу “Менинг диним менга” динининг қуллиги қандай бир қулликдир? “Ҳур кишининг қуллиги”. Яъни ҳурликнинг, адолат талабининг, меҳр-мурувватнинг, олий тафаккур ва умиднинг, инсоний идеал ва ҳаракатларнинг, тенгликнинг инсонлар орасида ҳоким ва доим қилишнинг, ва ҳар турли ёмонликни, чиркинликни йўқотишнинг махсули бўлмиш бир динга хизмат. Бу дин – бошқа Динга қарши Диндир. Динга қарши Дин.

Фақирликни ҳукмдорларнинг манфаати учун қўрувчи ва машруъ кўрсатувчи бу дин, тарихда қулдорликни, қулликни қўриб-қўлловчи бўлиб келгани ҳақиқатдир. Бу дин – ҳукмдорларнинг, аҳли-сафонинг, пул катталарининг ва зўравонларнинг манфаати учун, халқ оммаларини алдовчи, ухлатувчи ва жаҳолатнинг қоронғу чуқурларига тарк этгандир. “Бир тоифанинг оч, бошқасининг тўқ экани билан Аллоҳнинг иши йўқ; Бировнинг ёғли нон ейиши, бошқасининг қотган нонга зор бўлишига Аллоҳ аралашамайди” дейдиган дин, барча диний туйғуларни, инсонларнинг жамиятдан узоқлашиши ва ҳаёт марказидан четлашишини таъминлаш мақсадида бирор афъюнга айлантирилган бир дин.

Ёки барча моддий бойлик манбаларини ишғол этмоқчи қатламнинг мақсадига эришиши учун, халқнинг диний туйғуларини қўлланиб, дунёдан қўлини тортишга ташвиқ этувчи бир дин.

Жамиятдан куч ва қудратни, фардларнинг инсоний масъулиятларини ўз қўлига олган бир динга қарши; фардларнинг умидлари ва фитрий эҳтиёжларини зўравонларнинг, капиталистларнинг фойдасига кўрмай келиш билан инкор этувчи бир динга қарши; диний таъвиллар ила ва жамиятнинг энг кўп таъсирлангани маънавий унсурлар билан динни қўлланиб, мавжуд зулмни давом эттирувчи бир динга қарши; очликни, йўқчиликни ва хасталикни Аллоҳнинг розилигига эришишнинг ва Унга қурбатнинг, камолга эришишнинг бир ишораси сифатида кўрсатувчи динга қарши; инсонларнинг ёлғиз ва кимсасиз қолиб, жамоат ҳолда ҳаракат этишларига тўсқинлик қилиш учун уларни метафизик масалалар билан машғул қилиб, бир инзивога, бир узлат ҳаётига ташвиқ этувчи бир динга қарши; халқнинг яшаш ҳаққини, ишлаш ва қозониш ҳаққини, хусусий мулкият ҳаққини ва бошқарув ҳаққини бузилган ва ўзгартирилган диний талқинлар-ла тортиб олиб, ўз ялоқхўрларига тортиқ этувчи бу динга қарши Қуръон, умумий услубиятига нисбатан яна-да оғирроқ бир услуб қўлланади. Қуръоннинг бошқа ҳеч бир оятида душманга қарата бу даражада ҳақоратли ўхшатишлар ишлатилмайди. Бироқ башарият тарихи бўйича инсон фитратида бор бўлган дин туйғусини ва иймонини, ўзининг ҳам мансуби бўлгани ҳоким синфнинг фойдасига ва халқнинг зарарига таҳриф этганларнинг тамсили бўлмиш Балъом Баурадан сўз очилгач, мана шу ўринда дарҳол сўзнинг услуби ўзгаради ва уларнинг мисоли шундай фош этилади: “Унинг мисоли худди бир кўппакка ўхшайди, уни ҳайдасанг ҳам тилини осилтириб тураверади ёки қўйворсанг ҳам тилини осилтириб тураверади” (Аъроф:176). Бу услубнинг маъноси нима? Бунинг маъноси шуки, тарих бўйича пешволар билан мутраф (маишат аҳли) зулмни ва мавжуд тизимни, истибдод ва зиллатни қўллаб-қувватлаган, айримчиликни, залолат ва жаҳолатни дастаклаган мана шулардир. Башарий фазилат ва қобилиятларни кўра-била туриб, хор бўлиб, йўқолиб кетишига кўз юмадиган, тарих бўйича таназзул ва қолоқликнинг сабабчиси бўлганлар мана шулардир. Улуғ қаҳрамонларни ва юксак шахсиятларни унутганлар ва унуттирганлар ҳам мана шулардир. Ҳа, булардир Пайғамбарларнинг тарихдаги барча уринишлари ва мужодаласини самарасиз, ва изсиз қолдирган. Қуръондаги бу ўта оғир услуб, тарихдаги малъун Ширк динининг миссиясига йўналган нафратнинг бир ифодасидир.

*****
Хулоса сифатида шуни таъкидламоқчиманки, Ўрта Асрларда ҳоким бўлган динга ва Черковга қарши курашда, уларнинг жамият ҳаётидаги роли ва динни таҳриф этишига, яъни Исо кисвасига бурканган Ширк динига ва бутпарастликка қарши кураш натижасида Европани минг йиллик турғунликдан қутқарган маърифатпарвар ва ҳурриятсеварларнинг миссияси, тарих бўйича бизнинг пайғамбаримизнинг зиммасига олгани миссиянинг айнисидир. Бироқ уларнинг тафаккур қамрови ҳамда келганлари хулосани тўғри деёлмайман. (Эҳтимол, бундай бир иддаони қабул этиш қийин туюлар сизга. Бошқа бир вақт имкон топсам, иншоаллоҳ, бу мавзуда батафсилроқ суҳбатлашармиз. Зеро бундай ифода, тарихга, динга ва ҳар нарса ҳақидаги кўзқарашимизни ва тушунча тарзимизни тамоман аксига ўзгартиражак).

Бу миссия, ҳар бир даврда музлатилган, таҳриф этилган, халқнинг ва инсон ҳақларининг душмани бўлмиш динга қарши пайғамбарларнинг юритгани миссиядир. Пайғамбарлар бутларни, ширк динининг барча нишоналарини, таъвилчи ва ухлатувчи диннинг барча аммораларини йўқотиш учун мужодала этганлар. Шу боис, тарих бўйича Ҳақ динининг тобеълари бу йўлни давом эттириш билан мукаллафдирлар.

Шу боис, “Тарих бўйича ҳукмрон бўлган ва тарихнинг дини бўлмиш Ширк динига қарши пайғамбарлар қиём ҳаракати бошлаган” деркан, биз ҳам бу курашни давом эттиришимиз лозимлигини таъкидламоқчиман.

Шу боис, бу ҳаракат илғорлик ва тараққиёт сари йўналган ҳаракат бўлиб, бугунгача дин номидан малаъ, мутраф ва уларнинг ялоқхўрлари қўлида қолиб келган тарихнинг оқишини ўзгартириш мақсадида юзага келгандир. Бизнинг ҳаракатимиз ва миссиямиз ўтмишга, ортга қайтиш эмас, балки аксинча, Ҳақ йўл пайғамбарларининг бошлагани ҳаракатни давом эттиришдир.

Халқнинг ва инсонларнинг ичидан чиққан пайғамбарлар… Ҳар бири ё шаҳзода, ё хонзода, ё пулдор, ё зодагон, ёки бир тарафдан шахзода бошқа тарафдан пулдор бўлган, яъни халқнинг бири бўлмаганларга қарши мужодала олиб борган ва қарши жабҳада турган Пайғамбарлар…

Европалик материалист ойдинлар бизнинг каби англай олмагани нукта шуки, Ширк дини, тарихий дин, аристократлар дини, ва халқнинг ҳаққини еб, уларни қашшоқлаштирган синфнинг дини ҳақидаги ҳақли тушунчаларини европалик ойдинлар умумийлаштириш билан, абсолютлаштириш билан хатога йўл қўядилар. Уларнинг хатоси, барча динларга нисбатан бундай ҳукм чиқаришидир. Зеро тарихда ягона бир дин йўқ, аксинча динлар бордир. Гурвич (Gurvitch) айтганидек, “Тарихда ягона бир жамият йўқ, аксинча жамиятлар бор”.

Шу сабабдан, ҳар бир жамиятни айри-айри тадқиқ этмоқ лозим. Жумладан, тарихда фақатгина икки синфга, икки сафга гувоҳ бўлганимиздек, икки динга ҳам гувоҳ бўламиз. Бир тарафда золимлар, тараққиётнинг, ҳақиқатнинг адолатнинг ва халқнинг, маданиятнинг ва юксалишнинг душманлари ўрин олади, бу саф бузуқ ва фосид инстинктларни ва ҳирсларни қондириш, халқни куч билан бошқариб, ўзидан бошқаларни маҳрум қолдириш учун ишлайди. Ҳа, бу амалларнинг барчасини боқиб семиртирган – Дин эди. Ширк дини. Динсизлик эмас.

Бошқа сафда эса, душманнинг бошини эзмоқ ва уни ағдармоқ учун ўртага чиққан ҳақ жабҳаси ўрин олади.

Шунинг учун ҳам мен, европалик ойдинларнинг биринчи саф ҳақидаги таъналарига тўлиқ қўшилган ҳолда, бошқа саф ҳақида ҳам айни фикрга ва хулосага эга бўлишини ноҳақлик ва ноинсофлик дея баҳолайман. Ўзларини уст табақанинг, имтиёз синфининг, олий ирқ, бошқарув ва ҳукмрон синфнинг, бойлик ва ҳукм эгаси синфнинг махсули ва вориси дея қабул этган Будда дини, Зардушт дини, Маздак дини, Манихей дини ва Юнон динлари ҳақидаги тўғри айбловларини, ёки дин номидан ўртага чиққан ҳукмдорлар ва ҳукуматлар ҳақидаги тўғри тушунчаларини ҳар икки сафга (Ширк дини ва Тавҳид динига) нисбат этиш хатодир. Яъни Ширк динлари билан Ҳақ динини (Тавҳид динини) айни паллага қўйиш ноинсофлик бўлади. Пайғамбарлари оддий чўпон бўлган бир дин, пайғамбарлари ҳаммадан кўпроқ очлик ва машаққат чеккан бир дин, тарихда Аллоҳнинг танлагани ва ҳақиқатнинг ҳақиқий танланган акарларининг дини. Ҳа, бу диннинг асосчилари мана шундай кишилардир. Тарих бўйича фақат улар Ширк динига қарши жиҳод ва мужодала этганлар. Пайғамбарлар ширк динининг мансублари тарафидан йўқ этилганлар. Ҳақ динининг пешқадамлари, муъминлари ва бу йўлда жон фидо этган курашчилари ҳам бу диннинг (Ширк динининг) пешволари ва ялоқхўрлари қўли билан зиндонларга отилган, қийноқларга солинган, заҳарланган ё ўлдирилган. Ҳа, пайғамбарларнинг ҳақиқий тобеълари, бу динлар ва дин номидан халқ устидан ҳукм ўрнатган бу ҳукуматлар тарафидан қатл этилган.

Мана, тарих бўйича бир-бирига зид, бошқа бир динга қарши доимо жиҳод қилган бу динни (“Сизнинг динингиз сизга, менинг диним менга”) бошқа бир дин билан айни паллага қўйиш, ҳар иккисига айни муносабатни раво кўриш ва иккиси ҳақида айни салбий хулоса ва айбловлар билдириш, ғайриилмийдир, ойдин кишиларга ва тарихнинг очиқ ҳақиқатларига хилоф, ва бундан ташқари, ғайриахлоқийдир.

Қайдасиз, эй ойдинлар! Қаерда?! Таржима этиш билан бир тушунча ҳақида ҳукм берилмайди-ку! Европалик, ўз дини ҳақида қайси босқичлардан сўнг бу хулосага келди? 300 йил курашди, ўқиди ва изланди. Христианликнинг Европа бошига келтирган балони англаб етиши билан бир тўхтади. “Қандай яхши! Улар таржима этдилар, биз эса бу таржималарга таяниб гапиряпмиз!” Бу билан ойдин бўл(ин)майди! Таржима этилган бир тушунча билан ойдин бўлиб бўлмайди. Бу, нари борса, таржима ойдини бўлади. Кейинроқ “Ислом жамиятларида ойдин етиштириш бичими” билан боғлиқ тушунчаларимни ҳали ўртоқлашаман [6].

Тарих бўйича бошқалар келиб нонини талон этсин дея, очнинг очлиги давомли бўлсин дея қурилган, фақирлик ва қашшоқликни орттирган ва унинг қўриқчиси бўлган бир дин ҳақидаги ҳукмлариимиз, ҳеч шубҳасиз, тўғридир. (Агар, фақирлик посбони ва инсонларни ухлатувчи – дин эди, десак тўғри айтган бўламиз, зеро тарих бўйича диннинг қилган иши фақат шу эди). Бироқ қандай қилиб, Абу Заррни етиштирган дин ҳақида ҳам айни ҳукмни чиқариш мумкин? Абу Зарр… Исломнинг ўша покиза, порлоқ ва мукаммал чеҳраси, Пайғамбарнинг етиштиргани шахсият, ҳеч бир мулки бўлмаган Абу Зарр… На ранги, на ирқи, на сармояси, на саводи, ва на маданий таълими… Ҳеч нарсанинг таъсирида эмасди. Ҳар нарсадан пок инсоний бир руҳ эди холос. Эга бўлгани нимаики бор бўлса, мана шу Китобнинг, ва мана шу таълимотнинг махсули эди. Қоришиқсиз тамоман асил. Мана, бу Диннинг барпо этгани шахсият нима дейди: “Уйида ейдиган бирор нарсаси йўқ ҳолда, қиличини чиқариб, одамларга ҳужум этмаган кимсага хайронман!”

Европада баъзан бу сўзни айтардим, аммо ким айтганини билдирмасдим. Шунда баъзилари бу сўзни Прюдон (Proudhon) айтган деб ўйлашарди. Зеро, Прюдон, ҳаммадан кескин ва қўрс гапирарди. Дедимки, “Прюдон қўпол эди, аммо бу даражада қўпол сўз сўйламоқ унинг ҳаддида эмас”. Ёки бу сўзни Достоевский айтган, деб тахмин этганлар ҳам бўлди. Аммо, Достоевскийнинг айтгани бироз фарқли: “Агар бир жойда бир киши қатл этилаётган бўлса, бу жинотда қўли бўлмаган кишилар ҳам унга шерикдир”. Дарвоқе, тўғри айтилган.

Бироқ, Абу Заррнинг айтганига диққат қилинг: “Уйида ейдиган бирор нарсаси йўқ ҳолда, қиличини чиқариб, одамларга ҳужум этмаган кимсага хайронман!” Абу Зарр шунчаки очлигига сабабчи ва уни эзган кимса ва синфга қарши қилич чекишдан сўз юритаётгани йўқ. Аксинча, мутлақ одамларга қилич чекишдан баҳс этмоқда. Нега? Чунки бундай бир жамиятда яшаган ҳар ким, эзувчилардан бўлмаса ҳам, очлик ва фақирлик бор бўлган жамиятда яшагани ва мудохала этмагани учун, у ҳам очлигим ва фақирлигим учун жавобгаридир. Хўш, қанчалик жавобгар? Бир ишғолчи ва бир душман қадар. Яъни очлик ва фақирликни келтириб чиқарган, ҳақлар тажовузига жиноят шеригидир. Қисқаси, барча инсонлар менинг очлигимдан бевосита масъулдирлар.

Абу Зарр БМТга зид ҳолда, демаяптики, “Инсон сўнгги чора сифатида зулм ва истибдодга қарши исён қилиб бош кўтаришга мажбур бўлмаслигининг олдини олиш мақсадида инсон ҳуқуқларни қонун изми билан муҳофаза этилиши зарур…” Абу Зарр исён қилишга ҳаққинг бор, сени оч қолдирганларга қарши қиём этишинг мумкин, демаяпти. Йўқ, бундай демаяпти Абу Зарр. Ҳатто “Сенинг бутун бир халққа қилич чекиш ҳаққинг бор” ҳам демаяпти. Йўқ, ундай ҳам демаяпти. Аксинча, “Қилич чиқариб ҳужум этмаганга хайронман!” деяпти. Яъни қандай қилиб қилич чекмас бу одам?! Абу Зарр сўзининг энг мукаммал нуқтаси мана шудир!

Аҳвол бундай экан, биз Ҳақ динни, Тавҳид динини Ширк динлари билан айни паллага қўйишимиз ноинсофлик, жоҳиллик, кулгили ва айни пайтда аянчли бир ҳолат эмасми? Халққа ва ҳаётга йўналган бундай кўзқарашга эга бўлган бу Динни (Тавҳид дини), очликнинг сабабчиси ва мужиди бўлмиш ва ҳақли равишда махкум этганимиз бир дин билан (Ширк дини) айни ўлчовларда айблашимиз ноинсофлик эмасми?

Камолиддин Йўлдош ўзбекчалаштирди
——–
[3] Тарихдан муродим – инсоннинг ижтимоий ҳаёти тарихи; йўқса бир мафҳум ўлароқ эмас.
[4] Аллоҳнинг ва халқнинг дини, яъни энг аввалбошдан ҳозиргача барча пайғамбарларнинг даъват этгани дин… Бироқ тарихнинг оқиши уларга қарши сафнинг қўлида бўлгани боис, қарши саф Тавҳид динига таҳаққуқ этиш фурсати қолдирмади. Демак, халқ шу даражада кучайиши ва шу даражадаги онгга эришиши лозимки, шу даражада тараққиётга эришиши лозимки, шу даражада юксак фикрий ва инсоний қадриятларни эгаллаши лозимки; тавҳид динини жамиятда ҳоким қила олсин; ширк динларини ва тоғутга қуллик этувчи динларни йўқ эта олсин. Тарихда, халқ оммалари тарих тизгинларини ва жамиятнинг тақдирини “малаъ” ва “мутраф”лар қўлидан тортиб олиб, ўз қўлида тута оладиган бундай бир мақомга етишгани кўрилмагандир. Шундай экан, Иброҳимий динлар ҳеч қачон бир жамиятни том маънода, ўз идеалларига мос тарзда иншо эта олмаганлар. Шунинг учун бундай жамиятни барпо этиши керак бўлган бу – халқнинг ўзидир.
[5] Эрондаги, Эниронларга қарши урушда Эзодлар ва Илоҳлар Орийлар тарафида урушадилар. Бунинг маъноси шу эдики, ҳатто коинотнинг илоҳлари ҳам устун ирқ бўлмиш Орийлар тарафида, нажис ва нопок Эниронларга қарши урушади. Эниронлар ким? Орий бўлмаган ҳамма! Кўрганимиздек, диннинг ягона функцияси – мавжуд ирқий, қавмий ва синфий тизимни машруълаштириш ҳолига келганди.
[6] Қаранг: А.Шариатий. “Нима қилмоқ керак”.

Али Шариатий. Динга қарши Дин (2) | (kemalyoldash.com)