May 6, 2021

Уйдирилган дин йиқилажак

Қуръонда бўлмаган, аммо бизларга ДИН дея йиллардир уқтириб келинган таълимотларни “Булар Қуръонда йўқ” деганимизда, кўп кишилар буни дастаклади, баъзилар эса қарши чиқди. Албатта, кўпчилик мусулмонлар ўз самимияти ва, очиқчаси, соддалиги сабабли, ўтмишдаги умматлар ва тарихдаги жамиятларнинг аҳволидан етарлича хабардор бўлмаслиги ва ҳатто Тангри номидан ёлғон уйдириш, Аллоҳ номи билан алдаш мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмасалар керак. Инсонларнинг аксарияти ҳодисаларнинг зоҳирига ишонади, дин пешволарининг салласию-соқолини, ёки бўнидаги ҳочини кўриб, диннинг тирик намунаси санайди. Ваҳоланки, Аллоҳ ўз Китобида энг қаттиқ танқид остига олган тоифа ҳам дин пешволаридир, Тангри номидан ёлғон уйдирувчи, ҳақ дин номидан ботилга хизмат қилувчи ва қилдирувчилардир.

Дин пешволарининг кўпчилиги одамларнинг молини тўплаб, ноҳақ егувчи ва Аллоҳнинг ҳақ йўлидан тўсувчи экани Қуръонда очиқ эълон қилинади: “Эй мўминлар, аҳбор ва руҳбонларнинг аксарияти одамларнинг молларини ноҳақ ейдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар” (Тавба:34) Аҳбор ва Руҳбон – яҳуд ва насороларнинг дин пешволаридир. Аммо қизиғи шундаки, бу оят яҳуд ва насороларга эмас, балки мўминларга хитоб қилмоқда. Аллоҳ бизларни дин пешволари молларимизни ноҳақ еб, Аллоҳнинг йўлидан тўсишидан огоҳлантирмоқда.

Аллоҳ Қуръонда ёлғондан дин уйдиришни энг улкан зулм эканини билдиради, буни Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш дея атайди ва бунга алданиб қолишни бизларга манъ этади:

“Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?!” (Аъроф:37)
“Ва ҳаргиз алдагувчи сизларни Аллоҳ билан алдаб қўймасин!” (Фотир:5)

***

Сўнгги пайғамбар инсониятга Қуръонни олиб келдилар. Қуръон у кишига Иброҳим а.с.нинг динига эргашишни амр этади:

“Сизга “Ҳақ йўлдан тоймаган Иброҳимнинг динига эргашинг, у мушриклардан бўлмагандир”, дея ваҳий қилганмиз” (Наҳл:123)

Пайғамбар алайҳис-салом Исломни Қуръондан ўргандилар, зеро Қуръондан олдин иймон нима, китоб нима, билмасдилар.

“Сиз илгари Китоб нима, ва иймон нима эканини билмас эдингиз” (Шуро:52)

Пайғамбаримиз бу динни ваҳй орқали ўрганганлар ва бу дин ҳам ваҳй билан мукаммал бўлган ва тамомлангандир.

“Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим” (Моида:3)

Шундай экан, пайғамбаримизнинг таблиғ этгани динни, Қуръондаги динни, Қуръондаги Исломга қарши чиқишга нима дейсиз? Қарши чиқувчилар аслида йиллардир ушлаб келгани уйдирмаларини ҳимоя қилиш учун қарши чиқмоқда. Эътибор берсангиз, аслида бу эътироз янгилик эмас, ўз даврида Макка мушриклари ҳам худди шу эътироз билан чиққандилар:

“Қачон уларга Бизнинг очиқ-равшан оятларимиз тиловат қилинса, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсалар: «Бу Қуръондан бошқа бир Қуръон келтир ёки буни ўзгартир», дедилар. (Юнус:15)

Мушриклар Қуръондаги диннинг ўрнига бошқа бир дин, яъни уларнинг хоҳишларига, ота-боболаридан қолган ҳурофотларига мос бир дин уйдиришни талаб этишарди. Бугун ҳам Қуръондаги Исломга қарши чиқишнинг бу мушриклардан фарқи йўқ.

Бу талабларга жавоб эса оятнинг давомида аниқ ва узил-кесил шаклда берилади ва нимага эргашишнинг ўзгармас ўлчови Пайғамбаримизга буюрилади:

“Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашаман. Мен агар Парвардигоримга осийлик қилсам, улуғ Куннинг азобидан қўрқаман». (Юнус:15)

Қуръондаги Исломга қарши чиқиш, ҳеч шубҳангиз бўлмасинки, Аллоҳнинг ҳидоятига қарши чиқишдир.
“Бизни тўғри йўлга ҳидоят эт” дея дуо қилувчи ҳар бир инсонга Аллоҳнинг ижобати – “ичида ҳеч бир шубҳа бўлмаган ягона ҳидоят раҳбари бўлмиш ушбу Китоб”дир. Ундан бошқа ҳидоят раҳбари борми, ёки унинг ёнига яна бир параллел китоб қўя оласизми?

Айтайлик, Бухорий айтганмики, “Жомеъус-саҳиҳ”да ҳеч шубҳа йўқдир, дея? Ёки Муслим бундай кафолатни берганми? Асло, зеро Бухорийдаги 430 ровийни Муслим қабул этмаган, Муслимдаги 620 ровийни эса Бухорий қабул этмаган. Иккаласининг “Жомеъ”ларидаги 210 ҳадис эса умуман танқид остига олинган ривоятлардир. (Асқалоний, “Фатҳул-Борий”, Муқаддима).

***

Инсонлар дунёда бирор матоҳ сотиб оларкан, унинг сифатини, ҳақийий ё сохталигини ўта жиддий текширишади-ю, аммо охиратда абадий саодат ёки мангу азоб-уқубатга элтувчи динга келганда бу жиддиятнинг ўндан бири топилмайди. Нега? Чунки Аллоҳ номи билан биров бизни алдаши мумкин, деган гап хаёлларига ҳам келмайди.

Ғарб Тангри номидан қилинган зулмлардан жуда улкан йўқотишларни бошидан кечирди. Охири Тангрига умуман ишонмайдиган атеист жамиятлар юзага келди. Шарқ жамиятлари ҳам айни боши берк кўчага кириб қолмаслиги учун Аллоҳнинг индиргани Китобга қайтиши лозим бўлади.

Албатта бу жараён осон кечмайди, чунки уйдирилган дин юзйиллардир илдиз отиб улгурган инсонлар зеҳнида, ва Қуръондаги Исломга биринчи бўлиб мана шу дин пешволари қарши чиқади.

Нега? Чунки, агар уйдирилган динни сақлаб қолмаса, дин монополиясидан маҳрум бўлишади, одамларнинг молини ноҳақ ейиши ва Аллоҳнинг йўлидан тўсишига нуқта қўйилади. Бу монополияни оёқда тутиш учун юзйиллардир ўз мазҳабини улуғлаб, тариқатини мақтаб, ўз шайхларини кўкларга кўтариб, уларга Аллоҳнинг сифатларини бериб келишган.

Қандай қилиб бир шайхга Аллоҳнинг сифатларини беради? Бунинг учун аввало пайғамбарни улуғлайди, унга инсонусти сифатларни нисбат этади, еттинчи осмоннинг устига учиради, ғайб илмларидан воқиф этади, руҳлар оламида сайр эттиради, ўлган пайғамбарлар билан учраштиради, гаплаштиради, Аллоҳнинг ёнида дин ва ҳалол-ҳаром қўйиш ваколатларини беради. Кейин эса бу илоҳий сифатларни пайғамбарнинг “меросхўрлари” дея ўтмишдаги машҳур кишиларга беради, ва ниҳоят навбат ўз шайхига келади!

Замонавий ширк мана шудир!

Буни биров ШИРК деса, дарров унга қарши чиқишади, худди маккалик мушриклар каби! Дарҳол зиндиқ, адашган, фосиқ, фитначи, жинни, кофиру-муртадга чиқаришади. Далиллари ҳам айни – Қуръоннинг бирор оятига қарши далиллари йўқ, шунинг учун тўхтовсиз шахсиятга ҳужумга ўтишади, бунда барча мазҳабу-машраф, жамоату-тариқат бирлашади, қарабсизки умумий сафарбарлик бошланади! Маккалик мушрикларнинг шоир, коҳин, фолбин, мажнун дея тош отишларини эслайсан киши.

***

Индирилган дин ва уйдирилган дин ўртасидаги бу зиддият, бу мужодала майдони ва бу майдондаги фоилларнинг моҳияти асло ўзгарган эмас!

Аммо бу ҳолат бугунгача давом этиб келган бўлса-да, бугун вазият ўзгарди. Пайғамбарга мутлақо алоқаси бўлмаган, юзйиллардир кейинги уйдирмалар билан одамларни аврашнинг энди иложи йўқ. Ҳақни, Ҳақиқатни излаган инсон учун бугун барча имкониятлар мавжуд. Холис ниятли ҳамда ўз изланишида самимий ва жасур инсонлар Ҳақни Аллоҳнинг ягона “Ҳаққ-ал-Йақин” бўлмиш Китобида топмоқда ва уни тасдиқламоқда.

Зеро Аллоҳнинг ўзи гувоҳлик бериб айтадики “Албатта у аниқ Ҳақиқатдир!” (Ҳааққа:51)
Уйдирилган диннинг ботиллари эса бирин-кетин фош бўлиб бораверади…Зеро «Ҳақ келди ва ботил ўчди-йўқолди. Чунки ботил йўқолгувчидир» (Исро:81)

Манба