Салотга чақириш (Азон)
Қуръонда намоз учун чақирилгани, кофирлар эса бу чақириқни масхара қилгани айтилади. Қуръон намоз учун бирор чақириқ шаклини фарзлаштирган эмас. Мақсад — намоз учун инсонларнинг йиғилиши, бунинг учун зарур пайтларда чақириқ қилинади.
Жумъа намози, жамоат билан ўқилиши керак бўлган намоз бўлгани боис, унга чақириқ қилинади (62:9).
Чақириқ қандай шаклда бўлиши айтилмаганига кўра, Чақириқнинг (Азоннинг) тили ва шакли мусулмонларнинг ташаббусига қолдирилган. Асосийси мусулмонларни чақириш.
Чақириқ (азон) қандай қилинганда, инсонлар жамланадиган бўлса, ўшандай қилинади… Мавжуд ҳадисларда азон ваҳй орқали ёки Пайғамбар амри билан буюрилгани айтилмаган.
Ҳадисларда намозга эртароқ келганлар ишларидан қолгани, кечроқ келганлар эса намозни бой берганидан шикоят қилишгани айтилади.
Шунда намозга қандай чақириш кераклиги ҳақида фарқли таклифлар қилинди.
Натижада бир рўёга асосланган ҳолда, бугунги каби инсон овози билан чақиришга қарор қилинди (Абу Довуд, Сунан, 1/16).
Яна ҳадисларда айтилишича, Пайғамбар бу руё ҳақида «Иншоаллоҳ ҳақ руёдир» деган.
Яна ҳадисларда айтилишича, Билол ўз ташаббуси билан тонгги намозда «Ас-Салоту Хайрун мин-ан-Навм» (Намоз уйқудан яхшироқ) ифодасини илова этган.
Кўриб турибмизки, ҳадисларни объектив тарзда ўқиган киши Пайғамбар даврида, намозга чақириш шакли ўша даврдаги зарурат ва имконлардан кечиб чиқиб, жорий этилган деган хулосага келади.
Агар азоннинг бугунги шакли ҳадислардан келиб чиқадиган бўлса, Пайғамбар «Намозга бундай чақиринг, бундай денг» деб амр этиши керакмасми?
Агар диний амр бўлганида, Билолнинг бир жумла илова этиши мумкин бўлмасди.
Гарчи биз Қуръонда очиқланмаган ҳар бир масала муъминларнинг ташаббусига қолдирилганини, бу ҳадисларсиз ҳам, Қуръоннинг ўзига таяниб айтмоқдамиз. Фақат мазҳаблар динини ёқловчилар бугунги мавжуд азон шаклини гўёки фарз каби уқтириб келишлари сабабли, уларнинг бу иддаоси ҳам асоссиз эканини ўзларининг манбаларидан кўрсатиб бермоқчи бўлдик.
Модомики, азон калималарига Билол ўз ихтиёри билан иловалар қўша олган бўлса, демак азонни ўзгартириш мумкин, яъни бу фарз эмас, балки умматнинг ўз ташаббуси билан татбиқ этилган ва асрлардир амал қилиб келинаётган суннат деб билиш керак эмасми?
Азоннинг бугунги шаклини ўзгартирса бўлади/бўлмайди деган масала мунозарали, аммо бунга қарор бериш бизнинг ўз ихтиёримизда экани, ва бу ҳақда фарқли фикрлар, ташаббуслар бўлиши мумкин экани ҳам тортишиб бўлмас ҳақиқатдир.
Бизнинг бу борада фикримиз шуки, Ислом дунёсида бирдек шаклда айтилаётган азонни ўзгартирмаслик керак, «Ислом умматининг бу муштарак суннатини» бузмаслик керак. Бу борада қилинган уринишлар кераксиз тортишувлар чиқаришдан нарига бормайди.
Фақат азон айтиш таъқиқланган ўлкаларда намозга чақириқ, бугуннинг имконлари доирасида амалга ошириш, мақсадга мувофиқроқ бўлади, масалан SMS, e-mail мактублар, ижтимоий тармоқларда билдириш ёки ҳар қандай бошқа шаклда амалга оширилиши мумкин. Шу билан, азоннинг (салотга чақиришнинг) фарз эмаслигининг замон ва заминга кўра ўта қулайликларидан фойдаланилади.