ЙЎҚОТИЛГАН РАМАЗОН [1]
Барчангизга тинчлик/омонлик бўлсин
“Ҳақиқат излаб” каналига хуш келибсиз.
Бугун биз ҳақиқатни излаётган ҳар бир мусулмон учун жуда муҳим бўлган бир мавзуда гаплашамиз.
"Бугунги кунда биз фойдаланадиган ҳижрий тақвим Пайғамбар алайҳис-салом давридаги тақвим билан бир хилми?
Сизга Араб қамарий ойлар фаслларга боғланганлиги ва ҳозирги каби фаслларга кўра кўчиб юрмаганини кўрсатамиз.
Натижада Рамазон ойи аслида йилнинг энг мўътадил вақтига тўғри келиши, кун на ўта узоқ, на ўта қисқа, Шимолий ва Жанубий ярим шарларда об-ҳаво на ўта иссиқ, ва на ўта совуқ бўлмаган паллага мос келганини кўрасиз.
Мавзуни осон тушуниш учун соддароқ тақдим этишга ҳаракат қиламиз.
Шахсан мен, иложи бўлса, тадқиқотларни давом этказишни тавсия қиламан ва ушбу мавзудаги барча тадқиқотлар билан танишишни тавсия этаман, маълумотларнинг аксарияти Араб тилида.
Аввало, асосий мавзуларни санаб ўтаман:
асосий саволларни белгилаб оламиз,
кейин муаммонинг тавсифи,
кейин тақвимларда тузатиш зарурати,
кейин ҳижрий ой тақвими, у аввалда қандай бўлгани ҳақида тўхталамиз.
кейин Қуръондан далиллар келтирамиз,
кейин қамарий ой номларидан далиллар,
кейин Ислом тарихи ва адабиётидан далиллар,
кейин хулоса ва қарорларимизни эълон қиламиз.
Аввало, эътиборни марказлатиш ва аниқ жавоб излаш учун асосий саволларни белгилаб олайлик:
Нима учун барча тақвимлар орасида биргина ҳижрий тақвим ойларга асосланган ягона тақвим?
Нега биргина бу тақвимда ойлар фаслдан фаслга кўчиб юради?
Шуни унутмайликки, қамарий тақвимдан нафақат араблар ё умуман мусулмонлар, балки яҳудийлар, хитойликлар ва бошқа цивилизациялар ҳам фойдаланиб келади, аммо фақатгина бизда - мусулмонларда - ойлар йил фаслларига кўра кўчиб юради.
Сиз ҳеч қачон қайси ой йилнинг қайси фаслига тегишли эканини айта олмайсиз, чунки улар йилдан-йилга 11 кун орқага силжиб бораверади.
Нега биз, мусулмонлар, ўз тақвимимиздан фақат Рамазон ёки Қурбон ҳайити қачон келишини билишдан бошқа бирор амалий мақсадда фойдалана олмаймиз? Кўп мусулмонлар Рамазон ойида, деярли 20 соат рўза тутиши, ёки 45 даража жазирамада рўза тутиши қийинчилик эмасми?
Бу қийинчиликлар "Аллоҳ сизга енгилликни истайди ва қийинчилик истамайди" деган Қуръоннинг оятига тўғри келадими?
Шуни ҳам унутмайликки, бу оят Рамазон рўзаси билан боғлиқ нозил бўлган.
Аномал иссиқлик каби экстремал об-ҳаво шароитларида рўза тутадиган кўплаб мусулмонлар бир қатор соғлиқ муаммолари, айниқса буйрак хасталикларига чалинишини, енгиллик дейиш мумкинми?
Бу каби муаммолар Пайғамбар алайҳис-саломнинг "Рўза тутинг, соғлом бўласиз" деган сўзларига мос келадими?
Рамазон ёз вақтига тенг келганида, умуман рўза тутишдан бош тортган мусулмонлар ҳақида эшитганмисиз?
Сабаб нимада? Имонлари заифми? Ёки Аллоҳ биздан тоқатдан ташқари нарсани талаб қилганми?
Аммо Аллоҳ Қуръонда "У сизни танлади ва сизга динда ҳеч қандай танглик қилмади", деб қўйган-ку.
Шимолий яримшарда Рамазон ёзга тўғри келганда, одамлар 20 соат рўза тутиши, Жанубий яримшарда эса фақат саккиз соат рўза тутиши, илоҳий адолатми?
Албатта, Сиз айтишингиз мумкин "Хўп, аммо Рамазон Шимолий яримшарда қишда келганда бунинг тескариси бўлади", деб. Лекин бу 32 йилдан кейин бўлади, баъзи одамларнинг бунга умри ҳам етмаслиги мумкин.
Баъзилар буни шундай деб оқлайдилар: "Биласизми, Аллоҳ Рамазоннинг фаслларга қараб ўзгаришини ирода этган, шу билан бизни иссиқда ҳам совуқда ҳам рўза тутиш орқали, узоқ ва қисқа кунларда рўза тутиш орқали синайди”.
Бундай фикр мусулмонлар орасида кенг тарқалган, аммо бу натижадан кейин сабабни излашдир. Зеро бирорта Қуръон оятида ҳам, Пайғамбар а.с.нинг бирон ҳадисида ҳам бундай сабаб айтилмаган.
Аслида эса, Қуръонда айтилганидек, "Аллоҳ сизга енгиллик истайди" ... ва бу айнан рўза билан боғлиқ енгилликдир.
Азиз ака-укалар ва опа-сингиллар, бугун биз фойдаланаётган ҳижрий тақвимда жиддий муаммо бор.
Биз бу тақвимни Пайғамбар а.с. даврида ишлатилган тақвим деб ўйлаймиз.
Тўғри, ой номлари бир хил, аммо нимадир етишмайди ва бу етишмаётган нарсанинг номи - "КАБИСА ОЙИ".
Қўлимиздаги барча далиллар шуни кўрсатадики, Пайғамбар а.с. даврида тақвимдаги ойлар фаслларга кўра кўчиб юрмаган.
Аслида, бу ойларнинг кўпи ўз номи биланоқ йилнинг қайси фаслига тегишли эканини кўрсатади.
Ушбу видеода биз буни исботловчи далилларни кўриб чиқамиз.
ТАҚВИМЛАР ВА УЛАРДАГИ ТУЗАТИШ ЗАРУРАТИ
Барча тақвимларда, шамсий ёки қамарий бўлсин, коррекция деб аталадиган тузатиш ва тўлдириш зарурати мавжуд.
Бундай тузатишлар барча тақвимларда мавжуд бўлган бир муаммони ҳал қилиш учун зарур, бу муаммо - каср ва қолдиқ муаммоси.
Келинг, бугун фойдаланадиган Григориан тақвимини олайлик.
Ушбу тақвим йилни 365 кун деб ҳисобланади, яъни ернинг қуёш атрофида бир марта тўлиқ айланиб чиқишига кетган вақт, аммо ернинг Қуёш атрофида тўлиқ айланиши учун 365 кун емас, балки 365 куну 6 соат ва бир неча дақиқа кетади. Мана шу олти соат қолдиқ - куннинг чорак қисмини ташкил этади, лекин сиз тақвимга чорак кун қўша олмайсиз.
Қадимда одамлар бу олти соатни эътиборсиз қолдиришган, аммо кейинчалик, йилдан-йилга бу олти соатлар йиғилиб, ойлар орқага силжиши маълум бўлган. Агар ҳисоблаб кўрсангиз, ҳақиқатан ҳам тўрт йил ичида бу олти соат 24 соатни - тўлақонли бир кунни ташкил қилади, 120 йилдан кейин эса 30 кунни - бир ойни - ташкил қилади.
Мабодо бу 30 кун ҳисобга олинмайдиган бўлса, унда нима бўлади? Ойларингиз ортга силжийди ва фасллар ойлардан ажрала бошлайди. Бошқача қилиб айтганда, баҳорда, март ойида бирор нарсани режалган бўлсангиз, маълум муддат ўтгач, у февралга кўчади.
Бунинг ечими шундаки, ҳар тўрт йилда феврал ойига бир кун қўшилади, ва 28 кун эмас, 29 кун бўлади. Бунга КАБИСА ЙИЛИ дейилади.
Демакки, бу қолдиқларни эътиборсиз қолдириб бўлмайди, улар ҳисобга олинмаётган вақт қолдиғи, шунинг учун тақвимга қайтарилиши керак.
Барча цивилизациялар учун тақвимлар битта асосий вазифани ҳал қилиб келган - бу йил ва фасллар ҳисоби.
Аллоҳ фаслларни яратди ва уларни табиат ва инсоният учун ҳаёт даврлари қилди, инсонлар уларга кўра зироат ва тижорат даврларини белгилаб оладилар. Тарих бўйича ҳатто диний арконлар ҳам фаслларга боғлиқ ўтказиб келинган.
Араблар, яҳудийлар ва хитойликларда қамарий тақвимлар ҳар бир ойнинг боши ва охирини ҳисоблайди, аммо йил охирида фарқ/қолдиқлар қолади, масалан, 12 ойда бу фарқ 11 кунга чиқади. Мана шу 11 кун шамсий ва қамарий йил ўртасидаги фарқни, яъни 12 қамарий ойнинг давомийлигини англатади. Аммо араблар қамарий ойларни фаслларга қандай боғлашга муваффақ бўлишган? Улар ҳар 32 ойдан кейин "КАБИСА ОЙИ" дейилган ойни қўшганлар. Бошқача қилиб айтганда, улар ушбу 11 кунлар йиғилиб, тўлиқ бир ойга етганида, тақвимга бир ой қўшганлар. Натижада, Арабларнинг қамарий ойлари ҳар доимги ўз фаслларига қайтарилган.
Бу худди ёзув машинкасига ўхшайди, сатр охирига етганда, сиз мосламани орқага силжитиб, асл ҳолатига қайтарасиз.
Эҳтимол, бугунги postmodern даврида, биз тақвимда фаслларни аниқ белгилашнинг аҳамиятини деярли сезмаймиз.
Аммо мингйиллардан бери барча зироат ва барча тижорат сизнинг қаерда ва қайси фаслда эканингизга боғлиқ бўлиб келган.
Деҳқонлар қачон уруғ экишни, қачон ҳосил йиғишни билишлари керак, савдо карвонлари ва бозорлар ҳам худди шу каби, фақат янги ой ва фаслларга кўра белгиланган.
Ҳатто Қуръон бу ҳақда - Қурайш қабиласининг қишги ва ёзги сафарлари ҳақида зикр этади.
Аслида, ҳеч биримиз бу тақвимга бугун қизиқмаслигимиз ва уни кундалик ҳаётимизда ишлатиш истамаганимизга ягона сабаб мана шудир.
Ҳижрий тақвимни фақат Рамазон яқинлашганда, ёки бирон бир диний байрам кутилганда эслаймиз холос.
Ҳижрий тақвимдан фойдаланмаслигимизнинг ягона сабаби мана шунда, ойлар фасллар бўйлаб кўчиб юради ва ҳеч қандай амалий мақсадга яроқсизлигида.
Масалан, Рабиул-аввал ойида келаман десам, Рабиул-аввал қачон келади? Баҳордами? Ёздами? Ёки қишдами? Ҳеч қандай тасаввур йўқ.
Вақтни ҳисоблаш ҳар доим даврларга асосланган.
Оддий шундай бир савол берсак: бир кун ўтганини қандай ҳисоблаймиз?
Агар биз хисобни қуёшнинг чиқиши билан бошлаб, кейинги марта қуёш чиқишини кутсак, демак, бутун кун ўтган бўлади.
Бир ой бўлганини қандай ҳисоблаймиз?
Агар ой тўлган бўлса ва сиз бошқа тўлин ой келгунча кутсангиз, демак бу тўлиқ бир ой ўтганини билдиради.
Бир йил ўтганини қандай ҳисоблаймиз? Сиз буни энди ой ёрдамида ҳисоблай олмайсиз, чунки ой даври атиги 30 кун давом этади. Тўлиқ бир йил ўтишини ҳисоблаш учун сизга кўз билан кўриш мумкин бўлган ўлчов керак.
"12 марта янги ой чиқишини ҳисоблаймиз, ана шунда бир йил ўтган бўлади" дея олмайсиз. Йўқ, бу барчага аён ва ошкор бўлган нарса бўлиши керак, бу аниқ кузатиладиган белги бўлиши керак.
Бу йилнинг энг узун куни бўлган ёзги кун туриши ва йилнинг энг узун кечаси бўлган қишки кун туришини кузатиш билан ўлчанади. Бу икки кунда қуёш шимол ёки жанубда ўзининг энг узоқ нуқтасига етади.
Бу сўнгги 500 йил ичида кашф этилган нарса эмас, балки қадимдан маълум бўлган табиий ҳодиса.
Бу ҳодисалар йилига бир марта содир бўлади ва улар тўлиқ бир йил ўтганининг белгилари.
Пайғамбар а.с. даврида бу КАБИСА ОЙИ ҳар 32 ойда тақвимга қўшилган, ва шу тариқа, барча ойлар ўз фаслларида қолиб келган.
Араблар буни Исломдан олдин яҳудийлардан ўрганишган ва Пайғамбар а.с. ҳам 23 йиллик пайғамбарлик даврида буни ўзгартирмаган.
Кабиса ойи дегани маъноси қуйидагича:
Биз ой даврларини кўрсатиш учун ойни марказ оламиз, лекин фасллар алмашинувини кўрсатиш учун қуёшдан фойдаланамиз.
Бу кабиса ойи 12 ойни якунлаш учун зарур бўлган вақтни ҳамда Ернинг Қуёш атрофида бир марта айланиб чиқиши учун зарур бўлган вақт орасидаги фарқнинг тўлдирлишидир.
Қуръон оятида айтилишича, "Осмонлару-Ер яратилган кунги Китобга кўра/Яратилиш Қонуниятига кўра, Аллоҳнинг наздида ойлар адади ўн икки. Улардан тўртта ҳаром/чекланган. Ана ўша - дин-қоййим/ўзгармас қонунлар тизими. Ўша ойларда ўзингизга/бир-бирингизга нисбатан зулм/ноҳақлик қилманг". (9:36)
Шу ўринда битта савол туғилади: "Нега айнан 12 ой, нега 11 ёки 13 эмас?" Чунки, 12 ойлик давр Ернинг Қуёш атрофида айланиши ва 12 ойни якунлаш учун зарур бўлган муддат. Нима учун? Чунки Ер Қуёш атрофида бир айланишида мумкин бўлган қамарий ойларнинг энг кўп сони атиги 12 ни ташкил қилади. 12 Қамарий ой ва Қуёш йили ўртасидаги фарқ сифатида қолаётган 11 кун хам ҳисобга олинади, бу 11 кун ҳисобга олинмаса, барча Қуёш ва Ой тақвим ҳисоби издан чиқади.
Кимдир сўраши мумкин: "Лекин қандай қилиб яна бир ойни қўшиш мумкин, бу дегани 13 ой эмасми?"
Йўқ, бир ой қўшилаётганга ўхшайди, лекин аслида сиз ҳисобга олинмаган кунларни қайтараяпсиз, (улар ҳисобга олиниши шарт). Акс ҳолда натижада фасллар ва ойлар йил бўйлаб кўчиб юрадиган ҳозирги яроқсиз тақвим қолади.
Энди келинг, вақт ҳисоби олиш учун Қуръонда қуёш ва ой орасидаги бу иккилик ҳақидаги бошқа оятларни ҳам кўриб чиқайлик.
"Тунни сукунат вақти қилди, Қуёш ва Ойни ҳисоб воситаси қилди. Барча нарсага куч-қудрати ва илми етувчи Азиз Алим Зотнинг ўлчови ана шу"(6:96)
"Сиз йиллар сонини ва ҳисобини билишингиз учун Қуёшни зиё сочгувчи қилган, Ойни ёритгувчи қилган, ва Ой учун манзиллар белгилаган Унинг Ўзи. Аллоҳ буларни фақат ҳаққ ила - аниқ мақсад ва маъно ила - яратган. Илм эгалари учун оятларни муфассал баён қилиб беради" (10:5).
Бу таржимада битта калимага эътибор беринг: Ой манзиллари.
Оятда МАНОЗИЛ дейилган. МАНОЗИЛ бу Ойнинг маълум бир юлдуз туркумидаги ўрнашуви.
Араблар ойнинг қайси юлдуз туркумида ўрнашганига қараб, йилнинг ҳозир қаердалигини жуда яхши билишган.
Ой фазалари ва ойнинг қайси юлдуз туркумидаги ўрни орасида фарқ бор.
"Кеча ва Кундузни икки оят-ишорат қилдик. Раббингизнинг фазлини исташингиз ҳамда йилларнинг ададию-ҳисобни билишингиз учун кечанинг аломатини ўчирдик ва кундузнинг аломатини ёруғ қилиб қўйдик. Биз барча нарсани муфассал баён қилганмиз" (17:12)
Ушбу уч оят Қуёш ва Ой орасида мавжуд иккилик ҳақида ва иккиси ҳам вақтни ҳисоблашда асос олиниши зарурлигини аниқ кўрсатади.
Лекин биз бўлсак нима қиляпмиз?
Биз бугунги ҳижрий тақвим тенгламасидан қуёшни бутунлай чиқариб ташладик, ва фақат ойга таяндик.
Натижада, ҳаммаси мувозанатдан чиқиб кетди, ойлар энди фаслларга тўғри келмайди ва бу тақвимдан кундалик амалий ҳаётда фойдаланиш бутунлай имконсиз. Ойлар фаслдан фаслга кўчиб юраверади, бу эса рўза ва ҳаж билан боғлиқ қийинчиликлар туғдиради, чунки улар аввалбошда белгиланган вақтлардан чиқариб юборилган, охири бирор ишга яроқсиз тақвим билан қолдик.
ҲИЖРИЙ ОЙ НОМЛАРИНИНГ МАЪНОЛАРИ
Энди ҳижрий ой номларининг маъноларни кўриб чиқамиз.
Қизиғи шундаки, ҳижрий ойларнинг кўпи қайси фаслга тегишли экани ўз номиданоқ маълум.
Бу - ойлар ҳақиқатан ҳам йилнинг маълум фаслига тегишли бўлгани ва бошқа фаслга кўчмаслигининг яна бир белгисидир.
Ёрқин мисол - Рабиъул-аввал ва Рабиъус-соний ойлари, Рабиъ "баҳор" дегани. Рабиъул-аввал биринчи баҳор дегани. рабиъул-соний иккинчи баҳор дегани. Бу икки ой кетма-кет келади. Улар ўз номи билан баҳорни англатади (албатта Шимолий ярим шарда)
Кейин икки ЖУМАДА ойи келади.
Жумада сўзининг маъносини баъзилар "изғирин" деб таржима қилади, аммо унинг маъноси изғирин эмас.
Биринчидан, улар ҳар доим баҳордан кейин келади ва баҳордан кейин совуқ бўлмайди.
Аслида, жумада сўзи, Арабча луғатларга кўра, "сувсиз палла ёки туялар сутсиз қолган вақт" маъносини беради, буларнинг барчаси ёзнинг таърифлари. Бу мантиқийроқ, чунки бу икки ой ҳақиқатан ҳам баҳорнинг икки ойи ортидан келади.
Фаслга боғлиқ бўлган яна бир ой ШАЪБОН ойи.
Шаъбон сўзининг маъноси: бу қабилалар сув излаб тоғ сўқмоқлари бўйлаб тарқалиши.
Араблар "ташаъабат-ал-қобаил" дейди, бу сув излаб тор тоғ йўллардан тарқалди дегани.
Ниҳоят РАМАЗОН ойи.
Рамазон ойи, ўз маъносида, ёзнинг тугашини билдиради.
Рамазон сўзи РАМДА ўзагидан ясалган. Кейин АЛ-РАМДИ яна иссиқ ерга ёғған илк ёмғирга, яъни кузнинг илк ёмғирига айтилади.
ҳатто Пайғамбар сийратида Қадр кечасига гувоҳ бўлганида, у лой ва сув орасида сажда қилгани айтилган ва бу ойда ёмғир ёғишининг белгиси.
Кейинги ой - ШАВВОЛ ойи
Шаввол сўзининг маъноси - туяларни кўпайтириш вақти.
Араблар, туялар жуфтлашишга тайёр бўлганда "ташвул-ат-танабиҳа" дейишади.
ЗУЛ-ҚАЪДА ойи Қаъада сўзидан келиб чиқади, яъни "ўтириш, пассив қолиш" дегани.
Бу қабилалар одатда саёҳатни тўхтатган ва бу пайтда кучли шамоллар туфайли чодир тикишда қийналишган.
Кўриб турганингиздек, бу ойлар ҳақиқатан ҳам йил фасллари билан боғлиқ номларга эга. Бунинг ягона изоҳи шуки, бу ойлар аввалбошда ва доим йилнинг маълум фаслига боғлиқ бўлган.
Араблар бунга ҳар 32 ойдан сўнг ўша КАБИСА ОЙИ қўшиш орқали эришганлар.