АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-30
21-БОБ. ҚУРЪОНДА ЖАННАТ ва ДЎЗАХ
Бу гап яна-да оғирроқ зарба бўлиши аниқ, лекин ҳақиқатни айтишим керак. Қуръонда бизга уқтирилган Жаннат ҳам, Дўзах ҳам, Охират ҳам, Қиёмат ҳам йўқ.
Қуръоннинг бирорта ҳам оятида "ўлгандан кейин қайта тирилиш бор ва қайта тирилганлар жаннат ёки дўзах деган бирор абадий маконга юборилади" деган гап йўқ. Сиз бундай иддаони Қуръоннинг ҳеч бир оятда топа олмайсиз.
Ушбу бутпарастлар эътиқодни ҳам муллалар Зардуштийликдан кўчиришган, унга Яқин Шарқдаги Митраизм ва бошқа қадимий динлардан иловалар қўшиб, бунга ҳатто Қуръон оятларини ҳам экстраполяция қилишган, фарқли суралардан фарқли оятларни кесиб олиб, гўё Исломда ҳам бордек кўриниш ясашмоқчи бўлишган. Ўлгандан сўнг жаннат ёки дўзахга кириш эътиқоди узоқ вақт Яҳудо-Насронийлар орасида ҳам ёйғин бўлган.
Инсоният катта қисмининг эътиқодлар системасида "Жаннат ва Дўзах" деган тушунча умуман йўқ. Буддизмга асосланган (Хитой, Корея, Япония ва Ҳиндистон каби) цивилизацияларда "ўлимдан сўнг абадий жаннат/дўзах" деган тасаввур йўқ. Бу цивилизациялар бугунги инсониятнинг деярли ярми. Биз одамзотнинг ярмидаги ақлга, интеллектга кўз юма олмаймиз.
Жаннат ва Дўзах фикри, шубҳасиз, ирим ва хурофотларга ишонувчи аҳолини бир сафда тизиб туриш учун ўта қулай назорат механизми. Ўзларини коҳин, роҳиб, шайх, деб атаган муғомбир зулуклар, ким уларни жим тингламаса, дўзахда ёнади, деб қўрқитиб келишган. Жим тингловчиларга эса, қутидаги эҳсон миқдори бўйича жаннатдаги роҳат ва даражотлар ваъда қилиб келинган. Бугун дунёдаги худкуш мусулмонларга ваъда қилинаётган 72 ҳур ваъдалари ҳам худди ўша механизмнинг давоми. Негизидаги ёлғон аслида ўзгармаган.
Жаннат ёки Дўзах ғояси Қуръонда қувватланмайди. Қуръонни ўрганар эканмиз, алоҳида сўзларнинг матн бўйича қандай ишлатилишига эътибор бериш муҳим. Бу китоб, барча инсониятга йўл-йўриқ кўрсатишини эълон қилган Илоҳий Китоб, шунинг учун охирги ва абадий манзил жуда батафсил ёзилган бўлиши керак. Ҳақиқатан, Қуръон ниҳоятда мукаммал тузилган китоб ва ундаги ҳар бир калима улкан диққат билан танланган. Қуръон оятларига мурожаат қиламиз:
"Аллоҳ ҳар қандай масални, ҳатто майда чивин ёки ундан каттароқ масални ҳам, келтиришдан тортинмайди. Имон келтирганлар, буни Раббларидан ҳақиқат деб билишади. Кофирлар эса дейишади: "Аллоҳ бундай масал билан нима демоқчи?". У шундай қилиб кўпларни йўлдан оздиради, ва шундай қилиб кўпларни ҳидоят қилади. Лекин у фосиқлардан бошқа ҳеч кимни йўлдан оздирмайди". (2:26)
Бу жуда муҳим оят. Демак, Аллоҳ бизга Ўз таълимотини масаллар (аллегория/мажоз/ўхшатиш), тимсоллар (рамзлар/символлар) ёки ташбеҳлар орқали ҳам ўргатади, деган асосий қоидани қўяди бу оят. Бу ердаги асосий "калит сўз" арабча "МАСАЛ" сўзи (ёки мажоз/ўхшатиш) билан ифодаланган.
Энди "масал" сўзи (ёки мажоз/ўхшатиш) зикр этилган бошқа бир неча оятларни кўриб чиқайлик:
"Аллоҳ осмонлар ва ернинг Нуридир. Унинг Нури мисоли (масали), шиша идиш ичидаги чироқ ортига жойлаштирилган сферик ойнага ўхшайди. Шиша идиш бамисоли ёрқин, марвариддек юлдуз кабидир. Унинг ёқилғиси на Шарқий, на Ғарбий бўлган, ёғ берувчи муборак дарахтдандир. Унинг ёғи деярли ўз-ўзидан тарқалади; уни ёқиш учун олов керак эмас. Нур устига нур. Аллоҳ кимки (ҳидоят топишни) хоҳласа, Ўз нурига ҳидоят қилади. Аллоҳ инсонларга мана шундай мисолларни (масал) келтиради. Аллоҳ барча нарсадан тўлиқ хабардор". (24:35)
Бу оятда Аллоҳ осмонлар ва ернинг (машъала ёки кўча чироғи каби) ёритқичи эканини англатмайди. Сўфийлар бу оятни узиб олиб, "Аллоҳнинг маънавий нури" ҳақида фалсафа уйдиришади. Аслида Аллоҳ руҳ эмас ва "маънавий нур" деган нарса ҳам йўқ.
Бу оят масал/мажоз/ўхшатиш нима эканини аниқ кўрсатади бизга. Масалдаги тасвир ҳақиқий эмас, уни англаш учун тасаввур кучимизни ишлатиш керак бўлади. Биз қоронғуда кўра олишимиз учун фойдали ёруғлик берадиган шиша чироқ ичида мустаҳкам қурилган ёрқин нур манбаини тасаввур қилишимиз керак. Бу ўхшатишдан Аллоҳнинг ҳидоят қилиши, тўғри йўлни кўрсатиши нима эканини фаҳмлашимиз мумкин бўлади. Бу дегани Аллоҳ аслида ҳеч ким қаршисида машъаладек ёниб туради дегани эмас, ёки Аллоҳнинг "Нури" аслида "осмонлар" деган бир жойда, бир деворда бир токча ўрнатилган шиша чироқ ичидаги бир ёритғич, дегани эмас. Асло ундай эмас. Яна бир мисол:
"Аллоҳнинг ёнида бошқа авлиёларни этагини тутганлар мисоли (масал) ўргимчак ва унинг ини кабидир; барча уйлардан энг заифи ўргимчак уйидир, фақат билсалар эди". (29:41)
Бу яна бир мажоз/ўхшатиш яъни "масал". Бу ерда ҳам биз тасаввур кучини ишлатишимиз керак. Олимларнинг айтишича, ўргимчак тўридаги ипак аслида пўлатдан кучлироқ. Лекин ўргимчак ипаги табиатан кучли бўлишига қарамай, иплари жуда ингичка, бирор шамол туриши билан, вайрон бўлади. Шу боис, ўргимчак жуда заиф уйда яшайди.
Мажозни ечганда чиқадиган маъно шуки, Аллоҳдан ўзга авлиёларни тутгувчилар ўзларини ҳам катта хавфга қўяди. Уларнинг хавфсизлиги ва уларнинг бор/йўқлиги жуда хавф остида қолади – худди ўргимчак тўрида яшаш каби. Тақдири қил устида, олдиндан айтиб бўлмас қийин аҳволда. Булар мажозий тасвирлар, лекин биз улардаги ғояни оламиз. Нор дея азоб-уқубат, машаққат ва қийинчилик назарда тутади. Буни кейинроқ кўриб чиқамиз.
Ўлгандан кейинги Жаннат ва Дўзах тасаввури ҳам Инжилдан олинган. Қуръонда жаннат ёки дўзах ҳақида сўз кетмайди. Қуръонда сўзма-сўз БОҒ маъносидаги "ЖАННАТ" калимаси ва ОЛОВ маъносидаги "Нор" калимаси келади.
Мажоз ёки "масал" ҳақида гапирадиган яна бир оят бор. Бу оят ҳам биздан тасаввур ва фаросатни ишлатишни талаб қилади.
"Тақво эгалари учун ваъда қилинган БОҒ шунга ўхшайди (масалул-жаннат): унда бузилмаган сув анҳорлари, тоза сутдан анҳорлар, ичувчилар учун лаззатли хамрдан анҳорлар ва сузилган асал анҳорлари бор. У ерда ҳар қандай мева бор, ва Раббларидан кечирим бор. (Улар яхшироқми) ёки оловда доимо қолиб, ичакларини йиртадиган дўзах сувини ичадиган кимсаларми?" (47:15)
Бу анҳорлар барчаси "масал", яъни бир ўхшатиш холос, ҳақиқий анҳорлар эмас, унутманг. Янги соғилган сутнинг ҳақиқий "дарёлар" бўйлаб оқиши имконсиз ва мантиқсиз. Ёки асал ёки шароб дарёлари. Ҳатто Библиядаги жаннатда ҳам сут, асал ёки шароб дарёлари йўқ. Шароб, асал ва сут дарёлари фақат тасаввур оламида мавжуд бўлиб, улардан мақсад - фаровонлик ва мўл-кўлчилик ҳолатини англатиш холос. Мана шунинг учун ишлатилган бир масал, бир мажоз, бир ўхшатиш холос. Йўқса, тушунарлики, ҳеч қачон ҳақиқий шароб дарёлари, ҳақиқий сут дарёлари ёки ҳақиқий асал дарёлари бўлиши мумкин эмас.
Тақво қилган, бу йўлда кўп сайъ-ҳаракат ва унумли меҳнат қилган инсонлар фаровон ҳаётдан баҳра олажаклар. Уларнинг ҳаёти фаровон ва мўл-кўл дарёлар билан тасвирланган боғ/боғлар (жаннат/жаннот) каби бўлади. Шунинг учун Қуръонда зикр этилган мажозий "жаннат" ёки "боғ" ер юзидаги ҳаётнинг сифат даражасини тавсифловчи таъриф ҳисобланади. Ташқи космоснинг бирор жойида, биосферадан ташқарида яшириб қўйилган жаннат йўқ.
47:15-оятнинг давоми "У ерда ҳар қандай мева бор, ва Раббларидан кечирим бор", дейди. Яна мевалар ерда ўсади. "Самовий" мевалар йўқ. Такрор айтаман, бу фаровон ҳаётнинг бир таърифи.
Мана 2:25, БОҒ ва ундаги МЕВАЛАР таърифи Қуръонда илк келган оят.
"Иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга хушхабар берки, уларнинг анҳорлар оққан боғлари (жаннати) бўлажак. Ҳар гал ундаги мевалардан татиганида, улар дегайлар: "Бу бизга илгари ҳам берилган эди". Аслида, уларга айни мева берилади. Уларнинг у ерда покиза жуфтлари бўлади ва улар абадий унда қолажак". (2:25)
2:25-оят бу ерда ташқи космосда ёки осмонларнинг нарёғидаги бир "жаннат" тарафга ишора қилмайди. Аксинча, шу дунёда иймон келтирган ва солиҳамаллар қилган кишиларга сайъ-ҳаракатларининг самараси сифатида бериладиган "анҳорли боғлар" насиб бўлиши ҳақидадир. Улар олдин кўрган меваларни энди йиғиб оладилар - яъни булар "самовий" мевалар эмас, балки дунёвий мевалардир. Бунинг маъноси - Ер юзида мўл-кўллик ва фаровонлик. Космосда осмонлар ортида яширилган сеҳрли бир макон эмас.
Эътибор беринг, давомидаги 2:26-оятда Аллоҳ бизга бирор нарсани ўргатиш учун мажозлар/ўхшатишлар (масал)дан фойдаланиши ҳақида сўз кетади. 2:25-оятдаги контекст давом этиб, 2:26-оятда бир боғ (жаннат) тавсифи, бир дарё, мевалар, асал, шароб ва сут дарёлари, мўл-кўллик ва қулайликни англатувчи бирор масал/ўхшатиш эканини билдиради. Йўқса, ҳақиқий сут, асал ёки шароб оқадиган дарёлар йўқ космосда. "Масал" ёки мажоз/ўхшатиш сўзи ишлатилган яна бир оят:
"Тақво эгалари учун ваъда қилинган боғнинг (жаннат) ўхшатилиши (масал) - оқар анҳорлар, битмас-туганмас насибалар ва офтобдан ҳимоя. Тақво қилганларнинг оқибати шундай, кофирлар учун эса оқибат - олов". (13:35)
Яна оққан анҳорлар, битмас-туганмас ризқ-насиба, фаровонлик ва арабнинг энг истагани - жазирамадан ҳимоя, буларни ўзида жамлаган БОҒ (жаннат) мажозий таъбирлари. Ризқ-насиба тўхтамай келиб турган ва соя-салқинлар мўл бўлган маконлар космосда эмас, мана шу ер юзида. Бу кўпроқ болаларни ҳаяжонга келтириш учун ишланган Голливуд фильмларидаги хаёлий анимацияга ўхшайди.
Тақво талабларига риоя қилган кишилар фаровон ҳаётдан баҳраманд бўлишади. Дунё бўйлаб бугун биз бунинг яққол мисолларини кўрмоқдамиз, соғлом ақл, технология, ақл-мантиқ ва изланишни муқаддам кўрган халқлар энг фаровон ва мўлкўл ҳаётдан баҳраманд бўлмоқдалар.
Дунёнинг илғор мамлакатлари (Шарқда ҳам, Ғарбда ҳам) аллақачон ўз боғларидан (ёки жаннатларидан) баҳраманд бўлиб келишмоқда. Уларнинг расталарида доим сут, шароб ва асал дарёлари муҳайё. Уларда одамлар энг шинам, баҳаво ҳам басоя шароитлардан баҳраманд. Солиҳ амал қилгувчиларга ваъда қилинган боғ (ёки жаннат) мана шу. Улар ҳам мўминлардир. Улар ҳам мусулмонлар (яъни Аллоҳнинг қонунларига таслим бўлганлар), ва уларга Аллоҳ тарафидан баракот берилган. Бунга кейинроқ батафсил тўхталамиз.
Бундан ташқари, анъанавий тарзда "дўзах" деб таржима этиладиган НОР (олов) калимасини ҳам кўриб чиқишимиз керак бўлади. Дўзах ҳам Библиядан олинган атама. Қуръонда айтилган НОР - биз яшаётган бу дунёдаги мусибат, машаққат ва йўқотишлар. Бу бирор ташқи космосда ёниб турган "жаҳаннам" эмас.
Мана, жаннат (боғ) ва нор (мусибат, машаққат ва йўқотиш) ҳақиқатан ҳам ер юзида эканини яна бир бор исботловчи оятлардан бири:
"Нор аҳли (оловдагилар) жаннат аҳлига (боғлардагиларга) хитоб қилади: "Сизлардаги сувдан, ёки Аллоҳ берган ризқлардан баъзиси биз томон ҳам оқиб турсин". Улар дегайлар: "Аллоҳ уларни кофирлар учун ҳаром қилган". (7:50)
Тўхтовсиз йўқотиш ва машаққатда бўлган қавм (олов аҳли) ҳузур-ҳаловат ва фаровонлик бўлган қавмдан (боғ аҳлидан) ўзларига ҳам сув ва баъзи ризқлар истайди.
У ҳолда, нор аҳли (олов) ва жаннат аҳлига (боғ) "ён қўшни" моҳиятидаги яқинликда, ҳатто девор ошиб, "жаннатий" қўшнидан сув сўрай оладиган даражада яқин.
Бу қандай бўлиши мумкин? "Дўзахий қўшнилар" шунчалик яқинда бўлсалар, "жаннат аҳли"га уларнинг олови тегмайдими? Ва бу қанақа "жаннатки", сиз роҳат-фароғатдасиз, шундоққина девор ортидаги эса бадбахт қўшнилар, оилалар ва дўстлар "жаҳаннам оловида" ёниб, дод-фарёд ичида?
Бу саволга маъно ва мантиққа эга бўлган ягона жавоб шу - Жаннат (боғ) ва Нор (олов) мана шу ер юзида. Жаннат ва Нор биз турган аҳвол ва борлиқнинг сифатини ифодалайди. Баъзи одамлар роҳат-фароғат ва мўл-кўлчилик боғида яшайди (жаннат), бошқалар эса бахтсизлик ва машаққатлар оловида яшайди (нор).
Юзйиллардан буён тоза ичимлик суви муаммоси, ҳақиқатан ҳаёт/ўлим масаласи бўлиб келган – айниқса, дин ҳаддан зиёд дозада оширилган ва ақл-мантиқ ҳаддан зиёд етишмаган жамиятларда кузатилади. Ислом давлатлари дейилган ўлкаларнинг деярли барчасини ушбу категорияга киритиш мумкин. Шунинг учун, кундалик нон топиш ҳам кўпинча улар учун ҳақиқий жангга айланади.
Жаннатда (Ғарб ва бошқа илғор ўлкаларда) яшовчи одамлар уларга инсоний ёрдам юборишлари мумкин. Аммо ёрдамни еб тугатишгач, улар яна олов ёки "нор" ҳолатига қайтишади.
Қисқа хулоса қиладиган бўлсак, Қуръондаги Жаннат (боғ) ва Нор (олов) таърифлари тамоман мажозий ўхшатиш, яъни МАСАЛ. Улар реал боғ/олов эмас. Жаннат ва Нор таъбири инсон ҳолатининг сифатини ифода этади. Қуръонда зикр этилган БОҒ ва ОЛОВ, Библияда айтилган Жаннат ва Дўзах эмас. Бировга "Фалончи Дўзахий", дейиш билан дўзахга равона бўлмайди.
"Ҳату бурҳанукум ин кунтум содиқийн!" Қуръон бу иборани тўрт марта такрорлайди, маъноси "Агар ростгўй бўлсангиз, далилингизни келтиринг". Бу Қуръоний баҳс илмий методининг бошланишидир.
"Дейишди: "Боғға яҳудий ёки насронийдан бошқа ҳеч ким кирмайди!" Бу уларнинг хаёллари холос. Айт: "Агар ростгўй бўлсангиз, далилингизни келтиринг". (2:111)
Боғ ёки жаннат муваффақиятни билдиради. Библияча ташқи космосдаги "осмон"- ни (heaven) билдирмайди. Бу оятда космосда Библияча "осмон"га ишонадиганларга бир майдонга чорлаш бор. Улар унинг борлиги ҳақида ўз исботларини келтиришлари керак.
"Ҳату бурҳанукум ин кунтум содиқийн!" Қуръон бу иборани тўрт марта такрорлайди, маъноси "Агар ростгўй бўлсангиз, далилингизни келтиринг".
Агар Библияда ўргатилган Жаннат ва Дўзахга ишонсангиз, "кўрсатинг далилингизни, агар ростгўй бўлсангиз". Исботингиз қани? "Ҳату бурҳанукум ин кунтум содиқийн!" Агар исбот келтира олмасангиз, ростгўй эмаслигингиз, каззоб эканингиз фош бўлади.
Муллалар ўргатаётган "ўлгандан кейин тирилиб жаннатга/дўзахга кириш" деган эътиқод Библиядан кўчирилган эътиқод. Қуръонда фақат жаннат (боғ) ва нор (олов) ҳақида сўз кетади. Бу бир масал ёки ўхшатиш. Сут, асал, шароб анҳорлари аслида тўкин-сочинлик тўла ҳаётни англатади. Нор ёки олов эса мусибат, машаққат ва йўқотишларни англатади, уруш, бўҳрон ва бахтсизлик рамзи. Қуръондаги "Нор" асло Библиядаги дўзах тасвирини кўчирмайди.
ОХИРАТ
Библиядаги жаннат ва дўзахга ишониш биргаликда ОХИРАТ (hereafter) дея билинади, муллалар бу эътиқодни ҳам кўчириб, Қуръондаги охират билан алмаштиришган. Бундай Охират тасаввури Қуръонда топилмайди. Натижада "Охират" калимаси Қуръондан ўчмайди, аммо уни мусулмонлар Библиядаги маънода (hereafter маъносида) англайди ва охиратга имон келтирдик деб ўйлайди. Бу нотўғри. "Охир" дегани Сўнгги, Кейинги, Ниҳоий, Ҳал қилувчи, Якуний, "сабаб ва натижалар" мисолидаги каби Охирги деган маъноларни англатади.
Қуръондан айрим оятларни келтираман:
"Буни сўнгги амалларимизда (Миллати Охирати) ҳеч эшитмагандик. Бу ёлғон". (38:7)
"Охират (Охират) ҳам, азал ҳам ёлғиз Аллоҳнинг қўлида". (53:25)
"Бас, Аллоҳ уни олдин ҳам, ва кейин ҳам (Охират) азоб билан ушлади". (79:25)
"Ибтидо ҳам, интиҳо ҳам Бизнинг қўлимизда". (92:13)
"Натижа (Охират) сен учун бошланишдан яхшироқ". (93:4)
"Ўз пировард улушларидан (Охират) воз кечганлар ва бинобарин, кўпчилиги олов бўлган ана ўшалардир. Уларнинг барча ишлари бесамар; қилган барча нарсалари беҳуда". (11:16)
"Йўқ, аслида улар сўнгги оқибат (Охирати) ҳақида билганлари чалкашиб кетди. Аслида, улар бунга шубҳа қиладилар. Аслида, унга кўзлари етмас". (27:66)
"Айт: "Ер юзини кезинг, ва яратилиш қандай бошланганига назар солинг. Сўнг Аллоҳ якуний яратишни (Охират) бошлагай. Албатта, Аллоҳ барча нарсага қодир". (29:20)
Юқоридаги 29:20-оятда айтиладики, янги яратиш мана шу ерда бошланади. Ер юзини кезиб, унинг яратилиши қандай бошланганини кўринг, шунда англарсизки, Аллоҳ яна янги ва янги, якуний яратишни (охиратни) бошлаб беради.
Шундай қилиб, ҳаёт фақат Ер сайёрасида давом этмоқда, яна ва яна янгиланган ҳолда, худди миллион ва миллион йиллар давом этиб келгани каби. Ҳаёт ва ўлим, Яратилиш ва қайта яратилиш, янгиланиш мана шу Ер юзида содир бўлмоқда. Одамзот, ҳайвонот ва наботот ерда яшайди ва ўлади. Ўлгандан кейин улар парчаланиб, тупроққа аралашиб кетади. Унинг атом ва молекулалари табиатга қайта қоришиб, қайта тирилаверади, такрор ва такрор...
Ҳаёт шундай тўхтовсиз давом этгай.