Яшаётган бутлар: ЛОТ,УЗЗО, МАНОТ
Қуръонда арабларга хос жуда кўп бутлардан фақат уч донаси номма-ном зикр этилади. Ажабо, бунинг сабаби нима?
Сураларнинг нузул тартибига кўра, бутларнинг исми илк маротаба “Нажм” сурасида келади. Яъни, илк 6 йил бўйича бутларнинг номи Қуръонда ҳеч зикр этилмаган. Фақат “Нажм” сурасида мазкур уч бутнинг номи келтирилиб, шундай дейилади:
“Лот”, “Уззо”, ва яна учинчилари бўлмиш “Манот”ни кўрдингларми?!” (Нажм:19-20)
Сўнгра уларнинг асл моҳияти нима эканлиги айтилади: “Улар фақат сизлар ўзингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлардир”. (Нажм:23) Яна “улар фақат гумонга ва ҳавойи нафсларининг истагига эргашадилар!” (Нажм:23) дейилади.
Ўзлари ва ота-боболари қўйиб олган номлар (асмоан саммайтумууҳо)…
Гумон ва ҳавойи нафсларининг истагига эргашадилар (таҳва-л-анфус)…
Демакки, “бут” дейилган нарсани инсон ички дунёсида келтириб чиқарган манба – гумон, нафс истак ва орзулари ҳамда ўзлари қўйиб олган номлар холос, бундан бошқа нарса эмас. Одамлар ўша номларга маъно ва мазмун, қадр-қиймат ва ҳурмат-эҳтиром нисбат қилиб улуғлайдилар.
Бу номларни ҳар қандай танқид ёки шубҳадан ҳимоялаш учун атрофларида худди атомни парчалашдан ҳам қийин бўлган догмалар ва фикр қолиплари ижод этадилар. Бутларни синдириш аслида мана шу “номлар”нинг моҳиятини фош этиш, уларни “олий мақом”лардан қулатиш ва уларнинг атрофида қолиплаштирилган догмаларни парчалаш демакдир.
***
Хўп, модомики бутлар бор-йўғи шунчаки “ном”лар, тош ва тахтадан ясалган тасвирлар экан, модомики нафсларнинг ҳаво ва ҳавасидан ижод этилган тимсоллар бўлса, “Лот”, “Уззо” ва “Манот”нинг тош ва тахтадан ясалган ҳайкаллари ўрнида бугун шамоллар изғийди холос. У ҳолда бу номларнинг ҳалигача Қуръонда ўрин олиши ва номма-ном зикр этилишига сабаб нима?
Бу бутлар шундай бир нарса бўлиши керакки:
- -бугун ҳам ҳаётда;
- -нафсларнинг ҳаво ва ҳаваси билан қоришган, уларга чуқур илдиз отган ва улардан қувват олган;
- -“номлар”и ҳозир ҳам ҳануз маълум бир маъно ва мазмун ифода этган;
- -одамлар тарафидан маъбуд ҳолига келтирилган бўлиши лозим.
Ҳамда қандай маънолар?
Ҳамда қандай маъбудлар!
Қандай эканини бир кўринг-а…
***
“Лот” калимаси этимологик ўлароқ “илоҳ” калимасининг бузилган шакли бўлиб, “мутлақ ҳукмронлик” маъносини билдиради: Эл/Элат/Элот/Лот/Элоҳим/Аллот/Илоҳ…
Қадим замонларда ўз келиб чиқиши билан Арамийча/Ибронийчага бориб тақаладиган соф Араб тилида инсонни “ичдан бошқарадиган куч”, “мутлақ ҳокимият” манбаи маъносида юқоридаги калималар қўлланилган.
Демакки, Лот “номи”нинг бугунги кўриниши “Ҳокимият” деганимиз нарсадир.
***
“Уззо” калимаси буни яна-да тўлдиради. Қуръонда келган “Азиз” исмининг ўзгартирилган талаффузи. “Куч”, “Қувват” маъносида келади: Азиз/Муъиз/Муъоз/Иззат/Муаззаз…
Демакки, Уззо “номи”нинг бугунги кўриниши эса “Куч-қувват” деганимиз нарсадир.
***
Учинчилари бўлмиш “Манот” эса яна-да таниш бўлган Манно/Мамон/Мони/Мейни/Манот… Ҳаммамизга маълум бўлган пул, яъни “Бойлик” деганидир.
Чор Россиясининг пул бирлиги “Манат” эди, бугунги Озарбайжон ва Туркманистоннинг пул бирлиги ҳозир ҳам “Манат”.
***
Лот – Ҳокимият…
Уззо – Куч-қувват…
Манот – Бойлик…
Мана энди бу оятни бугунги ҳаётимиздаги атамалар билан қайта ўқийлик: “Ҳокимият, Куч-қувват ва учинчилари бўлмиш Бойлик… Улар фақат сизлар ўзингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлардир… Улар фақат гумон ва ҳавойи нафсларининг истагига эргашадилар!”
Нафсларнинг истак ва орзулари – Ҳокимият, Куч-қувват ва Бойлик. Буларга эришмоқ учун бу “ном”ларга қадр-қиймат, обрў-эътибор каби юксак маънолар нисбат қиладилар, ва булардан бошқа ҳеч нимани кўрмайди кўзлар, буларни бир маъбуд ҳолига келтирадилар ва бир умр уларга қуллик қилиб ўтадилар.
Ҳокимият, Куч-қувват ва Бойликни қўлга киритишни истайдилар. Буларга эришиш учун қилмаган ишлари, кирмаган кўчаси қолмайди. Булар учун инсонлар уруш бошлайди, қонлар тўкади, Ер юзида бузғунчилик ва фасод чиқаради.
Ҳокимият: давлат, салтанат, тахт, лидерлик, бошқарув, улус, чегара…
Куч: қурол-аслаҳа, армия, полиция, нефть, тупроқ, ҳудуд, аҳоли, нуфуз…
Бойлик: сармоя, банк, фоиз, олтин, кумуш, доллар, евро…
Ер юзида қон тўкиб, фасод чиқариш булар учун бўлмаяптими?
Яшаётганимиз замонга бир эътибор беринг…
Ҳокимият ҳирсидан империализм туғилди.
Куч ҳирсидан фашизм туғилди.
Бойлик ҳирсидан капитализм туғилди.
Инсониятнинг азалий ва абадий муаммоси мана шу уч “Номлар”дир: Лот (ҳокимият), Уззо (Куч) ва Манот (Бойлик). Бундан бошқа нарса эмас.
***
Не демоқда Қуръон бу уч “ном”га қарши?
Аллоҳдан бошқа ҳокимият йўқ (Ла илаҳа иллаллоҳ)
Куч ва қувват ёлғиз Аллоҳга оиддир (Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ)
Ва учинчиси: Осмонлар ва Ернинг мулки – Аллоҳнингдир (Лиллаҳи Мулку-с-Самавоти вал-Арзи).
Энди тушунарлидир, нима учун булар “номма-ном” зикр этилган Қуръонда?
Чунки булар инсоният ҳаётида ўлмас “номлар”дир.
Йўқ бўлиб кетган тош ва тахталар эмас.
Булар – яшаган бутлар: Лот, Уззо ва Манот…
R.İHSAN ELİAÇIK
kamoliddinyoldash.blogspot.com