АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-15
ИСМОИЛНИ ҚУРБОНЛИККА СЎЙИШ
Бироқ, Иброҳим ва унинг оиласига қарши ботиллар ёғдириш давом этади. Библия Иброҳимга қарши яна бир ҳикоя яратади: гўёки Худо унга ўғлини қурбон қилишни буюргани ҳақида. Бу ҳикоя ҳам Худони, ҳам Иброҳимни қон тўкувчи (бўлиб ҳам ўз фарзандини ўлдирувчи) ваҳший маросим саҳнасига шерик қилади. Бу саҳнани тасаввур қилишнинг ўзиёқ жирканч. Мана Библиядаги ўша парча:
"Шу воқеалардан кейин Худо Иброҳимни синади.
— Иброҳим! — деб чақирди Худо.
— Лаббай! — деб жавоб берди Иброҳим.
— Ёлғиз суюкли ўғлинг Исҳоқни олиб, Мориёх ерига бор, — деди Худо.
— Мен сенга бир тоғни кўрсатаман, ўша тоғда ўғлингни қурбонлик қилиб куйдирасан. Эртаси куни Иброҳим саҳарда туриб, эшагини эгарлади. Оловда куйдириладиган қурбонлик учун ўтин тайёрлади. Сўнг икки хизматкори ва ўғли Исҳоқни ёнига олиб, Худо айтган ерга жўнади. Уч кун йўл юрганларидан кейин, Иброҳим узоқдан ўша жойни кўрди. Иброҳим хизматкорларига деди:
— Сизлар шу ерда — эшакнинг ёнида қолинглар. Ўғлим билан ҳов анави ерга борамиз–у, у ерда сажда қилиб, шу ерга қайтиб келамиз. Иброҳим қурбонлик куйдириш учун ўтинни олиб, ўғли Исҳоқнинг елкасига ортди. Ўзи эса пичоқ билан чўғни олиб кетди. Икковлари бирга кетишди.
— Отажон! — деди бир пайт Исҳоқ отасига.
— Лаббай, ўғлим, — деб жавоб берди Иброҳим.
— Олов билан ўтин бор–у, лекин қурбонлик қилиб куйдириладиган қўзи қани? — деб сўради Исҳоқ.
— Қурбонлик қилиб куйдириладиган қўзини Худонинг Ўзи беради, ўғлим, — деб жавоб қилди Иброҳим.
Шундай қилиб, икковлари бирга йўлда давом этишди. Улар Худо кўрсатган ерга етиб келганларидан кейин, Иброҳим қурбонгоҳ қуриб, қурбонгоҳга ўтин қалади.
Сўнгра у ўғли Исҳоқни боғлаб, қурбонгоҳдаги ўтинлар устига ётқизди. Иброҳим пичоқни олди ва ўғлини бўғизлашга шайланди. Шу пайт Эгамизнинг фариштаси самодан унга ҳайқирди:
— Иброҳим! Иброҳим!
— Лаббай! — деб жавоб берди Иброҳим.
— Пичоқни ташла! — деб буюрди фаришта.
— Бундай қилма, болага зарар етказма. Энди билдим, сен ҳақиқатан Худодан қўрқар экансан. Сен ҳатто ягона ўғлингни ҳам Мендан аямадинг. Иброҳим бошини кўтариб, қўчқорни кўриб қолди. Қўчқорнинг шоҳлари чакалакларга ўралиб қолган эди. Иброҳим қўчқорни ушлаб, қурбонгоҳда ўғлининг ўрнига куйдириб қурбонлик қилди. Шунинг учун бу жойга Иброҳим “Эгамиз беради” деб ном қўйди. Бу ном бугунги кунда: “Эгамизнинг тоғида берилади” деган ҳикматга айланиб кетган. Шундан кейин Эгамизнинг фариштаси самодан Иброҳимни яна чақирди:
— Эганг айтмоқда: “Менга итоат қилганинг учун, ҳатто ягона ўғлингни ҳам Мендан аямаганинг учун Ўзимнинг номим билан қасамёд қиламан: сенга албатта қут–барака бераман. Наслингни осмондаги юлдузлардай, денгиз қирғоғидаги қумдай сон– саноқсиз қилиб кўпайтираман. Наслинг ғанимларининг дарвозаларини эгаллайдилар. Менга итоат қилганинг учун ер юзидаги ҳамма халқлар сенинг наслинг орқали барака топади." (Ибтидо 22:1-18)
Иброҳим ўғлини қурбон қилмоқчи бўлган, буни Худонинг буйруғи деб ўйлаган. Муллалар бу Библия ҳикоясига ҳам бутунлай лаққа тушишган. Бугунгача, мана шу қон чиқариш воқеасини улуғлаб, муллалар ва уларга таслим бўлган миллионлаб мусулмонлар ҳар йили Маккада қурбонлик дея, ёки истаган бошқа жойда Қурбон ҳайити дея қўй, сигир ёки туя бўғизлашади. Иброҳим ўғлини қурбон қилгани ҳақида туш кўриши, Қуръонда бутунлай бошқа контекстда ва бутунлай фарқли маънода зикр этилган. Мезон ёки Фурқон сифатида Қуръон оятлари, шунинг учун ҳам Библия ҳикоясини тасдиқламайди. Мана Қуръондаги ўша реалистик версия:
"Энди қачонки у бирга юрадиган бўлгач, "Эй ўғилчам, мен тушимда (оятда - "маномий") сени забҳ этаётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй билдиришни ўйлаб кўргин", деди. У деди: "Эй отажон, сенга буюрилган ишни қилгин. Иншооллоҳ, мени сабр қилувчилардан топгайсан". Бас, қачонки иккиси ҳам бўйсиниб, пешонаси билан ётқизган эдики; Биз унга нидо қилдик: "Эй Иброҳим, дарҳақиқат, сен рўъёингни тасдиқладинг (оятда "соддақта")". Албатта Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз". (37:102-105)
Руъё - ҳам жисмонан, ҳам ақлан кўриш дегани. "Соддақта" сўзи "тасдиқладинг" маъносини англатади. (Мисол учун, 66:12 га қаранг, Марям Раббининг сўзларини ҳақиқат деб тасдиқлайди).
"Албатта бу оғир синовдир. Биз уни улкан бир забҳ ила қутқардик. Ва кейингилар орасида унинг тарихини сақлаб қолдик. Иброҳимга салом! Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлармиз. Албатта у Бизнинг мўмин бандаларимиздандир". (37:106-111)
Бу Қуръондаги Иброҳимнинг уйқусида (маном) кўрганини (руъё) рўёбга чиқаришга интилиши эди. Бу асло Аллоҳдан бўлган буйруқ эмас эди. Нега? Биринчидан, юқоридаги оятга қайтсак, шуларни кўрамиз:
"Энди қачонки у бирга юрадиган бўлгач, "Эй ўғилчам, мен тушимда (маномий) сени забҳ этаётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй билдиришни ўйлаб кўргин", деди. У деди: "Эй отажон, сенга буюрилган ишни қилгин. Иншоаллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топгайсан". (37:102)
Қуръондаги оятлардан шуни биламизки, Аллоҳ ўз Пайғамбарларига бирор амални қилишни буюрадиган бўлса, уларга ҳеч қандай шубҳа ёки тушунмовчиликка ўрин қолдирмайдиган даражада очиқ ва аниқ буйруқлар беради. Далиллар қуйидаги оятларда:
"Ийсо ибн Марямга очиқ баёнлар бердик..." (ал-баййинату 2:87)
"Мусо сизларга очиқ баёнлар келтирган эди..." (ал-баййинату 2:92)
Албатта, уларга пайғамбарлари очиқ баёнлар келтиришганда..." (ал-баййинату 7:101)
"Қачонки, уларга Бизнинг очиқ баён этилган оятларимиз тиловат қилинганида..." (оятуна баййинатун 10:15)
Элчиларга доимо очиқ баён этилган оятлар берилган (ал-Баййинату/Оятун Баййинатун). Пайғамбар ва муминлар бу очиқ-ойдин баён этилган буйруқларни олганидан кейингина "Эшитдик ва Бўйсундик" дейдилар. Бу ҳақдаги Қуръон оятларидан бири:
"Аллоҳ ва Расули, ўрталарида ҳукм чиқариш учун чақирилган вақтларида муъминларнинг сўзи "Эшитдик ва Бўйсундик", демоқдир. Ана ўшаларгина нажот топгувчилардир". (24:51)
Демак, Иброҳим уйқуда, туш орқали ҳеч қандай ноаниқ буйруқ олмаган (аро фил-маномий). Акс ҳолда, агар бу Аллоҳнинг амри бўлганида, Иброҳим каби қатъиятли Пайғамбар ҳеч кимнинг раъйини сўраб ўтирмасди. Уйқудаги шубҳали тушлар Аллоҳнинг амр бўлолмайди. Қуръон оятига кўра, Аллоҳ бандасига ўз амрини уч йўл билан билдиради:
"Аллоҳ ҳеч бир башарга сўзламас, магар ваҳй орқали ё бирон тўсиқ ортидан ёки бирон элчи юбориш орқали сўзлар, Унинг изни ила Унинг истаганини ваҳий қилур. Албатта У Олий ва Ҳаким Зотдир". (42:51)
Аллоҳ ўз элчилари билан тушлар орқали мулоқот қилиши ҳақида бирон калима йўқ бу оятда. Шунингдек, Аллоҳ тунда тушлар орқали Элчилари билан мулоқот қилади дейиш мантиқсиз, ва илоҳий адолатга зид. Сабаби, ҳар бир инсон ухлайди, жумладан Пайғамбарлар ҳам, улар ҳам ҳамма қатори башар бўлган, шу боис, улар ҳам туш кўрарди, аммо бу тушлар Аллоҳдан ваҳйми ёки шунчаки чарчоқми, ёки кечки овқатнинг таъсирими, билиб бўлмасди. Ўз фарзандини ўлдириш, Қуръон амрига бутунлай зид келадиган жиноят:
"Айт: "Келинглар, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб бераман: у зотга бирон нарсани шерик қилмангиз; ота-онага яхшилик қилингиз; ФАРЗАНДЛАРИНГИЗНИ фақирликдан ЎЛДИРМАНГИЗ – сизларни ҳам, уларни ҳам биз ризқлантирурмиз – бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, маҳфийсига ҳам яқинлашмангиз". (6:151)
Қуръонда фақирлик хавфи остида ҳам асло фарзандингни ўлдирма, дейилмоқда. Аллоҳ қайтарган бир ишни Пайғамбарига буюриши мумкин эмас. Биргина Иброҳим туш кўрди дея, нега ўғли ўлиши керак? Шу илоҳий адолатми ёки улуғ ҳикматми? Иброҳимнинг ўғли қандай жиноят содир этган эди, гуноҳи нимада эди? Қуръони каримда мўмин кишини қасдан ўлдириш улкан гуноҳ экани айтилган:
"Ким қасддан бир муъминни қатл этса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйган". (4:93)
Демак, Аллоҳ Иброҳимга ўғлини ўлдиришни буюрмаган.
"Мўъмин мўъминни фақат билмаган ҳолдагина ўлдириб қўйиши мумкин..." (4:92)
Яна мўъмин бошқа мўъминни билиб туриб ўлдира олмайди. Бу Аллоҳнинг таълимотига очиқ қаршилик бўлади. Аммо муллалар "Иброҳим билиб туриб ўғлини ўлдирмоқчи бўлган" дейди. Аллоҳ ҳеч қачон қон тўкиш ва бузуқликни амр этмайди:
"Айт: "Аллоҳ ҳеч қачон бузуқликни амр этмайди. Аллоҳ ҳақида ўзингиз билмаган нарсаларни айтяпсизми?” (7:28)
Мўминни ўлдириш, ким бўлмасин ноҳақ ўлдириш, ўз фарзандини ўлдириш барчаси қотиллик ва зулмдир. Аллоҳ бунақа қотилликка буюради дейиш, Аллоҳга туҳмат, У ҳақда ўзи билмаган нарсаларни айтишдир. Қуръонда, шунингдек, инсоннинг қонини тўкиш, айниқса, ўз фарзандини ўлдириш бу бутпарастлик одати экани айтилади.
"Шунингдек, уларнинг бутлари, мушрикларни ҳалок этиш ва динларини чалкаштириб ташлаш учун аксариятига ўз фарзандларини қатл этишни зийнатли кўрсатганди. Агар Аллоҳ истаганида, бундай қилолмасдилар. Бас, сен уларни тухмат-бўхтонлари билан тарк эт!" (6:137)
Инсонларни қурбон қилиш, айниқса, ўз фарзандини худоларга қурбонлик қилиш Ширк дини ритуалидир. Бир мўминни ўлдиришнинг жазоси абадий жаҳаннам эканини эълон қилиб, ортидан Пайғамбарига ўз ўғлини ўлдиришни буюриб, ўз-ўзига зид келиши мумкин эмас Аллоҳ. Албатта, муллалар юқоридаги Қуръон оятларининг барчасини рад этади. Улар, Худо Иброҳимга ўғлини қурбонликка сўйишни буюрди, деган Библия ҳикоясига ишонишни истайди. Улар учун ўз ўғлини ўлдириш амали афзал. Муллалар бунга жавобан, Аллоҳ ҳеч қачон Иброҳимнинг ўғлини ўлдирилишини ирода қилмаган, бу шунчаки бир синов эди, дейиши мумкин. Бу уларнинг гумони холос. Ҳатто бу гумон ҳам Қуръон оятлари қаршисида чилпарчил бўлади:
"Эй Набий, қачонки сенга мўминалар келиб, Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмасликка, ўғрилик қилмасликка, зино қилмасликка, ўз болаларини ўлдирмасликка ва қўл-оёқлари ўртасида тўқиб оладиган бўҳтонни қилмасликка ҳамда бирор маъруф ишда сенга итоатсизлик қилмасликка байъат берсалар, сен уларнинг байъатини қабул қил ва улар учун Аллоҳдан мағфират сўра! Албатта Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир" (60:12)
Бу мўмина аёлларнинг байъатини қабул қилиш учун Қуръонда белгиланган махсус бир синов. Уларнинг байъатида ЎЗ БОЛАЛАРИНИ ЎЛДИРМАСЛИК аҳди ҳам бор. Инсон ўз боласини ўлдириши улкан гуноҳ ва қабиҳ жиноят. Шундай экан, Аллоҳ Иброҳимга ўз фарзандини ўлдиришга буйруқ бериб, Иброҳимнинг имонини бунақа тескари тарзда синаши мумкин эмас.
"Албатта, бу аввалги суҳуфларда мавжуд - Иброҳим ва Мусо суҳуфларида". (87:18-19)
Шундай экан, агар Иброҳим ўз ўғлини ўлдиришга буюрилган бўлганида, Қуръон ўз-ўзига зид бўларди. Қуръонда асло бундай "қоқилиш" йўқ. Бироқ, Библия барибир Худо Иброҳимга ўз ўғлининг қонини тўкишни буюрган деб ўргатади. Христианлар ҳам Масиҳнинг қонини ичиш ва гўштини ейиш каби одамхўрлик ритуалига ишонади, дарвоқеъ, Масиҳни ҳам одамзотнинг гуноҳлари учун Худо томонидан "қурбон" этилган деб ишонишади. Қурбонлик сифатида инсон қонини тўкиш, деган Библия эътиқоди ўзининг бутпараст келиб чиқишини фош қилиб қўяди. Афсуски муллалар бу ақидани ҳам плагиат қилиб олишган.
Агар биз бу ҳақиқатларнинг барчасини ёнма-ён қўйиб чиқсак, шундай манзара чиқади: Иброҳимнинг ўғли мўмин ва солиҳ фарзанд бўлган, шунинг учун уни ўлдириш улкан гуноҳ бўларди. Аллоҳ ҳеч қачон хато ва гуноҳни амр этмайди. Иброҳим ҳақиқатан бир туш кўрган, лекин у Аллоҳдан келган амр эмас эди. Аллоҳ бу вазиятга мудоҳала этади, ва Иброҳимнинг ўғлини қутқаради, Иброҳимни ҳам улкан хато ва зулм қилишдан сақлаб қолади (37:107).
Муллалар Қуръондан келтирилган бу далилларнинг барчасини рад этади ва Библия версиясини ёқлашни афзал кўради. Улар бу қурбонлик маросимидан сохта фестивалларни ҳам ижод этишган. Маккадаги йиллик ҳаж ритуалларининг асосий қисми ҳайвон сўйишдир. Ҳар йили юз минглаб ҳайвон нобуд бўлади, сабаби битта: муллалар Библия эътиқодларини ёқлаётгани учун. Аслида эса, бу фақат Иброҳимнинг уйқусида кўрган туши (руъёси) эди, ("аро фил-маномий"). Асло Аллоҳнинг буйруғи эмас эди, Аллоҳнинг буйруғи бўлолмайди ҳам.