biblical-mullahs
May 23, 2021

АҲЛИ КИТОБ МУЛЛАЛАР-13

МУЛЛАЛАР ПАЙҒАМБАРНИ ПЕДОФИЛГА ЧИҚАРИШГАН

Бутун бошқа туҳматлари етмагандек, муллалар яна Пайғамбарни педофилга чиқарувчи ҳадислар ҳам тўқишган.

Пайғамбар олти яшар Оиша исмли бир қизчага уйланган дейишади. Мана Бухорий тўпламидаги ўша туҳмат ҳадис: «Ҳишомнинг отасидан ривоят: "Пайғамбар Мадинага келишидан уч йил олдин Хадича вафот этди. У икки йил ёки шунга яқин муддат Маккада қолди, кейин Оишага уйланди. Турмушга чиққанида Оиша олти яшар бир қиз эди, тўққиз ёшда бирга яшай бошлади». (Бухорий 5-жилд, 58-китоб, 236-ҳадис)

Ўз туҳматини тан олишни истамаган айрим муллалар бу мавзуни гўёки бирор илмий қиймати бордек кўрсатмоқчи бўлиб, "бугунги кунда мусулмонлар ва дин душманлари орасидаги энг кўп баҳсларга сабаб бўлган масалалардан бири" дейишади.

Ҳадиснинг бошқа версияларида айтилишича, Оиша Пайғамбарга текканида тўққиз ёшда бўлган ва 14 ёки 16 ёшида ётоққа кирган. Ўзларидан қайси версия "Энг саҳиҳ"? деб сўрасангиз, ўзлари ҳам билишмайди.

Бундан ташқари, муллалар Пайғамбарни олти яшар қизга уйланган дейишига қарамай, ўзлари олти яшар қизларини эллик ёшдаги қориаканинг ётоғига бериб қўймаслигини тан олишади. Мана шу ерда улардаги мунофиқлик очилиб қолади. Улар учун Пайғамбар олти яшар норасидага уйланса суннат, лекин бу суннат уларнинг ўз қизлари, жиянлари ёки невараларига навбат келса, ҳар бири тиш-тирноғи билан суннатга қарши. Эҳтимол, мана шу далилнинг ўзиёқ улардаги суннат/ҳадис каби ботилни чилпарчин қилиш учун етарли.

Бугунги кунда кам ривожланган мусулмон ўлкаларда норасида қизлар пул эвазига никоҳга олиб-сотилади. Бир тарафда қашшоқ оддий халқ, иккинчи тарафда шаҳватпараст бойлар, учинчи тарафда муллалар хийлаи-шаръия ўйини билан, бу тижоратга кор шериклиги сир эмас.

Фақат Қуръонда Никоҳ оятларини ҳам ёш аёллар ҳақидаги оятларни (фатаяат) ҳам текшириш осон. Қуйида ушбу оятларнинг баъзиларини келтирамиз. Уларнинг барчаси интеллектуал ва жисмоний етукликка эришган аёлларга уйланиш ҳақида сўз юритади:

"Сизлардан кимки покиза ҳур аёлларга уйланиш имконига эга бўлмаса, қўл остингиздаги мўмина хизматчи аёллардан бирига никоҳланг. Аллоҳ иймонингизни жуда яхши билгувчидир". (4:25)

"Покиза ҳур мўминалар" сўзига эътибор беринг. Хизматчи аёлга оятда "фатаёт" дейилган. Фатаёт олти яшар қизча дегани эмас. Фатаёт "ёш аёл, жувон, ёки ёши катта аёл" деган маъноларни беради.

Ёш эркак ёки йигитга "фатоҳ" дейилади. Масалан, Юсуф қиссасида у ҳокимнинг хотини томонидан йигит (фатоҳ) сифатида йўлдан оздирилди.

"Шаҳардаги аёллар: "Ҳокимнинг хотини ўз хизматкорини (фатоҳ) йўлдан урмоқчи бўлибди. Роса юрагидан урибди-да! Албатта, бизлар уни очиқ залолатда деб биламиз", дедилар" (12:30)

Фатоҳ Юсуф қиссасидаги каби аёлни севишга, у билан жинсий муносабатга қодир ёшдаги йигит. Худди шу каби "фатаёт" ҳам ёш аёл, юқорида 4:25 да тавсия этилган никоҳ учун мувофиқ келади.

Қуръоннинг ҳеч қаерида олти яшар норасидага уйлансанг бўлади, дейилмаган. Бу фақат Ислом душманлари тарафидан Пайғамбарни Педофилга чиқариш учун уйдирилган битта ёлғон ҳадис холос. Қизларнинг никоҳ ёши ҳақидаги оят:

"Етимларни то НИКОҲ ёшига етгунларича имтиҳон қилиб текшириб туринглар. Агар уларнинг РУШДга эришганини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар. У молларни исроф қилиб ва эгалари катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар. Киши агар бой бўлса, парҳез қилсин, камбағал бўлса, яхшилик билан олиб есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда эса гувоҳ келтиринглар. Аллоҳнинг ўзи етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир" (4:6)

Оятда "Ҳатто изаа балағу-н-никоҳ - то НИКОҲ ёшига етгунларича" деганнинг маъноси, то улар никоҳлана оладиган ёшга етгунича, деганидир. Етимларнинг биргина жисмонан болиғ бўлиши никоҳ ва оила учун етарли эмас, балки интеллектуал балоғат (РУШД) шарт, токи оила ва рўзғор ишларини давом эттира олиш учун зарур бўлган мулк тасарруфини/молиявий ишларни юрита олиш савиясида бўлиши шарт. Мана шу қизлар учун никоҳ ёши (РУШД) саналади.

Ҳеч бир мулла чиқиб айтмасинки, никоҳ ёши ("балағу-н-никоҳ") мулк тасарруфини/ молиявий ишларни юрита олиш ёши олти ёш деб. Ўйинчоқлар ва қўғирчоқлар бир оиланинг мулки тасарруфи эмас. Ёш аёлларга уйланиш ҳақида Қуръондан яна бошқа бир оят:

"То иймонга келмагунича, мушрика аёлларни никоҳламанг. Шубҳасиз, озод мушрика аёлдан – гарчи у сизга ёқса-да, мумина хизматчи яхшироқ. То иймонга келмагунича, мушрик эркакларни никоҳламанг. Шубҳасиз, озод мушрикдан – гарчи у сизга ёқса-да, мумин хизматкор яхшироқ. Улар (мушриклар) дўзахга чорлайди. Аллоҳ эса ўз изни ила жаннати ва мағфиратига чорлайди". (2:221)

Эркаклар "мўмина хизматчилар"га уйланишга даъват этилади (аматун муминатун). Ҳеч қаерда Қуръон эркакларга олти яшар норасидаларга уйланишни айтмайди. Яна бошқа оятлар ҳам бор, лекин келтирилган бу оятлар кифоя қилса керак. Никоҳ ҳақида гапирадиган юқоридаги барча оятларда ишлатиладиган калималар:
Фатаёт (ёш аёллар),
Балағу-н-никоҳ (никоҳ ёшига етганида),
Аматун муъминатун (мумина хизматчилар).

Аллоҳга қасамки, ҳеч қачон Пайғамбар ёш аёлларга (фатаёт) уйланинглар деб, ёки никоҳ ёшга тўлган мумина хизматчи аёлларга (аматун муъминатун) ёки никоҳ ёшига етган (балағу-н-никоҳ) етимларга уйланинглар (Рушдга - ўз мол-мулкини тасарруф этиш учун интеллектуал камолотга эга) етишган қизларга уйланинглар, деб туриб, сўнг ортига ўгирилиб, "Хўп, мен эса 6 яшар қизчага уйланаман" демайди.

Бу Пайғамбарга қарши куфр марказлари ёки куфрга сотилган хоинлар уйдирган жирканч туҳмат ва бўҳтондир. Бугунги куфр кучлари эса - бу уйдирмаларни кенг диндор оммага пуллаётган сохтакор дин тужжорлари муллалар бўлади.