Kemal Yoldash

One with God is Majority


23

Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)

23:1. Муминлар нажот топдилар/муродига етдилар.

23:2. Улар Салотларида/Эргашган Йўлларида хушуъ ҳолидалар,

23:3. Улар Лағвдан/беҳуда гаплардан юз ўгирадилар,

23:4. Улар Закот/Поклик учун фаолият юритадилар,

23:5. Улар иффатларини сақлайдилар,

23:6. фақат ўз жуфтлари, яъни ўзаро аҳдлашганлар билан, бўлса бошқа, бунинг учун маломат қилинмайдилар,

23:7. Кимки бундан нарига интилса, ана ўшалар ҳаддидан ошибди.

23:8. Улар ўз омонатлари ва аҳдига риоя қиладилар,

23:9. Улар ўз Салотларини муҳофаза этадилар,

23:10. Ана ўшалар Ворислардир,

23:11. Улар Фирдавсга ворис бўладилар, унда доимий қоладилар.

23:12. Биз инсонни лойдан бўлмиш аслдан яратдик.

23:13. Кейин унга қатъий қароргоҳда бир нутфа қилдик.

23:14. Кейин нутфани алақага айлантирдик, ва алақани чайналган гўштга айлантирдик, чайналган гўштни суякка айлантирдик, суякка гўшт кийдирдик ва кейин уни бутунлай бошқа жонзот қилдик. Яратувчиларнинг яхшиси Аллоҳ Қутлуғ-Муборакдир!

23:15. Ундан кейин сизларга ўлим етади.

23:16. Сўнг, Қиёмат куни, албатта, тириласиз.

23:17. Устингизда етти қаватни яратдик. Биз Яратилишдан бехабар/ғофил эмасмиз.

23:18. Самодан маълум ўлчов/миқдорда сув туширдик ва уни ерда тўхтатдик, ва Биз уни кетказишга ҳам қодирмиз.

23:19. У билан сизга хурмо ва узум боғларини етиштирдик, орасида сиз ейдиган кўплар мевалар бор.

23:20. У билан яна Синай тоғидан чиқадиган ва ёғ билан тугайдиган дарахт етиштирдик ва егувчилар унинг ёғига ботириб ейдилар.

23:21. Чорва ҳайвонларида ҳам сизлар учун оят-ибратлар бор: Биз сизни уларнинг қоринларидаги нарсадан ичадиган қилиб қўямиз. Уларда сиз учун яна кўплаб бошқа фойдалар бор ва улардан ейсиз ҳам.

23:22. Сиз уларга ва кемаларга минасиз.

23:23. Биз Нуҳни қавмига юбордик: “Эй қавмим, Аллоҳга қуллик/хизмат қилинг. Сизда ундан ўзга Илоҳ йўқ. Тақво қилмайсизми?”

23:24. Қавми орасидаги тўқ кофирлар деди: “У ҳам сизга ўхшаган башар/оддий одам. Сизга устун келишни истайди. Аллоҳ хоҳлаганда, Малакларни/куч-қудрат эгаларини нозил қилган бўларди. Бунақа гапни ўтган ота-боболаримиздан эшитмаганмиз”.

23:25. Уни жин чалган/у ақлдан озган. Уни бир муддат пойлаб/кузатиб туринг.

23:26. Деди: “Эй Раббим, мени инкор қилганларига қарши Ўзинг менга ёрдам бер!”

23:27. Биз унга ваҳий қилдик: “Бизнинг кўз остимизда ва ваҳйимиз асосида бир кема қургин. Бизнинг амримиз келиб, таннур қайнагач, унга ҳар бир турдан иккитадан ол, ҳамда аҳлингни олиб киргин. Уларнинг орасидан фақат олдинроқ Сўз ўтганларини қолдиргин. Зулм қилганлар ҳақида Менга дуо қилмагин. Улар, албатта, ғарқ қилинадилар.

23:28. Сен ва сен билан бирга бўлганлар кемага ўрнашгач, дегин: “Бизларни золим қавмдан қутқарган Аллоҳга ҳамд-мақтовлар бўлсин”.

23:29. Ва айт: “Эй Раббим, мени баракотли қўним ила қўним топдир; қўним бергувчиларнинг яхшиси Ўзингсан”.

23:30. Биз уларни синовга тутганмиз, бунда оят-ишоратлар бор.

23:31. Сўнгра улардан кейин яна бошқа насл етиштирдик.

23:32. Уларнинг орасидан бир Расул юбордик: “Аллоҳга қуллик/хизмат қилинг. Сизга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Тақво қилмайсизми?”

23:33. Қавмидаги дунё ҳаётида бойлик ва давлат берганимиз ҳолда, нонкўр бўлган ва охират йўлиқишини ёлғон санаган тўқлар деди: “Бу сизлар каби башар/оддий одам, сизлар егандан ейди, сизлар ичгандан ичади.

23:34. Агар ўзингиз каби бир башарга/оддий одамга бўйсунсангиз, у ҳолда албатта зиён кўрасиз/бой берасиз.

23:35. Ўлиб, тупроқ ва суякларга айлангандан кейин, қайта чиқариласиз, деб ваъда қилаяптими сизга?

23:36. Ҳайҳот! Сизга ваъда қилинган бу нарсалар қанчалар узоқ!

23:37. Фақат мана шу дунёдаги ҳаётимиз бор холос; ўламиз, яшаймиз, ўлгандан кейин қайта тирилмаймиз.

23:38. У фақат Аллоҳга қарши ёлғон уйдираётган одам. Биз унга асло ишонмаймиз”.

23:39. Деди: “Эй Раббим, мени ёлғончи қилганларига қарши Ўзинг менга ёрдам бер”.

23:40. Деди: “Салдан кейин ҳали пушаймон бўлишади!”

23:41. Уларни титратувчи Қичқириқ ушлади, ва уларни хас-чўпга айлантирдик. Йўқолсин-кетсин бу золимлар қавми!

23:42. Сўнгра улардан кейин бошқа наслларни етиштирдик.

23:43. Ҳеч бир уммат ўз вақти-соатидан ўзиб ҳам кетолмайди, ортда ҳам қололмайди.

23:44. Кейин Расулларимизни бирин-кетин юбориб турдик. Расул келган ҳар бир уммат уни ёлғончи санади. Биз ҳам уларни бирин-кетин ағдариб, фақат тилларда гап-сўзга айлантирдик. Имон келтирмайдиган бундай қавмлар йўқолсин-кетсин.

23:45. Сўнг Мусони ва иниси Ҳорунни оятларимиз ва очиқ далиллар билан юбордик;

23:46. Фиръавнга ва унинг аъёнларига. Улар кибр қилиб, ўзларини катта санадилар.

23:47. Дедилар: “Ўзимизга ўхшаган бу икки башарга/оддий одамга ишонамиз эканми? Бўлиб ҳам, уларнинг қавми бизга қуллик/хизмат қилаётган қавм бўлса”.

23:48. Улар иккисини ёлғончи санашди, шу боис ҳалок қилинганлар сафида бўлишди.

23:49. Тўғри Йўлга юрмоқлари учун Мусога Китобни ато этдик.

23:50. Марям ўғлини ҳамда Волидасини оят-ишорат қилдик, ҳамда чашмали тепаликда иккисига маскан қилиб бердик.

23:51. Эй Расуллар, Покиза нарсалардан енг ва солиҳ амаллар қилинг. Мен сизларнинг амалларингни билиб тураман.

23:52. Мана шу уммат сизнинг ягона умматингиз, ва Мен сизнинг Раббингизман, шундай экан Менга тақво қилинг.

23:53. Улар эса ўз ораларида ишни издан чиқариб, турли китобларга ажратдилар – ҳар бир ҳизб ўзидагига хурсанд.

23:54. Уларни ўз ғафлатида бир муддат қўйиб бер.

23:55. Наҳотки, улар бойлик ва ўғилларни Биздан мадад деб билсалар,

23:56. Уларга яхшиликлар беришга шошилаяпмиз дея? Йўқ, улар сезмаётирлар.

23:57. Раббидан хошят ила қўрқувчилар,

23:58. Раббининг оятларига иймон келтирувчилар,

23:59. Раббига шерик қўшмайдиганлар,

23:60. Берганида, қалблари қўрқувдан титраб, Раббига қайтишларини ўйлаб берадиганлар,

23:61. Ана ўшалар яхшиликларга ошиққанлар ва унда пешқадам бўлганлардир.

23:62. Ҳеч бир жонга тоқатидан ортиғини таклиф этмаймиз, ҳузуримизда ҳақ ила нутқ қилгувчи Китоб бор, уларга ҳеч ноҳақлик қилинмайди.

23:63. Лекин уларнинг қалблари бундан ғафлатда. Уларнинг бундан бошқа ишлари бор, ўша ишларини қилади доим.

23:64. Бойлик ва имкон эгаларини азоб билан ушлаганимизда, фарёду-фиғон қила бошлайдилар.

23:65. Бугун фарёд қилманг, ҳеч ким сизга ёрдам бермайди.

23:66. Оятларим сизларга ўқиб берилди, сизлар эса ортингизга қайтиб кетдингиз,

23:67. Менинг оятларимга кибр қилиб, тунларни беҳуда гаплар билан ўтказдингиз.

23:68. Улар бу гапга фаҳм-фаросатлари етмагани боисми? Ёки ўтган ота-боболарига келмаган нарса келгани боисми?

23:69. Ёки ўз Расулини танимагани боис, инкор этмоқдаларми?!

23:70. Ёки “Унда жиннилик бор” дейишадими? Йўқ, аксинча, у уларга ҳаққни келтирган, лекин уларнинг кўпи ҳаққни ёқтирмайди.

23:71. Мабодо ҳаққ уларнинг истакларига эргашганида борми, Осмонлару-Ер ва улардаги барча бузғунчиликка ботган бўларди. Биз уларнинг Зикрини келтирдик, лекин улар ўз Зикридан юз ўгирмоқда.

23:72. Ёки улардан солиқ сўраяпсанми? Раббингнинг берадигани яхшироқ. У ризқ берувчиларнинг яхшироғи.

23:73. Сен уларни Тўғри Йўлга чақирмоқдасан.

23:74. Лекин Охиратга ишонмайдиганлар йўлдан адашадилар.

23:75. Агар уларга раҳм қилиб, улардан зарарни кетказсак, улар яна ўша туғёнларида давом этган бўларди.

23:76. Биз уларни азоб билан ушладик, лекин улар Раббига бўйсунмади ҳам, тазарруъ қилмади ҳам.

23:77. Уларга шиддатли азоб эшикларини очганимизда, улар унда ноумид қоладилар.

23:78. У сизларга эшитиш, кўриш ва фикрлаш неъматини берган Зотдир. Ўта оз шукур қиласиз!

23:79. У сизларни Ер юзида яратиб ёйди ва яна қайтиб Унга тўпланасизлар.

23:80. Ҳаётни ва ўлимни Унинг Ўзи беради. Кеча ва кундузнинг алмашинуви ҳам Унинг. Ақл ишлатмайсизми?

23:81. Йўқ! Улар ҳам ўтганларнинг айтганини айтдилар:

23:82. “Ўлиб, тупроқ ва суякка айлангандан кейин, тириламиз эканми?

23:83. Бизга ҳам, ота-боболаримизга ҳам худди шунақа ваъда қилишган. Бу ўтганларнинг афсонаси холос”.

23:84. Сен айт: “Ер ва ундаги барча тириклар кимга тегишли, билсангиз айтинг?”

23:85. “Аллоҳга тегишли”, дейдилар. Сен айт: “Эслатма/ибрат олмайсизми?”.

23:86. Айт: “Етти Осмоннинг Рабби ким? Улуғ Аршнинг Рабби ким?”

23:87. Улар дейдилар: “Аллоҳ”. Сен айт: “Тақво қилмайсизми?”

23:88. Айт: “Барча нарса устида Эгалик кимнинг қўлида? Барчани Ўзи ҳимоя қилувчи ва Уни ҳеч ким ҳимоя қилолмайдиган ким? Билсангиз айтинг!”

23:89. Улар дейдилар: “Аллоҳ”. Айт: “Қанчалар сеҳрлангансиз/алдангансиз!..”

23:90. Ҳақиқатан, Биз уни уларга ҳақ ила келтирдик, лекин уларнинг ўзлари ёлғончилардир.

23:91. Аллоҳ ҳеч қандай фарзанд тутмаган. У билан бирга ўзга илоҳ ҳам ҳеч қачон бўлмаган. Акс ҳолда, ҳар бир илоҳ ўзи яратганини олиб кетган бўларди, ва бири бошқасидан устун бўларди. Аллоҳ уларнинг берган сифатларидан пок ва олийдир.

23:92. Ғайб ва ошкорнинг барчаси Унга маълум; У уларнинг қўшган шерикларидан пок ва олийдир.

23:93. Сен айт: “Эй Раббим, агар уларга ваъда қилинган нарсаларни менга кўришни насиб этсанг,

23:94. Мени бу золимлар қавмида қолдирмагин, эй Раббим!”

23:95. Биз уларга ваъда қилган нарсаларни сенга кўрсатишга қодирмиз.

23:96. Сен яхшироғи билан қайтаргин. Биз уларнинг бераётган сифатларини яхшироқ биламиз.

23:97. Сен айт: “Эй Раббим, шайтонларнинг туртишларидан/васвасаларидан Сенга сиғинаман”.

23:98. Уларнинг менга тўпланиб келишларидан ҳам Сенга сиғинаман, эй Раббим”.

23:99. Улардан бирига ўлим келиб, дейди: “Эй Раббим, мени ортга қайтаринглар!”

23:100. Токи тарк этганимда солиҳ ишлар қилайин. Йўқ, ҳеч қачон! Бу фақат унинг оғзидаги сўзлар холос. Уларнинг ортида то тириладиган Кунгача тўсиқ/барзах бор.

23:101. Сурга уфланганида, у Кунда уларнинг орасида насаб боғлари ҳам йўқ, улар бир-биридан уни сўрамайдилар ҳам.

23:102. Кимнинг тарозиси оғир босса, нажот топгувчилар/муродига етгувчилар ана ўшалар.

23:103. Кимнинг тарозиси енгил келса, жаҳаннамда доимий қолиб, ўзини бой берганлар ана ўшалар.

23:104. Олов юзларини ялайди. Оловдан юзлари буришади.

23:105. Сизга Менинг оятларим ўқилмадими, ва сиз уларни инкор қилмадингизми?

23:106. Дедилар: “Эй Раббимиз, мусибатимиз оғир келди. Ҳақиқатан, биз адашган эканмиз.

23:107. Эй Раббимиз, бизни бу ердан чиқар. Агар ўшандаям тонсак, ноҳақлик қилган бўламиз”.

23:108. Деди: “Ўша ерга хорликда қолаверинг, Менга хитоб қилманг!”

23:109. Қулларимдан бир тоифаси дер эди: “Эй Раббимиз, биз ишондик, бизни кечиргин, бизга раҳм қилгин, раҳм қилувчиларнинг яхшиси Сенсан”.

23:110. Сизлар эса уларни масхара қилдингиз, оқибатда Менинг Зикримни/Эслатмамни унутдингиз. Сиз уларнинг устидан кулардингиз.

23:111. Мен эса уларнинг сабр-бардошлари учун бугун ажр-мукофотларини ўтайман – Ютуққа эришганлар ўшалар.

23:112. Деди: “Ер юзида неча йил қолдингиз?”

23:113. Дедилар: “Бир кун ёки ундан озроқ қолдик; ҳисоблаганлардан сўранг”.

23:114. Деди: “Қисқа вақт қолдингиз, қанийди билсангиз!”

23:115. Наҳотки сизни беҳудага яратдик, ва Бизга қайтарилмайсиз, деб ҳисобладингиз?

23:116. Аллоҳ бундан пок ва олийдир. У Ҳақ Мулк Эгаси/Подшоҳдир, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Арши-Каримнинг Рабби.

23:117. Кимки Аллоҳ билан бирга ўзга илоҳга дуо қилса, бунга ҳеч қандай асоси йўқ. Унинг ҳисоби Рабби ҳузурида, бундай кофирлар асло нажот топмаслар/муродига етмаслар.

23:118. Сен айт: “Эй Раббим, мени мағфират қилгин, менга раҳм айлагин, раҳм қилгувчиларининг яхшиси Сенсан”.