Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)
38:1. Сод ва Зикр/Эслатма ташиган Қуръон.
38:2. Кофир бўлганлар ғурур ва ўзаро бўлинишда (2:137)
38:3. Улардан олдин қанча наслларни ҳалок этдик. Улар фарёду-нола қилдилар, аммо нажот вақти ўтиб бўлган эди.
38:4. Уларга ўз ораларидан бир огоҳлантирувчи келганидан ажабландилар, кофирлар эса дейишди: “Бу Ёлғончи Сеҳрбоз”.
38:5. “Наҳотки барча илоҳлар ўрнига Ягона Илоҳ деса? Бу жуда ғалати нарса-ку!”
38:6. Улардан бир гуруҳ отилиб чиқди: “Боринглар, илоҳларингизга боғлиқ қолинглар/илоҳларингиз учун сабр қилинглар. Сиздан исталган нарса мана шу!”
38:7. “Биз буни ўтган аждодлардан эшитмагандик. Бу уйдирмадан бошқа нарса эмас!
38:8. Бу Зикр/Эслатма орамиздан шу кишига нозил бўлар эканми?” Аслида, улар Менинг Зикримга шубҳа қилишмоқда. Йўқ! Улар ҳали Менинг азобимни тотганларича йўқ…
38:9. Ёки Азиз Ваҳҳоб /чексиз қудрат ва мўл неъмат бергувчи Раббингнинг раҳмат хазиналари уларга оидми?
38:10. Ёки Осмонлару-Ернинг ва улар орасидагиларнинг Мулки/Эгалиги уларга оидми? Агар шундай бўлса, сабаблар /воситалар орқали юксалсинлар. (22:15)
38:11. Анави ердаёқ мағлуб бўладиган ҳизблардан иборат “қўшин” бу.
38:12. Улардан олдин Нуҳ қавми ҳам, Од қавми ва қозиқлар эгаси Фиръавн ҳам ёлғон санаган эди.
38:13. Самуд ҳам, Лут қавми ҳам, дарахтзорларни суғорганлар ҳам. Ана ўшалар ҳам кўпчилик эди.
38:14. Ҳаммаси Расулларни ёлғончи санашиб, Менинг азобимга лойиқ бўлишди.
38:15. Манавилар эса фақат қайтариб бўлмас бир қичқириқни кутишмоқда холос.
38:16. Дедилар: “Эй Раббимиз, бизнинг насибамизни Ҳисоб Кунидан олдинроқ беравер!”
38:17. Сен уларнинг гапларига сабр қил, Қулимиз Довудни эсла, у мудом Бизга юзланарди.
38:18. Биз тоғларни у билан бирга бўйсундирдик, эртаю-кеч унинг билан бирга Аллоҳни поклаб ёд этишарди.
38:19. Тўпланиб келган Тойрни/хабарчи отлиқларни ҳам. Уларнинг барчаси унинг буйруғига бўйсунарди.
38:20. Биз унинг Мулкини/подшоҳлигини қувватладик ва унга Ҳикмат бердик ҳамда ҳақни ботилдан айирувчи Хитоб ато этдик.
38:21. Ўша даъвогарлар хабари келдими сенга? Мана, улар девор ошиб меҳробга етдилар,
38:22. Довуднинг ёнига келдилар, Довуд улардан хайиқди: “Қўрқма, биз икки даъвогармиз. Биримиз бошқамизнинг ҳаққини поймол этди. Сен орамизда ким ҳақ-ким ноҳақ, ҳақ ила ҳукм қилгин. Бизни бу ишда тўғри йўлга йўллагин”.
38:23. “Мана бу акам, тўқсон тўққиз қўйи бор. Менда эса фақат битта қўй бор. У “Менга бер” деди у ва гап билан мени енгди”.
38:24. Деди: “Сен ўз қўйларингга унинг қўйини қўшиб олишни истаб, ноҳақлик қилибсан. Бойлигини бир-бирига қориштирганларнинг аксарияти бир-бирига ноҳақлик қилади. Фақат иймон келтирганлар ва солиҳ амаллар қилганлар мустасно, ундайлар ўта оз!” Биз уни фитна/синовга тутаётганимизни Довуд биларди, Раббидан кечирим истади, бўйин эгди ва Раббига қайтди.
38:25. Биз ҳам буни ундан кечирдик. Унинг учун ҳузуримизда яқинлик ва яхши қайтиш бор.
38:26. “Эй Довуд, Биз сени Ер юзида халифа қилганмиз/сендан олдинги ҳукмдорлардан кейин* ҳукмдор қилганмиз. Одамлар орасида адолат ила ҳукм этгин, истакларига/манфаатларига эргашмагин, акс ҳолда сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирадилар. Аллоҳнинг йўлидан адашганлар Ҳисоб Кунини унутганлари сабабли Шиддатли Азобга дучор бўладилар. (*Мусо, Ҳорун ва Толутдан кейин)
38:27. Само ва Заминни ҳамда улар орасидагиларни маъно ва мақсадсиз яратган эмасмиз, бу фақат кофир бўлганларнинг гумонидир. Бундай кофирларнинг ҳолига вой!
38:28. Ёки иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар билан Ер юзида бузғунчиликни ёйганларни тенг қилармидик? Ёки тақводорларга худди золимлар каби муомала қилармидик?
38:29. Биз сенга ушбу Муборак Китобни нозил қилдик, токи унинг оятлари устида тафаккур этсинлар, ҳамда ақл эгалари ўгит олсинлар.
38:30. Довудга Сулаймонни ворис этдик ва у қандай ҳам яхши Қул эди! У мудом Аллоҳга йўналар эди.
38:31. Кечқурун унга учқур зотдор отлар кўрсатилди.
38:32. У деди: “Мен мол-дунё муҳаббатини Раббимнинг Зикридан/Зикри сабабли яхши кўрдим”. Ниҳоят, бу отлар парда билан яширинди/югуриб тоғ ортида ғойиб бўлдилар.
38:33. “Келтиринг ҳузуримга!” ва отларнинг бўйинларини силай бошлади.
38:34. Биз Сулаймонни синадик. Биз унинг тахтида бир жасад ташладик, сўнгра у йўналди.
38:35. У деди: “Эй Раббим, мени кечиргин, мендан кейин ҳеч кимга насиб бўлмаган бир мулк ато этгин”. Ҳақиқатан, сен мўл неъмат бергувчисан”.
38:36. Биз унга шамолни бўйсундирдик. Унинг буйруғи билан унинг хоҳлаган жойига майин эсарди.
38:37. Унга шайтонларни ҳам бўйсундирдик; барча қурилиш устаси ва ғаввосларни,
38:38. Ва занжирларга боғланган бошқаларини ҳам.
38:39. Мана шу Бизнинг ато этган инъомимиз. Истаганингга бер ёки берма, бунинг учун ҳеч бирига ҳисоб бермайсан.
38:40. Ҳузуримизда унинг учун яқинлик ва яхши қайтиш бор.
38:41. Қулимиз Аюбни ҳам эслагин, мана у Раббига нидо қилди: “Шайтон менга чарчоқ ва азоб текказди”.
38:42. “Оёғингни ерга босгин. Мана покланиш ва тетикланиш учун салқин сув”.
38:43. Ўз ҳузуримиздан раҳмат ўлароқ, ақл эгалари учун оят-ибрат ўлароқ, унга аҳлини ва бирга яна мислини насиб этдик.
38:44. “Қўлингга бир даста олгин ва у билан йўналгин/ишга кириш ҳамда қасамингни бузма”. Ҳақиқатан, Биз уни сабрли банда топдик. Қандайин яхши қул эди, доим Бизга юзланарди.
38:45. Куч-қувват ва Басират эгаси Қулларимиз Иброҳим, Исҳоқ, ва Яъқубни ҳам эслагин.
38:46. Биз уларни юртни ғам қилиш хислати билан покладик, Ўзимиз учун холис қуллар қилдик.
38:47. Улар Бизнинг ҳузуримизда танланган ва хайрлилар.
38:48. Исмоилни, ал-Йасаъни, ва Зул-Кифлни эслагин. Барчаси хайрли қуллар эди.
38:49. Зикр/Эслатма мана шу. Тақво эгалари учун гўзал оқибат бор:
38:50. Эшиклари уларга очиқ Адн боғлари.
38:51. У ерда ёнбошлаб, турли мева ва ичимликлардан истайдилар.
38:52. Улар билан бирга нигоҳларини гуноҳдан тийган виқорли ҳамроҳлар бор.
38:53. Мана, Ҳисоб Куни сиз учун ваъда қилинган мана шу!
38:54. Бизнинг ризқимиз энди асло тугамайди.
38:55. Мана шу! Тоғутлар учун эса энг ёмон истиқбол бор –
38:56. Жаҳаннам! У ерга кирадилар. Қандайин ёмон жой бу!
38:57. Мана буни ҳам тотсинлар: Қайноқ ва Бадбўй Cув!
38:58. Жазонинг яна бошқа тур-турлари бор.
38:59. Манавилар ҳам сиз билан бирга кирадилар: “Уларга марҳабо йўқ! Оловга кирадиганлар шулар”.
38:60. Улар дедилар: “Йўқ аксинча, сизларга марҳабо йўқ! Уни бошимизга сиз келтирдингиз. Қандайин ёмон жой экан бу!”
38:61. “Эй Раббимиз, ким буни бизнинг бошимизга келтирган бўлса, унинг Оташдаги азобини икки баробар қил”, дедилар.
38:62. Ва дедилар: “Биз ёмон деб ҳисоблаганларни кўрмаяпмиз, нима бўлди?”
38:63. “Биз уларни мазах қилардик, ёки кўзимиз тушмай қолдими уларга?”
38:64. Бу ҳақиқатан Жаҳаннам аҳлининг тортишувидир.
38:65. Сен айт: “Мен бир огоҳ этгувчиман холос. Ягона ва қудратли Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ”.
38:66. У Осмонлару-Ернинг ҳамда улар орасидагининг Рабби, Азиз Ғаффор / барчадан устун қудратли ва кечиргувчи.
38:67. Сен айт: “Буюк Хабар мана шу (78:1)
38:68. Сиз ундан юз ўгиряпсиз.
38:69. Бошқарув ҳайъати тортишуви ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасдим.
38:70. Менга фақат Очиқ огоҳ этувчи эканим ваҳй қилинган”.
38:71. Мана Раббинг Малакларга/куч ва имкон эгаларига деди: “Мен лойдан бир башар яратаман.
38:72. Уни тугал қилиб, уни Руҳимдан уфлаганимда, унга сажда қилинг/тўлиқ бўйсунинг”.
38:73. Барча Малаклар сажда қилдилар.
38:74. Биргина Иблис сажда қилмади, кибр қилди, кофирлардан бўлди.
38:75. Деди: “Эй Иблис, Ўз қўлим/қудратим билан яратганимга сажда қилишдан нима тўсди сени? Бурнинг кўтарилиб қолдими, ё кибрландингми?”
38:76. У деди: “Мен ундан яхшиман. Мени оташдан яратгансан, уни эса лойдан”.
38:77. У деди: “Чиқ бу ердан, сен рожимсан/раҳматдан қувилгансан/ўзинг билмаган нарсангни иддао қилмоқдасан!”
38:78. То Жазо Кунигача устингда Лаънатим бўлгай.
38:79. У деди: “Эй Раббим, улар қайта тириладиган Кунгача менга муҳлат бергин”.
38:80. У деди: “Сенга муҳлат берилди.
38:81. Вақти-Соати белгиланган Кунгача”.
38:82. Деди: “Иззатингга қасамки, мен уларнинг ҳаммасини йўлдан оздираман.
38:83. Орасидаги холис қулларинг мустасно”.
38:84. У деди: “Бу ҳақ гап*, Мен ҳам бир Ҳақни айтаман: (*холис Қулларимни адаштира олмаслигинг тўғри гап)
38:85. Мен Жаҳаннамни сизлар билан – сен ва сенга эргашганлар билан – тўлдираман” (7:38).
38:86. Сен айт: “Мен сизлардан бунинг учун эваз истамайман, сохтакорлардан ҳам эмасман.
38:87. Бу – фақат Оламлар учун бир Эслатма.
38:88. Бир муддат сўнгра, унинг хабарларини билиб оласиз”.
