Kemal Yoldash

One with God is Majority


37

Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)

37:1. Сафга тизилган Сафлар,
37:2. Бақириб ҳайдагувчилар,
37:3. Эслатмани тиловат қилувчилар.
37:4. Илоҳингиз ягона илоҳ.
37:5. Осмонлару-Ернинг ҳамда улар орасидагиларнинг Рабби, Машриқларнинг Рабби.

37:6. Энг қуйи Самони безаклар ва юлдузлар ила безадик,
37:7. Ва бўйин товлаган ҳар қандай шайтондан қўридик.
37:8. Улар Малаи-Аълони тинглай олмайдилар; ҳар томондан уларга отилиб
37:9. Ҳайдаладилар. Улар учун Давомли Азоб бор.
37:10. Агар бирор сўзни ўғринча тингласа, уни куйдиргувчи таъқиб этади.
37:11. Сен уларга савол бер: Уларнинг яратилиши кучлими ёки Бизнинг яратганларимизми? Биз уларни ёпишқоқ лойдан яратдик.
37:12. Аксинча! Сен ажабландинг, улар эса масхара қиладилар.
37:13. Уларга ўгит қилинса, ўгит олмайдилар.
37:14. Бир оят-ибрат кўрсалар, устидан куладилар.
37:15. “Бу очиқча сеҳр, ундан бошқа ҳеч нарса эмас”, дейдилар.
37:16. “Биз ўлиб, тупроқ ва суяк бўлиб кетиб, кейин яна тириламиз эканми?
37:17. Ўтган ота-боболаримиз ҳамми?”
37:18. Сен айт: “Ҳа, ҳамда хору-зор қилинасиз!”
37:19. Бу фақат бир қўрқинчли қичқириқ холос: Дарҳол улар қарайдилар.
37:20. “Ҳолимизга Вой, Жазо Куни мана шу!”
37:21. Сиз инкор қилган Ҳукм Куни мана шу!
37:22-23. “Тўпланг Золимларни, уларнинг шерикларини ва Аллоҳдан ўзга сиғиниб ўтганларини. Уларни дўзахга ҳайданг!
37:24. Уларни тўхтатинг, уларни сўроқ қилиш керак.
37:25. Нима бўлди сизларга, нега бир-бирингизга ёрдам бермаяпсиз?”
37:26. Йўқ! Улар ўша Куни таслим бўлгиси келиб қолади.
37:27. Бир-бирларига мурожаат этиб сўрайдилар.
37:28. Дедилар: “Сизлар бизга ўнг томондан келардингиз*”. (ишонган нарсаларимиз орқали васваса қилардингиз)
37:29. “Йўқ, сиз ўзингиз имонсиз эдингиз.
37:30. Сизни мажбурлашга кучимиз йўқ эди. Аслида, сиз ўзингиз тоғутлашган қавм эдингиз.
37:31. Энди Раббимизнинг Сўзи устимизда ҳақ бўлди. Ҳаммамиз азоб чекамиз.
37:32. Биз сизни йўлдан оздирдик, чунки биз ўзимиз йўлдан озган эдик”.
37:33. У Кунда улар бу азобда шерик бўладилар.
37:34. Жиноятчиларга ана шундай муомала қиламиз.
37:35. Чунки уларга: “Аллоҳдан бошқа Илоҳ йўқ!” дейилса, улар кибр қилишарди.
37:36. “Битта телба шоир учун илоҳларимизни тарк этайликми?” дейишарди.
37:37. Йўқ! У ҳақни келтирган ва Расулларни тасдиқлаган эди.
37:38. Аламли Азобни тотасиз!
37:39. Фақат ўз қилган қилмишларингиз учун.
37:40. Аллоҳнинг холис қуллари мустасно.
37:41. Улар учун маълум қилинган ризқлар бор.
37:42. Мевалардан хушнуд этиладилар
37:43. Неъмат боғларида.
37:44. Сўрилар устида, бир-бирига қараб ўтиради.
37:45. Қаршиларида оқар булоқдан қадаҳлар айланади.
37:46. Ичувчига лаззат берувчи тиниқ ичгулик.
37:47. Унда ақлни олиш ҳам йўқ, ундан маст ҳам бўлинмайди.
37:48. Ёнларида уларга юзланган ҳамроҳлар бор.
37:49. Яширин сақланган тухум каби оқ юзли ҳамроҳлар.
37:50. Бир-бирига юзланиб сўрайдилар.
37:51. Улардан бири деди: “Менинг бир яқиним бор эди.
37:52. У дерди: “Сен ростдан ҳам шуни тасдиқлайсанми?
37:53. Биз ўлиб, тупроқ ва суякка айланиб ҳам, ҳисоб-китоб қилинамизми?”
37:54. Деди: “Қаранглар-чи?”
37:55. У қаради ва уни жаҳаннамнинг ўртасида кўрди.
37:56. Деди: “Аллоҳга қасамки, сал қолса сен мени ҳам йўлдан оздирардинг.
37:57. Агар Раббимнинг неъмати бўлмаганида, мен ҳам ҳозир қилинар эдим.
37:58. Биз энди бошқа ўлмаймиз-а?!
37:59. Фақат ўша илк ўлимимиз, бошқа ўлим йўқ ва биз жазоланмаймиз-а?!
37:60. Ҳақиқатан, Улуғ бахт ва ютуқ мана шудир!”
37:61. Амал қилувчилар бунинг учун амал қилсинлар.
37:62. Мана шундай кутиб олинган яхшими ёки Заққум дарахтими?
37:63. Биз уни Золимлар учун фитна/ўтда ёниш қилдик.
37:64. У жаҳаннамнинг қаъридан чиқади.
37:65. Унинг мевалари худди шайтонларнинг/илонларнинг боши кабидир.
37:66. Ундан ейишади ва қоринларини тўлдиришади.
37:67. Кейин уларнинг қайноқ сув билан қориштирилган ичкиликлари бор.
37:68. Сўнг қайтар жойлари албатта Жаҳаннам.
37:69. Улар ота-боболарини адашган ҳолда топдилар.
37:70. Ўзлари ҳам уларнинг изидан югуриб-елардилар.
37:71. Улардан олдин ўтганларнинг аксарияти адашган эди.
37:72. Биз уларга ҳам огоҳлантирувчилар юборган эдик.
37:73. Огоҳлантирилганларнинг оқибати қандай бўлганига бир қара.
37:74. Аллоҳнинг холис қуллари мустасно.

37:75. Нуҳ Бизга дуо қилди ва қандай ҳам чиройли ижобат этдик!
37:76. Биз уни ва аҳлини улкан ғамдан қутқардик,
37:77. Унинг издошларини қолдирдик.
37:78. Кейин келганлар орасида унга қолдирдик:
37:79. Оламлар ичра Нуҳга Салом/Омонлик бўлсин!
37:80. Яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз.
37:81. У имон келтирган қулларимиздан эди.
37:82. Сўнгра наригиларни ғарқ этдик.

37:83. Иброҳим ҳам унинг йўлидагиларидан эди.
37:84. Раббига покиза қалб билан келган эди.
37:85. Отасига ва қавмига деди: “Нимага сиғинаяпсизлар?
37:86. Аллоҳдан ўзга уйдирма илоҳлар истаяпсизми?
37:87. Оламларнинг Рабби ҳақида нималарни гумон қиляпсизлар?”
37:88. Юлдузларга назар солди:
37:89. Деди: “Мен хастаман.
37:90. Улар ўгирилиб, ундан қоча бошладилар.
37:91. У эса яширинча уларнинг бутлари орасига кирди: “Қани емайсизларми?
37:92. Сизга нима бўлди, гапирмаяпсиз?”
37:93. Ва уларнинг устидан юрди, бор кучи билан уларни ура бошлади.
37:94. Дарҳол унинг ёнига югуриб келдилар.
37:95. “Ўзингиз ясаб олган нарсаларга қуллик қиласизми?” деди.
37:96. “Ахир сизни ҳам, ясаганларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку!”
37:97. Улар дедилар: “Бир бино қуриб, уни оловга ташланг”.
37:98. Унга фитна қурмоқ истадилар, Биз ҳам уларнинг тузоқларини тубан қилдик.
37:99. Деди: “Мен Раббим сари йўл оламан, Унинг Ўзи мени Тўғри Йўлга йўллайди.
37:100. Эй Раббим, менга солиҳлардан ато этгин”.
37:101. Биз унга ҳалим/мулойим ўғлон хушхабарини бердик.
37:102. Қачонки у билан бирга сайъ-ҳаракат/фаолият ёшига етганида деди: “Эй ўғлим, мен тушимда сени забҳ этаётганимни кўраяпман; айт, нима деб ўйлайсан?” У деди: “Отажон, сизга буюрилган ишни қилинг, умид қиламанки, мени сабрли-матонатли эканимни кўрасиз”.
37:103. Қачонки иккиси ҳам таслим бўлиб, ўғлини пешонасига ётқизганида,
37:104. Биз унга нидо қилдик: “Эй Иброҳим!
37:105. Сиз руъёни тасдиқ этдинг!” яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз.
37:106. Ҳақиқатан, бу очиқ синов эди.
37:107. Унга фидя ўлароқ улкан қурбон бердик.
37:108. Кейин келганлар орасидан унга қолдирдик.
37:109. “Иброҳимга Салом/Омонлик бўлсин!”
37:110. Яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз.
37:111. У имон келтирган қулларимиздан эди.
37:112. Биз унга солиҳ набийлардан бўлажак Исҳоқни хушхабар бердик.
37:113. Биз унга ва Исҳоққа қут-баракот бердик. Уларнинг зурриётлари орасидан яхшилик ва қатъият эгалари ҳам бор, ўзларига зулм қилувчилар ҳам бор.

37:114. Мусо ва Ҳорунга ҳам неъмат бердик.
37:115. Биз уларни ва қавмини буюк ғамдан қутқардик.
37:116. Уларга ёрдам бердик, ва ғолиблар қилдик.
37:117. Уларга очиқ баён қилувчи Китоб бердик.
37:118. Ва уларни Тўғри Йўлга йўлладик.
37:119. Ва кейинги насллар орасида шуни қолдирдик:
37:120. “Мусо ва Ҳорунга Салом/Омонлик бўлсин!”
37:121. Яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз.
37:122. Улар имон келтирган қулларимиздан эдилар.

37:123. Илёс ҳам Расуллардан эди.
37:124. У қавмига деди: “Тақво қилмайсизми?”
37:125. Баълга дуо қилиб, яратувчиларнинг энг яхшисини тарк этасизми?
37:126. Сизнинг ҳам, ўтган аждодларингизнинг ҳам Рабби бўлмиш Аллоҳни?”
37:127. Уни инкор этдилар, шу боис улар ҳозир қилинадилар.
37:128. Аллоҳнинг холис қуллари мустасно.
37:129. Кейингилар орасида унга қолдирдик:
37:130. Илёсийларга Салом/Омонлик бўлсин!
37:131. Яхшилик қилувчиларни ана шундай мукофотлаймиз.
37:132. Улар имон келтирган қулларимиздан эдилар.

37:133. Лут ҳам Расуллардан эди.
37:134. Биз уни ва аҳлини қутқардик.
37:135. Фақат ортда қолажаклар орасидаги кампир мустасно.
37:136. Кейин наригиларни қириб ташладик.
37:137. Сизлар эрта-кеч уларнинг ёнидан ўтасиз,
37:138. Кечалари ҳам. Ақл ишлатмайсизми?

37:139. Юнус ҳам юборилган Расуллардан эди.
37:140. У тўла кемага қочган эди.
37:141. Сўнгра қуръа ташлади ва ютқазди.
37:142. Ўз ўзини маломат қилганича, ғам-ғусса ичида қолди. (*оятда Ҳут – безиш, тўйиш, истаксизлик ҳисси – 7:163; 68:48)
37:143. Мабодо тасбиҳ этувчилардан бўлмаганида,
37:144. Улар тирилажак Кунгача шундай қоларди.
37:145. Бир муддат сўнг хасталанган ҳолида уни очиқ саҳрога чиқардик.
37:146. Унинг устида кенг баргли бир дарахт ўстирдик.
37:147. Ва уни юз минг, ёки ундан-да зиёд кишига Расул қилиб юбордик.
37:148. Улар имон келтирдилар. Биз ҳам уларни бир муддат ризқлантирдик.

37:149. Уларга шундай савол бер: “Қизлар Раббингизга-ю, ўғиллар анавиларгами?”
37:150. Ёки Биз малакларни қиз қилиб яратганимизга гувоҳ бўлишганми?
37:151. Улар туҳматлари туфайли шундай дейдилар:
37:152. “Аллоҳ фарзанд туғди”. Ҳақиқатан, улар ёлғончилар.
37:153. Аллоҳ ўғилларни эмас, қизларни танлабдими?
37:154. Сизга нима бўлди, қанақа ҳукм қилаяпсиз?
37:155. Ҳеч ўгит/эслатма олмайсизми?
37:156. Ёки бунга аниқ бир далилингиз борми?
37:157. Қани далилингизни келтиринг, гапингиз рост бўлса.
37:158. Улар Аллоҳ ва жиннлар/ўзлари билмаган исмлар орасида насаб уйдирдилар. Ҳолбуки ўша Жиннларнинг ўзи ҳам биладиларки, ҳозир қилинадилар.
37:159. Аллоҳ уларнинг нисбат қилган сифатларидан пок ва олийдир.
37:160. Аллоҳнинг холис қуллари мустасно.
37:161. Сиз ўзингиз ҳам, қуллик/хизмат қилганларингиз ҳам
37:162. Унга қарши ҳеч кимни фитнага сололмайсиз/йўлдан оздиролмайсиз,
37:163. Жаҳаннамда ёнадиганлар мустасно.
37:164. “Бизнинг, истисносиз ҳар биримизнинг маълум бир мавқеи бор.
37:165. Саф тортилганлар албатта бизлар.
37:166. Тасбиҳ этувчилар ҳам албатта бизлар”.
37:167. Кофирлар шундай ҳам дейишарди:
37:168. “Қанийди бизда ҳам ўтганлардаги каби Эслатма/Ўгит бўлсайди.
37:169. Ўшанда биз ҳам Аллоҳнинг холис қулларидан бўлар эдик!”
37:170. Лекин бунинг ортидан кофир бўлдилар. Яқинда билиб оладилар.
37:171. Расул қилиб юборилган қулларимизга шундай Сўз ўтган:
37:172. “Албатта, Ғолиблар уларнинг ўзлари бўлгай.
37:173. Ғолиблар Бизнинг лашкаримиз бўлгай!”
37:174. Улардан бир муддат юз ўгиргин.
37:175. Уларни пойлаб/кутиб тургин. Тез кунда кўрадилар.
37:176. Улар ҳали Бизнинг азобимизни шоширмоқчиларми?
37:177. Аммо азоб уларнинг диёрларига ёғилганда, огоҳлантирилганларнинг тонги қанчалар ёмон бўлади…
37:178. Бир муддат уларни холий қолдиргин.
37:179. Сен ҳам кўрасан, улар ҳам кўрадилар.
37:180. Азизлик/Барча нарсадан устунлик Эгаси Раббинг уларнинг нисбат этаётган сифатлардан пок ва олийдир.
37:181. Юборилган Расулларга Салом/Омонлик бўлсин!
37:182. Оламларнинг Рабби Аллоҳга ҳамд-мақтовлар бўлсин!