Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)
61:1. Осмонлару-Ердаги борлиқ Аллоҳни поклаб улуғлади. Азиз ва Ҳаким /қудрат ва ҳикмат эгаси Унинг Ўзи.
61:2. Эй имон келтирганлар, нега ўзингиз қилмайдиган феълларни айтасиз?
61:3. Ўзингиз қилмайдиган феълларни айтишингиз Аллоҳ наздида ўта нохуш амал.
61:4. Ҳақиқат шуки, Аллоҳ йўлида бамисоли туташ бинолар каби саф тортиб жанг қилувчиларни Аллоҳ яхши кўради.
61:5. Мана Мусо қавмига деди: “Эй қавмим, мен сизга Аллоҳнинг юборган Расули эканимни билган ҳолда, нега менга озор бераяпсиз?” Улар бурилгач, Аллоҳ ҳам уларнинг қалбларини буриб қўйди. Аллоҳ бундай фосиқларни/йўлдан озганларни йўлга солмайди.
61:6. Марям ўғли Исо деди: “Эй Исроил ўғиллари, мен сизга Аллоҳнинг юборган Расулиман, ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлайман, ўзимдан кейин келажак Энг мақталган/Аҳмад исмли Расул ҳақида хушхабар бераман”. Қачонки уларга очиқ баён этилган оятлар-далиллар билан келганида, “Бу очиқча сеҳр”, дедилар.
61:7. Исломга даъват қилинганида, Аллоҳга ёлғонни нисбат этадигандан-да золимроғи борми? Аллоҳ бундай золимларни йўлга солмас.
61:8. Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса Ўз нурини тамомига етказади, агарчи кофирлар буни ёқтирмаса ҳам.
61:9. У Ўз Расулини Тўғри Йўл ва Ҳақ Дин ила юборган, токи барча динлардан зоҳир/устун қилиш учун, агарчи мушриклар буни ёқтирмаса ҳам.
61:10. Эй имон келтирганлар! Сизни Аламли Азобдан қутқарадиган тижоратга йўллайинми?
61:11. Аллоҳга ва Расулига ишонасиз, Аллоҳ йўлида молу-жонингиз ила жидду-жаҳд қиласиз. Агар билсангиз, ана шу сиз учун яхшидир.
61:12. Сизнинг гуноҳларингизни кечиради ва сизни остидан анҳорлар оққан боғ-роғларга ва Адн Жаннатидаги покиза-баракотли масканларга киритади. Улкан Ютуқ ана шу.
61:13. Сиз ёқтирган яна бир бошқа нарса: Аллоҳдан бўлмиш Ғалаба ва яқинлашган Фатҳ… Муминларга/бунга ишонганларга хушхабар бергин.
61:14. Марям ўғли Исо ҳаворийларга деганди: “Аллоҳ йўлида менинг ёрдамчиларим кимлар?” Ҳаворийлар дедилар: “Биз – Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз”. Эй имон келтирганлар, сиз ҳам ана шу каби Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлинг! Исроил ўғилларидан бир тоифа ишонди ва бир тоифа инкор этди. Биз ишонганларни душманларига қарши қўллаб-қувватладик ва улар устун бўлдилар.
