Kemal Yoldash

One with God is Majority


5

Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)

5:1. Эй иймон келтирганлар, Аҳдларга вафо қилинг. Сизга ўқиб билдирилаётган ҳайвонлардан бошқалари ҳалол қилинган. Ҳаром ойларда эканингизда овни ҳалол қилиб олманг. Аллоҳ ўз иродасига мувофиқ ҳукм қўяди.
5:2. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг шиорларига ҳурматсизлик қилманг: ҳаром ойларга, қурбонлик ҳайвонлари ва ҳадяларга, Раббининг фазли ва ризолигини истаб Байт-ал-Ҳаромга келганларга ҳурматсизлик қилманг. Ҳарамдан чиққач, ов қилишингиз мумкин. Сизни Масжид-ал-Ҳаромдан қайтаргани учун бир қавмга бўлган адоват сизни зулм/ноҳақлик қилишга бошламасин. Яхшилик ва тақвода ўзаро ёрдам беринг, гуноҳ ва адоватда ўзаро ёрдам берманг. Аллоҳга тақво қилинг, Аллоҳнинг таъқиби шиддатли.
5:3. Сизга ҳаром қилинганлар: ўлакса, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, тепадан қулаб ўлган, сузиб ўлдирилган ва ҳайвон парчалаб ўлдирган ҳайвонлар, мабодо жони чиқмай туриб сўйиб олсангиз мустасно. Тикилган тошлар/бутлар номига атаб сўйилган ҳайвонлар, ва ўқлар билан фол очиш ҳаром қилинган. Булар фисқ/йўлдан озишдир. Бугун кофирлар динингиздан умидларини уздилар. Улардан қўрқманг, Мендан қўрқинг! Бугун сиз учун динингни камолига етказдим, сизга неъматимни тамомладим – Исломни/Тинчликни ўрнатиш таълимотини сизга дин/ўзаро ҳаёт қонуни сифатида танладим/рози бўлдим. Ким очликдан мажбур қолса, гуноҳга кирмасдан уларни еса, унга гуноҳ йўқ. Аллоҳ кечиримли, раҳмдил.
5:4. Уларга нималар ҳалол қилинганини сендан сўрайдилар. Сен айт: “Сизга ҳалол қилинган нарсалар – покиза нарсалар. Аллоҳ сизга ўргатганидан ўргатиб етиштирганингиз овчи ҳайвонлар тутиб келтирганини еяверинг, ва уларнинг устида Аллоҳнинг исмини ёд этинг. Аллоҳга тақво қилинг, зеро Аллоҳ ҳисобда ўта тез.
5:5. Энди сизга яхши ва покиза нарсалар ҳалол қилинган. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалол, сизнинг ҳам таомингиз улар учун ҳалол. Иймонли, иффатли, ҳур аёллар, ва сиздан олдин китоб берилганлардан иффатли, ҳур аёллар – зино қилмасдан ёки махфий дўст тутинмасдан – агар эвазларини маъруф тарзда берсангиз, сиз учун ҳалол. Кимки иймон келтиришдан бош тортса, унинг иши беҳуда кетади ва охиратда зиён кўргувчилардан бўлади.
5:6. Эй иймон келтирганлар! Салотга қоим бўлганингизда, юзларингиз ва қўлларингизни тирсакларгача ювинг; бошларингиз ва оёқларингизни тўпиқларигача масҳ этинг/силанг. Агар жунуб бўлсангиз, покланинг. Агар касал ёки сафарда бўлсангиз, ёки бирингиз ҳожатдан келган бўлса, ёки аёлларга яқинлашган бўлиб, сув топмасангиз, тоза тупроқ олиб юзингизга ва қўлларингизга суртинг. Аллоҳ сизга танглик туғдиришни истамайди, балки сизни поклашни ва шукур қилишингиз учун сизга Ўз неъматини тамомига етказишни истайди.
5:7. Аллоҳнинг сизга неъматини ва Унга берган ваъдангизни ёдда тутинг: “Эшитдик ва итоат этдик!”, дегансиз. Аллоҳга тақво қилинг, зеро Аллоҳ дилларда яширилганини билади.
5:8. Эй иймон келтирганлар, Аллоҳ учун адолат ила гувоҳлик берувчилар бўлинг. Бир қавмга бўлган адоватингиз сизни адолатдан тўсмасин. Адолат қилинг, тақвога энг яқин йўл мана шу. Аллоҳга тақво қилинг. Аллоҳ сизнинг қилаётган ишларингиздан хабардор.
5:9. Иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга Аллоҳ кечирим ва Улуғ ажр-мукофотни ваъда қилган.
5:10. Оятларимизга кофир бўлган ва уларни ёлғонга чиқарганлар, ана ўшалар жаҳаннам аҳли.
5:11. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга яхшилигини эсланг: Бир қавм сизга қўл узатганида, У уларнинг қўлини қайтарди. Аллоҳга тақво қилинг, имон келтирганлар ёлғиз Аллоҳга суянсинлар.
5:12. Аллоҳ Исроил ўғилларидан Аҳд олди, ва ораларидан ўн икки нақиб/бошлиқ чиқардик. Аллоҳ деди: “Мен сиз билан биргаман. Агар Салотни қоим қилсангиз/Кўрсатилган Йўлга эргашсангиз ва Закотни адо этсангиз/уни покиза сақласангиз, Расулларимга ишониб, уларга ёрдам берсангиз, ва Аллоҳга чиройли қарз берсангиз, гуноҳларингизни албатта кечираман, ва остидан анҳорлар оққан боғ-роғларга киритаман. Бундан сўнгра кимда-ким нонкўрлик қилса, Тўғри Йўлдан адашибди.
5:13. Аҳдларини бузгани сабабли уларни лаънатладик ва қалбларини қотириб қўйдик. Улар калималарни асл маъноларидан бурадилар. Ўзларига қилинган Эслатмадан насиба олишни унутдилар. Орасида озчилик мустасно, улардан доимо хоинлик кўрасан. Лекин уларни кечириб боравер, кўнглингга олма, Аллоҳ яхшилик/чиройли амал қилувчиларни яхши кўради.
5:14. “Биз насронийлармиз”, деганлардан ҳам Аҳд олдик: лекин ўзлари учун қилинган Эслатмадан насиба олишни унутдилар. Шу боис, Қиёмат кунигача улар орасида адоват ва нафрат солиб қўйдик. Яқинда Аллоҳ Ўзи уларнинг ҳунарларини хабар беради.
5:15. Эй Китоб аҳли, сизга Расулимиз келди – Китобдан яширганларингиздан кўпини очиқлайди, кўпини авф этади/очиқлашсиз қолдиради. Ҳақиқатан, сизга Аллоҳдан Нур ва очиқ-ойдин бир Китоб келди.
5:16. Аллоҳнинг ризосига эргашганларни унинг ила тинчлик/омонлик йўлларига йўллайди, ва уларни Ўз изни ила зулматлардан нур сари чиқаради ва Тўғри Йўлга йўллайди.
5:17. “Аллоҳ бу Марям ўғли Масиҳдир” деганлар кофир бўлдилар. Сен айт: “Аллоҳ агар Марям ўғли Масиҳни, унинг онасини ва ер юзидаги барча одамзотни ҳалок қилмоқ истаса, Аллоҳга қарши кимда куч бор?” Осмонлару-Ер ва улар орасидаги борлиқ Унинг. Истаганини яратади, Аллоҳ барча нарсага қодир.
5:18. Яҳуд ва насоролар деди: “Биз Аллоҳнинг ўғиллари ва ҳабибларимиз/севган халқимиз”. Сен айт: “Нега унда гуноҳларингиз сабабли азоблайди? Йўқ, сиз ҳам У яратган башар/оддий одамларсиз. У истаганини кечиради, истаганини азоблайди. Осмонлару-Ернинг ва улар орасидаги барча нарсанинг эгалиги Унинг, Қайтиш ҳам ёлғиз Унгадир”.
5:19. Эй Китоб аҳли, Расуллар ораси узилган бир даврда сизга ҳақни баён қилувчи Расулимиз келди, токи сиз: “Бизга на хушхабар бергувчи ва на огоҳлантирувчи келмаган” демагайсиз. Сизга хушхабар бергувчи ва огоҳлантирувчи келди. Аллоҳ барча нарсага қодир.
5:20. Эсланг, Мусо қавмига деди: “Эй қавмим, Аллоҳнинг сизга неъматини эсланг, орангизда набийлар чиқарди, ва сизни подшоҳлар қилди ва оламлардан/қавмлардан ҳеч бирига бермаганини берди”.
5:21. Эй қавмим, Аллоҳ сизга ёзган шу Муқаддас Ерга киринг, ортингизга қайтиб кетманг, акс ҳолда зиёнда қоласиз/бой берасиз!
5:22. Дедилар: “Эй Мусо, у ерда золим ва қаттол бир қавм бор. Токи улар чиқмас экан, биз асло у ерга кирмаймиз. Агар улар чиқсалар, ана шунда кирамиз”.
5:23. Қўрқаётганлар орасида Аллоҳ неъмат берган икки киши деди: “Улар устига дарвозадан киринг, дарвозадан киргандаёқ, ғолиб бўласиз. Ёлғиз Аллоҳга суянинг, агар мумин бўлсангиз”.
5:24. Дедилар: “Эй Мусо, улар у ерда экан, биз асло кирмаймиз. Сен ва Раббинг иккингиз боринг жанг қилинг, биз шу ерда ўтирамиз!”
5:25. Деди: “Эй Раббим, мен ўзимдан ва укамдан бошқага сўзим ўтмаяпти. Ўзинг бу фосиқлар/йўлдан озганлар билан орамизни айиргин”.
5:26. Деди: “Бу Ер уларга ҳаром; қирқ йил бўйича ер юзида сарсон-саргардон юрадилар. Фосиқлар/йўлдан озганлар учун асло қайғурма”.

5:27. Уларга Одамнинг икки ўғли хабарини ҳаққ ила тиловат қил: Мана иккиси қурбонлик қилди, биридан қабул бўлди ва бошқасидан қабул бўлмади. Деди: “Мен сени ўлдираман”. Деди: “Аллоҳ фақат тақво эгаларидан қабул айлайди.
5:28. Агар сен мени ўлдириш учун қўл узатсанг, мен сени ўлдириш учун қўл узатмайман. Мен Оламларнинг Раббидан қўрқаман.
5:29. Менинг гуноҳим юкини ва ўз гуноҳинг юкини олишингни ва дўзах аҳлидан бўлишингни тилайман. Зулм қилувчиларнинг жазоси мана шу”.
5:30. Нафси уни акасини ўлдиришга чорлади, у ўлдирди, ва бой берганлардан бўлди.
5:31. Аллоҳ акасининг жасадини қандай кўмишни кўрсатиш учун ер қазиган бир қарға юборди. “Ҳолимга вой! Мана шу қарғадек, акамнинг жасадини кўмишга ҳам ожиз қолдимми?” дея афсус-надомат қилди.
5:32. Ана шунинг учун, Исроил ўғилларига ёздик: “Кимки қотиллик ёки ер юзида бузғунчилик қилмаган бир жонни ўлдирса, у барча одамзотни қатл этган кабидир. Кимки унга ҳаёт бахш этса, у барча одамзотга ҳаёт бахш этган кабидир”. Расулларимиз уларга очиқ баён этилган оятлар билан келдилар, аммо шундан кейин ҳам уларнинг кўпи Ер юзида ҳаддан ошиб келмоқда.
5:33. Аллоҳга ва Расулига қарши уруш очганларнинг, ҳамда Ер юзида бузғунчилик ила югуриб-елувчиларнинг топажак жазоси шу: улар ё қатл этилади, ё осиб ўлдирилади, ё қўл-оёқлари қарама-қарши кесилади, ёки юртларидан сургун қилинади. Ана шу – дунёдаги шармандалик, Охиратда эса уларга Улуғ Азоб бор.
5:34. Аммо улар устига қодир бўлишингиздан олдин тавба қилиб қайтганлар мустасно. Билингки, Аллоҳ Ғафур Раҳим /кечиримли, раҳмдил.
5:35. Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинг, Унга қурбат/яқинлик йўллари изланг ва нажот топиш учун Унинг йўлида жидду-жаҳд қилинг.
5:36. Кофир бўлганлар эса, агар Ер юзидаги барча нарса ва унинг мисли уларнинг бўлса-ю, уни Қиёмат азобидан қутулиш учун ўтасалар ҳам, қабул этилмайди. Уларга Аламли Азоб бор.
5:37. Оташдан чиқмоқчи бўладилар, лекин чиқолмайдилар. Уларга Доимий Азоб бор.
5:38. Ўғрилик қилган эркак ва аёлни, қилмишлари учун Аллоҳдан бир жазо сифатида, кучларини/имконларини* чекланг. Аллоҳ Азиз Ҳаким /куч-қудрат ва ҳикмат/ҳукм эгаси. (*оятда АЙД – куч 38:45, 9:29, 48:10)
5:39. Кимки содир этган зулмидан сўнг тавба қилиб қайтса ва ислоҳ этса, Аллоҳ ҳам унга қайтади. Аллоҳ Ғафур Раҳим /кечиримли, раҳмдил.
5:40. Осмонлару-Ернинг Мулки/Подшоҳлиги Аллоҳнинг эканини билмасмидинг? У истаганини азоблайди, истаганини кечиради. Аллоҳ барча нарсага қодир.
5:41. Эй Расул, “Иймон келтирдик” дея оғзида айтиб, қалблари ишонмаганлар орасида куфрда пойга қилувчилар сени хафа қилмасин. Яҳудийлар орасида ёлғонларга қулоқ солувчи, ва сенинг ҳузурингга келмаган қавмга қулоқ солувчилар бор. Улар калималарни асл маъноларидан бурадилар: “Агар сизга шу берилса, олинглар, агар берилмаса, ҳазир бўлинглар!” дейишади. Аллоҳ кимга фитнани ирода этган бўлса, бас унинг учун Аллоҳга қарши ҳеч нарсанг йўқ. Ана ўшаларнинг қалбини Аллоҳ поклашни истамаган. Улар учун дунёда шармандалик, Охиратда эса Улуғ Азоб бор.
5:42. Улар ёлғонларга қулоқ соладилар, ҳаром ейдилар. Агар сенинг ҳузурингга келсалар, улар орасида ҳукм қил ёки юз ўгир. Агар юз ўгирсанг ҳам, улар сенга асло зарар етказолмаслар. Агар ҳукм қилсанг, улар орасида адолат-ла ҳукм қил. Аллоҳ адолат қилгувчиларни суяди.
5:43. Ахир олдиларида Таврот турган экан, ва унда Аллоҳнинг ҳукми бор экан, яна қандай қилиб сени ҳакам қиладилар-у, сўнгра яна юз ўгириб кетадилар?! Улар мумин эмаслар.
5:44. Ҳақиқатан, Тавротни Биз нозил қилганмиз, Тўғри Йўл ва Нур ундадир, таслим бўлмиш/тинчлик ўрнатувчи Набийлар яҳудийларга ундан ҳукм чиқариб келганлар, раббонийлар ва олимлар Аллоҳнинг китобини муҳофаза этиш тайинлангани учун унинг ила ҳукм қилиб келганлар, ва бунга гувоҳ бўлиб келганлар. Одамлардан қўрқманг, Мендан қўрқинг: Менинг оятларимни оз эвазга сотманг. Кимки Аллоҳнинг нозил қилгани билан ҳукм қилмаса, ана ўшалар кофирлардир.
5:45. Унда уларга жонга-жон, кўзга-кўз, бурунга-бурун, қулоққа-қулоқ, тишга-тиш, жароҳатлар учун қасос/тенгликни ёздик. Ким кечириб юборса, бу ўзи учун каффорат. Кимки Аллоҳнинг нозил қилгани билан ҳукм қилмаса, ана ўшалар золимлардир.
5:46. Уларнинг изидан, олдиларидаги Тавротни тасдиқлаган Марям ўғли Исони юбордик. Унга ичида Тўғри Йўл ва Нур бўлмиш Тавротни тасдиқлаган ва тақво эгаларига ваъз-насиҳат бўлган Инжилни бердик.
5:47. Токи Инжил аҳли, унда Аллоҳнинг нозил қилгани билан ҳукм қилсинлар. Кимки Аллоҳнинг нозил қилгани билан ҳукм қилмаса, ана ўшалар фосиқлардир/йўлдан озганлардир.
5:48. Сенга ҳам Китобни ҳақ ила – олдинги Китобларни тасдиқлагувчи ва уни ҳимоя қилгувчи ўлароқ – нозил қилдик. Улар орасида Аллоҳнинг нозил қилгани билан ҳукм қил. Сенга келган ҳақдан сўнг уларнинг ҳаволарига эргашма. Сиздан ҳар бирингиз учун/ҳар уч Китоб аҳли учун қонун ва йўл тайинладик. Аллоҳ истаса, сизни бир уммат қиларди, лекин сизга бергани билан синамоқ учун. Бас, яхши амалларга шошилинг. Барчангиз Аллоҳга қайтасиз. Сиз ихтилоф қилган нарсаларнинг хабарини Унинг Ўзи беради.
5:49. Ораларида Аллоҳнинг нозил қилгани билан ҳукм қил, ҳаволарига эргашма, ва сени Аллоҳ нозил қилганининг бир қисмидан фитнага солишларидан ҳазир бўл. Агар юз ўгириб кетсалар, билки, Аллоҳ баъзи гуноҳлари сабабли уларга мусибатни ирода этган. Ҳақиқатан, одамларнинг кўпи фосиқ/йўлдан озган.
5:50. Жоҳилият ҳукмини истайдиларми йўқса? Қатъий имонга эга кишилар учун Аллоҳдан-да яхшироқ ҳукм қилувчи борми?
5:51. Эй иймон келтирганлар, яҳуд ва насороларни валий/йўл кўрсатувчи қилиб олманглар! Улар бир-бирининг валийларидир. Сиздан ким уларни ўзига валий қилиб олса, демак ўшалардан биридир. Аллоҳ бундай золимларни Тўғри Йўлга солмайди.
5:52. Кўраяпсан, қалбларида марази бўлганлар: “Бизга бирор мусибат етишидан чўчиймиз!” дея уларга шошмоқда. Балки, Аллоҳ фатҳ/ғалаба берар ёки ўз тарафидан бирор иш келтирар-да, улар ўз нафсларида/ичларида сир тутаётган нарсаларидан пушаймон бўларлар,
5:53. Мўминлар ҳам дейдики: “Сиз билан бирга эканларига жон-жаҳди билан Аллоҳга қасам ичганлар анавиларми? Барча ишлари беҳуда кетди, ўзлари эса зиёнда қолдилар”.
5:54. Эй иймон келтирганлар! Сиздан кимки ўз динидан юз ўгирса, Аллоҳ тезда бошқа бир қавмни келтиради: уларни яхши кўради, улар ҳам Уни яхши кўради; улар мўминларга хоксор, кофирлардан устун; улар Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қиладилар ва ҳеч бир маломатчининг маломатидан қўрқмайди. Ана шу – Аллоҳнинг фазли, уни Ўзи истаганига беради. Аллоҳ Васиъ Алим /кенг-мўл бергувчи ва билгувчи.
5:55. Сизнинг валийингиз фақат Аллоҳ, Расули ва муминлар, улар Рукуъ/тўлиқ бўйсунган ҳолида Салотни қоим этадилар/Кўрсатилган Йўлга эргашадилар ва Закотни адо этадилар/уни покиза тутадилар.
5:56. Кимки Аллоҳни, Расулини ва мўминларни валий тутса, Аллоҳнинг ҳизби – ана ўшалар ғолиб бўлгусидир.
5:57. Эй иймон келтирганлар! Сиздан олдин Китоб берилганлар ва кофирлар орасида динингизни эрмак ва ўйин қилувчиларни валий тутманг; агар мумин бўлсангиз, Аллоҳга тақво қилинг.
5:58. Салотга нидо қилганингизда, уни эрмак ва ўйин қиладилар. Сабаби – улар ақл ишлатмайдиган қавм.
5:59. Сен айт: “Эй Китоб аҳли, наҳотки Аллоҳга иймон келтирганимиз ва бизга нозил қилинганига ва биздан олдин нозил қилинганига иймон келтирганимиз, ҳамда кўпчилигингиз фосиқлар/йўлдан озган бўлганингиз сабабли бизни айбласангиз/ёмон кўрсангиз?”
5:60. Сен айт: “Аллоҳнинг наздида бундан-да ёмонроқ борар жойни айтайми сизга? Кимга Аллоҳ лаънат ва ғазаб қилган бўлса, кимларни маймун ва тўнғизлар қилиб қўйган бўлса, кимлар Тоғутларга қуллик/хизмат қилиб кетган бўлса, ана ўшаларнинг сўнгги борар жойи яна-да ёмонроқ, ва Тўғри Йўлдан яна-да адашганроқ”.
5:61. Сизга келганларида дедилар: “Иймон келтирганмиз”, ҳолбуки кирганда ҳам куфр билан кирганлар, чиққанда ҳам у билан чиққанлар. Уларнинг беркитаётганини Аллоҳ Ўзи яхшироқ билади.
5:62. Уларнинг кўпларини гуноҳ, адоват ва ҳаромхўрликда ўзаро югуриб-елаётганини кўрасан. Қанчалар ёмон бу ишлари!
5:63. Раббоний ва Аҳборлар уларни гуноҳ сўзлардан ва ҳаром ейишдан қайтарсалар бўлмасмиди!? Қанчалар ёмон бу ҳунарлари!
5:64. Яҳудлар деди: “Аллоҳнинг қўли боғланган”. Ўзларининг қўллари боғланган, бу айтгани учун улар лаънатланганлар. Йўқ, Унинг иккала қўли ҳам очиқ, истаганидай инфоқ этади. Раббингдан сенга нозил қилингани, уларнинг кўпида фақат Туғён ва Куфрни орттиради. Биз улар орасига Қиёмат кунига қадар адоват ва нафрат солиб қўйдик. Ҳар сафар уруш оловини ёқсалар, Аллоҳ ўчириб қўяди. Ер юзида бузғунчиликка шошадилар. Аллоҳ эса бузғунчиларни яхши кўрмайди.
5:65. Агар Китоб аҳли иймон келтириб тақво қилганида эди, уларнинг ёмонликларини кечириб, неъмати мўл боғ-роғларга киритган бўлар эдик.
5:66. Агар улар Тавротни, Инжилни ва Раббидан ўзларига нозил бўлганни қоим қилганларида эди, устларидан ва оёқлари остидан ризқлардан еган бўлардилар. Улар орасида бир муътадил уммат бор, лекин аксарияти – қилмишлари қанчалар ёмон!
5:67. Эй Расул, сенга Раббингдан нозил қилинганни етказ; агар бундай қилмасанг, Унинг Рисолатини етказмаган бўласан. Аллоҳ сени одамлардан асрайди. Аллоҳ кофирларни йўлга солмайди.
5:68. Сен Айт: “Эй Китоб аҳли, Тавротни, Инжилни ва Раббингиздан сизга нозил қилинганини қоим қилмас экансиз, ҳеч нарсага арзимайсиз”. Сенга Раббингдан нозил қилингани уларнинг аксарида Туғён ва Куфрни зиёда қилади. Шундай экан, бу кофирлар гуруҳи учун қайғурма.
5:69. Иймон келтирганлар – яҳудийлар, собиийлар ва насронийлар орасидан Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтирган ва солиҳ амал қилганлар учун хавф-хатар йўқ, улар маҳзун бўлмайдилар.
5:70. Исроил ўғилларидан Аҳд олдик, уларга Расуллар юбордик. Ҳар гал бир Расул уларга нафслари истамаган нарса билан келганида, баъзисини ёлғончига чиқардилар, баъзисини қатл этдилар.
5:71. Улар ўйладиларки, ҳеч қандай фитна бўлмайди, шу боис кўру-кар бўлиб олдилар. Кейин Аллоҳ яна уларга қайтди. Кейин улардан кўплари яна кўру-кар бўлиб олди. Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини кўриб туради.
5:72. Ҳақиқат шуки, “Аллоҳ бу Марям ўғли Масиҳ” деганлар кофир бўлдилар, ҳолбуки Масиҳ деган: “Эй Исроил ўғиллари, менинг Раббим ва сизнинг Раббингиз бўлмиш Аллоҳга қуллик/хизмат қилинглар! Ким Аллоҳга шерик қўшса, Аллоҳ унга Жаннатни ҳаром қилган, унинг борар жойи дўзах, бундай золимларга ҳеч бир ёрдамчи йўқ”.
5:73. Ҳақиқат шуки, “Аллоҳ Учтанинг Учинчиси” деганлар кофир бўлдилар, яккаю-ягона Илоҳ бор, ундан ўзга илоҳ йўқ. Агар улар айтаётган гапларидан тийилмаса, уларнинг кофир бўлганларига Аламли Азоб етади.
5:74. Аллоҳга тавба қилиб қайтсалар, унинг кечиримини истасалар бўлмасми? Аллоҳ Ғафур Раҳим /кечиримли, раҳмдил.
5:75. Марям ўғли Масиҳ фақатгина Расул. Ундан олдин ҳам Расуллар ўтган, Онаси эса Сиддиқа/содиқ аёл эди, икковлари таомланарди. Қара, уларга оятларни қандай баён қилиб бермоқдамиз; кейин қара, улар қандай юз ўгириб кетмоқда.
5:76. Сен айт: “Наҳотки, Аллоҳдан ўзга сизга зарар ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиганларга қуллик/хизмат қиласиз?” Ёлғиз Аллоҳ Самиъ Алим /эшитгувчи, билгувчи.
5:77. Сен айт: “Эй Китоб аҳли, динингизда ғулув қилманг/ҳақдан оғманг; ва илгари ҳам йўлдан озган, ҳам кўпларни оздирган, энди ҳам тўғри йўлдан озиб бўлган қавмнинг ҳавосига/истакларига эргашманг”.
5:78. Исроил ўғилларидаги кофирлар Довуд ҳамда Исо ибн Марям тилида лаънатланди. Бу – уларнинг исён ва тажовузлари/ҳаддан ошишлари сабабли.
5:79. Улар, қилган ёмонликларидан бир-бирини қайтармас эдилар. Қанчалар ёмон бу феъллари!
5:80. Уларнинг кўплари кофирларга юзланиб, уларни валий/йўл кўрсатувчи тутганини кўрасан. Нафси уларга тақдим этгани қанчалар ёмон! Аллоҳ уларга ғазаб қилди, улар Абадий Азобда қоладилар.
5:81. Агар Аллоҳга ва Набийга, ҳамда унга нозил қилинганга ишонганларида эди, уларни валий/йўл кўрсатувчи тутмаган бўлишарди. Лекин уларнинг кўплари фосиқлар/йўлдан озганлардир.
5:82. Одамлар орасида, муминларга қарши энг ашаддий душман бу яҳуд ҳамда Аллоҳга шерик қўшганлар эканини топасан. Иймон келтирганларга нисбатан меҳр-муҳаббатда яқинроғи бу ўзларини “Насоромиз” деганлар эканини топасан. Ана шундай, зеро улар орасида қиссислар/теран изланишлар олиб борувчи ва руҳбонлар бор, улар кибр қилмаслар.
5:83. Расулга нозил қилинганни тинглаганларида, ҳақни танигани сабабли кўзлари ёшга тўлганини кўрасан. Дейдилар: “Эй Раббимиз, биз иймон келтирдик/тасдиқладик, бизни шоҳидлар/ҳаққа гувоҳ бўлганлар билан бирга ёзгин.
5:84. Нега Аллоҳга ишонмайлик ва бизга келган ҳаққа имон келтирмайлик? Нега Раббимиз бизни ҳам солиҳлар билан бирга киритсин, дея умид қилмайлик?”
5:85. Бу сўзлари боис, Аллоҳ уларга остидан анҳорлар оққан боғ-роғлар берди, унда абадий қоладилар. Яхшилик қилувчиларнинг мукофоти ана шу.
5:86. Оятларимизга кофир бўлган ва уларни ёлғонга чиқарганлар Жаҳаннам аҳлидир.
5:87. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган покиза нарсаларни ҳаром қилиб олманг, ҳаддингиздан ошманг. Ҳаддидан ошганларни Аллоҳ яхши кўрмайди.
5:88. Аллоҳнинг ризқ қилиб берганидан ҳалол ва покизаларидан енг, ва ўзингиз иймон келтирган Аллоҳга тақво қилинг.
5:89. Аллоҳ қасамингиздаги янглиш сўзлар учун сизни жавобгар тутмайди, лекин қасд ила боғланган аҳдлар/зиммангизга олган мажбуриятлар учун жавобгар тутади. Бунинг каффорати: ўнта мискинни аҳлингиз таомланадиган ўртача даражада тўйдириш, ёки кийинтириш ёки бир қулни озод қилиш. Ким буни топа олмаса, уч кун Саум қилсин/Рўза тутсин. Боғланган аҳдлар/Зиммангизга олган мажбуриятларга хилоф қилганингиздаги каффорат ана шу. Боғланган аҳдлар/Зиммангизга олган мажбуриятларни муҳофаза этинг. Шукур қилишингиз учун, Аллоҳ сизга ўз оятларини ана шундай баён қилади.
5:90. Эй имон келтирганлар! Ичкилик, қимор, бут ва фол тошлари – Шайтоннинг/Йўлдан оздирувчининг ифлос ишларидандир. Нажот топиш учун улардан узоқ туринг.
5:91. Йўлдан оздирувчи/Шайтон, Ичкилик ва Қимор орқали орангизга адовату-нафрат солишни, сизни Аллоҳни эслашдан ва Салотдан/Буюрилган Йўлга эргашишдан тўсишни ирода қилади. Энди тийиласизми/бас қиласизми?
5:92. Аллоҳга бўйсунинг, Расулга бўйсунинг ва ҳазир бўлинг. Агар юз ўгириб кетсангиз, билингки, Расулимизнинг зиммасида фақат очиқ етказиш бор холос.
5:93. Иймон келтириб солиҳ амал қилганлар; тақво қилганлари, иймон келтириб, солиҳ амал қилганлари, сўнгра тақво қилиб иймон келтирганлари, сўнгра тақво қилиб яхшилик қилганлари муддатча, еган-ичганларида гуноҳ йўқ. Аллоҳ яхшилик қилгувчиларни суяди.
5:94. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизни ўз қўлингиз ва найзалар учи етадиган ов ҳайвонлари билан синовга тутади, токи ким Ундан ғайбда қўрқиши маълум бўлсин. Ким бундан кейин ҳам ҳаддларга тажовуз этса, унга Аламли Азоб бор.
5:95. Эй иймон келтирганлар! Ҳарамда эканингизда, ов ҳайвонини ўлдирманг. Сиздан кимки уни қасддан ўлдирса, бунинг жазоси – ўлдирганининг мисли – бунга сиздан икки одил киши ҳукм қилади – Каъбага етиб борувчи/оёғида тик тура олувчи жонлиқ; ёки каффорат сифатида бир мискинни тўйдириш, ёки унга тенг Савм/Рўза, токи қилган ишининг уволини тотсин. Аллоҳ ўтмишдагини кечирган, ким яна қайтиб кетса, Аллоҳ ундан интиқом олади. Аллоҳ Азиз Интиқом Эгаси/барчадан устун куч-қудрат эгаси, интиқом олувчи.
5:96. Сиз учун – ўзингиз ва йўлчилар учун тирикчилик сифатида – денгиз ови ва егуликлари ҳалол қилинган. Ҳаромда бўлганингиз муддатча, қуруқликда ов қилиш ҳаром, Аллоҳга тақво қилинг, Унинг ҳузурида тўпланасиз.
5:97. Аллоҳ Каъбани, Байт-ал-Ҳаромни, Ҳаром ойни, Ҳадйни, қурбонликка аталган ҳайвонларни одамлар учун моддий ва маънавий ҳаётни барпо этиш/қиём қилган. Токи билгайсизки, Осмонлару-Ердаги барча нарсанинг илми Аллоҳда. Ҳақиқатан, Аллоҳ барча нарсани билгувчидир.
5:98. Билингки, Аллоҳнинг таъқиб этиши шиддатли; ва билингки, Аллоҳ Ғафур Раҳим /кечиримли, раҳмдил.
5:99. Расул зиммасида фақат етказиш бор холос. Аллоҳ сизнинг барча ошкор ва яширин нарсангизни билади.
5:100. Сен айт: “Пок билан Нопок асло тенг бўлмайди, гарчи нопокнинг кўплиги сени ажаблантирса-да. Шундай экан, нажот топиш учун Аллоҳга тақво қилинг, эй ақл эгалари!”
5:101. Эй иймон келтирганлар! Очиқланса хушингизга кетмайдиган нарсалар ҳақида сўраманг. Агар Қуръон нозил бўлаётган даврда уларни сўрасангиз, сизга очиқланади. Ҳолбуки Аллоҳ уларни авф этган. Аллоҳ Ғафур Ҳалим /кечиримли ва мулойим муомала қилувчи.
5:102. Сиздан олдингилар буларни сўраганлар, кейин кофир бўлиб кетганлар.
5:103. Баҳира, Соиба, Васила ва Ҳом деган нарсаларни Аллоҳ қилмаган. Лекин кофир бўлганлар Аллоҳга қарши ёлғон уйдирадилар, уларнинг кўпчилиги ақл ишлатмайди.
5:104. “Аллоҳнинг нозил қилганига ва Расулга келинг!” дейилганида, “Ота-бобомизни топган йўл бизга етарли” дейишади. Ота-боболари ҳеч нарсани билмаган, Тўғри Йўлга юрмаган бўлсалар ҳамми?
5:105. Эй иймон келтирганлар, сиз ўзингизга қаранг/фақат ўзингиздан масъулсиз. Агар Тўғри Йўлда бўлсангиз, адашганлар сизга зарар етказолмайди. Барчангиз Аллоҳга қайтасиз, Унинг Ўзи сизнинг қилиб ўтган ишларингизни хабар беради.
5:106. Эй иймон келтирганлар! Бирортангизга ўлим етса, васият вақтида орангиздан икки одил киши гувоҳ бўлсин. Ёки агар ер юзида сафарга чиққанингизда, ўлим етса, сиздан бўлмаган икки киши гувоҳ бўлсин. Агар шубҳалансангиз, Салотдан кейин/васиятнинг тўғри йўли кўрсатилгандан кейин, Аллоҳ номига ушбу қасамни ҳам ичказинг: “Биз бу гувоҳликни бирон эвазга сотмаймиз, ва Аллоҳнинг гувоҳлигини яширмаймиз, агарчи яқинимиз бўлса ҳам. Акс ҳолда гуноҳкор бўламиз”.
5:107. Агар гуноҳкор бўлгани аниқланса, ҳақларни поймол этмоқчи бўлганлар ўрнига улардан муносиброқ бошқа икки киши гувоҳликка ўтади. Улар Аллоҳ номига шундай қасам ичадилар: “Бизнинг гувоҳлигимиз уларнинг гувоҳлигидан тўғрироқ. Биз ҳаққа тажовуз этмадик, акс ҳолда золимлардан бўламиз”.
5:108. Гувоҳликни тўғри адо этишларига, ёки қасамдан кейин қасамини рад этишидан қўрқишга энг яқини мана шудир. Аллоҳга тақво қилинг ва қулоқ солинг. Аллоҳ фосиқларга/йўлдан озганларга йўл кўрсатмайди.
5:109. Аллоҳ Расулларни жамлайдиган Кун дейди: “Даъватингиз ижобати қандай бўлди?” Дедилар: “Бизда бунинг илми йўқ. Барча ғайбларни билгувчи ёлғиз Сендан”.
5:110. Эсланг, Аллоҳ деди: “Эй Марям ўғли Исо, сенга ва волидангга бўлган неъматимни ёд айла: мана сени Руҳ-ул-Қудус билан қўлладим, бешикда ҳам вояга етганингда ҳам одамларга гапирдинг; Сенга Китобни, Ҳикматни, Таврот ва Инжилни ўргатдим. Менинг изним билан лойдан бир қуш ясаганинг, ва унга уфлаганинг/даъват қилганинг, ва Менинг изним билан у Тайр/элчи бўлганини эсла; ва кўрни кўзини очганинг, песни тузатганинг, ва Менинг изним билан ўликларни чиқарганингни ёдга ол. Эсла, сендан Исроил ўғилларини даф этдим; уларга очиқ баён этилган оятлар билан келганингда, орасида кофир бўлганлар деди: “Бу бор-йўғи очиқча сеҳр”.
5:111. Эсланг, Ҳаворийларга ваҳй қилдим: “Менга ва Расулимга иймон келтиринглар!” Улар дедилар: “Иймон келтирдик, Ўзинг гувоҳ бўл, биз таслим/мусулмон бўлдик”.
5:112. Мана Ҳаворийлар деди: “Эй Марям ўғли Исо, Раббинг биз учун самодан Моида/дастурхон нозил қила оладими?” Деди: “Аллоҳга тақво қилинглар, агар мумин бўлсангиз”.
5:113. Дедилар: “Истагимиз – ундан ейлик, қалбимиз таскин топсин, бизга рост айтганингни билайлик ва бунга гувоҳлардан бўлайлик”.
5:114. Марям ўғли Исо деди: “Аллоҳим, эй Раббимиз, бизга самодан бир Моида/дастурхон нозил этгин, токи биз учун байрам бўлсин, ўтмиш ва келгуси насллар учун Сендан бир оят-ишорат бўлсин. Ўзинг бизга ризқ бергин, энг яхши ризқ бергувчи Сендан”.
5:115. Аллоҳ деди: “Мен сизга уни нозил қиламан, сўнгра сиздан ким нонкўрлик қилса, оламлар/қавмлар орасида ҳеч кимга бермаган азоб билан азоблайман”.
5:116. Эсланг, Аллоҳ деди: “Эй Марям ўғли Исо, одамларга: “Мени ва волидамни Аллоҳдан ўзга икки илоҳ қилиб олинг”, деган сенми?” Деди: “Сен Пок ва Олийсан! Ҳаққим бўлмаган гапни гапириш менга мумкин эмас. Агар мен шундай деган бўлсам, Ўзинг буни билардинг. Сен мендагини биласан, мен Сендагини билмайман. Барча ғайбларни билгувчи ёлғиз Сенсан”.
5:117. Мен уларга фақат Сенинг буюрганингни айтганман: “Раббим ва Раббингиз бўлмиш Аллоҳга қуллик/хизмат қилинг”. Мен улар орасида бўлганимда уларга гувоҳ бўлдим, лекин Сен мени вафот топтирганингдан буён, уларнинг устида кузатиб тургувчи Сенсан. Барча нарсага гувоҳ Ўзингсан.
5:118. Агар уларни азобга маҳкум этсанг, улар Сенинг қулларинг; агар кечирсанг, Сенсан Азиз ва Ҳаким /куч-қудрат ва ҳикмат/ҳукм эгаси.
5:119. Аллоҳ деди: “Бу Кун содиқларнинг садоқати фойда берадиган кун”. Улар учун остидан анҳорлар оқувчи, ичида абадий қоладиган боғ-роғлар бор. Аллоҳ улардан рози, улар ҳам Ундан рози. Улуғ Ютуқ ана шу.
5:120. Осмонлару-Ернинг ҳамда улардаги барча нарсанинг Мулки/Эгалиги ёлғиз Аллоҳнинг. У барча нарсага қодир!