false_rel
May 2, 2021

Насх-мансух ўйини-2 (Аллоҳнинг оятларини ожиз қолдирмоқчи бўлганлар)

“Исломда НАСХ-МАНСУХ бор!” эътиқоди мансублари бир оятнинг ҳукмини йўқотиш,уни амалдан қолдириш мумкин дея уқтирмоқчи бўладилар.

Масалан, маст қилувчи ичимлик – хамрга тегишли 4 оятни келтиришни хуш қўришади, гўёки бу оятлардан учтаси насх қилинган ва фақат биттаси амалда ишлайди, дейишади. Қуръонда бу – “Аллоҳнинг оятларини кучдан қолдириш, ожиз қилишга уриниш” дейилади:
“Бизнинг оятларимизни ожиз қолдириш учун ҳаракат қиладиганлар эса, ана ўшалар азоб ичига ҳозир қилинганлардир” (Сабаъ:38)
“Бизнинг оятларимизни ожиз қолдирмоқчи бўлиб, югуриб-елувчилар, ана ўшалар жаҳийм эгаларидир” (Ҳаж:51)

Хўш бу оятлардаги “оятни ожиз қолдириш” – нима дегани? нима у – оятни ожиз қолдириш?..

“Ожиз қолди” дегани – куч-қувватдан қолди, ишга ярамай қолди, ишдан чиқди, кераксиз бўлди, қўлидан хеч иш келмайди, деганидир. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳнинг бу ояти ҳеч нимага ярамайди дегани, шундай эмасми? Субҳоналлоҳ!

Агар бу оятларни келтирсанг, айтишадики “Бу ўтмиш динлардаги ишларга алоқадор эди”. Нега? Чунки бу ерда феъл ўтган замон шаклида келган! Абсурдни қарангки, бу бечоралар билмайдики, бу – Қуръон услуби -бўлишлиги аниқ ҳақиқат бўлган учун феълни ўтган замон, мозий шаклида келтиради, яъни бу – албатта содир бўлади, содир бўлиши узил-кесилдир, дегани.

Аллоҳнинг Қуръони – бизга мактабдаги ёзув тахтаси эмаски, бир нарса ёзиб, ортидан ўчираверса бўладиган.
Йўқ, Аллоҳнинг каломи охирги илоҳий китоб-ки, унинг бирор ҳукми, қиёматгача бирор ояти ўзгармасдан ва ҳукми бекор қилинмасдан етиб боради.

Биз бу Қуръонни Аллоҳ таолонинг ҳимоясида эканига, уни ҳеч ким бузолмас ва ўзгартиролмаслигига иймон келтирган умматмиз.

“Албатта, зикрни Биз нозил қилдик ва, албатта, уни Биз муҳофаза қилурмиз” (Хижр:9) деган Аллоҳнинг оятларини ожиз бандалар бекор қила олади, деган иддао – Аллоҳга ва Унинг оятига ва динига ҳақоратдир.

Аммо насх ўйинига йўл очилгач, уни тўхтатиб қололмадилар… Қанчадан-қанча илоҳий ҳукмлар мана шу ўйин билан бугун умматнинг ўй-ҳаёлидан четлатилгандир. Ҳатто Қуръонни англаш ва ҳаётга татбиқ этиш ҳам инсоният учун бугун “насх этилган”, миллиардлаб мусулмон Қуръонсиз ҳаёт кечирмоқда!

Бу НАСХ ўйинини қувватлаш учун, уни оқлаш учун дин душманлари нималарни ўйлаб топишмади, қандай хадис ва ривоятлар уйдириб келмади дейсиз…

Мана бир неча мисол. Суютий ривоятида Оиша р.а дан шу ҳадис келтирилади: “Биз Росулуллоҳ с.а.в даврларида Аҳзоб сурасини 200 оят ўқирдик, Усмон даврига келиб у 73 оят бўлди”… Агар бунга ишонилса, суранинг 127 ояти йўқолди деганидир. Хўш, қаерга кетди бу оятлар? Унда нималар, қандай ҳукмлар бор эдики, кейинчалик йўқотилди?..

Яна бир ҳадисда саҳоба номидан шундай дейилади: “Пайғамбар а.с уни (саҳобани) хузурларига чақирдилар, дедиларки: “Мана бу оятлар нозил бўлди, уларни ёз”. Саҳоба уларни ёзди, сўнгра уйига кетди, ёзганни ёстиғининг остига қўйди, бир ухлаб турди ва нозил бўлган оятни эсламоқчи бўлди, хотирасига келмади, унутди, дархол ёстиқ тагидаги ёзувга қаради – у ердаги ёзилган жойидан ҳам ўчган, дарҳол Расулуллоҳнинг ҳузурига чопиб борди ва воқеъани айтиб берди, Расулуллоҳ нима жавоб қилибди денг, “Қўявер у оятлар энди керак эмас, унут уларни”…

Яна бир ривоятда гўё ҳазрати Оиша (р.а) айтибдиларки: “Биз бир пайтлар баъзи оятларни ўқирдик, кейин булар ўқилмай қўйилди, унутилди”…

Ёки зинога алоқадор бўлган ражм ҳақида (тошбўрон қилиб ўлдириш) ҳақида Умар р.а. гўё шундай демишки: “Ражм ҳақида келган оят бор эди, агар одамлардан қўрқмаганимда, бу оятни Қуръонга ёзар эдим”… Буни ким айтяпти? Ҳазрати Умар! Аллоҳнинг амри рўёбга чиқиши учун дунёларга ўт қўйишга тайёр Умар!!!
Бошқа ҳадисда эса шу ражм ояти ёзилган саҳифани бир эчки (!) келиб еб кетгани айтилади.

Албатта, ақли-хуши соғлом одам бунақа уйдирмаларга – модомики Қуръонни Аллоҳ муҳофаза қилишига ишонса, Пайғамбар алайҳиссаломни “сизларга омонатни тўла етказдим” дейишига ишонса, – уйдирма дея қарайди.

Буларни нега келтирмоқдамиз? Мана шу НАСХ уйини билан, Ислом уммати тарихида минглаб инсон тошбўрон қилиб ўлдирилди, Аллоҳнинг бир оятини (Нур:2) насх этиб, ўрнига уйдирилган ражм ҳадислари билан! Ва бугун ҳам Ислом шариати дея давом эттирилмоқда. Энг даҳшатлиси – бу насх ўйини фош этилмас ва уммат бундан воз кечмас экан, ноҳақ ўлдиришлар яна юзйилларча давом этаверади!

Бу насх ҳикояларини эшитган инсонда беихтиёр саволлар туғилади: “Бу динда яна нималар унут бўлдийкин:..” Ҳатто одамлар орасида “Сизларнинг динингиз ярим-ярти, қолгани унутилган, Аллоҳингиз сақлай олмаган” дегувчилар ҳам топилмоқда!

Бухорий 7500 ҳадис ривоят қилган, агар такрор келганларини чиқариб ташланса – 4000 ҳадис қолади, баъзи манбаларда бу ҳадисларни 100 минг ҳадис ичидан олган дейилса баъзи манбаъда 600.000 ҳадис орасидан саралаб олган ҳам дейилади, борингки, 100 минг ҳадис орасидан ажратиб олган ҳам дейлик. У ҳолда ўша 7500 ҳадис фақат 7,5% хадис саҳиҳ дегани бўлади, қолган 92500 ҳадис, яъни 92,5% хадис уйдирма дегани бўлади. Бухорий олмаган ҳадисларни Муслим олди. Бу иккови олмаганларини бошқа ҳадисчилар олди, ва бу ривоятларнинг ҳаммаси ҳозир ўртада ишлатилиб, фойдаланиб келинмоқда.

Дин душманлари бу уйдирма ҳадислар орқали кимларга қарата тош отишни режалаштирганларини сезмаяпсизми?..

http://kemalyoldash.com/tag/mansux