false_rel
May 2, 2021

Насх-мансух ўйини-3. (Хотима)

Қуръонни тадаббур қилишдан узоқ баъзи “аҳли илмлар” насх-мансух ўйинида оятларни қуйидагича ажратади:
Матни боқий – ҳукми мансух оятлар (гўё оят бор, аммо уни ҳукми йўқ).
Ҳукми боқий – матни мансух оятлар (ҳукми бор эмиш-у, аммо оят йўқ(?), бунга ўша ражм оятини далил қилмоқчи бўлишади)

Ҳукми ҳам йўқ, матни ҳам йўқ оятлар бор дейдиганлар ҳам топилди, (бунга эса бир инсонни водий тўла олтини бўлса у иккинчисини, сўнг учинчисини, сўнг кейингисини истайди, токи унинг қорнини тупроқ тўйдиргунча, қабилидаги гўёки оятни шунга мисол қилиб келтирмоқчи бўлишади).

“Биз бирор оятни насх қилсак ёки унутдирсак, ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодир эканини билмадингми?” (2:106). Бу оятни айнан насх этувчи оят деб далил қилмоқчи бўлишади ва… яна хатога дучор бўлишади.

Биз билишимиз керак бўлган нарсалардан бири шуки, Қуръондаги “оят” калимаси (арабчадан) фақат “жумла” деб таржима қилинмайди.

Қуръонда “оят” калимаси хатто “рисолат”, яъни пайғамбарлик маъносида ҳам келади. Ундан ташқари бу калима (“оят” калимаси) Қуръонда ишорат, мўъжиза, Қуръон, аломат ва далил маъноларида ҳам қўлланилади.

Энди бевосита Бақара:106-оятга қайтсак, бу оятда Аллоҳ таоло “Оятлардан биронтасини насх қилсак ёки унутдирсак”… демоқда. Биринчидан, “унутдирсак” дегани “унутдирдик” дегани эмас, агар биз бу оятни унутдирилиш деб қарасак, бошқа оятларда ҳам бунга ўхшаш хабар бор, ва уларга нисбатан ҳам бу мантиқни қўлласак, боши берк кўчадан чиқолмаймиз. Масалан, “Агар хоҳласак, сенга ваҳий қилган нарсаларимизни кетказамиз. Сўнгра бизга қарши ўзинг учун бирор вакил топа олмассан” (17:85). Бу оятдаги “ҳохласак кетказамиз” деган калима – “ҳохладигу-кетказдик” деган маъно берадими? Йўқ, албатта. Бу оят Аллоҳ таолонинг Қудратига ишора қилувчи оятлардандир-ки, истасак қила оламиз, қодирмиз, деган маънодадир. Ёки бошқа бир мисол, “Батаҳқиқ, сенга ва сендан олдин ўтганларга ҳам: “Агар ширк келтирсанг, албатта, амалинг беҳуда кетур ва, албатта, зиёнкорлардан бўлурсан” (38:65) оятидаги “ширк келтирсанг, албатта, амалинг беҳуда кетур” жумласи “ширк келтирдинг, энди амалинг бехуда кетди” деган маънога келадими? Албатта йўқ (Аллоҳ сақласин).

Хуллас, Бақара сурасининг 106-оятидаги: “Оятлардан биронтасини насх қилсак ёки унутдирсак”… маъносини билиш учун биз ундан олдинги оятга эътибор беришимиз лозим бўлади: “Аҳли китоб ва мушриклардан бўлган кофирлар сизларга Роббингиздан яхшилик нозил бўлишини ёқтирмайдилар. Ва ҳолбуки, Аллоҳ Ўз раҳматини кимга хоҳласа, ўшанга хос қилади. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир” (2:105)

Бу оятда Аллоҳ таоло аҳли китоб ва мушриклардан бўлган кофирларни Мухаммад (с.а.в)га ва унинг умматига келаётган яхшиликни – рисолатни – Қуръонни – нозил бўлишини ёқтирмасликларини ва агар Аллоҳ таоло истаса, уларга аввалда берилган (Таврот, Инжилдаги) оятларни унитдириб, бизга ундан яхшисини ёки унга ўхшашини келтиришини – Қуръонни туширишга қодир эканини баён қилмоқда.
Мана шу 106-оятдаги “насх эттирсак”нинг асл маъносидир.

Насх-мансух теориясини оқлаш учун келтириладиган яна бир оят – Нахл сураси 101- оятдир. Бу оятни ҳам насх этувчи деб далил қилишмоқчи бўлишади ва яна хато қилишади.

“Қачонки, Биз бирор оятни бошқа бир оят ила алмаштирсак, – ҳолбуки, Аллоҳ нимани нозил қилишни яхши билгувчидир – улар: «Шубҳасиз, сен уйдирмачисан!» дерлар. Йўқ! Уларнинг кўплари билмаслар” (16:101).

Нахл сураси – Маккий сурадир. Маккий сураларда насх умуман йўқ экани ҳаммага маълум, чунки маккий сураларда ҳали шаръий ҳукмлар келмагандир. Бу оятдаги “сен уйдирмачисан” дегувчи мушриклар нимани мурод қилаётганини эса кейинги, 102- ва 103-оятлар ойдинлашади.

“Сен уни Руҳул-қудус Роббингдан иймон келтирганларни собитқадам қилиш учун ва мусулмонларга ҳидоят ва хушхабар этиб ҳақ ила туширганини айт. Батаҳқиқ, биламизки, албатта, улар: «Унга фақат башар таълим бермоқда, холос», дерлар. Улар гумон қилаётганнинг тили ажамийдир. Бу эса очиқ-ойдин арабийдир” (16:102-103).

Яъни 101-оятдаги “бошқа бир оят” калимасининг маъносида ҳам айнан аввалги унитдирилган дин назарда тутилганини, алмаштирилган нарса эса мушрикларнинг истамаётгани – оят (дин)дир, ўрнига келгани оят эса рисолат эди, унга қарши эканликларини тухмат ила “унга башар таълим бермоқда” дердилар.
Насхни оқлаш учун келтириладиган иддаоларидан бири, Раъд сураси 39-оятдир. Бу хам Маккий сура. Бу оятда ҳам аслида насхга тааллуқли ҳеч нарса йўқ.

“Аллоҳ нимани хоҳласа, маҳв қилур, нимани хоҳласа, собит қилур. Она китоб Унинг даргоҳидадир” (13:39)

Бу – яратилиш ва борлиқ қонуниятларига таалуқли бир оятдир, яъни мавсумлар, фасллар, сайёралар, ою-қуёш ва буларнинг барчаси келиб-кетиб алмашиб туришлари, бири келиб, бошқаси маҳв бўлиши ҳам Аллоҳ таолонинг даргоҳидан – Она Китобдан эканлини баён қилинмоқда.

ХОТИМА

Қуръонга хиёнат қилиб бўлмайди, Қуръондан фақат бир оятни ушлаб, бошқасини четлаб тушуниб бўлмайди. Қуръон ҳукмларини насх этиб, ўрнига бошқа ҳукм чиқариб бўлмайди. Қуръон ҳақида гапириш учун эса Қуръоннинг ўзидан гапириш лозим бўлади. Қуръонни унутиб бўлмайди, унда бирорта ортиқча оят ҳам йўқ, ноқис оят ҳам йўқ. У – Аллоҳ таолонинг мукаммал каломи ва бизга юборгани ҳидоят йўлидир. Қуръон – ақл эгалари учундир. Қуръон – Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимоясидадир.

“Ҳақиқат шуки, Аллоҳ Ўз китобида нозил қилган нарсани беркитувчи ва уни озгина қийматга сотувчилар, ана ўшалар қоринларига оловдан бошқа нарсани емаслар, уларга Аллоҳ қиёмат куни гапирмас ва уларни покламас. Уларга аламли азоб бордир. Ана ўшалар ҳидоят эвазига залолатни, мағфират эвазига азобни сотиб олганлардир. Дўзах оташига қандоқ ҳам чидайдилар-а?! Бунинг сабаби, албатта, Аллоҳ китобни ҳақ ила нозил қилганидир. Китоб хусусида ихтилоф қилганлар эса, тубсиз тортишувдадирлар” (2:174-176)

Аллоҳ барча нарсани ҳаққи ила билгувчи ва барча хикматлар соҳибидир.

http://kemalyoldash.com/tag/mansux