Диний саволларга Қуръондан 10 мисол
Китобимизнинг мазкур қисмига қадар Қуръон ягона дин манбаи экани ва динни фақат ундан олиш зарурлигини таъкидлаб келдик. Шу билан бирга, Қуръондан ташқари бўла туриб, диннинг асоси дея гумон қилинган маълумотлар, аслида, динга алоқаси йўқлигини ҳам таъкидлаб келдик.
Масалан, 18- ҳамда 21-бобларда санъат ҳамда аёллар билан боғлиқ уйдирмалар ҳақида сўз юрита туриб, Қуръонда йўқ буйруқ ва қайтариқлар диний жиҳатдан ҳалол-ҳаром бўлолмаслигини ўрганиб чиқдик.
Энди киришадиганимиз ушбу бобда ҳар қандай масаланинг диндаги ҳукмини билмоқчи бўлган кишилар нима қилмоғи лозим, деган саволга ўнта мисол асосида жавоб излаймиз. Кейинги бобларда эса намоз, рўза, ҳаж ва закот каби энг маъруф мавзулар ҳам Қуръонга асосанган ҳолда ўрганилади. Аввало, Аллоҳнинг динига, яъни юборган Китобига кўра, бир мавзуни қандай тушуниш лозимлиги билан боғлиқ асосий қоидаларимизни қисқа тарзда санаб ўтамиз:
• Қуръон ягона дин манбаи, яъни Дин бу Қуръон. Қуръон бу Аллоҳнинг каломи ва бизга ҳақиқий динни тўлиқ англашимиз учун нозил қилинган.
• Қуръондаги ҳеч бир оят бошқа оятга зид ва хилоф келмайди. Диний масалалар Қуръон бутунлиги ичида тушунилади. Бирор мавзуга доир барча оятлар олдинги ва кейинги оятлар билан бирга (контекст) тадқиқ этилади. (Қуръоннинг бир қисмини қабул, бошқа қисмини инкор этиш – Қуръонни буткул инкор этиш билан тенг).
• Қуръонда бўлмаган бирор мавзу динда ҳам ўрин олмайди. Бу қоида татбиқ этилгач, динга киритилган иловаларнинг 90 фоиз кўпидан ҳалос бўламиз. (Бу модда ўта муҳим, шу боис унга 39-бобда яна қайтамиз). Бирор нарса Қуръонда таъқиқланмаган бўлса, демак ҳаром эмас, ҳатто бунинг ҳаром эмаслигини билдириш учун бошқа ҳукмларга ҳожат йўқ.
• Динга қилинган илова ҳукмлар аксарият ҳолларда Қуръон оятларининг маъносини буриш орқали амалга оширилганини унутмаслик керак. Шу боис бирорта шубҳали ҳукмга дуч келсак, Қуръоннинг оригиналидан, яъни арабча матнидан жавоб ахтаришимиз лозим бўлади. (Бу изланиш якка ёки жамоавий тарзда олиб борилиши мумкин. Энг муҳими, улар Қуръонни ягона дин манбаи ўлароқ қабул этган, яъни ривоят ва мазҳаблар “заҳари”дан покланган кишилар бўлиши керак). Савол уйғотган калиманинг аввало Қуръон нузули давридаги асл маъноси, Қуръон бутунлиги ичида қайси мафҳумни англатиши, сўнгра унинг оят контекстидаги маъноси ўрганилади.
• Шуни ҳам унутмаслик керакки, Қуръонни англамоқчи бўлган ақл, инсоф ва виждон қаршисидаги энг қалин тўсиқлар бу – ота-бобо дини, ўтмишдан қолган урф-одатлар, кўпчилик қабуллари, атроф-муҳитнинг босими ва ш.к. монеълардир.
Мазкур тамал қоидаларимизни эслатиб ўтгандан кейин диний саволларга Қуръондан жавоб олишга 10 та мисол келтирамиз:
1. Савол: Динимизда бир кишининг бошқаларга намоз ўқиб бериши борми? Агар бор бўлса, аёллар эркакларга намоз ўқиб бериши мумкинми?
Жавоб: Қуръон оятларидан шуни кўриш мумкинки, Пайғамбаримиз бошқа кишиларга намозда имом бўлганлар (Нисо:102). Намозни ёлғиз ўқишга ҳам, жамоат бўлиб ўқишга ҳам таъқиқ йўқ, шу боис, ҳам ёлғиз ҳам жамоат билан ўқиш мумкин. Шу билан бирга, Қуръонда намозда эркак ё аёл имомликка ўтсин-ўтмасин деган чеклов ҳам йўқ. Демак, Қуръонда ўргатилган динда эркак ҳам, аёл ҳам бир жамоатда намоз ўқиши, имомликка ўтиши мумкин. Қуръон нузули даврида бугунги маошли имомлар, муаззинлар, мутаваллий ва ш.к. синфлар йўқлигини эсласак, диний соҳада манфаат ва рақобат мавзусини англаш осон бўлади.
2. Савол: Аёллар, ҳайз ва нифос ҳолларида Қуръон ўқишлари, намоз ўқишлари, рўза тутишлари жоизми?
Жавоб: Аёлларнинг ҳайз пайтига тааллуқли чекловлар Қуръонда фақат биргина оятда келган. Ҳайзга тааллуқли ҳукмлар ушбу оятдан очиқ англашилади, бундан ташқари чиқарилган ҳукмлар диннинг ҳукми бўлолмайди.
“Сендан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айт: “У бир кўнгилсизликдир. Шундай экан, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз, ва то поклангунича улар билан яқинлик қилмангиз! Поклангач, Аллоҳ сизларга амр этгани тарафдан келингиз! Шубҳасиз, Аллоҳ қайтувчиларни суяр, ва поклангувчиларни суяр”. (Бақара:222)
Кўриб турганимиздек, ҳайз масаласида Аллоҳ қўйгани ягона чеклов – жинсий яқинлик чеклови. Қуръон ва намоз ўқишдан, рўза тутишдан қайтариш каби таъқиқлар йўқ. Яъни, намоз ҳам, рўза ҳам худди бошқа кунлардаги каби ҳайз пайтида ҳам бирдек фарздир, буларни фарз қилган Аллоҳ ҳайз ва нифос кунлари учун бирор истисно таъйин қилмасдан фарз қилган.
Аёл ҳайз ҳолида масжидга кирмасин ёки Қуръон ўқимасин, деган ҳукм ҳам йўқ Қуръонда. Модомики, ҳайзга тааллуқли оятда фақат жимоъ таъқиқланган экан, демакки Аллоҳнинг ҳукми ушбу ҳукмдан иборат. Агар намоз, рўза таъқиқланиши керак бўлганида, Аллоҳ уларни ҳам санаб ўтмасмиди? Ҳолбуки, намоз жимоъдан янада муҳимроқ, чунки намоз кунда беш маҳал қилинади, жимоъ эса ундай эмас.
Бугунги аянчли манзарага қаранг. Қуръон ўқиб, Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларини ўрганиши лозим бўлган мўъмина аёллар дин номидан дин уйдириб диндан узоқлаштирувчилар дастидан ҳаётининг 1/6 қисмини Аллоҳнинг ИҚРО! амридан маҳрум яшаб ўтказади.
3. Савол: Сигарет ҳалолми, ҳаромми, макруҳми, мубоҳми?
Жавоб: Қуръонни ўрганишда сигарет деган на бирор моддага, на сигаретга ўхшаш бирор жумлага дуч келмаймиз. Қуръонда ҳаромлардан ташқари яна макруҳлар категорияси деган алоҳида бир рўйхат ҳам йўқ. Мабодо сигарета соғлиққа зарарли эканидан ҳаром ёки макруҳ дейиш зарур бўлса, у ҳолда ортиқча вазни бўлганлар учун кўп ва ёғли егуликлар ейиш ҳам ҳаром, холестерол борлар учун мол гўшти ейиш макруҳ, кола каби кислотали ичимлик ичиш, уйқудан олдин овқат ейиш каби соғлиққа зарарли дейилган мисолларнинг барчаси ҳаром ёки макруҳ қилиниши керак эди.
Диетологлар фикрига кўра, рафинадли шакар ва оқ ундан тайёрланган хамирли таомлар зарарли, демак улар ҳам диний ҳукмлар сирасида ҳаром ёки макруҳ санаб ўтилиши керак эди. Агар “Соғлиққа зарарли ҳар нарса ҳаром” деган бир қоида динда бўлганида, дин ҳаддан зиёд оғир ва қийин аҳволга келтирилган бўларди.
Аллоҳ бу динни Ўзи ўргатган, унда нималарни нозил қилишни ҳам жуда яхши билган. Аллоҳ ўз қуллари учун қулайлик истаган, шу боис динни ўз Китобида ўта қулай қилиб берган. Диндаги ҳар бир ҳукм, ҳар бир буйруқ ёки қайтариқ, бу Қиёматда биз масъул бўладиган мавзулардир, бизнинг жавобгарлик майдонимиздир. Дин ичидаги масалалардаги каби, диндан ташқари масалаларда ҳам (яъни Қуръонда зикр этилмаган масалаларда ҳам) ақл юритиш бизни энг тўғри ва энг яхши натижага элтувчи ягона йўл. Шу боис, сигарет чекувчилар ўзлари ақл юритиб, нима қилишга ўзлари қарор беради.
4. Савол: Қуръонда азон борми? Азонни арабчадан бошқа тилда айтса бўладими? Намоз-чи? Қуръонни ўз она тилида ўқиса бўладими?
Жавоб: Қуръонда Салотга чақириш учун бир нидо қилиниши айтилади (“Жумъа” сураси). Аммо оятда бу чақириқнинг шакли айтилмаган. Азон дея ном олган чақириқ қай тарзда қилиниши инсонларнинг танловига қолдирилган. Агар Аллоҳ истаса, азоннинг (Салотга чақириқнинг) сўзларини ҳам очиқларди. Азон калималари берилмганидек, қайси тилда айтилиши ҳам Қуръонда берилмаган. Азонни қайси тилда (ҳатто қай тарзда) айтилиши тамоман инсонлар танловига қолдирилган.
“Азонни ҳар ким танийди, азон ҳар мусулмон миллатнинг муштарак шиоридир ва ўзгармасдир” дейишлари мумкин. Ҳақиқатан, мусулмонлар азонни эшитганида, дунёнинг қаерида бўлмасин, бунинг намозга чақириқ эканини англайди. Шунинг учун “Азон қай тилда айтилади?” деган тортишув Куръон нуқтаи назаридан, ноўрин деб биламиз.
Бизнинг эътибор қаратмоқчи бўлганимиз бошқа жиҳат. Азон ўқилмайдиган маконларда (масалан, масжидлар бўлмаган ғайридин ўлкаларда ёки овоз узатгичлар таъқиқланган ва халққа эшиттириш имконсиз бўлган яқин диёрларда) салотнинг вақтини билдириш ва унга чақиришнинг альтернатив (масалан, бугунги SMS ёки ижтимоий тармоқлар орқали эълонлар ва ш.к.) йўлларидан фойдаланишда бирор гуноҳ йўқ.
Худди азон каби намозни ҳам, жума намози хутбасини ҳам Қуръонни ҳам ўз она тилида (ёки тушунарли ҳар қандай тилда) ўқишга таъқиқ йўқ. Қуръон бизни “тафаккур” этишга чақиради (Тафаккур – фикр юритиш). Қуръон бизни Қуръонни “тадаббур” этишга чорлайди (Тадаббур – теран англаш, кўринган тарафини ўрганиб, кўринмаган жиҳатини илғаш). Қуръон биздан Қуръонни тазаккур (фарқли ўринларда зикр этилган нуқталарни эътиборга олган ҳолда қамраш) билан ўқишга бошлайди, Қуръон бизни фиқҳ этишга йўллайди (тафақкуҳ – энг кичик тафсилотларига қадар билиш), Қуръон бизни ақл юритишга бонг уради (тааққул – воқеалар орасида боғлиқлик қуриш).
Қуръонга тааллуқли ушбу чақириқларнинг барчаси интеллектуал фаолиятдир, ҳеч шубҳа йўқки, бу фаолиятни амалга ошириш, фақат энг яхши англайдиган она тилимизда Қуръон ўқиш орқалигина мумкин бўла олади.
Қисқаси, ҳар қандай ибодатни ўзимиз тушунган, билган тилда адо этишимиз, айтилган сўзни энг яхши англай оладиган тил бўлгани учун мумкин. Мана шу фаолият Қуръонни тафаккур, тадаббур, тазаккур ва тааққул қилиш чақириқларига тўғри жавобимиз бўлади.
5. Савол: Мусулмон киши кимларга никоҳланиши мумкин?
Жавоб: Бу масалада тўлиқ тасаввурга эга бўлиш учун “Диний масалалар Қуръон бутунлиги ичида тушунилади” қоидасини эслайлик. Аввало, мушриклар билан никоҳланиш ҳаром қилинган. (Дарвоқеъ, атеистлар Аллоҳга моддани шерик қилишади, яратилишни тасодифга боғлашади, Аллоҳнинг Яратувчи, Ризқ берувчи, Ҳаёт берувчи ва ҳар бир жоннинг тириклигини таъминловчи каби сифатларини моддага нисбат этади, бу жиҳати билан ширк келтирувчилар синфига киради).
Бунга тааллуқли Қуръон оятлари шулардир:
“То иймонга келмагунларича, мушрика аёлларга никоҳланманг. Шубҳасиз, бир мушрика аёлдан – гарчи у сизга ёқса-да – иймонли чўри яхшироқдир. То иймонга келмагунларича, мушрик эркакларни никоҳламанг. Шубҳасиз, озод мушрикдан – гарчи у сизга ёқса-да – иймонли қул яхшироқдир. Улар дўзахга чақирадилар. Аллоҳ ўз изни иродаси билан жаннат ва мағфиратга чақиради, ва одамлар эслатма олишлари учун ўз оятларини баён қилади” (Бақара:221)
“Зинокор эркак фақат зинокор аёлга ёки мушрикага никоҳланади. Зинокор аёлга фақат зинокор эркак ёки мушрик никоҳланади. Мўъминларга бу ҳаром қилингандир” (Нур:3)
Бундан ташқари, никоҳланиш таъқиқланган яқин қариндошлар ҳам Қуръонда санаб ўтилган:
“Оталарингиз никоҳланган аёлларни никоҳингизга олманг, магар илгари ўтган бўлса, мустасно… Оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз, жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари сизлар учун ҳаром қилинди – агар хотинларингиз билан жинсий алоқада бўлмаган бўлсангиз, сизлар учун гуноҳ йўқдир. Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг аёллари ҳамда опа-сингилни жамлашларингиз ҳам. Магар илгари ўтган бўлса, мустасно… Ҳамда эрли аёллар ҳам.”. (Нисо:22-24)
Юқоридаги оятлардан, никоҳи ҳаром қилинганлар, авввало Аллоҳга ширк келтириш сабабли (Бақара:221), зинокорликда давом этиш сабабли (Нур:3) ҳамда яқин қариндошлик ва аждодлар никоҳи сабабли (Нисо:22-24) эканини англаймиз. Бу саналган тоифадан ташқаридагилар билан никоҳланиш мумкин.
Мушрика бўлмаган Аҳли-Китоб аёллари билан никоҳланиш ҳалол эканини Моида:5 дан ўрганамиз. “Диний масалалар, Қуръон бутунлиги ичида тушунилади” қоидасининг аҳамиятини ушбу оятларни англашда кўрамиз.
Бир киши, юқоридаги оятлардан биронтасини ўқиб, бошқасини ўқимаса, (масалан, Нисо сурасини ўқиб, Бақара сурасини ўқимаса) атеист аёлга уйланса бўлар экан, дейиши мумкин. Қуръонга имон келтирган киши, диний масалаларни Қуръон бутунлиги ичида ўрганади.
6. Савол: Ота-онага мерос бериладими? Берилса, қанча миқдорда берилади?
Жавоб: Қуръондаги мерос оятларидан шуни англаймизки, меросдаги асос бу васият. Аввало, мерос васиятда кўрсатилгани бўйича тақсимланади ва қарзлар ўталади. Қуръонда васият ва қарзлардан ташқари қолган миқдор қандай тақсимланши ҳам баён қилинган. Бунга кўра, мерос ота-онага ҳам берилади. Оятда шундай дейилади: “Агар фарзанди бўлса, қолдирган меросдан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бири тегади. Энди агар фарзанди бўлмай, фақат ота-онаси унга меросхўр бўлса, у ҳолда онасига учдан бири тегади. Агар унинг ака-укалари бўлса, онасига олтидан бири тегади. Бу васият ва қарзлари адо этилганидан кейин” (Нисо:11). Кўриб турибмизки, ота-онага меросдан 1/6 улуш берилади, агар восийнинг фарзанди йўқ бўлса, онага меросдан 1/3 миқдор берилади.
7. Савол: Яҳудий ва Насороларнинг ҳаммаси дўзахийми?
Жавоб: Китобимизда диндаги эътиқод ва амалларимиз Қуръонга кўра қандай бўлиши кераклигига кўплаб ўрнаклар келтирдик. Жумладан, ушбу саволдаги каби, воқеълик ва инсониятга нисбатан бўлган мавқеъимизни ҳам Қуръонга кўра белгилашимиз лозим. Бу борада Қуръон оятларини ўрганиб кўрганимизда, Таврот ёки Инжилга эътиқод қилувчи инсонлар дўзахий деган иддао бирор оятда йўқ. Биргина шунинг ўзиёқ мазҳабчиларнинг бу борадаги уйдирмалари ботил эканини кўрсатади. Бўлиб ҳам, Аҳли Китобнинг хайр амаллар қилиши ва уларга ҳам амалларига яраша бекаму-кўст ажр берилиши таъкидланади. Шундай экан, уларнинг ҳаммаси дўзахий деган иддао Қуръонга тамоман зид.
“Ҳақиқат шуки, иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, насронийлар ва собиийлар, Аллоҳга, охират кунига иймон келтирса ва солиҳ амаллар қилса, ана ўшаларга Рабблари ҳузурида ажр бордир ва улар учун хавфу хатар, ғам-андуҳ йўқдир” (Бақара:62)
Бундан ташқари, Қуръонда Яҳудий ва Насронийлар билан никоҳланиш ҳалол қилинган, Рум сурасида насронийларнинг ғалабасидан мўминларнинг севиниши, Аҳли Китобни ёппасига дўзахийга чиқариш Қуръонга зид эканини англаш учун етарли, деб ўйлаймиз.
Қуйидаги оятлар, Аҳли-Китоб орасида яхши инсонлар ҳам йўқ эмаслигини билдиради:
“Уларнинг барчаси баробар эмас. Аҳли Китоб орасида сажда қилган ҳолларида кечалари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган Тўғри жамоат ҳам бор. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадилар. Маъруфга буюриб, мункардан қайтарадилар ва яхшиликлар қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳлардандир” (Оли Имрон:113-114)
8. Савол: Исломий давлатлар дейилган баъзи сиёсий тузумлар намоз, рўза каби амалларни мажбуран қилдиради, тарк этганларни жазолайди. Қуръонда бу ҳақиқатан ҳам шундайми?
Жавоб: Қуръонда намоз ўқиш, рўза тутиш буюрилган, аммо буларни қилмаган шахсга дунёда ҳеч қандай жазо буюрилмаган. Бундан чиқадиган хулоса шуки, уларнинг ҳисоби ва жавобгарлиги охиратга қолган. Исломий дейилган давлатларга келсак, аслида бу давлатлар мазҳаблар ва урф-одатлар давлати. Қуръон “Динда мажбурлаш йўқ”, дейди. Бошқача қилиб айтганда, мажбурлаш бор жойда дин йўқ. Диндан мажбурлаб тўсиш қанчалик зулм бўлса, динга мажбурлаб амал қилдириш ҳам шунчалик ноҳақликдир.
“Динда мажбурлаш йўқ” (Бақара:256)
“Бас, Сен фақат бир эслатгувчисан, холос.
Сен улар устида зўравонлик билан ҳукм юргизгувчи эмассан” (Ғошия:21-22)
9. Савол: Гўзал ахлоқ диндан алоҳида, айри бўлиши мумкинми ёки дин арконлариданми? Масалан, аҳдга вафо, омонатга риоя каби ахлоқий хислатларнинг динга таааллуқи қандай?
Жавоб: Қуръонни ўрганган ва унга имон келтирган ҳар ким шуни англай оладики, гўзал аҳлоқ худди намоз ва рўза каби диннинг ажралмас қисмидир. Мардлик, тавозеъ, жасорат каби кўплаб гўзал ахлоқлар Қуръонда зикр этилади. Дин фақатгина эътиқод ёки шаклий ибодатлардан иборат эмас. Гўзал ахлоқ ва Қуръонда мақталган юксак ахлоқий сифатлар диннинг аслидир.
Ҳар бир диний мавзуда бўлгани каби, ахлоқ борасида ҳам ягона диний манба бу Қуръон. Биздан қандай ахлоқ талаб этилганини ўрганиш учун Қуръонни яхшироқ ўрганмоғимиз лозим. Акс ҳолда қавмнинг урф-одатлари, аждодлардан бери келаётган муомала тарзини ахлоқ дея уқтирилиши мумкин. Динда ўргатилган ахлоқ билан урф-одатлар ахлоқини орасини фарқлай олиш учун эса Қуръонга мурожаат этишимиз керак. Қуръонда таъриф этилган ахлоқ диннинг ажралмас бир қисми, ундан ташқаридагилар диндан ташқари. Масалан, саволда айтилган аҳдга вафо, омонатга риоя сифатларини олайлик. Қуръонда бу сифатлар диннинг ажралмас қисми ва охиратдаги нажотга сабаб экани айтилади:
“Улар омонатларига ва аҳдларига риоя этадилар”. (Муминун:8)
“Аҳдга вафо қилинг, зеро аҳд учун жавобгарлик бор”. (Исро:34)
10. Савол: Жаннатдаги ҳаёт абадийми?
Жавоб: Диндаги барча мавзулар каби жаннат ва жаҳаннам каби охират ва ғайб мавзуларида ҳам Аллоҳнинг Китобига мурожаат этамиз. Қуръонда жаннат абадий манзил экани айтилади:
“Имон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларни, албатта, остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритамиз. Унда абадий боқий қолурлар”. (Нисо:57)
“Унда абадий қолурлар ва ундан кўчишни истамаслар” (Каҳф:108)
“…ёки тақводорларга тайёрлаб қўйилган мангулик жаннати яхшими?” “Улар учун ўша жойда мангу қолгувчи бўлган ҳолларида барча хоҳлаган нарсалари муҳайё бўлур” (Фурқон:15-16)
Китобимизнинг ушбу бўлимида келтирилган 10 та мисол орқали диний масалаларда Қуръонга мурожаат этиб, қандай жавоб олиш мумкинлигини намоён этган бўлдик. Кўриб турганингиздек, никоҳдан то ҳалол-ҳаромга қадар, Аллоҳни танишдан то жаннат ва жаҳаннам тасаввурига қадар, бошқарувдан то аҳлоққа қадар диний соҳалар, тўлиғича Қуръондан жавоб изланадиган соҳалардир.
“… Сенга барча нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китобни нозил қилдик” (Наҳл:89)
"Уйдирилган Дин ва Қуръондаги Дин" китобидан http://kemalyoldash.com/4431