Хамр ҳақидаги оятлар ва насх-мансух ботили
Қуръонда маст қилувчи ичимлик (хамр) ҳаром дейилган ҳукмлар қайси оятларда келган? Ва уларни Қуръони каримда ҳаром қилиниши баъзи аҳли илмлар айтганларидек, босқичма-босқич, тадрижий бўлганми? Яъни Қуръон аввалда “намозга ичкилик ичган ҳолингизда яқинлашмангиз”, кейинроқ “ичкилик ичманг – у ҳаром бўлди” каби тадрижий тарзда ҳукмлар нозил бўлганми ёки ичкилик битта ҳукм билан ҳаром қилинганми? каби кўплаб саволлар пайдо бўлади. Ва буларни ҳам насх-мансухга алоқадор далил деб кўрсатмоқчи бўлганлар ҳам, афсуски аҳли илмларимиз ичида топилади.
Аслида эса ундай эмас. Аллоҳ таоло нафақат ичкилик, балки Қуръондаги барча ҳаром қилинган нарсаларни – илк ва битта ҳукм билан ва узил-кесил ҳаром қилгандир. Буни қуйидаги оятлардан кўриб чиқамиз.
Қуръонда ХАМРга тааллуқли 4 оят келади.
1) “Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят-белги бордир”. (Нахл:67)
Бу оятда хабар келмоқда ва ҳеч қандай ҳукм йўқлиги учун ҳам – уни насх-мансухга мутлақо алоқаси йўқ. Аксинча, Аллоҳ ўз қудрати билан яратган меваларда биз учун ризқ бўлишини ирода этгани, биз унинг яратгани меваларидан – маст қилгувчи нарса ва гўзал ризқ олишимиз ҳақида хабар қилмоқда. Бу оят мазмуни ичкиликни ҳаром эмас деган маъно чиқмайди, аксинча, гўзал ризқдан айри зикр этилади.
2) “Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айт: “Иккисида одамлар учун катта гуноҳ ва манфаат бор ва гуноҳлари фойдасидан каттадир”. Тафаккур этмоғингиз учун, Аллоҳ мана шундай сизга Ўз оятларини баён қилур”. (Бақара:219)
Бу оятдаги гуноҳ сўзи учун арабча оригиналда “исмун” калимаси қўлланилади. Яъни бу ишлар ичида буюк бир “ИСМУН” бор-ки, унинг ортида катта манфаат ва гуноҳ бор. “ИСМУН” калимасини бу ерда нима маъно беришини яхшироқ билишимиз учун биз у калиманинг Қуръонда зикр этилгани бошқа оятларга мурожаат этамиз ва бу калиманинг асл маъносини шу услубда англашга ҳаракат қиламиз. Бу услуб – Қуръон услубидир, баъзи оятлар ёки калималар бошқа бир жойда ўзининг асл ифодасини кўрсатади.
“ИСМУН” калимаси Бақара сурасидан бир неча йил олдинроқ нозил бўлган Аъроф сурасида келади.
“Роббим фақатгина ошкора ва яширин фаҳш ишларни, гуноҳларни, ноҳақлик ва тажовузкорликни ва Аллоҳга ҳеч ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳга нисбатан билмаган нарсани айтишни ҳаром қилган, ҳолос” – деб айт”. (Аъроф:33)
Бу оятнинг арабча оригиналида “иннама” калимаси урғу ифодасини беради, (яъни фақат ва фақат, ва асло бундан ўзгаси эмас, деган маъноларни беради). Яъни оятдаги маъно шу: Айтки, фақат ёлғиз менинг Роббим ҳаром қила олади, Ҳаром қилишлик фақатгина Унинг ҳаққидир. Ёмонликни, аҳлоқсизликни, тажовузкорликни ҳаром қилди, ва “АЛ-ИСМУ”ни ҳам ҳаром қилди. Бунда ИСМУН бордир дегани, бунда буюк ҲАРОМ бордир деган маънодадир.
Бундан шу келиб чиқади-ки, ХАМР ҳақидаги илк оят мана шу ҳисобланиб, Аллоҳ таоло шу оятни ўзидаёқ ичкиликни буткул ҳаром қилганини аввалроқ эълон қилиб бўлган эди.
3) “Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда – то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, ва жунуб ҳолингизда ҳам (агар йўловчи бўлсангиз – мустасно)- то ғусл қилмагунингизча – намозга яқинлашманг. Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз ёки сиздан бирингиз таҳоратхонадан келса ёхуд аёлларга яқинлашган бўлсангиз-у, сув топа олмасангиз, покиза тупроқ-ла таяммум қилинг. Бас, юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинг. Албатта, Аллоҳ афв ва мағфират қилувчи зотдир”. (Нисо:43)
Бу оятнигина ўқиб олган одам шу каби хулосага бориши мумкин: “Қара, мана бу ерда агар ичкилик ичиб олган бўлсангиз намозга яқинлашманг дейилмоқда, демак, намоздан бошқа пайтда ичиш мумкин бўлган экан-да”. Бақара сураси кейинчалик нозил бўлгандир, Аъроф 33-оятда эса Аллоҳ таоло ичкиликни ҲАРОМ деб эълон этиб бўлган эди. Бу оятнинг ўз мазмун-маъноси эса ичкилик ичиш бир ҳаром бўлса, уни ичиб яна намозга ҳам яқинлашмоқ иккинчи бир ҳаром иш деган маъно бермоқда ва ундан қайтармоқда.
4) “Албатта, шайтон хамр ва қимор орқали ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!” (Моида:90)
Бу оятда тўғридан-тўғри шайтоннинг ичкилик ва қимор орқали орамизга адоват ва ёмон кўришлик солиши билдирилади, ва шу билан бирга у (яъни шайтон) бизларни Аллоҳнинг зикридан тўсмоқчи бўлиши айтилади, бизларга шайтонни ҳам, ичкиликни ҳам, қиморни ҳам яхшироқ ва яқинроқ танитади, ва бизни бу ишлардан тўхташга, улардан бутунлай воз кечишга ундайди. Ҳатто тушунишингиз учун бу камми?! дегандек бизларга таълим ва огоҳ бермоқда-ки, асло бу оят ҳам ичкиликка бўлган таъқиқни тадрижий келиши, таъқиқлаши эмас ва насх-мансухга ҳам мутлақо алоқаси йўқдир.
Аллоҳ таоло билгувчи ва ҳикмат соҳибидир.