false_rel
May 1, 2021

Одамнинг яратилиши (Индирилган ва Уйдирилган диндаги фарқ)

Барча инсоният бир ота-онаданми?
Илк аёл – Ҳавво, илк эркак – Одамнинг қовурғасидан бир бўлакми?

Бу саволлардан ҳам пайқаган бўлсангиз керак, бугунги суҳбатимиз Нисо сурасининг 1-ояти ҳақида:

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

“Ғалати саволлар”

Оятнинг бу шаклдаги таржимаси аввалги мусаффирлар тушунчасидан маълум бўлган, ва кўп йиллардан бери тўғри санаб келаётганимиз маълумотлардир: Олдин Одам яратилган, кейин унинг қовурғасидан унинг жуфти (Ҳавво) яратилган ва барча инсоният уларнинг ўғил-қизларидан тарқалган. Кўпчилик, жумладан диндорлар ҳам, айнан шу фикрга кўнган ва уни шундайлигича қабул қилиб келгандир. Шунга қарамасдан, ичимизда бир қатор “ғалати” саволлар тинчлик бермай келган бўлса-да, бу саволларни очиқ айтишдан тийилиб келганмиз, сабаби бизда “мулла”, “уламо” синфининг айтган ҳар бир гапини сўзсиз қабул қилиш – динга мансублик ва тобеълик деб қаралган.

Аммо биз динга мансублигимиз ва тобеълигимизни хавф остига қўйиб бўса-да, мазкур “ғалати” саволларни ўртага ташламоқчимиз:

1. Инсонлар бир ота-онадан тарқаганми?
2. Уларнинг ўғил-қизлари ўзаро қўшилишиб, фарзанд кўришганми?
3. Аллоҳ таоло учун инсониятни кўпайтиришга бундан бошқа имкон бўлмаганми?
4. Фаразан, уларнинг 400-500 фарзанди бўлган бўлса-да (ривоятларга кўра, улар эгизаклар бўлган) уларни ҳоҳ энг тўнғич фарзандлар бўлсин, ҳоҳ энг кенжалари бўлсин, ўзаро никоҳланганида, отанг ким дейилса иккиси ҳам Одам дейди, бу шаръан жоиз бўлганми?
5. Самовий динлар тарихида бир ота-онадан туғилган ўғил-қизлар ўзаро қўшилишлари жоиз бўлганми?

Шу ва шу каби юзлаб саволлар одамни ўйга солади, баъзан ажаблантиради, яъни бугунги шариатга умуман зид бўлганидан камида хайратга солади.
Бу саволларга баъзи китобларда турлича жавоблар берилади, аммо бу жавоблар илоҳий оятми, ё ривоятми, ёки оддий бир инсоннинг шахсий фикрими, аниқлаш имконсиз.
Биз мўмин-мусулмон сифатида шунга ишонамизки, Аллоҳ таоло хар қандай айб нуқсон ва камчиликдан пок ва чексиз имкон ва қудратга эга Зотдир.
Шунинг учун ҳам биз Қуръонга қайта-қайта мурожаат этишга, унга қайтиб, уни теранроқ англашга ҳамиша муҳтожмиз, зеро ҳар биримиз Аллоҳ таоло ҳузурида Қуръондан сўраламиз, уни қандай англаганимиз ва унга қандай амал қилганимиздан жавобгар бўламиз, ҳисоб берамиз.

Инцест – илк яратилишдан бери ҳаромдир

Аллоҳ таоло учун замон ва макон чеклови йўқ – бу чекловлар биз, яъни маҳлуқот учундир. Аллоҳ таолонинг илми хосил бўлиши учун вақт ўтишига ҳеч қандай зарурат йўқ, яъни Унинг илми азалий ва абадийдир.
У – Ҳолиқ зот – аввалда бир ишни қилиб, кейинроқ ундан кўра яхшироғи ёки тўғрироғини топиб олиш каби қусур ва нуқсондан олий Зотдир. У – аввалда бир ишга мажбур бўлиб, кейинчалик ундан яхшироқ ва тўғрироқ иш тутишдан пок Зотдир. Ёки аввалги сўзидан кейинроқ тониб, уни ўзгартираверишдан муназзаҳ бўлган Зотдир, Ғайб ва Шаҳодатни мукаммал тарзда билгувчи Зотдир.

Аллоҳ таоло ҳақидаги эътиқодимизни эслаб ўтгач, юқоридаги оятни мана шу эътиқоддан келиб чиқиб ўқиб кўрамиз, ажабмас, бу “ғалати” саволларга жавоб топилса.

«Эй инсонлар! Сизларни (барчангизни) бир (бир хил, ўхшаш) жондан (яъни инсон туридан) яратган ва ундан (айни ўша турдан) жуфтини вужудга келтирган, ҳамда у икковидан (яъни ўша турдаги маҳлуқотдан) кўп эркак ва аёлларни (яратиб) тарқатган Роббингиздан тақво қилингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан тақво қилингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан муносабатларда ҳам тақво қилингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо:1).

Эътибор берган бўлсангиз, оятнинг оргиналига тааллуқли бирорта ҳам калима ўз жойидан ўзгартирилмади, қавс ичидаги жумлалар эса, таржимоннинг англай олгани тушунчалар холос.

Оятни иккинчи вариантда ўқиш, бизни юқоридаги каби кўплаб “ғалати” саволларга жавоб топиш ва хато хулосаларга бормаслик имконини беради. Жумладан:

1. Одамнинг жуфти, баъзи эски манбаларда келгани каби (аслида улар тамоман исроилиёти-яҳуд ривоятларига таянади), қандайдир қовурғадан эмас, балки Аллоҳнинг қудрати билан ўша пайтнинг ўзида Одам билан бир пайтда, айни аслдан яратилгандир. Бу билан биз Қуръоннинг очиқ-ойдин оятларига, “У инсонни алақдан яратган” (Алақ:2) эканига, “У инсонни нутфадан яратган” (Нахл:4) эканига иймон келтирган бўламиз. Бундан ташқари, инсоннинг яратилиши билан боғлиқ кўплаб бошқа оятларда, масалан: Қоф:37, Хаж:5, Фотир:11, Ёсин:77, Ғофир:67, Инсон:2-оятларда инсонни тупроқдан, нутфадан, қондан яратганини (аммо ҳеч қачон қовурға суягидан яратмаганини) кўриб турибмиз. Демак қовурғани инкор қилиш билан оятларни инкор эмас, аксинча тасдиқ этаётган бўламиз.

2. Ҳавво онамиз Одамнинг қовурғасидан яратилди, деган ривоятлар хато эканини, ҳатто Аллоҳ ва Унинг китобига туҳмат эканига шоҳид бўламиз (юқорида сура ва оятларни келтирдик).
Бунга асос – бу фикрни тасдиқловчи бирор оят йўқлиги, яъни ўша оятни ўзида ҳам, бошқа оятларда ҳам, Ҳавво онамизни қовурға суягидан яратилгани хабари умуман йўқлиги.
Демак, бизнинг иймонимиз қуйидагича: Ҳавво (ёки илк аёл, кимга қайси исм кўпроқ маъқул) худди Одам каби, тупроқдан яратилган (зинҳор эркак қовурға суягидан эмас, агар шундай тушунилса, Одам ўз тана аъзосига уйланган ва жимоъ қилган бўлиб чиқади, бу эса яна-да кўпроқ ўнғайсиз саволларни пайдо қилаверади). Аллоҳ таоло Ҳаввони ҳам худди Одамга ўхшаш аслдан, аммо жинсида фарқли жинс қилиб яратган ва улардан авлодлар чиқаришни ирода қилган. Ва бу икковига ўхшаган жуфтлардан (!) яна кўп инсонларни яратиб-тарқатган.

3. “Ер юзидаги барча инсоният бир оиладаги ака-сингил ва опа-укаларнинг қовушишидан тарқаган экан-да” деган жирканч эътиқод Қуръонга ва уни юборган Зотга ҳақорат эканини, балки Яратувчи аввалбошданоқ кўплаб эркак ва аёлларни яратган эканини англаймиз. Бу билан оятга қўшимча қўшмасдан-олмасдан, уни тўғри маънода – Қуръоннинг асл муродига уйғун тарзда тушуниб етамиз.

4. Аллоҳ таолонинг сўзи ўзгармаслигини, харом қилган ҳукмини яратилишнинг илк кунида ҳам ҳаром эканини ва охиригача ҳаром бўлишини; ҳалол қилган ҳукмини эса худди шундай – аввалбошдан ҳалол эканини ва охиригача ҳалол бўлишини – кўрамиз. Ўз сўзида бирор бузилиш ё ўзгариш бўлмайдиган Зотга бўлган иймонимизни бутун бўлишини таъминлайди бундай тушуниш. Яъни, бир ота-онадан туғилган ўғил-қизларни бир-бири билан қўшилиши бугун ҳаром бўлганидек, аввалда ҳам ҳаром бўлгани, ва инсоният ҳозирда номақбул бўлган йўл билан вужудга келмаганини англаймиз. Аллоҳ – ҳозир ҳаром бўлган бундай гуноҳга аввалда рухсат бериб, ҳатто ундан барча инсониятни тарқатиб, кейинроқ эса буни ҳаром қилиб, аввалги сўзи кейинги сўзига зид ва тескари келишидан пок ва муназзаҳ Зот эканини яна бир бор англаймиз. Ва асло бундай тарзда иш юритмаслигини, аксинча, аввалдаёқ инсониятнинг қиёматга қадар ва ундан кейинги барча ҳолатларини тўлиқ билган ҳолда, кўплаб эркак ва аёллар яратганлигини ва бунга мутлақо Қодир эканини англаймиз.

5. Биз Одамга келган дин ҳам айни манбадан – Аллоҳ таоло тарафидан – эканини ва У зот азалдан ҳалол-ҳаром ишларида инсониятни ўзгармас бир қонун-қоида ва ҳукмлар доирасида тарбиялаганини тушуниб етамиз. Бу – барча нарсага Қодир зот учун асло қийин эмаслиги ва Унинг ўз ваъдасида, айтган сўзида, буюрган амр ва қайтарган наҳйларида – азалдан Ҳикматли, Улуғ ва Қудратли Ҳолиқ экани, динларнинг барчаси Ислом бўлгани, ва ундаги барча буйруқ ва қайтариқлар ўзгармай келаётгани, У ўз сўзи ва ваъдасида турганига яна бир бор иймон келтирамиз ва таслим бўламиз.

6. Инсонлар орасидаги нотўғри ва қалбларда ғашлик пайдо қилувчи “наҳот аввалда ака-сингиллар бир-бирлари билан инцест (яқин қариндошлар орасидаги жинсий алоқа) йўли билан қовушиб фарзанд кўришган?” каби Аллоҳ таолонинг олий сифатларига тамоман хилоф, Унинг Қудратини камситувчи ҳаёллардан қутиламиз. Бу қутилиш бизни Қуръон оятларини бузиш ёки тарк этиш ёхуд илова қилиш билан эмас, аксинча, биргина оятни эски уйдирмалардан холи тарзда – тўғри – ўқиш, мантиқ ва ақли салим билан ёндошиш билан эришаётган бўламиз.

“Одам” – илк инсонми, инсониятми?

Қуръонда инсоннинг яратилиши ҳақида сўз кетар экан, бир шахс ўлароқ “Одам” зикр этилмайди, балки умумият-ла инсон ёки инсон турининг яратилиши зикр этилади. Баъзи оятларда “БАШАР” дейилса, баъзан “ИНСОН” дейилади.

Нисо:1-оятни келтирдик, унда инсонни бир жондан яратгани ва шундай жондан унинг жуфтини ҳам яратгани айтилади. Бу оятни тушунишда Одам нимадан яратилган бўлса, Ҳавво ҳам ўшандан яратилган, деб тушунмоқ – тўғри бўлади. Чунки бу ерда бирор шахсий исм тилга олинмаяпти. Одамдан унинг завжини яратди, деб тушуниш эмас, балки айни турдан ҳам эркак ҳам аёлни яратди, деб тушуниш тўғри бўлади. Чунки иккиси ҳам “Нафси вохида”дан (битта жондан) яратилган, ва ўша турдан кўплаб эркак ва аёллар тарқаган.
Хужурот:13-оятида “Эй инсонлар, биз сизни эркак ва аёлдан яратдик” дейилади. Бу ерда ҳам Одам ва Ҳавво исми зикр этилмайди, агар бу ердаги эркакдан мурод Одам, аёлдан мурод Ҳавво бўлса эди, у ҳолда “мин закарин ва унса” эмас, балки “мин-аз-закари вал-унса” тарзида бўларди, яъни алиф-лом билан, конкрет эркак ва аёлга ишора қилинарди, буни араб тилида “маърифа” дейилади. Бу ерда аниқ шахсга ишора қилинмагани боис, оятни тўғри англаш ўта оддий – инсоният эркак ва аёл жинсидан тарқагандир.
Зумар:6-оятида шундай дейилади: “У сизларни бир жондан яратди. Сўнгра ундан жуфтини яратди…”
Фотир:11-оятида эса шундай дейилади: “Аллоҳ сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин жуфт-жуфт қилди…”
Нух:17-оятда: “Ва Аллоҳ сизларни ердан ўстириб чиқаради”…
Инсон:2-оят. “Албатта, Биз инсонни аралаш нутфадан яратдик, синаш учун, бас, уни эшитадиган, кўрадиган қилиб қўйдик”.
Аъроф:11-оят. “Аниқки, Биз сизларни (жамъ-кўплик шаклидаги калима) яратдик, сўнг сизларга сурат бердик…”Оли Имрон:33-оят. “Албатта Аллоҳ Одам ва Нуҳни ҳамда Иброҳим ва Имрон сулолаларини бутун оламлар узра танлаб олди”. (бу ердаги танлов ҳам жамъ шаклида). Кўпайтириш учун муқобил жинслар бўлиши лозим, демак бу орада бошқа одамлар ҳам мавжуд бўлган.

Демак, инсоннинг яратилиши ҳақидаги оятларнинг барчаси илк инсон эмас, балки баоча инсон, ҳар қандай инсонга тааллуқлидир.

***

Хулоса шуки, Нисо:1-оятини тўғри ўқиш қуйидагича: илк яратилишда ўзаро ўхшаш аслдан бирдан кўп инсонлар яратилган ва улардан бугунги инсоният тарқаган. Бундай тушунишдан чекиниш, айниқса, исроилиёти-яҳуд қолипларида тираниш – илк Отамизни ўз баданига уйланди, ва бугунги инсоният инцестдан тарқади, деган хато ва жирканч эътиқодларни қувватлайди, холос.

http://kemalyoldash.com/tag/quran