Насх-мансух ўйини-1
Кўплаб китоблар ва аҳли имлар орасида “НАСХ” атамаси бор: Қуръондаги бирор ҳукмни бекор қилувчи нарсага “НАСХ” дейишади. Ҳукми бекор қилинган оятга эса “МАНСУХ” дейишади. Биз насх-мансухни бор ёки йўқ эканлигини ўрганар эканмиз, аввало Қуръондаги Нур сурасининг баъзи оятларини биргаликда ўрганиш ва ёдга олишни зарур деб билдик.
Нур сураси. Бу суранинг Қуръондаги ўзига хослиги шундаки, энг кўп шаръий ҳукмлар баён этилган сура айнан мана шу сурадир (албатта, бошқа сураларда ҳам ҳукм оятлари кўп).
24:1. “(Бу бир) сурадир. Биз уни нозил қилдик. Биз уни фарз қилдик. Биз очиқ-ойдин унда оятларни нозил қилдик. Шоядки эсласангиз”.
Фарз амали 2 хил қамровда бўлади. 1-си мутлоқ бажариш шарт бўлиб – буни бажармаслик ҳаром бўлади,
2- мутлақ қилиш мумкин эмас – бўлиб, уни қилишлик ҳаром бўлади.
Фарз – Аллоҳнинг буйруғи – бизларга амр қилинган ишдир.
Мусулмон одам фарз амалларида 2 нарсада жавобгар бўлади ва ундан ҳисоб беради.
Масалан, Намоз фарз, уни бажармаслик эса ҳаром.
Демак мусулмон киши намоз ўқимаса, фарзни адо этмагани биринчи айби бўлса, намоз ўқимаслик ҳаром бўлгани сабаб – ҳаром ишни қилгани – унинг иккинчи айби бўлади.
Бу эслатмани келтиришимиздан мақсад ҳам, фарз бўлмиш бир буйруқни насх қилинган дея у ҳукмни мутлақо бажармаслик билан икки нарсада жавобгар бўлинади.
24:2. “Зинокор аёл ва зинокор эркак, икковларидан ҳар бирига нисбатан юз маротаба жалда қўлланг. Агар сиз Аллоҳга ва охират кунига иймон келтиргувчи бўлсангиз, сизларни уларга нисбатан Аллоҳнинг динида шафқат тутмасин. Ва уларнинг азобига бир тоифа мўминлар гувоҳ бўлсин”.
Бу оятда зино қидувчи эркак ва аёлга нисбатан Аллоҳ таолонинг очиқ ҳукмлари бор, аммо классик фиқҳ мазҳабларига кўра, бу ҳукм ижро қилинмайди. Нега? дея сўрасангиз, насх қилинган, дейишади. Қачон, қаерда насх қилинган? Буни қаердан чиқардингиз? Бу ҳақда Аллоҳдан очиқ ҳужжатингиз борми? Жавоб – бунинг ўрнига бошқа оят – ражм, яъни тошбўрон қилиб ўлдириш ояти нозил бўлган. Савол: Қуръоннинг қайси сурасидаги қайси оят? Жавоб: Бу оятни ўқиш насх қилинган, аммо ижроси боқий қолган (?).
***
Фуссилат сурасини 42-оятида дейилади: “Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас. У ўта ҳикматли ва ўта мақталган Зотнинг нозил қилганидир”. Яъни Қуръон оятлари нозил бўлгач, уни на олдидан на ортидан бирор ботил – яъни ёлғон, йўқолгувчи, унутилгувчи ёки унуттиргувчи бирор оят келмайди. Зеро у – ўта мақталган Зотнинг нозил қилганидир – дея билдирмоқда. Хўш юқоридаги зинокор билан боғлиқ ҳукмни ким йўқ қилди? (бугунги кунда бу ҳукм жорий қилинмоқдами?) Буни ким насх қилди? Кимнинг сўзи Аллоҳнинг ҳукмидан баланд келди? Аллоҳнинг ўзими? У ҳолда мақталган Зотнинг сўзи – гоҳ келиб, гоҳ унут бўладиган сўзми? Аллоҳга қандай сифат бермоқдасиз?
Субҳоналлоҳ. Асло, Аллоҳ таоло бугун оқ деганини эртага қора деб айтадиган, бугун рухсат берганига эртага таъқиқ қўядиган, Ўз ҳукмини ўзгараверадиган Зот эмас. Унинг оятлари ҳеч қачон ботил ва бекорга чиқмайди!
***
Нисо сураси 82-оятида шундай дейилади: “Қуръонни тадаббур этмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганида, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар”, Қуръонда ҳеч қачон ва ҳеч қандай ихтилоф ҳам, зиддият ҳам йўқ экани – у Аллоҳнинг ҳузуридан эканлигининг далилидир. Ва яна шу хулоса ҳам чиқадики, агар биз ўзаро ихтилоф бўлмаган бу оятларни қатъий ушлаганимизда, уларга амал қилганимизда, уммат ўлароқ ҳеч қандай ихтилофга тушмаслигимиз керак эди.
Шу ҳам очиқ ҳақиқатки, умматнинг бугунги ихтилофлар гирдобида қолишининг сабаби ҳам айнан Қуръон ҳукмларини бу оятларни ботил ва бекорга чиқариши ва уларнинг ўрнига одамларнинг ижод этгани ҳукмларни қўшишидир.
Қуръонни ўқиб, тадаббур этган инсон унинг илоҳий калом эканини англай бошлайди, сабаби, ундаги минглаган оятлар орасида ҳеч қандай ихтилоф ва зиддият йўқлигига шоҳид бўлади.
Қуръондаги ҳеч бир оят ҳеч қачон ботил ва бекор бўлмайди, оятларнинг ҳеч бири бошқасига қарши маъно англатмайди. Хеч бир инсоннинг сўзи, хоҳ пайғамбар, хоҳ бошқа инсон – Аллоҳнинг оятини, ҳукмини ўзгартиришга ёки унинг ўрнига бошқа ҳукм жорий қилишга асло ва асло ҳаққи йўқдир.
(Давоми бор)
http://kemalyoldash.com/tag/mansux