Kemal Yoldash

One with God is Majority


20

Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)

20:1. То Ҳа

20:2. Биз сенга Қуръонни нозил қилдик, машаққат чеккин деб эмас,

20:3. Балки хошят/ҳурмат ва қўрқув эгаларига Эслатма бўлсин деб –

20:4. Ернинг ва юксак Самоларнинг Яратувчисидан танзил.

20:5. Раҳмон Аршга йўналди.

20:6. Осмонлару-Ердаги, ва улар орасидаги ва тупроқ остидаги барча нарса Унинг.

20:7. Сўзингни очиқ айт ёки яшир, барча яширин сирлар Унга маълум.

20:8. Аллоҳ, ундан ўзга илоҳ йўқ, энг гўзал исмлар ёлғиз Унинг.

20:9. Мусонинг ҳикояси келдими сенга?

20:10. Мана у бир оловни кўриб, аҳлига деди: “Мени кутиб туринг, мен бир олов кўрдим. Эҳтимол, ундан бирор чўғ олиб келарман, ёки олов ёнида бирор йўл кўрсатувчи топарман”.

20:11. Оловга яқин келиши билан, унга нидо қилинди: “Эй Мусо!

20:12. Мен сенинг Раббингман! Поябзалингни ечгин, зеро Муқаддас Тува водийсидасан.

20:13. Мен сени танладим, энди ваҳйга қулоқ тут.

20:14. Ҳақиқат шуки, Мен Аллоҳман, Мендан ўзга илоҳ йўқ. Ёлғиз Менга қуллик/хизмат қилгин – Менинг Эслатмам учун Салот*ни қоим қилгин. (*Аллоҳнинг Зикри учун Салотни қоим қилиш – Аллоҳнинг гўзал исмларини эслатиш (20:3-8) ва ўша исмларга мувофиқ ибодат қилишга чақириш).

20:15. Ҳақиқат шуки, ҳар ким ўз меҳнатига лойиқ мукофот-жазо олиши учун Қиёмат Соати албатта келади, Мен унинг илмини мудом яширин тутаман.

20:16. Унга имон келтирмаган, ўз ҳавосига/истагига эргашганлар сени Ундан тўсиб қўймасин, акс ҳолда ҳалок қулайсан!

20:17. Ўнг қўлингдаги нима, эй Мусо?”

20:18. Деди: “Бу Асоим, унга суянаман, у билан чорвамга барг силкитаман, ва яна бошқа эҳтиёжларим ҳам бор”.

20:19. Деди: “Ташла уни, эй Мусо!”

20:20. У ташлади, ва мана у тирик ва чопқир!

20:21. Деди: “Ол уни, қўрқма. Биз уни аввалги сийратига қайтарамиз”.

20:22. Қўлингни ёнингга қўй, ҳеч бир ёмонликсиз оқ бўлиб чиқасан, бу яна бир бошқа оят.

20:23. Сенга улкан оятларимизни кўрсатамиз.

20:24. Фиръавнга бор: у ҳақиқатан ҳаддидан ошди/Туғёнга ботди.

20:25. Деди: “Эй Раббим, менинг дилимни очгин,

20:26. ишимни қулай қилгин,

20:27. тилимнинг тугунини ечгин,

20:28. токи гапимни англасинлар,

20:29. менга аҳлимдан вазир/ёрдамчи бергин

20:30. иним Ҳорунни.

20:31. у билан мени қувватлагин,

20:32. уни ишимга шерик қилгин,

20:33. токи Сени кўп улуғлаб поклайлик,

20:34. ва Сени кўп эслайлик/эслатайлик,

20:35. Сен бизни кўриб турган Зотсан”.

20:36. Деди: “Эй Мусо, сўраганинг берилди”.

20:37. “Биз сенга олдин ҳам улкан яхшилик қилганмиз.

20:38. Мана, волидангга ваҳй қилдик:

20:39. “Болангни саватга сол, сувга оқитгин, сув уни оқитиб соҳилга чиқарсин; токи Менга ва унга душман бўлганнинг ўзи олсин уни. Ўз ҳузуримдан сенга нисбатан меҳр-муҳаббат жойлаштирдим, токи Кўзим олдига етиштирилгайсан”.

20:40. Мана, Опанг деди: “Уни ким боқа олишини кўрсатайми?” Ана шундай қилиб, Биз сени волидангга қайтариб бердик, токи кўзлари қувонсин, маҳзун бўлмасин. Сен бир жонни ўлдириб қўйдинг, Биз сени ғамдан қутқардик, ва синовлардан ўтказдик. Йиллар давомида Мадян аҳли орасида қолдинг. Сўнгра Биз белгилаган вақтда келдинг, Эй Мусо.

20:41. Сени Ўзим учун етиштирдим.

20:42. Энди сен ва ининг бирга боринг, Менинг оятларимни етказинг, Мени Эслашда/Эслатишда сусткашлик қилманг.

20:43. Фиръавнга боринг: у ҳақиқатан ҳаддидан ошди/Туғёнга ботди.

20:44. Унга мулойим сўз айтинг, эҳтимол у Эслатма олар ёки хошят эгаси бўлар”.

20:45. Улар дедилар: “Эй Раббимиз, у бизга жабр-зулм қилишидан ёки баттар Туғёнга кетишидан чўчияпмиз”.

20:46. Деди: “Чўчиманг, Мен сиз билан биргаман, эшитиб кўриб турибман.

20:47. Унга бориб айтинг: “Биз Сенинг Раббинг юборган Расуллармиз. Исроил ўғилларини Биз билан бирга юбор ва уларни азоблама. Биз сенга Раббингдан оят-далил билан келдик. Тўғри Йўлга эргашганларга Салом/Омонлик бўлсин”.

20:48. Бизга ваҳй этилдики, “Ким ёлғон санаб юз ўгирса, азоб ўшанга бўлгай”.

20:49. У деди: “Ким ўзи у Раббингиз, эй Мусо?”

20:50. У деди: “Раббимиз – ҳар бир нарсанинг яратилиш қонунини жорий қилган ва сўнгра йўлга солган”.

20:51. Деди: “Олдинги наслларнинг оқибати нима?”

20:52. Деди: “Бунинг илми Раббим ҳузурида Китобда/ёзиб қайд этилган. Раббим асло адашмайди, асло унутмайди”.

20:53. У сизга Ерни бешик қилиб берган, унда сиз учун йўллар қилиб қўйган, Самодан сув туширган, у билан ҳар хил ўсимлик турларини чиқарди.

20:54. Енглар ва чорвангизни ўтлатинглар. Ана шуларда ақл эгалари учун, оят-ишоратлар бор.

20:55. Сизларни ундан яратдик ва унга қайтарамиз ва ундан такрор чиқарамиз.

20:56. Биз унга барча оятларимизни кўрсатдик, у ёлғон санади ва тескари бурилди.

20:57. Деди: “Сен ўз сеҳринг билан бизни ўз еримиздан чиқаргани келдингми, Эй Мусо?

20:58. Биз ҳам худди шундай сеҳрни олиб келамиз. Сен ўртада учрашув вақти ва жойи танла, сен ҳам, биз ҳам воз кечмайдиган бўлсин.

20:59. Деди: “Учрашув вақти – Зийнат Куни қуёш чиққанида, одамлар жамланадиган пайтда бўлсин”.

20:60. Фиръавн ўгирилиб, барча хийла гуруҳини жамлади, сўнгра яна келди.

20:61. Мусо уларга деди: “Ҳолингизга вой! Аллоҳга қарши ёлғон уйдирманг, У сизларга азоб юбориб йўқ қилиб юборади. Ёлғон тўқиган албатта ютқазади”.

20:62. Улар ораларида ишларини тортишишди, яширинча гаплашишди,

20:63. Дейишди: “Булар икки сеҳрбоз холос. Улар сеҳр билан сизни ўз ерингиздан чиқармоқчи, ўрнак йўлингиздан оздирмоқчи”.

20:64. “Шундай экан, барча хийлангизни жамланг, кейин сафга тизилиб келинг. Бугун устун келган нажот топади”.

20:65. Дедилар: “Эй Мусо, сен ташлайсанми, ёки биз олдин ташлайликми?”

20:66. Деди: “Йўқ, сиз ташланг!” Мана, уларнинг арқон ва таёқлари чопаётгандек кўринди. (Сеҳр ҳақида – 7:116; 2:102)

20:67. Мусо ичида бир қўрқув туйди.

20:68. “Чўчима, сен ғолиб чиқасан!

20:69. Ўнг қўлингдагини от! Уларнинг қилган ҳунарларини ютсин. Зеро, уларнинг ҳунари сеҳр хийласи холос”. Сеҳрбоз қаерда бўлмасин, нажот топмайди/муродига етмайди!

20:70. Сеҳрбозлар сажда қилиб таслим бўлдилар: “Мусо ва Ҳоруннинг Раббини тан олдик”.

20:71. Деди: “Менинг рухсатимсиз, уни тан олдингизми? Сизга сеҳр ўргатган каттангиз унинг ўзи экан! Қўл-оёғингизни қарама-қарши кесаман ва хурмо шохларига осаман. Ана шунда билиб оласиз, қай биримизнинг азоби оғирроқ ва узоқроқ экан”.

20:72. Улар дедилар: “Бизга очиқ баён этилган далиллардан кейин, Яратган Зотни қўйиб, сени танламаймиз. Нима қилсанг ҳам, фақат шу дунё ҳаётида қила оласан”.

20:73. “Биз Раббимизни тан олдик, Унга ишондик, токи бизнинг хатоларимизни кечсин; ва сен бизни мажбурлаган сеҳрларимизни кечирсин. Аллоҳ яна-да хайрли ва яна-да боқий Зот”.

20:74. Ким Рабби ҳузурига жиноятчи бўлиб келса, унинг жойи жаҳаннам; у ерда на ўлади ва на яшай олади.

20:75. Кимки имон келтириб солиҳ амал қилиб келса, унга юксак даражотлар бор –

20:76. Остидан анҳорлар оққан Адн боғлари; у ерда доимий қоладилар. Ким покланса, мукофоти мана шу!

20:77. Мусога ваҳй қилдик: “Қулларим билан кечаси йўлга чиқ. Етиб олишларидан хайиқма, уларга денгизда йўл тут”.

20:78. Фиръавн лашкари билан уларнинг изига тушди; денгизда ўрагувчи уларни ўраб олди.

20:79. Фиръавн қавмини адаштирди, Тўғри Йўлга бошламади.

20:80. Эй Исроил ўғиллари, биз сизни душманингиздан халос этдик. Тур тоғининг ўнг томонида сиз билан ваъдалашдик, сизга Манно ва Салво туширдик.

20:81. Биз берган ризқдан покизаларини енгиз, ҳаддингиздан ошмангиз; акс ҳолда ғазабим сизга ҳақ бўлади. Кимга Менинг ғазабим ҳақ бўлса, аниқки ҳароб бўлибди.

20:82. Албатта тавба қилиб қайтган, имон келтириб солиҳ амал қилган, сўнгра Тўғри Йўлга юрганларни кечираман.

20:83. “Эй Мусо, қавмингдан нега шошилинч узоқлашдинг?”

20:84. Деди: “Эй Раббим, улар менинг изимда; Сени рози қилиш учун Сенга ошиқдим”.

20:85. Деди: “Биз сендан кейин қавмингни имтиҳон қилдик. Сомирий уларни адаштирди”.

20:86. Мусо қавмига ғазаб ва ғамга тўлиб қайтди: “Эй қавмим, Раббингиз сизга яхши ваъда бермаганмиди? Менга берган ваъдангизни нега буздингиз? Муддат сизга узайиб кетдими? Ёки Раббингиз ғазаби сизга ҳақ бўлишини хоҳладингизми?”

20:87. Улар дедилар: “Биз ўз кучимиз билан бузмадик ваъдангни, анави қавмнинг зийнатларидан устимизга юклатилган эди, уларни ташладик, Сомирий ҳам ташлади”.

20:88. У уларга бақирувчи бузоқ жасади ясади. Улар дедилар: “Мана шу сизнинг илоҳингиз ва Мусонинг илоҳи, лекин у унутди”.

20:89. Ахир уларга бирор сўз қайтаролмас эканини, на фойда ва на зарар беролмас эканини кўрмаяптиларми?

20:90. Олдинроқ Ҳорун уларга деган эди: “Эй қавмим, сизлар бу билан имтиҳон қилиндингиз. Раббимиз Раҳмондир/Яратиб ризқ берган ҳақиқий илоҳдир! Менга эргашинг ва буйруғимга бўйсунинг!”

20:91. Улар дедилар: “Токи Мусо қайтиб келмагунича бунга сиғинишдан/умид қилиб боғланишдан воз кечмаймиз”.

20:92. Деди: “Эй Ҳорун, мана сен уларнинг йўлдан озганини кўрдинг, нима тўсқинлик қилди сенга?

20:93. Нега менга эргашмадинг, йўқса менинг буйруғимдан бўйин товладингми?”

20:94. Деди: “Эй онамнинг ўғли, тутма бошимдан соқолимдан. “Исроил ўғиллари ичига тафриқа солдинг ва сўзимни буздинг” дейишингдан қўрқдим.

20:95. Деди: “Эй Сомирий, мақсадинг нима ўзи?”

20:96. Деди: “Мен уларнинг кўрмаганини кўрдим. Расулнинг асаридан бир қисмини чиқариб отдим, нафсим шундай қилишни чиройли кўрсатди”.

20:97. Деди: “Даф бўл! Бундан буён бир умр одамларга: “Менга тегманглар!” деб ўтасан. Сенга ҳали ваъда қилинган жазо бор, ундан асло халос бўлолмайсан. Энди эса сиғинган илоҳингга қара. Биз уни ёқиб, майдалаб, денгизга совурамиз”.

20:98. Сизнинг илоҳингиз фақат Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. Барча нарсани Ўз илми билан қамраб олган.

20:99. Мана шу каби, ўтганларнинг хабарларидан сенга қисса қилиб келтирмоқдамиз. Ҳақиқатан, сенга ўз ҳузуримиздан Эслатма бердик.

20:100. Ким ундан юз ўгирса, Қиёмат кунида гуноҳ юкини ташийди.

20:101. У юкнинг остида давомли қолади. Қиёмат кунги юклари қанчалар ёмон!

20:102. Сур чалинадиган Кунда, жиноятчиларни кўзлари кўр ҳолида ҳайдаб борамиз.

20:103. Улар ўғринча бир-бирига дейдилар: “Ўн кундан ортиқ қолмадингиз”.

20:104. Уларнинг нималар деётганини Биз яхшироқ биламиз. Мана, уларнинг ҳамроҳи демоқда: “Бир кунгина қолдингиз”.

20:105. Сендан тоғлар ҳақида сўрайдилар. Сен айт: “Раббим уларни тарқатиб тўздириб юборади,

20:106. ўринлари бўм-бўш ва теп-текис қолади,

20:107. у ерда бир чуқур ёки бир дўнг кўрмайсан.

20:108. у Кунда чорловини қайтариб бўлмас чорловчига эргашадилар; Раҳмоннинг ҳузурида овозлари ўчади ва шивирдан бошқа ҳеч бир сас эшитмайсан.

20:109. У Кунда шафоат ҳеч кимга фойда бермайди, фақатгина Раҳмон изн берган ва сўзлашига рози бўлинганлар мустасно.

20:110. У уларнинг олдидаги ва ортидаги барча нарсани/ошкор ва яширин ишларининг барчасини билади, аммо улар Уни илм ила қамрай олмаслар.

20:111. Барча юзлар Ҳайй ва Қайюм/Ҳаёт берувчи ва Ҳаётни бардавом қилувчи Зот сари юзланган. Зулм юки ташиганлар хор бўлди.

20:112. Кимки имон келтириб солиҳ амал қилса, на зулм хавфи бор унга, на ҳаққи поймол этилиши.

20:113. Ана шундай қилиб, Биз сенга уни Арабий Қуръон қилиб нозил қилдик; ва унда турли ваъид-таҳдидларни келтирдик, токи тақво қилсинлар, ёки бу уларга ўгит/эслатма бўлсин.

20:114. Ҳақиқий Подшоҳ – Аллоҳ Олийдир. Сенга ваҳй тамомланмай туриб, Қуръонга шошма, айтки: “Эй Раббим, илмимни зиёда қил”.

20:115. Биз олдинроқ Одам билан аҳдлашган эдик, у унутиб тарк этди. Унда азм ва сабот топмадик.

20:116. Мана малакларга дедик: “Одамга сажда қилинг”. Улар сажда қилдилар, фақат Иблис тескари бурилди.

20:117. Дедик: “Эй Одам, мана бу сенга ва жуфтингга душман. Ҳаргиз сизларни жаннатдан чиқармасин, сўнгра машаққатда қоласан.

20:118. Бу ерда оч-яланғоч қолаётганинг йўқ.

20:119. Чанқаётганинг ҳам, эрталабки қуёшда ёнаётганинг ҳам йўқ”.

20:120. Шайтон унга васваса қилиб деди: “Эй Одам, сенга Абадият дарахтини ва битмас-туганмас Мулкни кўрсатайми?” (Ҳорут ва Морут 2:102)

20:121. Улар дарахтдан едилар: уларнинг айб ўринлари ўзларига очилди. Устларини жаннатдаги барглар билан беркита бошладилар. Одам тойди, Раббининг амрига осий бўлди.

20:122. Кейинроқ Рабби уни танлади, тавбасини қабул қилди ва йўл кўрсатди.

20:123. Ҳар иккисига деди: “Тарқалинг у ердан, бир-бирингизга душмансиз. Мендан сизларга Тўғри Йўл келади, ким Менинг Йўлимга эргашса, у адашмас, машаққат ҳам чекмас”.

20:124. Кимки Менинг Зикримдан юз ўгирса, унинг учун дунёда тор бир ҳаёт бор, Қиёмат куни уни кўр қилиб чиқарамиз.

20:125. Деди: “Нега мени кўр қилиб чиқардинг, эй Раббим? Ахир мен кўрар эдим!”

20:126. Деди: “Худди шундай! Сенга Менинг оятларим келди, сен уларни унутдинг, бугун ўзинг ҳам худди шундай унутиласан!”

20:127. Кимки Раббининг таъқиқларни поймол этган ва оятларига имон келтирмаган бўлса, ана шундай жазолаймиз. Охират азоби эса яна-да шиддатли, яна-да давомли ва боқий.

20:128. Улардан олдинги қанча наслларни ҳалок этдик,улардан қолган масканларида юришибди, шу етарли дарс бўлмадими уларга/уларни йўлга солмадими? Албатта, таъқиқлардан тийилувчилар учун бунда оят-ибратлар бор.

20:129. Агар Роббингдан ўша Сўз* ва белгиланган муддат бўлмаганида эди, буларга ҳам азоб лозим* бўлган эди. (*Раббдан бўлмиш Сўз – 6:2; *Қурайш ҳам аслида азобни ҳақ этиб бўлган – 20:127)

20:130. Уларнинг гап-сўзларига сабр этгин. Қуёш чиқиши ва ботиши олдидан Раббингни ҳамд ила тасбиҳ этгин; ризога эришмоқ учун, кечанинг баъзи соатларида ва кундузнинг тарафларида ҳам тасбиҳ этгин.

20:131. Улардан баъзи гуруҳларга имтиҳон учун берганимиз бу дунё ҳаётининг зийнатларига кўз тикмагин. (15:88) Раббинг бергуси ризқ яхшироқ ва боқийроқ.

20:132. Аҳлингни Салотга/Кўрсатилган Йўлга буюргин; ва ўзинг ҳам унда сабот кўрсатгин. Биз сендан ризқ истамаймиз. Биз Ўзимиз сенга ризқ берамиз. Оқибат фақат тақводорлар фойдасига.

20:133. Дедилар: “Бизга Раббидан бирор оят-ишорат келтириши керак эмасмиди?” Уларга ўтган Китоблардаги оят-ишоратлар етиб келмаганми?

20:134. Агар уларни олдинроқ азоб ила ҳалок этсак, дердиларки: “Эй Раббимиз, бизга Расул юборсайдинг, Сенинг оятларингга эргашган бўлардик, бундай хор ва шарманда бўлмасдик!”

20:135. Сен айт: “Ҳамма кутяпти. Сиз ҳам кутинг, ким Тўғри Йўлда эканини яқинда билиб оласиз”.