Kemal Yoldash

One with God is Majority


19

Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)

19:1. Каф Ҳа Йа Айн Сод

19:2. Бу – Раббингнинг ўз қули Закариёга бўлган раҳматининг Зикри.

19:3. Мана, у Раббига хуфёна нидо қилди:

19:4. Деди: “Эй Раббим, менинг суякларим заифлашди, қариликдан сочим оқарди. Сенга дуо қилиб ҳеч қачон бадбахт бўлмаганман, эй Раббим!

19:5. Мендан кейин ўрнимни босадиган яқинларим ҳақида хавотирдаман, хотиним ҳам бепушт. Менга Ўз ҳузурингдан валий насиб этгин (3:38).

19:6. Менга ворис бўлсин ва Йаъқуб ўғилларига ворис бўлсин; уни Ўз Ризоингга лойиқ айлагин, эй Раббим”.

19:7. “Эй Закариё, Биз сенга бир ўғлон хушхабарини берамиз. Исми Яҳё бўлгай. Ундан олдин ҳеч кимни унга отдош қилмаганмиз*”.(*Ундан олдингилар Масиҳнинг келажакда келишини хабар берган эди, Яҳё эса унинг келганини эълон қилади).

19:8. Деди: “Эй Раббим, Хотиним бепушт, ўзим эса ниҳоятда қари бўлсам, қандай қилиб ўғлим бўлсин?”

19:9. Деди: “Ана шундай! Раббинг деди: “Бу Мен учун оддий иш. Сени ҳам бир пайтлар яратганман, ҳолбуки ҳеч нарса эмасдинг”.

19:10. Деди: “Эй Раббим, менга оят-ишорат бер!” Деди: “Сенга ишорат шуки, уч кеча бўйича одамларга гапирмайсан”.

19:11. У қавмининг ҳузурига чиқди, ва “Эртаю-кеч тасбиҳ айланг” дея ваҳй/ишора қилди.

19:12. “Эй Яҳё, Китобни/Қонунни маҳкам тутгин. Унга болалигиданоқ Ҳукм инъом этдик. (3:103)

19:13. Ўз ҳузуримиздан раҳм-шафқат ва поклик инъом этдик, тақводор бўлди.

19:14. Ота-онасига энг яхши муомала қилгувчи бўлди, жабр-зулм қилувчи бўлмади.

19:15. Унга туғилган кунида ҳам, вафот этган кунида ҳам, қайта тириладиган кунида ҳам Салом/Омонлик бўлсин!”

19:16. Китобда Марямни ёд айла. Мана у аҳлидан айрилиб, Шарқ тарафда бир жойга чекинди,

19:17. улар билан ўзи орасига тўсиқ тортди. Унга Руҳимизни юбордик, унга мукаммал инсон мисолини келтирди.

19:18. Деди: “Мен сендан Раҳмонга сиғинаман, агар тақводор бўлсанг”.

19:19. Деди: “Мен фақат Раббингдан сенга бир пок ўғлон муждаси келтириш учун юборилганман, холос”.

19:20. Деди: “Қандай қилиб менинг ўғлим бўлиши мумкин, менга ҳеч кимнинг қўли тегган эмас, ёмон йўлга ҳам юрган эмасман”.

19:21. Деди: “Раббинг ана шундай деди: “Бу Мен учун оддий иш. Уни одамлар учун оят-ишорат ва Ўз ҳузуримиздан раҳмат қиламиз. Бу ҳал бўлган ишдир”.

19:22. Уни кўтарди ва овлоқ жойга чекинди.

19:23. Тўлғоқлардан хурмо шохига чирмашди. “Қанийди бундан олдин ўлиб кетсам-у, бутунлай унут бўлсам…” деди.

19:24. Хурмо дарахтининг тагида унга нидо келди: “Ғам чекмагин, Раббинг пойингда бир ариқ сув оқизиб қўйибди,

19:25. Хурмо шохини силкитгин, янги пишган хурмо тўкилсин сенга.

19:26. Хурмодан егин, сувдан ичгин, кўзинг қувонсин! Мабодо бирор киши йўлиқса, айтгин: “Мен Раҳмон учун Саум/тийилиш назр қилдим, бугун ҳеч кимга гапирмайман”.

19:27. Уни кўтариб, қавмига келтирди: “Эй Марям, сен ўта ғалати иш қилдинг”.

19:28. “Эй Ҳоруннинг синглиси, отанг ёмон одам эмас эди, онанг ҳам ёмон йўлга юрган эмасди”.

19:29. Унга ишора қилди. Улар дедилар: “Бешикдаги болага қандай ҳам гапирайлик?”

19:30. Деди: “Мен Аллоҳнинг қулиман, менга Китобни/Қонунни берди ва мени Набий қилди”.

19:31. Қаерда бўлсам ҳам муборак қилди: ҳаётим мобайнида мудом Салотни/Тўғри Йўлни, Закотни/Покликни тавсия этган!

19:32. Ҳамда Волидамга энг яхши муомала қилишни тавсия этган, бадбахт ва зўравон қилмаган мени.

19:33. Менга туғилган кунимда ҳам, вафот этажак кунимда ҳам, қайта тирилажак кунимда ҳам Салом/Омонлик бўлсин”.

19:34. Марямнинг ўғли Исо ана шундай. Улар тортишув ичида қолган шубҳаларга доир “Ҳақ Сўз” мана шу.

19:35. Аллоҳ фарзанд тутиши мумкин эмас, У бундан пок ва олийдир. Бир ишни ирода этганида, биргина иши “Бўл” дейиш, ва у бўлади.

19:36. “Ҳақиқат шуки, менинг ҳам Раббим, сизнинг ҳам Раббингиз Аллоҳдир, шундай экан, ёлғиз Унга хизмат/қуллик қилинг. Тўғри Йўл мана шу”.

19:37. Улар ўзаро фирқаларга бўлиниб, ихтилофга тушдилар. Улуғ Кунда* гувоҳлик берилишида кофир* бўлганларнинг ҳолига вой! (83:5-6)
(*Исонинг асл ҳақиқатини – Худонинг ўғли эмаслигини – билиб яширганлар ва бошқаларни адаштирганлар)

19:38. Бизнинг ҳузуримизга келганлари Кунда Унинг Ўзи қанчалар яхши Эшитгувчи ва қанчалар яхши Кўргувчи. Аммо ҳозирча Золимлар* очиқ-ойдин адашувда. (*Золимлар – Йўлдан оздирувчиларга эргашиб, шундай Зотни қўйиб Исони Худонинг ўғли дея Ширк Зулмига ботганлар).

19:39. Уларни Ҳасрат/Пушаймонлик Кунидан огоҳ эт: улар эса ҳали ҳам ғафлатда, ҳали ҳам ишонмаётир.

19:40. Ер юзи ва ундаги барча Бизга ва фақат Бизга қолади, ва барча Бизга қайтарилади.

19:41. Китобда Иброҳимни ҳам ёд айла; Ҳақиқатан, у ўта содиқ Набий эди.

19:42. Мана у отасига деди: “Эй Отам, ҳеч эшитмас, кўрмас ва сенга ҳеч фойда бермас нарсага нега қуллик қиласан?

19:43. Эй Отам, сенга келмаган илмдан менга етиб келди. Менга эргашгин, сенга Тўғри Йўлни кўрсатайин.

19:44. Эй Отам, Шайтонга/Тўғри Йўлдан оздиргувчига қуллик/хизмат қилмагин, зеро Шайтон аслида Раҳмонга осий бўлган.

19:45. Эй Отам, сенга Раҳмондан бирор жазо тегса, шайтоннинг ёнида қолиб кетасан, ана шундан қўрқаман”.

19:46. Деди: “Ҳали сен мени худоларимдан юз ўгиртирмоқчимисан, Эй Иброҳим? Агар бас қилмасанг, сени ражм/бадарға/оқ қиламан. Йўқол даргоҳимдан!” (*Ражмнинг асл маъноси – бадарға 7:88)

19:47. Деди: “Сенга Салом/Омонлик бўлсин, сенинг учун Раббимдан кечирим истайман. Ҳақиқатан, менга энг кўп лутф қилган Унинг Ўзидир,

19:48. Мен сизларни ва сизлар Аллоҳдан ўзга дуо қилган илоҳларингизни тарк этаман. Мен ёлғиз Раббимга дуо қиламан; умид қиламанки, Раббимга қилган дуоим ижобатсиз қолмайди”.

19:49. Қачонки уларни ҳамда Аллоҳдан ўзга қуллик қилган худоларини тарк этганида, унга Исҳоқ ва Йаъқубни бердик ва барчасини набийлар қилдик.

19:50. Уларга Ўз раҳматимиздан инъом этдик ва уларга содиқ ва олий тил ато этдик /уларни содиқ ва юксак дея тилга олинадиган қилдик.

19:51. Китобда Мусони ҳам ёд айла; у Ихлосли Расул ва Набий эди.

19:52. Тур тоғининг ўнгида унга нидо қилдик, хос сўзлашиш учун уни яқин келтирдик (Исро – 17:1).

19:53. Унга раҳм қилиб, иниси Ҳорунни Набий қилдик.

19:54. Китобда Исмоилни ҳам ёд айла; у ваъдасига содиқ қолди, ҳамда Расул ва Набий эди.

19:55. Ўз қавмига Салотни/Тўғри Йўлни ва Закотни/Покликни буюрарди. Рабби наздида рози бўлинган эди.

19:56. Китобда Идрисни ҳам ёд айла; Ҳақиқатан, у ўта Содиқ Набий эди,

19:57. Уни олий маконга юксалтирдик.

19:58. Аллоҳ неъмат берганлар ана ўшалар – Одам зурриётидан, ва Биз Нуҳ билан бирга кемада кўтарган умматдан, ва Иброҳим ва Исроил зурриётидан, ва Биз Тўғри Йўлга йўллаган ва танлаганлардан. Уларга Раҳмоннинг оятлари ўқилганида, кўз ёшлар ила тўлиқ таслим бўлардилар.

19:59. Улардан кейин эса Тўғри Йўлга эргашишни/Салотни зое қилган ва шаҳватларга/истак ва манфаатларга эргашган ва давомчилар келди, улар тезда тояди,

19:60. Аммо ким тавба қилиб қайтган, имон келтирган ва солиҳ амал қилган бўлса мустасно, улар боғ-роғларга киради ва уларга ноҳақлик қилинмайди.

19:61. Улар Адн боғларига киради, уни Раҳмон ўз Қулларига ғоибона ваъда қилган. Ҳақиқатан, Унинг барча ваъдаси амалга ошгусидир,

19:62. у ерда бемаъни гап эшитмаслар, фақат Салом/Омонлик сўзлари. У ерда ризқлари эртаю-кеч муҳайё қилинади.

19:63. Қулларимиз орасида ким тақво қилса, ўшаларга мерос қилиб берадиганимиз жаннат ана шу.

19:64. Биз фақат Раббингнинг амри билангина нозил бўламиз. Бизнинг ўнгимизда, ортимизда ва орасида нимаики бор бўлса, барчаси Унинг. Раббинг асло унутгувчи эмас.

19:65. Осмонлару-Ер ҳамда улар орасидаги барчасининг Рабби. Унга қуллик/хизмат қил ва қуллик/хизмат қилишда мустаҳкам бўл. Унинг исми ва сифатларида тенг бирор шерикни* биласанми? (*Унга исмдош-сифатдош ҳеч бир шерик йўқ – 13:33)

19:66. Инсон дейдики: “Ўлиб кетгандан кейин қайта тирилиб чиқаман эканми?”

19:67. Инсон илгари, ҳали ҳеч нарса эмаслигида, уни қандай яратганимизни наҳотки ўйламайди?

19:68. Раббингга қасамки, Биз уларнинг ўзларини ҳам, уларни йўлдан оздирган Шайтонларини ҳам тўплаймиз, сўнгра жаҳаннам атрофида тиз чўктирамиз, (2:14)

19:69. Кейин ҳар бир гуруҳдан Раҳмонга қарши энг кўп ҳаддидан ошганларни тортиб чиқарамиз.

19:70. Ўшанда, қай бири унда ёнишга лойиқроқ эканини яхши биламиз.

19:71. Сиздан ҳеч ким унга тушмай қолмайди. Бу Раббинг тарафидан узил-кесил қарор қилинган иш (19:68).

19:72. Тақво эгаларига нажот берамиз, золимларни эса тиз чўккан ҳолида тарк этамиз.

19:73. Уларга очиқ баён этилган оятларимиз ўқилганда, имон келтирганлар ҳақида кофирлар шундай дейди: “Бу икки гуруҳдан қайси бирининг мақоми-мавқеи яхшироқ ва тарафдори кўпроқ?”

19:74. Улардан олдин қанчадан-қанча наслларни ҳалок қилдик, куч ва кўринишда улардан-да устун эди.

19:75. Сен айт: “Ким адашувда бўлса, Раҳмон унга муддат берсин. Токи уларга ваъда қилинган Азобни ё Қиёмат Соатини кўрганларида, улар кимнинг аҳволи ёмонроқ ва лашкари заифроқ эканини ўшанда билиб оладилар”.

19:76. Тўғри Йўлга юрганларнинг ҳидоятини Аллоҳ Ўзи зиёда қилади. Давомли қолувчи ислоҳот ишлари, Раббинг наздида эваз жиҳатидан яхшироқ ҳамда бориладиган манзил жиҳатидан яхшироқ.

19:77. Оятларимизни рад этиб, “Менга бойлик ва фарзанд берилади”, деган кимсани кўрдингми?

19:78. У ғайбга етишибдими ёки Раҳмон ҳузурида ваъдалашибдими?

19:79. Йўқ, Биз унинг айтганини ёзиб борамиз, ва унинг азоб муддатини узайтирамиз.

19:80. Унинг айтганлари* тўлиғича Бизга қолади ва ҳузуримизга ёлғиз келади. (*бойлик ва фарзандлар)

19:81. Улар ўзларини қўллаб-қувватласин дея, Аллоҳдан ўзга илоҳларни тутдилар.

19:82. Йўқ асло! Ўша илоҳлар уларнинг қуллигини рад этадилар ва уларга зид бўладилар.

19:83. Кўрмадингми, Биз кофирлар устига Шайтонларни юборамиз; уларни истагандай ўйнатади?

19:84. Улар борасида шошилма, Биз Ўзимиз уларнинг саноғини санаб борамиз.

19:85. У Кунда Биз тақво эгаларини Раҳмон ҳузурига маркабларда олиб борамиз,

19:86. Жиноятчиларни эса жаҳаннам сари ҳайдаймиз, худди суғоришга ҳайдалган пода каби,

19:87. Ҳеч бири шафоат қилишга молик бўлмайди, фақат Раҳмон ҳузурида аҳд-паймон олганлар мустасно.

19:88. “Раҳмон фарзанд тутди” дедилар.

19:89. Ўта жирканч бир иддаони отдилар.

19:90. Ундан Осмонлар ёрилиб, Ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб кетай дейди,

19:91. Раҳмонга фарзанд иддао этганлари учун.

19:92. Раҳмон фарзанд тутиши мумкин эмас!

19:93. Осмонлару-Ердаги ҳамма Раҳмон ҳузурига фақат қул ҳолида келади.

19:94. У уларни қуршаб олган ва ададларини ҳам ҳисоблаб қўйган.

19:95. Уларнинг ҳар бири Қиёмат куни Унинг ҳузурига ёлғиз келади.

19:96. Имон келтирган ва солиҳ амал қилганлар орасида эса Раҳмон меҳр-муҳаббат ўрнатади.

19:97. Биз уни сенинг тилингда осон қилдик, токи у билан тақводорларга хушхабар бергайсан ҳамда қайсар қавмга эслатма бергайсан.

19:98. Улардан олдин қанча наслларни ҳалок этдик? Бирортасини ҳис этяпсанми ёки шивирини эшитяпсанми?