Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)
31:1. Алиф Лом Мим
31:2. Бу Ҳикматли Китобнинг оятлари/ишоратлари.
31:3. Яхшилик қилувчиларга Тўғри Йўл ва Раҳмат.
31:4. Улар Салотни қоим қиладилар/Кўрсатилган Йўлга эргашади, Закотни берадилар/уни покиза тутадилар, Охиратга қатъий ишонадилар.
31:5. Ана ўшалар Раббидан бўлмиш Тўғри Йўл устидалар, ана ўшалар нажот топадилар/муродига етадилар.
31:6. Баъзи одамлар бор, илмсиз ҳолда Аллоҳнинг йўлидан адаштириш ва уни масхара қилиш учун маъносиз Ҳадис сотиб олади. Ана ўшаларга Хорловчи Азоб бор.
31:7. Қачонки унга оятларимиз ўқилса, худди қулоқларида оғирлик бордек, уларни эшитмагандек, такаббурлик қилади. Унга Аламли Азоб хушхабарини бергин.
31:8. Имон келтириб, солиҳ амал қилганларга неъмат тўла боғ-роғлар бор.
31:9. У ерда доимий қоладилар. Бу Аллоҳнинг ҳақ ваъдаси.
У Азиз ва Ҳаким /барчадан ғолиб ва ҳикматли.
31:10. Осмонларни устунсиз яратди, кўриб турибсиз; сизни ларзага солмаслиги учун Ер юзида мустаҳкам ва баланд тоғларни ўрнатди; ва у ерда турли ҳайвонларни ёйди. Осмондан сув тушириб, ерда ҳар навни турлари билан ундириб бердик.
31:11. Мана шулар Аллоҳнинг яратгани. Ундан ўзгаларнинг яратганларини кўрсатинг Менга. Аксинча, Золимлар очиқ адашувда.
31:12. Луқмонга ҳикмат ато этдик: “Аллоҳга шукр қилгин!” Ким шукр қилса, ўзи учун шукр қилади, ким нонкўрлик қилса, Аллоҳ Ғаний Ҳамид /бой-беҳожат, мақтовга лойиқ.
31:13. Мана Луқмон ўғлига насиҳат қилиб деди: “Эй ўғлим, Аллоҳга шерик қўшмагин, Унга шерик қўшиш Улкан Зулм”.
31:14. Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: (Онаси уни заифлик устига заифлик билан ташийди ва икки йил эмизади). “Менга ва ота-онангга шукр қил, қайтишингиз Менгадир”.
31:15. Агар ўзинг билмаган нарсани Менга шерик қўшишга мажбурласалар, уларга бўйсунма. Бу дунёда уларга яхши муомала қил. Менга юзланганлар йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз Менга, сизнинг қилиб ўтган ишларингиз ҳақида Ўзим хабар бераман.
31:16. “Эй ўғлим, агар Ер юзида ёки Осмонларда зиғирча нарса бўлса, Аллоҳ уни келтирмай қўймайди”. Зеро Аллоҳ Латиф ва Хабир /дақиқ билгувчи ҳамда хабардор.
31:17. Эй ўғлим, Буюрилган Йўл-Йўриқларга эргашгин/Салотни қоим қилгин, Маъруфга буюргил, Мункардан қайтаргин, ва бошингга келганига сабр қилгин. Ҳақиқатан, азм-қатъият талаб этилган ишлар мана шу.
31:18. Одамларга юз буриштирма, Ер юзида мақтаниб юрма. Аллоҳ ҳеч бир кибрли мақтанчоқни яхши кўрмайди.
31:19. Юришингда мўътадил бўлгин, ва овозингизни паст тутгин.
Чунки овозларнинг энг қабиҳи бу эшак овози.
31:20. Кўрмадингизми, Аллоҳ сизнинг эҳтиёжингизга Осмонлару-Ердаги барча нарсани мослаб қўйди, зоҳиру-ботин/ташқи ва ички/кўринган-кўринмаган/билинган-билинмаган неъматларни бериб қўйди. Баъзи одамлар Аллоҳ ҳақида баҳслашади, ҳолбуки бу ҳақда на илми бор, на Тўғри Йўл таълимоти, на Нурли Китоби.
31:21. Қачонки уларга: “Аллоҳ нозил қилган нарсага эргашинг!” дейилса, дейишдики: “Йўқ! Аксинча биз ота-боболаримизни топган йўлига эргашамиз”. Шайтон уларни Қизиган Олов азобига чақирса ҳамми?
31:22. Ким яхшилик қилса, ва борлиғини Аллоҳга таслим этса, энг мустаҳкам арқонни тутибди. Ишлар Аллоҳга қайтади.
31:23. Ким куфр келтирса, унинг куфри сени маҳзун қилмасин. Уларнинг қайтиши ёлғиз Аллоҳга. Уларнинг қилмишларини хабар беради. Аллоҳ диллардагини билиб туради.
31:24. Уларни бир муддат баҳраманд қиламиз, кейин қўпол бир азобга мажбурлаймиз.
31:25. Агар уларга савол берсангки: “Осмонлару-Ерни яратган ким?” улар албатта “Аллоҳ”, дейдилар. Сен айт: “Аллоҳга ҳамд-мақтовлар бўлсин”. Лекин уларнинг кўпи билмайди.
31:26. Осмонлару-Ердаги борлиқ – Аллоҳнинг. Аллоҳ Ғаний ва Ҳамид /бой-беҳожат, мақтовга лойиқ.
31:27. Агар Ер юзидаги дарахтлар қалам бўлса-ю, денгиз ва кейин яна етти денгиз ёрдам берса ҳам, Аллоҳнинг сўзлари тугамайди. Аллоҳ ҳақиқатан Азиз ва Ҳаким /барча нарсадан устун, Ҳикматли.
31:28. Сизнинг яратилишингиз ҳам, қайта тирилишингиз ҳам бир жоннинг каби. Ҳақиқатан, Аллоҳ Самиъ ва Басир /эшитгувчи, кўргувчи.
31:29. Аллоҳ Кечани Кундузга ўрайди, Кундузни Кечага ўрайди, Қуёшни ва Ойни бўйсундирди – ҳар бири маълум вақтгача жараён этишини кўрмаганмисан? Аллоҳ сизнинг барча амалларингиздан хабардор.
31:30. Ана шундай, зеро Аллоҳ ҳақдир, Ундан ўзга дуо қилаётганлари эса ботил. Аллоҳнинг Ўзигина Алий, Кабир /олий ва улуғ.
31:31. Кўрмадингми, денгиздаги кема Аллоҳнинг неъмати ила, Унинг оятларидан кўришингиз учун оқиб боради. Бунда ҳар бир сабр ва шукр қилувчилар учун оят-ибратлар бор.
31:32. Қачонки тўлқинлар уларни соялардек ўраб олганида, улар Аллоҳга дуо-илтижо қилишади, динни ёлғиз Унга холис қилади. Аммо уларни қуруқликка чиқариб нажот берса, оз қисмигина тўғри йўлни тутади, Бизнинг оятларимизни фақат ғаддор нонкўрлар инкор этади.
31:33. Эй одамлар! Раббингизга тақво қилинг! Ота фарзанднинг жазосини тортмайдиган, фарзанд отанинг жазосини тортмайдиган Кундан қўрқинг. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ. Дунё ҳаёти сизни алдаб қўймасин, ва алдагувчи сизни Аллоҳ билан алдаб қўймасин.
31:34. Ҳақиқат шуки, Қиёмат Соатининг илми Аллоҳнинг ҳузурида; ёмғирни ҳам Унинг Ўзи ёғдиради; раҳмлардагини ҳам Унинг Ўзи билади; ҳеч бир жон эртага нималар бўлишини билмайди, қаерда жон беришини ҳам билмайди. Барчасини билгувчи, барчасидан хабардор фақат Аллоҳнинг Ўзидир.
