Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)
33:1. Эй Набий, Аллоҳга тақво қилгин! Кофирларга ва мунофиқларга бўсунма! Ҳақиқатан, Аллоҳнинг Ўзи Алим ва Ҳаким бўлган Зотдир /илм ва ҳикмат Эгаси.
33:2. Раббингдан сенга қилинган ваҳйга эргаш. Албатта, Аллоҳ сизларнинг қилаётган ишларингиздан хабардор.
33:3. Аллоҳга таваккул қилгин/суянгин; Суяниш/таваккул учун Аллоҳ етарли/кифоя.
33:4. Аллоҳ ҳеч бир эркак кўксига икки қалб бермаган, Зиҳор қилган жуфтларингизни онангиз қилмаган, асранди фарзандларингизни ҳам ўз ўғилларингиз қилмаган. Бу оғиздаги гап-сўзларингиз холос. Аллоҳ Ғафур, Раҳим / кечиргувчи, раҳмдил.
33:5. Уларни ўз оталарининг номи билан чақиринглар; ана шу Аллоҳ наздида одилроқдир. Агар билмасангиз, улар диндаги биродарларингиз ва дўстларингиздир. Бунда хато қилсангиз, сизларга гуноҳ йўқ, лекин қалбларингиз қасддан тутгани мустасно. Аллоҳ Ғафур, Раҳим бўлган Зотдир /кечиримли, раҳмдил.
33:6. Набий муминларга уларнинг ўзларидан-да яқинроқ/ҳақдорроқ. Унинг жуфтлари эса уларга оналар мақомида. Раҳм эгалари/она тарафдан қариндошлар ҳам Аллоҳнинг Китобида бошқа мумин ва муҳожирлардан кўра яқинроқлар. Магар дўстларингизга маъруф бирор яхшилик қилсангиз, мустасно. Булар Китобнинг сатрларида битилган.
33:7. Мана, Биз набийлардан аҳд олдик, ва сендан ҳам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Марямнинг ўғли Исодан ҳам. Улардан ўта қувватли Аҳд олганмиз.
33:8. Токи содиқлардан ўз содиқлиги ҳақида сўрасин. Нонкўрларга эса Аламли Азоб тайёрлаб қўйган.
33:9. Эй имон келтирганлар! Аллоҳнинг сизга берган неъматини ёдда тутинг, мана сизга лашкарлар келди, Биз уларнинг устига шамол юбордик ҳамда сизлар кўрмаган лашкарлар жўнатдик. Аллоҳ сизнинг қилаётган ишларингизни кўрмоқда эди.
33:10. Мана улар сизнинг тепа ва қуйи тарафингиздан ҳужум қилишди. Мана кўзлар даҳшатдан қотди, жонлар халқумга келди. Аллоҳ ҳақида турли гумонларга бора бошладингиз.
33:11. Ўшанда имон келтирганлар имтиҳон қилинган эдилар, ҳамда шиддатли силкиниш билан зилзила қилинган эдилар.
33:12. Ўшанда мунофиқлар ва қалбларида мараз бўлганлар демоқда эди:
“Аллоҳ ва Расули бизга фақат алдовчи ваъдалар берган экан”.
33:13. Ўшанда улардан бир тоифа деганди: “Эй Ясриб аҳли, бу ерда туришдан маъно йўқ, ортингизга қайтинг”. Улардан бир гуруҳи эса Набийдан изн сўраб, дейдиларки: “Уйларимиз очиқ қолди”. Ҳолбуки уйлари очиқ эмасди, уларнинг истаги фақат қочиш эди.
33:14. Агар ҳар томондан уларга ҳужум қилишлари исталганида, агар шаҳар ичида фитна чиқариш исталганида, улар шундай қилишарди, кечиктирмасди ҳам.
33:15. Улар ортга бурилиб қочмаслик ҳақида Аллоҳга аҳд берган эдилар. Аллоҳга берилган аҳд учун сўралади.
33:16. Сен айт: “Агар ўлимдан ёки урушдан қочсангиз, қочиш фойда бермайди. Қочсангиз ҳам ўта оз муддат баҳраманд бўласиз”.
33:17. Сен айт: “Агар Аллоҳ сизга ёмонликни ирода қилса, ёки сизга раҳм-шафқат қилса, сизни Аллоҳдан ким ҳимоя қила олади? Улар Аллоҳдан ўзга валий/йўл кўрсатувчи ҳам, нусрат/ёрдам берувчи ҳам тополмайдилар.
33:18. Орангиздаги қайтарувчиларни ва ўз биродарларига: “Бизга келинглар!” дегувчиларни Аллоҳ Ўзи билади. Улар урушга ўта оз келишдан бошқа, умуман келмайди.
33:19. Сизларга қарши бахиллик қиладилар. Хавф келганда, гўё ўлим мастлиги келган одамдек, сенга кўзлари олазарак қараб турадилар. Қўрқув кетиши биланоқ*, мол-дунё ҳирсидан, заҳарли тиллари билан сени чақишни бошлайдилар. Улар иймон келтирган эмаслар, шунинг учун ҳам Аллоҳ уларнинг ишларини беҳуда кетказган. Аллоҳ учун бу ўта осон. (*навбат ғаниматлар тақсимотига келганида)
33:20. Душман ҳизблари қайтиб кетмади, деб ўйлашади. Агар душман ҳизблари қайтиб кетса, булар араблар орасида бадавийча қолишни истайди, ва сиз ҳақдаги хабарларни ўшаёқдан туриб сўрашни истайди. Мабодо орангизда бўлсалар, базўр ва ўта оз урушади.
33:21. Албатта, Аллоҳнинг юборган Расулида сизлар учун – Сиздан Аллоҳга ва Охират Кунига умид боғловчилар ҳамда Аллоҳни кўп ёд этувчилар учун – чиройли намуна бўлди.
33:22. Муминлар душман гуруҳларини кўрганларида, дедилар: “Аллоҳ ва Расулининг бизга ваъда қилгани мана шу. Аллоҳ ва Расули ҳақ сўзни айтган”. Бу фақат улардаги ишонч ва таслимиятни зиёда қилди.
33:23. Имон келтирганлар орасида Аллоҳга берган аҳдига содиқ бўлган йигитлар бор. Улар орасида ваъдасига вафо қилганлар ҳам бор, ҳали кутаётганлар ҳам бор, аммо улар берган сўзларини ўзгартирмади.
33:24. Содиқларнинг содиқлиги учун Аллоҳнинг Ўзи мукофотласин, мунофиқларни эса истаса жазоласин, истаса тавбаларини қабул айласин. Ҳақиқатан, Аллоҳ Ғафур Раҳим /кечиримли, раҳмдил.
33:25. Кофир бўлганларни Аллоҳ ғазаблари билан ортига қайтарди. Ҳеч қандай хайрга эришмадилар. Аллоҳ муминларга жангда Ўзи кифоя. Аллоҳ Қовий Азиз /қувватли ва ғолиб.
33:26. Аҳли китоблардан уларга ёрдам берганларни Аллоҳ қўрғонларидан/қалъаларидан туширди; қалбларига қўрқув солди. Бир қисмини қатл этасиз, бир қисмини асир оласиз.
33:27. У уларнинг ерларига, уй-жойларига, мол-мулкларига ва сизлар ҳали оёқ босмаган ерларга сизни ворис қилди. Аллоҳ барча нарсага қодир.
33:28. Эй Набий! Жуфтларингга айт: “Агар бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини истасангиз, келинг, мен сизларни баҳраманд қилдираман, ҳамда чиройли тарзда қўйиб юбораман”.
33:29. Агар Аллоҳни, Расулини ва Охират диёрини истасангиз, у ҳолда орангизда яхшилик қилгувчилар учун Аллоҳ Улуғ Ажр-мукофот ҳозирлаб қўйган.
33:30. Эй Набийнинг аёллари! Сизлардан кимда-ким очиқча бузуқлик содир этса, унинг учун икки баробар азоб бўлади. Аллоҳ учун бу осон.
33:31. Лекин сизлардан ким Аллоҳга ва Расулига бўйсунса ва солиҳ амал қилса, унга икки баробар ажр-мукофот бергаймиз, ва унга мўл ва баракотли ризқ ҳозирлаб қўйганмиз.
33:32. Эй Набийнинг аёллари, сиз аёллардан ҳеч бири каби эмассиз. Агар тақво қилсангиз, гапиришда юмшоқ гапирманг, акс ҳолда қалбида марази борлар тамаъ қилмасин, фақат маъруф сўзлардан сўйланг.
33:33. Уйингизда ўтиринг, аввалги жоҳилият ясан-тусани каби ясанманг. Салотни қоим этинг/Кўрсатилган Йўлга эргашинг, Закотни адо этинг/уни покиза тутинг, Аллоҳга ва Расулига бўйсунинг. Эй Байт Аҳли, Аллоҳ сиз ҳақдаги шубҳа-гумонларни кетказишни ва сизларни поклашни истайди.
33:34. Уйларингизда тиловат қилинувчи Аллоҳнинг оятларини ва ҳикматни ёдда тутинг. Албатта, Аллоҳ Латиф, Хобир /лутф айлагувчи ҳамда тўлиқ хабардор.
33:35. Ҳақиқатан, таслим бўлган эркаклар ва таслим бўлган аёллар, имон келтирган эркаклар ва имон келтирган аёллар, тоатда бардавом эркаклар ва тоатда бардавом аёллар, садоқатли эркаклар ва садоқатли аёллар, ҳақиқий сабр қилувчи эркаклар ва ҳақиқий сабр қилувчи аёллар, хушуъ эгаси эркаклар ва хушуъ эгаси аёллар, садақалар қилувчи эркаклар ва садақалар қилувчи аёллар, саум қилувчи эркаклар ва саум қилувчи аёллар, иффатини қўригувчи эркаклар ва иффатини қўригувчи аёллар, Аллоҳни кўп ёд этувчи эркаклар ва кўп ёд этувчи аёллар, улар учун Аллоҳ кечирим ва улуғ мукофот ҳозирлаб қўйган.
33:36. Қачонки Аллоҳ ва Расули бир ишда ҳукм этганида, ҳеч бир мумин ва ҳеч бир муминада ўша ишни ўз ихтиёрига кўра танлаш ҳаққи йўқ. Кимки Аллоҳ ва Расулининг ҳукмидан бўйин товласа, у очиқдан-очиқ адашибди.
33:37. Мана сен, Аллоҳ неъмат берган кишига дединг: “Жуфтингни ўзинг билан бирга тутгин, Аллоҳга тақво қилгин”. Аллоҳ ошкор қилажак нарсани ўзингда яширдинг, одамлардан хайиқдинг. Ҳолбуки, сенинг хайиқишингга Аллоҳ лойиқроқ эди. Қачонки Зайд ундан ажрашганида, Биз сени унга уйлантирдик. Токи боқиб олинган ўғиллар жуфтларидан ажрашганларида, улар борасида муминларда танглик бўлмасин. Аллоҳнинг амри рўёбга чиқгувсидир.
33:38. Набийга Аллоҳ фарз/ҳалол қилган ишда ҳеч қандай танглик/айб йўқ. Олдин ўтганлар орасидаги Аллоҳнинг суннати шундай. Аллоҳнинг амри – ўлчанган, тақдир қилинган.
33:39. Улар Аллоҳнинг Рисолатларини етказадилар, Аллоҳдан хайиқадилар – Ундан ўзга ҳеч кимдан хайиқмайдилар. Ҳисоб қилгувчи сифатида Аллоҳ етарли.
33:40. Муҳаммад сиздаги эркаклардан бирортасининг отаси эмас, балки Аллоҳнинг Расули ва Набийларнинг муҳри/сўнггиси/тасдиқловчиси. Аллоҳ барча нарсани билгувчи.
33:41. Эй имон келтирганлар, Аллоҳни кўп ёд этинг.
33:42. Эртаю-кеч Уни поклаб улуғланг/тасбиҳ этинг.
33:43. У ўз Малаклари билан бирга сизларга Салот қилади/ўз оятлари орқали Тўғри Йўлни кўрсатади, сизларни зулматлардан НУР сари чиқариш учун. У имон келтирганларга раҳмдил.
33:44. Унга рўбарў бўлинадиган Кунда Салом/Омонлик ила кутиб олади. Улар учун мўл ажр-мукофот ҳозирлаган.
33:45. Эй Набий, Биз сени Шоҳид/гувоҳлик берувчи, Мубашшир/хушхабар элтувчи ва Назир/огоҳлантирувчи қилиб юбордик.
33:46. Аллоҳнинг изни ила ёлғиз Аллоҳга чақирувчи, Сирож/Нур таратувчи ҳамда Мунир/Нурни акс этувчи сифатида.
33:47. Имон келтирганлар учун Аллоҳнинг ҳузурида Улуғ Ажр-мукофот борлигини хушхабар бергин.
33:48. Кофир ва мунофиқларга бўйсунма. Уларнинг азиятларига парво қилма, ёлғиз Аллоҳга суянгин. Суяниш/таваккул учун Аллоҳ етарли.
33:49. Эй имон келтирганлар! Қачонки мумина аёлларни никоҳлаганингизда, ва уларга тегинмай туриб ажрашганингизда, уларнинг идда ўтиришларига ҳожат йўқ. Уларни фойдалантиринг ҳамда уларни чиройли бўшатиш билан бўшатинг.
33:50. Эй Набий, маҳрларини берган жуфтларингни сенга ҳалол қилганмиз: Аллоҳ сенга ғаниматда насиб этган аёллардан қўл остингдагиларни; ҳамда амакингнинг, аммангнинг, тоғангнинг ва холангнинг қизлари орасидан сен билан бирга ҳижрат қилганларини; ҳамда ўзини Набийга бағишлаган мумина аёлни, Набий ҳам уни ўз никоҳига олмоқ истаса, уни ҳам фақат сенга ҳалол қилган эдик, бошқа муминларга эмас. Биз уларга ўз жуфтлари ва қўл остидагилар ҳақида нималарни фарз этганимизни маълум қилдик, токи сенга танглик бўлмасин. Аллоҳ Ғафур ва Раҳим /кечиримли, раҳмлидир.
33:51. Улардан истаганингни кетказишинг ва истаганингни бирга олиб қолишинг мумкин. Агар кетказганингга қайтишни истасанг, бунда сенга ҳеч қандай гуноҳ йўқ. Уларнинг кўзлари қувониши, хафа бўлмаслиги ҳамда сенинг берганингдан мамнун бўлишлари учун энг уйғуни мана шу. Дилингиздагини Аллоҳ билиб туради. Аллоҳ Алим ва Ҳалим /билгувчи ва дарҳол азоб бермас.
33:52. Бундан буён бу аёллар сенга ҳалол эмас, агарчи ҳусни-жамоли сенга ёққани бўлса-да, уларни бошқа аёллар билан ўзгартиришинг ҳалол эмас, фақатгина қўл остингдагилар мустасно. Аллоҳ ҳамма нарсага ҳушёр бўлган Зот.
33:53. Эй ишонганлар, Набийнинг уйларига кирманг. Лекин қачонки таомга изн берилса-ю, кирсангиз, таом қачон пишади деб кутиб ўтирманг. Ва қачон чақирилсангиз, киринг, ва еб бўлгач, тарқалинг, ҳадисга/гапга берилманг. Ҳақиқатан, Набийни бу ранжитарди. Лекин у ҳаё қиларди, Аллоҳ эса Ҳақдан ҳаё қилмайди. Улардан (аёллардан) бир нима сўрасангиз, бирор тўсиқ ортидан сўранг. Ана шундай қилиш қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам покизароқ. Расулуллоҳга азият етказишингиз ва ундан кейин унинг аёлларига уйланишингиз асло мумкин эмас. Ҳақиқатан, бу Аллоҳ наздида Улкан иш.
33:54. Бир нарсани ошкор қилсангиз ҳам, уни яширсангиз ҳам, Аллоҳ барча нарсани билгувчи.
33:55. Ўз оталари, ўз ўғиллари, ўз ака-укалари, ака-укаларининг ўғиллари, опа-сингилларининг ўғиллари, ўз аёллари ёки қўл остидаги аёллар орасида уларга (яъни Набийнинг аёлларига) гуноҳ йўқ. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта Аллоҳ барча нарсага гувоҳ.
33:56. Аллоҳ ва Унинг Малаклари/оятлари бу Набийга Салот қилмоқда/унга нисбатан ўз вазифасини адо этмоқда. Эй имон келтирганлар, сиз ҳам унга Салот қилинг/унга нисбатан ўз вазифангизни адо этинг, яъни буйруққа таслим бўлиб, тинчлигини таъминланг.
33:57. Аллоҳни ва Расулини ранжитганларни Аллоҳнинг Ўзи дунё ва охиратда лаънатлаган, ҳамда уларга Хорловчи Азобни ҳозирлаб қўйган.
33:58. Мумин эркакларни ва мумина аёлларни қилмаган ишлари учун ранжитганлар туҳмат ва очиқ гуноҳни кўтарибдилар.
33:59. Эй Набий, жуфтларингга ва қизларингга айтгин, ва муминларнинг аёлларига ҳам айтгинки, устиларига ёпинчиқларидан ташлаб олсинлар; бу уларнинг танилиб, азият кўрмаслигига энг яқин бўлган йўлдир. Аллоҳ Ғафур Раҳим /кечиримли, раҳмдил.
33:60. Агар мунофиқлар, қалбларида марази бўлганлар ва шаҳарда ёмон гаплар тарқатувчилар бас қилиб тўхташмаса, Биз уларнинг устига сени уруш билан йўллаймиз, ва улар сиз билан жуда оз вақт қўшни бўла оладилар,
33:61. Малъун ҳолда, қаерда топилса, асир олиниб ўлдирилади.
33:62. Бу олдин ўтганларда ҳам бўлиб ўтган Аллоҳнинг суннати*. Аллоҳнинг суннатида асло ўзгариш топмассан. (*Фитна ва фасод чиқарувчилар жазоланади 5:33)
33:63. Одамлар сендан Қиёмат Соати ҳақида сўрайди. Сен айт: “Унинг илми Аллоҳнинг ҳузурида”. Қайдан биласан, эҳтимол У Соат яқиндир?
33:64. Аллоҳ кофирларни лаънатлади ва улар учун Қизиган Оловни ҳозирлади.
33:65. Улар унда доимий қолади; валий/йўл кўрсатувчи ҳам, нусрат/ёрдам берувчи ҳам тополмайдилар.
33:66. Кун келиб, юзлари оловга бурилганида дейдилар: “Ҳолимизга вой! Кошкийди Аллоҳга бўйсунганимизда, ва Расулга бўйсунганимизда!”
33:67. Дедилар: “Эй Раббимиз! Биз пешволаримизга ва катталаримизга эргашган эдик, улар эса бизни йўлдан адаштирган экан”.
33:68. “Эй Раббимиз! Уларга Азобни икки баробар қилиб бергин, ва энг Улкан Лаънат билан лаънатлагин!”
33:69. Эй имон келтирганлар! Мусога азият етказганлар каби бўлманг! Аллоҳ Мусони уларнинг гапларидан оқлади; бу Аллоҳнинг наздида важиҳ/мўътабар иш эди.
33:70. Эй ишонганлар, Аллоҳга тақво қилинг ва тўғри-дуруст гап гапиринг.
33:71. Токи амалларингизни ўнгласин, гуноҳларингизни кечирсин. Кимки Аллоҳга ва Расулига бўйсунса, Улкан Ютуққа эришибди.
33:72. Биз Омонатни Осмонлару-Ерга ҳамда тоғларга таклиф этдик; уни ташимоқдан бош тортдилар ва қўрқдилар; уни инсон зиммасига олди. Ҳақиқатан, у ўта золимлик ва ўта жоҳилликлар намоён қилди,
33:73. Токи мунофиқ ва мунофиқаларни, мушрик ва мушрикаларни жазоласин; ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавбаларини қабул айласин. Аллоҳ Ғафур ва Раҳим /кечиримли, раҳмдил.
