Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)
34:1. Осмонлару-Ердаги борлиқ Унинг бўлган Аллоҳга ҳамд-мақтовлар бўлсин. Охиратда ҳам барча ҳамд-мақтовлар Унга лойиқ. Унинг Ўзи Ҳаким Хобир /ҳикматли ва хабардор.
34:2. Ерга нима кириб, ундан нима чиққани, ва Самодан нима тушгани ва унга нима кўтарилганини билиб туради. У Раҳим ва Ғафур / раҳмли, кечиримли.
34:3. Кофир бўлганлар деди: “Қиёмат Соати бизга келмайди”. Сен айт: “Йўқ аксинча! Ғайбларни билгувчи Раббимга қасамки, Қиёмат Соати сизга албатта келади! Осмонлару-Ердаги бирорта зарра ҳам Ундан яширин қолмайди. Бундан озроғи ҳам, бундан кўпроғи ҳам, барчаси Очиқ-ойдин Китобда.
34:4. Имон келтириб, солиҳ амал қилганларни мукофотлаши учун. Ана ўшалар учун кечирим ва мўл-кўл ризқ бор.
34:5. Бизнинг оятларимизни ожиз қолдиришга/тўсиқ бўлишга уринаётганларга эса нопокликдан Аламли Азоб бор.
34:6. Илм берилганлар кўриб турибдиларки, Раббингдан сенга нозил қилингани Ҳақиқат, ҳамда Тўғри Йўлга – Азиз ва Ҳамид /барчадан устун қудратли ва мақтовларга лойиқ Зотнинг йўлига йўллайди.
34:7. Кофир бўлганлар деди: “Тамоман ёйиб-сочиб ташлангандан кейин, такрор яраласиз, деётган одамни кўрсатайликми?
34:8. Аллоҳга қарши ёлғон уйдирганми ёки бирор жиннилиги борми?” Йўқ аксинча, Охиратга ишонмайдиганлар ўзлари Азобда ва Узоқ адашувда.
34:9. Улар Осмон ва Ердан олдидаги ва ортларидагини кўрмадиларми? Агар истасак, уларни ерга юттиришимиз мумкин, ёки устларига осмонни парча-парча қулатишимиз мумкин. Бунда тавба қилиб йўналувчи ҳар бир Қул учун оят-ибрат бор.
34:10. Биз Довудга Ўз ҳузуримиздан фазл бердик: “Эй Тоғ ва эй Қушлар! У билан бирга йўналинг!” Унга темирни юмшатиб бердик:
34:11. “Совутлар ясагин, ва уни ўлчовли қилгин, ва солиҳ амаллар қилгин. Қилаётган амалларингизни Мен кўриб тураман”.
34:12. Сулаймонга ҳам тонг чиқиши бир ой ва кеч қайтиши бир ой бўлган шамолни вазифалантирдик. Унинг учун эриган Мис манбаларини селдек оқитдик. Раббингнинг изни ила баъзи жиннлар унинг олдида меҳнат қилар эди. Улардан кимда-ким буйруғимиздан тойса, Биз унга Қизиган Оташ азобини тотдирардик.
34:13. Улар унинг истаганича меҳроблар/қалъалар, ҳайкаллар, ҳовуз каби лаганлар, жойидан қўзғатиб бўлмас қозонлар ишларди. “Эй Довуд хонадони, бунинг шукрини адо этинг!” Қулларим орасида шукр қилувчилар ўта оз.
34:14. Унга ўлимни ирода этганимизда, унинг ўлимига унинг асоини еётган биргина ҳашарот далолат қилди. Йиқилганда эса жиннларга шу очиқ аён бўлдики, агар Ғайбни билганларида, бундай хорловчи азобда қолмасдилар.
34:15. Сабаъ учун ўз масканларида, ўнгу-сўлидаги икки боғида оят-ибрат бор эди. “Раббингизнинг ризқидан енг ва унинг шукрини адо этинг, покиза юрт, кечиримли Рабб”.
34:16. Аммо улар юз ўгирдилар, Биз улар устига Арим сели юбордик. уларнинг икки боғини буришган ва аччиқ мевали, ва озроқ садр дарахти бўлган икки боғга айлантирдик.
34:17. Мана шу – уларнинг нонкўрлиги учун жазоимиз; Нонкўрдан бошқани жазолармидик?
34:18. Улар билан, ичида қут-баракотлар тўлдирганимиз шаҳарлар орасида, очиқ кўринадиган шаҳарлар яратдик, улар орасида бориш-келишларини белгилаб қўйдик: “Кечасию-кундузи омонликда сафар қилаверинг”.
34:19. Дедилар: “Эй Раббимиз! Сафарларимизни узоқ қилгин!” Улар ўзларига жабр-зулм қилдилар. Шунинг учун уларни гап-сўзларга/ҳадисларга айлантирдик ва тамоман ёйиб-сочиб ташладик. Бунда ҳар бир сабр ва шукр қилувчи учун оят-ибратлар бор.
34:20. Иблис улар ҳақидаги гумонини ростга чиқарди, унга барча эргашди, бир гуруҳ муминлар мустасно.
34:21. Улар устидан унинг/Иблиснинг ҳеч қандай ҳумронлиги йўқ эди. Фақатгина охиратга ишонганлар билан шубҳа қилувчиларни ажратиш учун. Раббинг барча нарса устида Ҳофиз.
34:22. Сен айт: “Аллоҳдан ўзга гумон қилганларингизни чақиринг/дуо қилинг! Улар Осмонлару-Ерда заррача оғирликка ҳам эга бўлолмаслар. Уларнинг Осмонлару-Ерда шериклиги ҳам йўқ. Ва улар орасида Унинг ҳеч бир ёрдамчиси йўқ”.
34:23. Унинг ҳузурида Шафоат фойда бермас, Унинг изн берганларидан бошқа. Қалбларидан қўрқув чиқарилгач эса, “Раббингиз нима деди?” дейишади. Улар дедилар: “Ҳақиқат”, зеро У Алий ва Кабир /Олийдир ва Каттадир.
34:24. Сен айт: “Сизларга Осмонлару-Ердан ризқ бераётган ким?” Сен айт: “Аллоҳ. Ё бизлар ёки сизлар Тўғри Йўлдамиз ёки очиқ Адашувда”.
34:25. Сен айт: “Сизлар бизнинг гуноҳларимиз учун жавобгар бўлмайсиз, биз ҳам сизларнинг амалларингиз учун масъул эмасмиз”.
34:26. Сен айт: “Раббимиз барчамизни жамлайди, сўнгра орамизни очиқ қилади/ихтилофимизни ечиб беради. Фаттоҳ Алим Унинг Ўзидир /Очгувчи, Билувчи”.
34:27. Сен айт: “Сизлар Унга шерик қўшганларингизни кўрсатинг менга”. Йўқ, асло кўрсатолмаслар! Азиз ва Ҳаким ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидир/барчадан ғолиб ва устун, доно ва ҳикматли Зот
34:28. Биз сени барча одамларга хушхабар берувчи ва огоҳ этувчи қилиб юбордик, лекин одамларнинг кўпи билмайди.
34:29. Дейдилар: “Шу ваъда қачон экан, гапингиз рост бўлса?”
34:30. Сен айт: “Сизлар учун тайин этилган Кун бор. Ундан бирор соат ортга ҳам, олға ҳам сура олмассиз”.
34:31. Кофир бўлганлар деди: “Биз бу Қуръонга ҳам, ундан олдингиларга ҳам ишонмаймиз”. Бир кўрсанг эди, мана Рабби ҳузурида Золимлар тўхтатилди, бир-бирига гап қайтаришмоқда, бечоралар кибр қилганларга қарата демоқда: “Сизлар бўлмаганда, биз мумин бўлардик”.
34:32. Кибр қилганлар эса бечораларга деди: “Сизларга Тўғри Йўл келганида, сизни тўхтатган бизмидик? Йўқ, сизлар ўзингиз жиноятчилар эдингиз”.
34:33. Бечоралар эса кибр қилганларга деди: “Йўқ аксинча! Кечаю-кундуз сизнинг макрингиз эди. Сиз бизларни Аллоҳга кофир бўлишга, унга шерик қўшишга буюрардингиз”. Азобни кўргач, надоматларини яширдилар. Биз бундай кофирларнинг бўйинларига темир ҳалқалар солдик. Ўз қилмишлари учун жазоланмасинми?
34:34. Қачонки бирор шаҳарга огоҳлантирувчи юборган бўлсак, унинг катталари деди: “Сиз келтирганга кофирмиз/тан олмаймиз”.
34:35. Ва дедилар: “Биз бойлик ва ўғиллар жиҳатидан устунмиз, биз азобланмаймиз”.
34:36. Сен айт: “Раббим ўзи истаганнинг ризқини кенг ё ўлчовли қилади; лекин одамларнинг кўпи билмайди*” (*мол-мулк ва ўғиллар кўплиги Аллоҳнинг наздида ҳам устунлик ва ҳурмат-эътибор белгиси деб гумон қилишади)
34:37. Молларингиз ҳам, ўғилларингиз ҳам Бизга яқинлаштирмайди. Имон келтириб, солиҳ амал қилганлар мустасно. Ана ўшаларнинг ажр-мукофоти – қилган ишларидан бир неча баробар зиёдаси; улар саройларда ҳузур-ҳаловат ичида бўладилар.
34:38. Бизнинг оятларимизни ожиз қилишга/тўсиқ бўлишга уринаётганлар эса, Азобга ҳозир қилинадилар.
34:39. Сен айт: “Раббим Ўзи истаган қулига ризқини кенг ёки ўлчовли қилади. Аллоҳ учун нимани инфоқ этсанг, Аллоҳ унинг ўрнини тўлдиради. У ризқ бергувчиларнинг яхшироғи”.
34:40. У Кунда уларнинг барчасини тўплайди, сўнг Малакларга дейди: “Сизларга қуллик қилганлар анавиларми?”
34:41. Улар дейдилар: “Сен Пок ва Олийсан! Сенсан бизнинг валийимиз/Йўл кўрсатувчимиз, улар эмас. Аксинча улар жиннларга/ўзлари билмаганларга қуллик қилишарди. Уларнинг аксарияти уларга ишониб суянишди”.
34:42. Бу Кунда бирингиздан бошқага на фойдаси етиб боради, на зарари. Зулм қилиб ўтганларга қарата деймиз: “Ўзингиз инкор этган Дўзах азобини тотинглар”.
34:43. Қачонки уларга Бизнинг очиқ сўз билан баён этилган оятларимиз ўқилса, улар дедилар: “Бу одам фақат сизларни ота-боболарингиз қуллик қилган нарсалардан қайтармоқчи”. Ва яна дедилар: “Бу уйдирилган ёлғондан бошқа нарса эмас”. Бу кофирлар ўзларига келган Ҳаққа қарши дедилар: “Бу очиқча сеҳрдан бошқа нарса эмас”.
34:44. Ҳолбуки, уларга Биз ўқиб дарс олишлари учун Китоблар бермагандик, ва сендан олдин бошқа огоҳлантирувчи ҳам юбормагандик.
34:45. Улардан олдингилар ҳам ёлғонга чиқаришган. Уларга берган нарсаларимизнинг ўндан бирига ҳам етмади булар, лекин Расулларимни ёлғончи санадилар. Менинг инкорим қандай экан?!
34:46. Сен айт: “Мен сизга фақатгина бир нарсани маслаҳат бераман: Аллоҳ учун иккита ёки ёлғиз туриб, тафаккур қилинглар!” Ҳамроҳингизда ҳеч қандай ақлдан озиш йўқ. У сизга шиддатли азобдан олдин келган огоҳ этувчи холос”.
34:47. Сен айт: “Мен сиздан ҳеч қандай эваз истамадим, у сизники бўлсин. Менинг эвазим фақат Аллоҳнинг зиммасида. Унинг Ўзи барча нарса устида гувоҳ”.
34:48. Сен айт: “Раббим ҳаққни ўртага қўяди. У ғайбни тўлиқ билувчи”.
34:49. Сен айт: “Ҳаққ келди. Энди Ботил ҳеч нимани ўртага қўя олмайди, ортга ҳам қайтара олмайди”.
34:50. Сен айт: “Агар адашсам, ўз зараримга адашаман. Агар Тўғри Йўлга юрсам, фақатгина Раббимнинг менга ваҳй қилгани туфайли”. Унинг Ўзи Самиъ ва Қарийб /эшитувчи, қулига яқин.
34:51. Ҳали уларнинг саросимага тушишларини кўрсанг эди, ҳеч бири омон қолмайди, яқин жойдан ушланади.
34:52. Ўшанда дейдиларки: “Имон келтирдик!”, аммо иймонни узоқ жойдан қандай олсинлар?
34:53. Улар олдинроқ уни рад этишган, ғайбга/ўзларининг билмагани ҳақида гумон қилишмоқда.
34:54. Улар билан уларнинг истаганлари орасига парда тортилди, худди улардан олдинги ўхшашларига тортилганидек. Ҳақиқатан, улар мудом шак-шубҳада эдилар.
