Kemal Yoldash

One with God is Majority


36

Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)

36:1. Ё Син

36:2. ва Ҳикматли Қуръон.

36:3. Ҳақиқат шуки, сен юборилган Расуллардан бирисан.

36:4. Тўғри Йўлдасан.

36:5. Азиз ва Раҳим/куч-қудратли, раҳмдил Зот тарафидан танзил/нозил қилинган,

36:6. Аждодлари огоҳ этилмаган, шу боис ғафлатда қолган/уммий бир қавмни огоҳлантиришинг учун.

36:7. Уларнинг кўплари Сўзга (7:18) ҳаққи-рост лойиқ бўлди; улар энди иймон келтирмайди.

36:8. Биз уларнинг бўйинларига ҳалқалар ўтказдик. Жағларигача тутган бу ҳалқалар дастидан бошлари ғўдайган.

36:9. Олдларидан бир тўсиқ тортдик, ортларидан ҳам бир тўсиқ тортдик-да, уларни ёпиб қўйдик; улар энди басиратдан маҳрум/кўрмайдилар.

36:10. Уларни огоҳ этсанг ҳам этмасанг ҳам, уларга барибир, иймон келтирмайди.

36:11. Сен фақат ушбу Зикрга/Эслатмага эргашган ва кўрмай туриб Раҳмондан қўрққан кишиларни огоҳ этишинг мумкин. Ана ўшаларга кечирим ва мўл-кўл ажр-мукофот хушхабарини бергин.

36:12. Ўликларни Биз тирилтирамиз, уларнинг келажакка йўналган ишларини ҳам, изларини/қолдирган асарларини ҳам ёзиб қайд этиб борамиз. Биз барча нарсанинг ҳисобини Келажакда Очиқлаймиз/имоми-мубийнда ҳисоблаб қўйганмиз.

36:13. Шаҳар эгаларига Расуллар келиши мисолини келтир уларга.

36:14. Мана уларга икки Расул юбордик, улар иккисини ҳам ёлғончига чиқаришди. Биз уларни учинчи Расул билан қувватладик. Улар дедилар: “Биз сизга юборилган Расуллармиз”.

36:15. Улар эса дедилар: “Сиз ҳам биз каби башарсиз/оддий одамларсиз. Яратиб Ризқ берувчи/Раҳмон ҳеч нарса нозил қилгани йўқ. Ёлғон гапиряпсиз”.

36:16. Дедилар: “Раббимиз билиб турибдики/Ўзи гувоҳки, биз сизга юборилган Расуллармиз.

36:17. Зиммамизда фақат очиқ-ойдин етказиш бор холос”.

36:18. Улар дедилар: “Рости, сизлар ҳақингизда ёмон гумондамиз/шумландик. Агар бас қилмасангиз, сизларни ражм/бадарға қиламиз ва сизларга биздан Аламли Азоб етади”.

36:19. Дедилар: “Гумонингиз ўзингизга. Биргина сизга эслатганимиз учунми..? Йўқ аксинча! Сизлар мусрифлар/ўзгалар ҳаққига тажовузкор тўдасиз”.

36:20. Шаҳарнинг узоқ чеккасидан бир киши шошганича келиб деди: “Эй қавмим, бу Расулларга эргашинг”.

36:21. Сиздан эваз истамайдиганларга эргашинг, ана шулар Тўғри Йўлда.

36:22. Мени йўқдан бор қилган Яратувчига нега қуллик/хизмат қилмас эканман? Барчангиз Унга қайтариласиз ҳали.

36:23. Ундан ўзга илоҳлар олармидим? Агар Раҳмон менга зарарни ирода этса борми, бу илоҳларнинг шафоатлари ҳам фойда бермайди, ўзлари ҳам қутқара олмайди”.

36:24. Ана ўшанда очиқ-ойдин адашувда қолиб кетаман.

36:25. Шундай экан, ҳақиқий Раббингизга иймон келтирганман, тингланг мени”.

36:26. Айтилди: “Кир жаннатга”. У деди: “Қошкийди қавмим билса!

36:27. Раббим мени кечириб, иззат-икром кўрсатганини!”

36:28. Ундан кейин қавмига Кўкдан лашкар ёғдирмадик, ёғдиришга ҳожат ҳам йўқ эди.

36:29. Биргина қичқириқ бўлди, бас улар “ўчди-қолди”.

36:30. Бандаларнинг ҳолига вой! Уларга Расулдан нимаики келган бўлса, устидан куладилар.

36:31. Кўрмадиларми, улардан илгари қанча наслларни ҳалок қилдик? Энди улар қайтиб келмайди,

36:32. Балки барчаси жамланиб, Бизнинг ҳузуримизга келтирилади.

36:33. Улар учун бунинг бир ояти-ишораси – Ўлик Ер: Биз уни тирилтирдик ва ундан дон ундириб чиқардик, улар ундан ейдилар.

36:34. Ер юзида хурмо ва узум боғлари яратдик ва унда чашмалар оқитиб қўйдик.

36:35. Токи улар ўз меҳнати билан унинг ҳосилидан есинлар. Шукрини адо этмайдиларми?

36:36. Ердан униб чиққандан, уларнинг ўзларидан ҳамда улар ҳали билмайдиган нарсалардан тур-турларини яратиб қўйган Зот барча айбу-нуқсонлардан пок ва олийдир.

36:37. Улар учун бунинг бир ояти-ишораси – Кеча: ундан Биз Кундузни сидириб оламиз, бирдан улар қоронғуда қолади.

36:38. Қуёш ҳам ўз қароргоҳи сари жараён этади. Азиз ва Алим Зотнинг Ўлчови шу/ барчадан устун куч-қудрат эгаси, барча нарсани билгувчи Зотнинг ўлчаб қўйгани бу.

36:39. Ой учун ҳам манзиллар тайин этдик. Охири, у эски уржун/хурмо шингилининг шохига ўхшаб қолади.

36:40. Қуёш Ойга ета олмайди, Тун ҳам Кундан ўзиб кета олмайди. Барчаси фалакда сузиб боради.

36:41. Улар учун бунинг бир ояти-ишораси шуки, Биз уларни ва зурриётларини юкли кемада олиб юрамиз,

36:42. Ва минишлари учун унга ўхшаш қанчадан-қанча уловлар яратиб қўйганмиз.

36:43. Истасак, уларни ғарқ қилиб юборардик, ва уларга ёрдам берувчи ҳам бўлмасди, қутқарувчи ҳам бўлмасди.

36:44. Фақатгина Биздан бир раҳмат ўлароқ, ва бир муддат баҳраманд этиш учун қутқарамиз.

36:45. Қачонки уларга дейилса: “Олдингиздаги ва ортингиздагилардан эҳтиёт бўлинг”,

36:46. Улар Раббининг оятларидан қандай оят келмасин, юз ўгирадилар.

36:47. Қачонки уларга дейилса: “Аллоҳ берган ризқлардан инфоқ этинг!” Кофир бўлганлар имон келтирганларга қарата дейди: “Аллоҳ кимни хоҳласа Ўзи тўйдиради-ку, уларни биз тўйдирайликми? Сизлар ҳақиқатан очиқчасига адашувдасиз/хато йўлдасиз”.

36:48. Ва яна дейдилар: “Бу ваъда қачон келар экан, агар рост бўлса?”

36:49. Улар фақат бир даҳшатли Қичқириқни кутмоқда холос. Улар бир-бири билан талашиб тортишиб турганида, у тўсатдан ушлайди.

36:50. Энди на бир васият қила олишади, на аҳлларига қайта олишади.

36:51. Сур чалинди. Мана, улар қабрлардан Рабби сари шошилмоқда.

36:52. Улар дедилар: “Ҳолимизга Вой! Бизни ётган жойимиздан ким чиқарди? – мана Раҳмоннинг ваъда қилгани! демак, Расуллар тўғри айтган эканлар”.

36:53. Биттагина Қичқириқ бўлади ва барчаси ҳузуримизга келтирилади.

36:54. У Кунда ҳеч кимга ноҳақлик қилинмайди, ва сизлар фақат ўз амалингиз жазосини оласиз.

36:55. У Кунда Жаннат аҳли бир завқ-шавқ ила машғул.

36:56. Улар ўзлари ва жуфтлари, соя-салқин ва сўриларда ёнбошлайди.

36:57. У ерда уларга мевалар ва нима истасалар муҳайё.

36:58. Раҳмдил Раббидан уларга фақат тинчлик-омонлик сўзлари.

36:59. Ажралинг бу Кун, эй жиноятчилар!

36:60. Эй Одам ўғиллари, Мен сизлар билан аҳдлашмадимми: “Шайтонга қуллик қилманг, у сизга очиқ душман.

36:61. Ёлғиз Менга қуллик қилинг, Тўғри Йўл мана шу”.

36:62. У сиздан кўп авлодларни йўлдан оздирди. Ҳеч ақл ишлатмадингизми?

36:63. Мана сизга ваъда қилинган Жаҳаннам!

36:64. Инкорингиз билан бугун киринг унга.

36:65. У Кунда уларнинг оғизларини муҳрлаймиз, уларнинг қилмишларидан ўз қўллари хабар беради, оёқлари гувоҳлик беради.

36:66. Агар хоҳласак, кўзларини бир силардик, йўл ахтариб қолардилар, аммо қайдан ҳам кўрсинлар?

36:67. Агар хоҳласак, уларни турган жойида қотириб қўярдик, на олдга юра олишарди, на ортга.

36:68. Кимга умр берсак, унинг хилқатини қайтарамиз, ақл ишлатмайдиларми?

36:69. Биз унга шеър ўргатмадик, бу унга ярашмайди. Бу фақат Зикр/Эслатма ва очиқ Қуръон.

36:70. Унинг ила тирикларни огоҳлантириши ҳамда кофирлар учун Сўз (7:38) ҳақ бўлиши учун.

36:71. Биз қўлимиз/қудратимиз билан уларга чорва моллари яратиб бердик, ўзлари уларни мулк қилиб оладилар, кўрмадиларми?

36:72. Биз уларни ўзларига бўйсундирдик, баъзиларини улов қилиб минадилар, баъзисидан истеъмол қиладилар.

36:73. Улардан яна бошқа кўплаб фойдалар ва ичимликлар бор. Шукрини адо этмайдиларми?

36:74. Ўзларига ёрдам берсинлар, дея, Аллоҳдан ўзгаларни илоҳ қилиб олдилар.

36:75. Улар асло ёрдам бера олмаслар. Аксинча, ўзлари уларни қўриқловчи аскарлардир.

36:76. Уларнинг гаплари сени маҳзун қилмасин. Уларда яширин-ошкор нимаики бўлса, Биз Ўзимиз биламиз.

36:77. Инсон кўрмадими, уни бир томчи манийдан қандай яратган эканмиз? Энди эса очиқ рақибга айланибди?

36:78. У ўзининг яратилишини унутиб, Бизга мисол келтирди: “Чириб кетган суякларга ким қайта жон беради?”

36:79. Сен айт: “Уларни илк маротаба яратган Зот қайта жон беради. Барча яратишни тўлиқ билгувчи Унинг Ўзидир”.

36:80. У сизларга яшил дарахтдан олов чиқариб берган зот, ва сизлар ундан ўтин ёқасиз.

36:81. Осмонлару-Ерни яратган Зот уларнинг мислини яратишга қодир эмасми? Албатта қодир. У Халлоқ ва Алим /мудом яратувчи ва билгувчи.

36:82. Бир нарсани ирода этганида, Унинг Амри фақат “Бўл!” демоқлик холос, ва у мутлақо бўлади.

36:83. Барча нарса устидаги Подшоҳлик Ўз қўлида бўлган зот Пок ва Олийдир. Барчангиз Унга қайтариласиз.