Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)
44:1. Ҳа Мим.
44:2. Ва Очиқланган/Очиқлаган Китоб.
44:3. Биз уни Муборак Кечада нозил қилдик. Шубҳасиз, Биз огоҳ этамиз.
44:4. У Кечада ҳикмат тўла ҳар Амр/Ишлар айрилади;
44:5. Биздан бир Амр/Иш ўлароқ Расул юборамиз.
44:6. Раббингдан бир раҳмат ўлароқ. Зеро Эшитгувчи, Билгувчи Унинг Ўзидир.
44:7. Агар қатъий ишонч эгаси бўлсангиз, У – Осмонлару-Ернинг ва уларнинг орасидаги борлиқнинг Раббидир.
44:8. Ундан ўзга Илоҳ йўқ, ҳаёт берган ҳам, ўлим берган ҳам, Сизнинг Раббингиз ҳам, ота-боболарингизнинг Рабби ҳам Унинг Ўзи.
44:9. Улар эса, аксинча, шак-шубҳалар ичида ўйнайдилар.
44:10. Кун келиб, Самода очиқ кўринган тутун келади, сен ўша Кунни кутгин/пойлагин.
44:11. У одамларни ўраб олади, Аламли Азоб мана шу. (*қора булут қоплайди уларнинг осмонини, азоб/маҳрумият кунлари келгани шу)
44:12. “Эй Раббимиз, биздан бу азобни кетказгин, биз энди ишондик”.
44:13. Энди қандай қилиб эслатма/ўгит олишади? Ахир уларга очиқ етказувчи Расул келган эди,
44:14. Улар эса юз ўгириб дейишди: “Унга бошқалар ўргатади, у мажнун/яширин кучлар тарафидан ишлатилмоқда”.
44:15. Биз азобни бирозгина кетказамиз, аммо сиз яна қайтиб кетасиз.
44:16. У Кунда Биз ушлашнинг каттаси ила ушлаймиз. Биз интиқом оламиз!
44:17. Улардан олдин Фиръавн қавмини имтиҳон қилганмиз. Уларга ҳурматли Расул келди:
44:18. “Аллоҳнинг Қулларини менга топширинг, мен сизларга юборилган ишончли Расулман.
44:19. Аллоҳга қарши катта кетманг. Мен сизга очиқ далил-исбот келтирмоқдаман.
44:20. Мени четлатишингиздан/ражм қилишингиздан Раббимга ва Раббингизга сиғинаман.
44:21. Мабодо ишонмасангиз ҳам, менга халал берманг/четланинг”.
44:22. Раббига дуо қилди: “Булар жиноятчилар тўдаси!”
44:23. “У ҳолда, Қулларимни кечаси юритгин, сизни таъқиб этишади”.
44:24. Денгизни очиб юбор, улар ғарқ бўлғуси бир лашкар.
44:25. Улар қанча боғларни, чашмаларни ташлаб кетишди,
44:26. Экинларни ва мукаррам мақомларни!
44:27. Завқу-сафо сурган қанча-қанча неъматларни!
44:28. Ана шундай! Биз буларга бошқа қавмни ворис қилдик.
44:29. Улар учун Осмон ҳам, Ер ҳам йиғлаб қўймади. Уларга бироз фурсат ҳам берилмади.
44:30. Исроил ўғилларини эса ўша Хорловчи Азобдан қутқардик:
44:31. Фиръавннинг азобидан. У ҳақиқатан мутакаббир, ҳаддан ошувчилардан эди.
44:32. Биз уларни Илм сабабли оламлар/қавмлар орасида фазилатли қилдик.
44:33. Уларга, ичида очиқ синовлар бўлган оятлар бердик.
44:34. Манавилар эса дейдиларки:
44:35. “Бир ўлимдан кейин ҳеч нарса йўқ. Қайтиб тирилмаймиз.
44:36. Бўлмаса, ота-боболаримизни келтиринг, рост бўлса”.
44:37. Улар яхшими ёки Туббаъ аҳли ва улардан олдин ўтганларми? Биз уларнинг барчасини ҳалок этдик, улар ҳам жиноятчилар эди.
44:38. Биз Осмонлару-Ерни ҳамда иккиси орасидагиларни ўйин учун яратмадик.
44:39. Биз уларни фақат Ҳақ ила/аниқ маъно ва мақсад ила яратдик. Лекин кўплари билмайди.
44:40. Фасл/Ажралиш куни – барчаси учун белгиланган Кун.
44:41. У Кунда дўст дўстидан ҳеч нарсани кетказа олмайди. Уларга ёрдам ҳам берилмайди.
44:42. Аллоҳ Ўзи раҳм қилганлар мустасно. Ҳақиқатан, Азиз Раҳим /барчадан устун ва раҳмдил Унинг Ўзидир.
44:43. Ҳақиқатан, Заққум дарахти,
44:44. Гуноҳкорлар таоми,
44:45. Қоринларда қозондек қайнайди,
44:46. Иссиқ сув қайнаганидек.
44:47. “Ушланг уни, жаҳаннам ўртасига қараб судранг.
44:48. Сўнгра бошига қайноқ сув азобидан тўкинг!
44:49. Тот энди, устун ва шарафли сенсан!
44:50. Сиз шак-шубҳа қилган нарса мана шу”.
44:51. Тақво эгалари эса хавфсиз/омонлик мақомида.
44:52. Боғлар ва чашмалар аро.
44:53. Нозик ипак ва ёрқин атласдан либослар кийиб, қарама-қарши ўтирадилар.
44:54. Ана шундай! Уларни Ҳур-Ийн* ила бирга қиламиз. (*Ҳур – давра; Айн – айни аслдан бўлган. Ҳур-Ийн – муминлар ва уларга имон ва тақвода эргашган жуфтлари ва зурриётлари – 52:21)
44:55. У ерда омонликда, ҳар мевадан истай оладилар.
44:56. У ерда улар илк ўлимдан бошқа ўлимни тотмайдилар. Унинг Ўзи уларни жаҳаннам азобидан асради.
44:57. Раббингдан бир фазл бу. Улкан ютуқ мана шу.
44:58. Биз буни сенинг тилингда қулайлаштирдик, токи ўгит олсинлар.
44:59. Сен бир муддат кутгин, улар ҳам кутсинлар.
