Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)
47:1. Кофир бўлганлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларнинг ишларини Унинг Ўзи самарасиз қилди.
47:2. Имон келтириб солиҳ амал қилганлар, ва Раббидан Муҳаммадга нозил қилинган Ҳаққа ишониб тасдиқлаганларнинг эса, ёмонликларини ўчирди ва аҳволларини ўнглади.
47:3. Ана шундай, зеро кофир бўлганлар ботилга эргашдилар, иймон келтирганлар эса ўз Раббидан келган Ҳаққа эргашдилар. Аллоҳ одамларга ўзларидан ана шундай мисоллар келтиради.
47:4. Шу боис, бундай кофирлар билан тўқнашиб, бўйинларини эзиб, ғолиб бўлганингизда, боғларни маҳкам боғланг. Кейин эвазсиз ёки бирор фидя эвазига озод қилинг. То уруш ўз оғирлигини ташлагунича, ана шундай. Аллоҳ истаса, улардан интиқом оларди, лекин сизларни бир-бирингиз билан имтиҳон қилади. Аллоҳ Ўз йўлида урушилган/ўлдирилганларнинг амалларини асло зое қилмайди,
47:5. Уларга Ўзи Йўл кўрсатади ва аҳволларини ўнглайди.
47:6. Уларни ўзларига танитилган Жаннатга киритади.
47:7. Эй имон келтирганлар! Агар Аллоҳга ёрдам берсангиз, У ҳам сизга ёрдам беради ва қадамингизни собит айлайди.
47:8. Кофир бўлганлар эса, ҳалокат бўлгай уларга! Уларнинг амалларини беҳуда қилди.
47:9. Ана шундай. Зеро улар Аллоҳнинг нозил қилганини ёқтиришмади, Аллоҳ ҳам уларнинг амалларини самарасиз қилди.
47:10. Улар Ер юзида кезиб, ўзларидан олдингиларнинг оқибати қандай бўлганини кўрмадиларми? Аллоҳ уларни ҳалок қилган эди, бу кофирларга ҳам шунга ўхшаш оқибат бор.
47:11. Ана шундай. Зеро Аллоҳ мўминларнинг Мавлоси/мададкори, Кофирларнинг эса Мавлоси/мададкори йўқ.
47:12. Иймон келтириб, солиҳ ишлар қилганларни Аллоҳ остидан дарёлар оққан боғ-роғларга киритади. Кофир бўлганлар эса, бу дунёда бир муддат яшайди, молдек еб-ичади, сўнг манзиллари эса – Оташ бўлади.
47:13. Сени ҳайдаб чиқарган шаҳардан кучлироқ бўлган қанча шаҳарларни ҳалок этдик, уларга бирор ёрдамчи топилмади.
47:14. Раббидан далил устида бўлган одамлар билан ўз ёмон амаллари ўзига чиройли кўринган ва ҳавои-нафсига эргашган одамлар бирдек бўладими?
47:15. Тақво эгаларига ваъда қилинган жаннатнинг мисоли – унда айнимайдиган сувли анҳорлар, таъми ўзгармайдиган сутли анҳорлар, ичувчиларга лаззатбаҳш шаробли анҳорлар, соф асалли анҳорлар, улар учун ҳар турдаги мевалар бор. Шу билан бирга яна Роббидан бўлмиш кечирим ҳам бор! Ана шулар билан абадий оташда қолган, ичакларини парчалаб кесадиган қайноқ сув ичирилганлар бирдек бўладими?
47:16. Улардан баъзилари келиб сени тинглайди. Ҳузурингдан чиқишлари биланоқ, илм берилганларга қарата дейди: “Нима деди боя?” Ана ўшалар – Аллоҳ қалбини муҳрлаган ва ўз ҳавои-нафсига эргашганлар.
47:17. Ҳидоятга юрганларнинг эса ҳидоятини зиёда қилди ва уларга ҳимоя берди.
47:18. Қиёмат Соати тўсатдан келишини кутишмоқдами? Унинг барча ишоратлари келиб бўлган-ку! Огоҳ этилган Соат келиб бўлганида, ўгит олишдан не маъно?
47:19. Билки, Аллоҳдан ўзга Илоҳ йўқ. Шу боис, сен ўз гуноҳинг учун ҳамда мумин ва муминларнинг гуноҳлари учун мағфират истагин. Аллоҳ сизнинг юрган йўлларингизни ҳам, борар манзилларингизни ҳам билади.
47:20. Муминлар дейди: “Бир сура нозил қилинса эди”. Қачонки ҳукми очиқ бир сура нозил қилиниб, унда жанг қилиш зикр этилса, дилларида хасталик бўлганларни кўрасан: бамисоли ўлимдан мазаси қочган кимсадек қараб туради сенга. Уларга аслида яқинроқ бўлган иш –
47:21. бўйсуниш ва яхши сўз сўйламоқ эди. Иш жиддийлашганда, Аллоҳга содиқ қолсалар эди, ўзлари учун яхши бўларди.
47:22. Сизлар буйруқдан юз ўгириб, нимани умид қилмоқдасиз? Ер юзида бузғунчилик қилиш, ва қариндошлик боғларингизни кесишними?
47:23. Аллоҳ лаънатлаган ва қулоқларини кар қилган ва кўзларини кўр қилган кишилар ана ўшалардир.
47:24. Ахир Қуръонни тадаббур* қилмайдиларми? Ёки қалбларда қулфлари борми? (*тадаббур – оятда келтирилган мисоллар орқа планидаги абстракт илоҳий формулаларни илғаш)
47:25. Тўғри Йўл уларга очиқ аён бўлганидан кейин ортларига ўгирилиб кетганлар эса, Шайтон/йўлдан оздирувчи уларнинг хатоларини чиройли кўрсатди ва осонлаштирди, уларни узоқ орзу-ҳавасларга мубтало қилди.
47:26. Ана шундай. Зеро улар Аллоҳ нозил қилган нарсани ёқтирмаганларга қарата дедилар: “Биз баъзи ишларда сизга бўйсунамиз”. Аллоҳ уларнинг барча сирларини билиб турибди.
47:27. Малаклар/куч эгалари уларнинг юзи ва орқасига уриб тўлиқ улушларини ўтаганида аҳволлари қандай бўлар экан?
47:28. Ана шундай. Зеро улар Аллоҳнинг ғазабига сабаб нарсаларга эргашдилар. Унинг розилигини ёқтиришмади. Аллоҳ ҳам уларнинг амалларини беҳуда қилди.
47:29. Ёки дилларида мараз бўлганлар, Аллоҳ уларнинг кин-нафратини ошкор қилмайди, деб ўйладиларми?
47:30. Истасак, уларни сенга кўрсатган бўлардик, сен ҳам уларни сиймоларидан/аломатларидан таниб олардинг. Аллоҳ сизнинг амалларингизни билади.
47:31. Биз сизни албатта имтиҳон қиламиз, орангизда жидду-жаҳд қилгувчи ва сабр қилгувчилар маълум бўлгунича, ва хабарларингизни/имондан айтган сўзларингизни ҳам синаймиз*. (Аллоҳга берган аҳдининг ростми-ёлғонми экани айнан синовларда маълум бўлади).
47:32. Кофир бўлган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганлар; ўзларига Тўғри Йўл очиқ аён бўлганидан кейин ҳам Расулни ранжитганлар, Аллоҳга ҳеч қандай зарар етказолмайди, уларнинг амалларини Унинг Ўзи тезда беҳуда қилади.
47:33. Эй имон келтирганлар! Аллоҳга бўйсунинг ва Расулига бўйсунинг, ва қилган амалларингизни беҳуда қилиб қўйманг.
47:34. Кофир бўлиб, Аллоҳнинг йўлидан тўсган, охири кофир ҳолда ўлиб кетганларни Аллоҳ асло кечирмайди.
47:35. Шундай экан, сиз заифлашманг: ғолиб бўла туриб, тинчлик сўраманг. Аллоҳ сиз билан биргадир ва амалларингизни зое қилмайди.
47:36. Бу ҳаёти дунё/тубан ҳаёт фақат ўйин ва кўнгилхушликдан иборат. Агар иймон келтириб, тақво қилсангиз, Унинг Ўзи сизга ажр-мукофотингизни беради, мол-дунёингизни сўрамайди.
47:37. Агар сиздан сўраб қийнаганида, сизлар бахиллик қилган бўлардингиз, ва кин-нафратингиз ошкор бўларди.
47:38. Эй сизлар! Эй анавилар! Аллоҳ йўлида инфоқ этишга даъват қилинмоқдасиз, лекин орангизда бахиллик қилаётганлар бор. Ким бахиллик қилса, ўз зарарига бахиллик қилган бўлади. Аллоҳнинг бунга асло эҳтиёжи йўқ, аслида сизлар бунга муҳтожсиз. Агар юз ўгирадиган бўлсангиз, Аллоҳ ўрнингизга бошқа қавмни келтиради, улар сизга умуман ўхшамаган бўлади.
