Kemal Yoldash

One with God is Majority


48

Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)

48:1. Биз сенга очиқ бир Фатҳ/Ғалаба бердик,

48:2. Токи Аллоҳ сенинг ўтмиш ва келажак гуноҳингни кечирсин, ва сенга Ўз неъматини тугал қилсин, ҳамда сени Тўғри Йўлга йўлласин,

48:3. Ва Аллоҳ сенга шонли зафар ато этсин.

48:4. Унинг Ўзи мўминлар қалбига хотиржамлик ўрнатди, токи имонлари яна имон-ла зиёда бўлсин. Осмонлару-Ернинг лашкарлари Аллоҳнинг. Аллоҳ Алим Ҳаким /илм ва ҳукм-ҳикмат эгаси.

48:5. Токи мўмин ва мўминаларни, остидан анҳорлар оқиб турган боғ-роғларга киритсин, у ерда улар доимий қоладилар, ҳамда уларнинг ёмонликларини беркитсин. Аллоҳ наздида улкан ютуқ ана шудир.

48:6. Ҳамда Аллоҳ ҳақида ёмон гумонлар қилган мунофиқ-мунофиқаларни ва мушрик-мушрикаларни азобласин, ёмонлик гирдоби ўз бошларига келсин. Аллоҳ уларга ғазаб қилди, уларни лаънатлади ва уларга жаҳаннамни тайёрлаб қўйди. Қанчалар ёмон жой у!

48:7. Осмонлару-Ернинг лашкарлари Аллоҳнинг. Аллоҳ Азиз Ҳаким /барчадан устун куч-қудрат ва ҳикмат эгаси.

48:8. Биз сени гувоҳлик берувчи, хушхабар бергувчи ва огоҳ этгувчи Расул ўлароқ жўнатдик.

48:9. Токи Аллоҳга ва Расулига ишонгайсиз, ҳамда Унга ёрдам бергайсиз, Уни ҳурмат қилгайсиз, ва эртаю-кеч Уни тасбиҳ этгайсиз.

48:10. Сенга байъат берганлар аслида Аллоҳга байъат бермоқдалар. Аллоҳнинг қўли уларнинг қўллари устида/Аллоҳ уларнинг байъатини қўллайди. Кимки аҳдини бузса, ўз зарарига бузибди. Кимки Аллоҳга берган ваъдасида турса, Аллоҳ уни Улуғ Ажр ила мукофотлайди.

48:11. Араблардан бўлмиш ортда қолганлар сенга дейдилар: “Молимиз ва бола-чақамиз билан бўлиб, ушланиб қолибмиз. Биз учун кечирим сўра”. Улар дилларида бўлмаган нарсани оғзида айтмоқда. Сен айт: “Аллоҳ сизга зарар ёки фойда етказишни ирода қилган бўлса, ким сизни Аллоҳдан тўсиб қолишга қодир? Йўқ, аксинча! Аллоҳ сизнинг барча қилмишингиздан хабардор”.

48:12. Сизлар, аксинча, Расул ва муминларни ҳеч қачон ўз аҳлларига қайта олишмайди, деб гумон қилдингиз. Бу гумон кўнглингизда чиройли туюлди. Сизлар ёмон гумонлар қилдингиз, ва йўқ қилинишга лойиқ қавм ҳолига келдингиз.

48:13. Кимки Аллоҳга ва Расулига ишонмаса, билсинки, Биз кофирлар учун Қиздирилган Дўзахни тайёрлаб қўйганмиз.

48:14. Осмонлару-Ернинг эгалиги/мулки Аллоҳнинг. Истаганини кечиради ва истаганини азоблайди. Аллоҳ Ғафур Раҳим /кечиримли ва раҳмдил.

48:15. Ғаниматларни олиш учун кетаркансиз, ўша ортда қолганлар дейдилар: “Қўйинг, сизлар билан бирга борайлик”. Улар Аллоҳнинг Каломини ўзгартиришмоқчи. Сен айт: “Ҳеч қачон бизга эргашолмассиз. Аллоҳ олдиндан буни айтиб қўйган”. Шунда дейдиларки: “Йўқ, ундай эмас, сизлар бизга ҳасад қиляпсиз/биздан қизғаняпсиз”. Йўқ аксинча! Улар буни англай олмайди, ўта озлари мустасно.

48:16. Ортда қолган ўша арабларга айт: “Яқинда бир кучли қавмга қарши урушга чақириласиз, улар билан урушасиз ёки улар таслим бўлишади. Шунда агар бўйсунсангиз, Аллоҳ сизга яхши мукофот беради, агар олдингидай қайтиб кетадиган бўлсангиз, сизни Аламли Азоб билан азоблайди.

48:17. Кўзи ожиз учун танглик йўқ, оқсоқ учун ҳам танглик йўқ, бемор учун ҳеч қандай танглик йўқ. Ким Аллоҳга ва Расулига бўйсунса, уни остидан анҳорлар оққан боғ-роғларга киритади. Ким юз ўгириб кетса, унга Аламли Азобни тоттиради.

48:18. Дарахт остида сенга байъат берган муминлардан Аллоҳ рози бўлди. Уларнинг қалбидагини биларди, шу боис қалбларига хотиржамлик нозил қилди ва уларга яқин Фатҳни/Ғалабани насиб этди,

48:19. Ва олинажак кўплаб ғаниматларни ҳам. Аллоҳ Азиз Ҳаким /барчадан устун куч-қудрат ва ҳикмат Эгаси.

48:20. Аллоҳ сизлар қўлга киритажак кўплаб ғаниматларни ваъда қилди, ва уларни сизга тезлатиб берди: сиздан одамларнинг қўлларини узоқ қилди, токи имон эгаларига оят-ибрат бўлсин ва сизларни тўғри йўлга юришингизга сабаб бўлсин.

48:21. Яна бошқа бир ваъдаси, сизлар ҳали унга қодир эмадингиз, Аллоҳ Ўзи уни иҳота қилди. Аллоҳ барча нарсага қодир.

48:22. Агар кофирлар сизга қарши урушганларида, орқасини ўгириб қочган бўлишарди. Сўнг на бир ҳимоячи, на бир ёрдамчи топа олишмасди.

48:23. Бу Аллоҳнинг олдиндан жорий бўлиб келган Суннати/Қонуни. Аллоҳнинг Суннатида/Қонунида асло ўзгариш топмассан.

48:24. Сизни улар устидан ғолиб қилган, сўнгра Макка ичида уларнинг қўлини сиздан, сизнинг қўлингизни улардан узоқ қилган ҳам Унинг Ўзидир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни кўриб туради.

48:25. Ана ўшалар кофир бўлганлар, сизни Масжидул-Ҳаромдан тўсганлар, ва кутиб турган қурбонликларни ўз ўрнига етиб боришидан тўсганлардир. У ерда сиз танимайдиган мумин эркаклар ва мумина аёллар бор, уларни танимасдан ҳалок қилиб қўйиб гуноҳкор бўлишингиз хавфи бўлмаганида, – Аллоҳ истаганини ўз раҳматига олгай, – Улар алоҳида бўлганида эди, Биз улардан кофир бўлганларни Аламли Азоб билан азоблаган бўлардик.

48:26. Кофир бўлганлар ўз дилларига ғазаб ва таассубни, ўша жоҳилият ғазаби ва таассубини жойладилар. Аллоҳ эса ўз Расулига ва мўминларга ҳузур-ҳаловат ва хотиржамлик жойлади ва уларни тақво Сўзига боғлади. Улар бунга ҳақдор ва лойиқ эдилар. Аллоҳ барча нарсани билгувчи.

48:27. Аллоҳ Ўз Расулига кўрсатган рўёни рост чиқарди. Иншоаллоҳ, сочингизни олган ё қисқартирган ҳолда, ҳеч бир таҳликасиз, тинчлик-омонликда Масжид-ул-Ҳаромга киргайсиз. Аллоҳ сиз билмаган нарсани биларди, бундан ташқари сизга яқин Фатҳ/Ғалаба ҳам берди.

48:28. У Ўз Расулини Тўғри Йўл ва Ҳақ Дин ила юборган, токи бошқа барча динлардан устун бўлсин. Аллоҳнинг Ўзи етарли гувоҳ бунга.

48:29. Муҳаммад – Аллоҳнинг Расули. У билан бирга бўлганлар, кофирларга қаттиқ/муросасиз, бир-бирларига раҳмдил. Уларни Аллоҳнинг фазли ва ризосини истаб, рукуъ ва сажда ҳолда кўрурсан. Юзларида сажда излари тажаллий этади. Тавротдаги мисоли ана шундай. Инжилдаги мисоли эса бир экин каби: у уруғини ёриб чиқарган, қувватланган, йўғонлашган ва поясида тик туриб, деҳқонларни ҳайратда қолдирган экиндир. Кофирларнинг ғазабини қўзиши учун ана шундай. Улар орасида иймон келтирган ва солиҳ амал қилганларга Аллоҳнинг Ўзи кечирим ва улуғ ажр-мукофот ваъда қилган.