Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)
49:1. Эй имон келтирганлар, Аллоҳдан ва Расулидан олдинга ўтишга уринманг. Аллоҳга тақво қилинг. Шубҳасиз, Аллоҳ Самиъ Алим /эшитгувчи билгувчи.
49:2. Эй имон келтирганлар! Овозингизни Набийнинг овозидан баланд кўтарманг! Унга гапирганда, ўзаро гапиргандек баланд овозда гапирманг! Ўзингиз бехабар ҳолда амалларингиз беҳуда кетмасин.
49:3. Расулуллоҳ ҳузурида овозини паст тутганлар, ана ўшалар қалби Аллоҳнинг тақво имтиҳонидан ўтган кишилардир, улар учун кечирим ва Улуғ Ажр бор.
49:4. Хоналар ортидан сени чақираётганларнинг кўпи ақл ишлатмайди.
49:5. Агар ўзинг чиққунинггача сабр қилсалар эди, ўзлари учун яхши эди. Аллоҳ Ғафур Раҳим /кечиримли, раҳмдил.
49:6. Эй имон келтирганлар, агар бир фосиқ сизга хабар келтирса, уни текшириб аниқланг. Акс ҳолда бир қавмга билмасдан ёмонлик қилиб қўясиз, кейин қилмишингиздан пушаймон бўласиз.
49:7. Билингки, Аллоҳнинг Расули орангизда. Мабодо кўп ишларда сизларга эргашса, машаққатда қоласиз. Лекин Аллоҳ сизга иймонни маҳбуб қилди, қалбингизда зийнатлади, ҳамда куфрни, гуноҳни ва маъсиятни ёқимсиз қилди. Ана шулар Тўғриликка етишганлар.
49:8. Аллоҳнинг фазли ва неъмати бу. Аллоҳ билгувчи, ҳикматли.
49:9. Агар мўминлардан икки гуруҳ уришса, ораларини ислоҳ қилинг/тузатинг; бундан кейин ҳам бири бошқасига тажовуз этса, то Аллоҳнинг амрига қайтгунича, тажовузкор тараф билан уришинг. Агар қайтса, ораларини адолат-ла ислоҳ этинг. Мудом адолатли бўлинг, зеро Аллоҳ адолатли бўлганларни яхши кўради.
49:10. Аслида, муминлар фақат ака-укалардир. Ака-укаларингиз орасини ислоҳ этинг. Аллоҳга тақво қилинг, токи сизни раҳмат айласин.
49:11. Эй имон келтирганлар! Бир қавм бошқа қавмни масхара қилмасин. Эҳтимол улар ўзларидан яхшироқдир. Аёллар ҳам бошқа аёлларни масхара қилмасин, эҳтимол улар ўзларидан яхшироқдир. Ўз-ўзларингизни мазах қилманг; бир-бирингизга лақаб қўйманг. Иймон келтиргандан кейин фосиқ/йўлдан озган исмлар қанчалик ёмон. Ким бундан қайтмаса, ноҳақ тараф/золимлар ана ўшалардир.
49:12. Эй имон келтирганлар! Кўп гумонлардан узоқ туринг! Зеро баъзи гумонлар гуноҳдир. Бир-бирингизга жосуслик қилманг/яширин нарсаларини текширманг. Бир-бирингизни ғийбат қилманг. Бирортангиз ўлган акангизнинг гўштини ейиш ёқтирадими? Албатта жирканч бу. Шундай экан, Аллоҳга тақво қилинг, Аллоҳ Таввоб Раҳим / тавбаларни қабул этгувчи ва раҳмдил.
49:13. Эй одамлар, Биз сизни эркак ва аёлдан яратдик, сизлар бир-бирингизни таний олишингиз учун турли халқлар ва элатлар қилдик. Аллоҳ наздида кўпроқ ҳурматга сазовор – тақводорроқ бўлганингиздир. Аллоҳ Алим Хобир / билгувчи, хабардор.
49:14. Араблар деди: “Биз имон келтирдик”. Сен айт: “Имон келтирдик деманглар, балки таслим бўлдик денг”. Қалбингизга имон ҳали кирганича йўқ. Агар Аллоҳга ва Расулига бўйсунсангиз, қилган амалингиздан ҳеч нарсани зое қилмайди. Аллоҳ Ғафур Раҳим /кечиримли ва раҳмдил.
49:15. Муминлар – Аллоҳга ва Расулига ишонганлар, сўнгра шак-шубҳа қилмаганлар, ҳамда Аллоҳ йўлида молию-жони билан жидду-жаҳд қилганлардир. Содиқлар/Ростгўйлар ана ўшалар.
49:16. Сен айт: “Аллоҳга динингизни ўргатаяпсизми? Аллоҳ Осмонлару-Ердагини билади. Аллоҳ барча нарсани билгувчи”.
49:17. Улар мусулмон бўлганини сенга миннат қилишади. Сен айт: “Мусулмон бўлганингизни миннат қилманг менга. Аксинча, Аллоҳ сизларни имонга йўллагани учун миннат қилса ўринлироқ, агар Содиқлар бўлсангиз”.
49:18. Шубҳасиз, Аллоҳ Осмонлару-Ернинг ғайбини билади. Аллоҳ қилаётган ишларингизни кўриб туради.
