Kemal Yoldash

One with God is Majority


52

Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)

52:1. Тур,

52:2. Ва сатрларга битилган Китоб,

52:3. Ёйилган юпқа териларда,

52:4. Обод этилган Байт/Жамланиш ўрни,

52:5. Кўтарилган Шифт,

52:6. Қайнатилган Денгиз.

52:7. Раббингнинг азоби муҳаққақ воқеъ бўлгай,

52:8. Уни дафъ этгувчи бўлмагай.

52:9. У Кунда само шундай ларзага келгайки,

52:10. Тоғлар шундай юриш-ла юргайки!..

52:11. У Кунда ёлғон санагувчиларнинг ҳолига вой!

52:12. Улар ўз ботилларида шўнғиб ўйнайдилар.

52:13. У Кунда улар жаҳаннам оловига итариб ҳайдаладилар:

52:14. “Сиз ёлғон санаган олов мана шу!”

52:15. “Сеҳр эканми бу, ё кўрмаяпсизми?”

52:16. Киринг унга, чидайсизми-йўқми бирибир энди. Сиз фақат ўз қилмишингиз билан жазоланасиз.

52:17. Тақво эгалари ноз-неъмат боғларида.

52:18. Раббининг инъом этганларидан баҳраманд бўладилар – Рабби уларни жаҳаннам азобидан асраб қолди!

52:19. Енг-ичинг, ош бўлсин! Қилиб ўтган амалларингиз эвазига!

52:20. Қатор тизилган ўриндиқларга суяниб, Уларни Ҳур-Ийн* ила бирга қилдик: (*Ҳур – давра; Айн – айни аслдан бўлган. Ҳур-Ийн – муминлар ва уларга имон ва тақвода эргашган жуфтлари ва зурриётлари – 52:21)

52:21. Ишонганлар билан уларга ишончда эргашган зурриётларини бирлаштирдик ҳамда амалларидан ҳеч нарсани озайтирмадик. Ҳар ким ўзи касб қилиб эришганининг гарови.

52:22. Уларга кўнгиллари тусаган ҳар турдаги гўшт ва мевалардан мўл қилиб бердик.

52:23. У ерда қадаҳлар кўтарилади, ундан на беҳуда сергаплик бор, на сархушлик.

52:24. Атрофида хизматда ёшлар айланади, бамисоли садаф ичра яширин инжулар каби.

52:25. Бир-бирларидан савол қила бошладилар.

52:26. Дедилар: “Ўтмишда биз аҳлимиз ҳақида мушфиқ эдик/ҳақларни поймол этишдан қўрқар эдик”.

52:27. “Аллоҳ бизга лутф айлади, бу ич-ичдан қийнагувчи азобдан асради.

52:28. Олдин Биз ёлғиз Унинг Ўзига дуо қилардик. Ҳақиқатан, У Барр Раҳим / раҳмдиллик ила энг олий яхшиликларни беради.

52:29. Шундай экан, сен эслат, ўгит бер. Раббингнинг неъмати ила сен фолбин ҳам, мажнун ҳам эмассан.

52:30. Улар яна: “Шоир у, пойлаб турайлик, вақт-соати келиб, бало уради”, дейдиларми?

52:31. Сен айт: “Пойлайверинг, мен ҳам сизлар билан бирга пойлаяпман”.

52:32. Хаёллари шунга буюраяптими ёки улар ўзлари Тоғутлашган/ҳаддан ошганми қавмми?

52:33. Ёки “Уни ўзича гапираяпти”, дейдиларми? Йўқ, аксинча! Улар ўзлари имон келтирмаётир.

52:34. Унда унга ўхшаш бирор ҳадис/гап келтирсинлар, рост бўлса.

52:35. Ёки улар ҳеч нарсасиз/тасодифан яралиб қолибдими? Ёки улар ўзлари яратувчиларми?

52:36. Ёки Осмонлару-Ерни улар яратибдими? Йўқ аксинча! Уларда қатъий ишонч деган нарсанинг ўзи йўқ.

52:37. Ёки Раббингнинг хазиналари уларнинг ҳузуридами? Ёки куч ва ҳукмронлик уларнинг қўлидами?

52:38. Ёки тинглаш учун уларнинг нарвонлари борми? Ундай бўлса, эшитувчилари бирор очиқ далил келтирсин.

52:39. Ёки қизлар Унга-ю, ўғиллар сизгами?

52:40. Ёки сен улардан бирор эваз сўраяпсан-у, улар қарзга ботиб қоляптими?

52:41. Ёки Ғайб уларнинг ҳузурида-ю, улар ёзиб бормоқдами?

52:42. Ёки бирор тузоқ қурмоқчиларми? Аслида кофир бўлганларнинг ўзлари тузоққа тушиб бўлганлар.

52:43. Ёки уларнинг Аллоҳдан ўзга илоҳи борми? Аллоҳ уларнинг қўшган шерикларидан пок ва олий.

52:44. Самодан бир парча қулаганини кўрсалар ҳам, дейдиларки: “Булар устма-уст йиғилган булутлар”.

52:45. Улар даҳшатдан хушини йўқотиб йиқиладиган Кун келгунча, тарк эт уларни.

52:46. У Кунда тузоқлари фойда бермайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди.

52:47. Зулм қилганлар учун бундан бошқа азоб ҳам бор. Лекин уларнинг кўпи билмайди.

52:48. Сен эса Раббингнинг ҳукмига сабр қил, сен Бизнинг кўз остимиздасан. Қиём этганингда Раббингни ҳамд ила тасбиҳ этгин.

52:49. Туннинг бир қисмида ҳам Уни тасбиҳ этгин, юлдузлар ортидан ҳам.