Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)
54:1. Ваъда қилинган Вақт-Соат яқинлашди, ҳақ очиқ-ойдин аён бўлди.
54:2. Улар эса бирор оят-аломатни кўрганида, юз ўгириб дедилар: “Бу давом этиб келаётган сеҳр”.
54:3. Улар ёлғон дедилар ҳамда ўз ҳавосига/истакларига эргашдилар. Ҳар бир Ишнинг вақти-соат белгилаб қўйилган.
54:4. Улар тийилиб сақланиши учун хабарлар келган эди –
54:5. Яъни энг олий Ҳикмат тарзида. Лекин огоҳлантиришлар ёрдам бермаётир.
54:6. Сен ҳам улардан юз ўгир; Чорловчи ҳали кўрилмаган даҳшатга чорлаган Кунда,
54:7. Кўзлари қўрқув тўлиб қабрлардан чиқиб келадилар; худди бостириб келган чигирткалардек.
54:8. Чорловчи сари бўйин чўзиб югурадилар. Кофирлар дейди: “Бу ўта оғир кун”.
54:9. Улардан олдин Нуҳ қавми ҳам ёлғон деган. Улар бизнинг Қулимизни инкор этиб, “Мажнун” дедилар, ва тўсқинлик қилдилар.
54:10. Шунда у Раббига ёлворди: “Мағлуб бўлдим, Ўзинг ёрдам бер!”
54:11. Биз само эшикларини очиб, шаррос сув ёғдирдик.
54:12. Ерни ёрдик/чашмалар отилди, сувлар белгиланган Иш учун бирлашди.
54:13. Нуҳни эса тахта ва михлар устида ташидик.
54:14. Қулимизни ёлғончи дейишганига жавобан, мана Кема кўз остимизда сузиб бормоқда.
54:15. Биз уни ибрат қилиб қолдирдик, борми ибрат олувчи?
54:16. Менинг азобим ва огоҳлантирувларим қандай экан?
54:17. Биз Қуръонни ўгит/эслатма учун осон қилдик. Борми ўгит/эслатма олгувчи?
54:18. Од ҳам ёлғон санади. Менинг азобим ва огоҳлантирувим қандай экан?
54:19. Биз уларнинг устига давомли бадбахтлик кунида ўта совуқ бўрон юбордик.
54:20. У одамларни ердан узиб қулатарди, худди илдизидан қўпорилган хурмо дарахтлари каби.
54:21. Менинг азобим ва огоҳлантирувларим қандай экан?
54:22. Биз Қуръонни ўгит/эслатма учун осон қилдик. Борми ўгит/эслатма олгувчи?
54:23. Самуд ҳам огоҳлантирувларни инкор этди.
54:24. Дедилар: “Ўзимиздан чиққан башарга/оддий одамга эргашамизми? У ҳолда, бу очиқ адашув ва ақлдан озиш бўлади бизга”.
54:25. Бу Эслатма орамиздан биргина унга берилибдими? Йўқ, у ахир мутакаббир ёлғончи-ку!
54:26. Эртага ким ёлғончи ва мутакаббир эканини билиб олишади.
54:27. Биз уларга синов учун туя юборамиз. Сен кузат уларни ва сабр қил.
54:28. Уларга ўзаро сув тақсимлашни билдир, ҳар сув олиш/ичиш навбат билан хозирлангандир.
54:29. Бир шеригини чақирдилар. Пичоқни тортди, туяни сўйди.
54:30. Менинг азобим ва огоҳлантирувларим қандай экан?
54:31. Биз улар устига биргина овоз/қўрқинчли бир қичқириқ юбордик; қуриган ўт каби тўкилиб тушдилар.
54:32. Биз Қуръонни ўгит/эслатма учун осон қилдик. Борми ўгит/эслатма олгувчи?
54:33. Лут қавми ҳам огоҳлантиришларни инкор этди.
54:34. Биз улар устига тош сочувчи бўрон юбордик, биргина Лут хонадонини тонг саҳарда қутқардик;
54:35. Биздан бир неъмат сифатида. Шукрини адо этувчиларни ана шундай мукофотлаймиз.
54:36. Лут уларни ушлашимиз ҳақида огоҳ этди, аммо улар бунга шак келтириб тортишдилар.
54:37. Улар Лутнинг меҳмонларини истадилар. Биз кўзларини силиб кўр қилдик: “Қани, азобимни ва огоҳлантирганимни тотиб кўринглар”.
54:38. Эрта тонгда, уларни барқарор азоб тутди.
54:39. Қани азобимни ва огоҳлантиришимни тотиб кўринглар.
54:40. Биз Қуръонни ўгит/эслатма учун осон қилдик. Борми ўгит/эслатма олгувчи?
54:41. Фиръавн хонадонига ҳам огоҳлантиришлар келди.
54:42. Улар Бизнинг барча оятларимизни инкор этишди. Биз ҳам уларни Азиз Муқтадир /Ғолиб ва Қудратли ушлаш билан ушладик.
54:43. Сизнинг кофирларингиз яхшироқми, наригиларникими? Ёки Муқаддас Китобларда сизга жавобгарликдан озод қилиниш/бароат берилганми?
54:44. Ёки “Ғолиб тараф бизлармиз”, дейдиларми?
54:45. Яқинда у жамоа тор-мор этилиб, ортига қараб қочади.
54:46. Йўқ! Уларга ваъда қилинган ўша Соатдир. Ҳақиқатан, у Соат даҳшатли ва аччиқдир;
54:47. Жиноятчилар адашув ва жазавада.
54:48. У Кунда уларни олов сари юзтубан судрайдилар: “Қани тотинг Сақарнинг куйдиришини!”
54:49. Биз барча нарсани ўлчов билан яратдик.
54:50. Бизнинг Амримиз фақат бир кўз очиб юмиш каби.
54:51. Биз сизнинг ўхшашларингизни мудом ҳалок этиб келдик. Эслатма олгувчи борми?
54:52. Улар қилиб ўтган барча нарса дафтарларда.
54:53. Каттаю-кичиги барчаси сатрларда битилган.
54:54. Тақво эгалари боғ-роғлар ва булоқ бошларида.
54:55. Куч-Қудрат Эгаси ҳузурида, содиқлар билан бир мақомда.
