Kemal Yoldash

One with God is Majority


64

Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)

64:1. Осмонлару-Ердаги борлиқ Аллоҳни поклаб улуғлайди. Мулк/Эгалик ёлғиз Унинг, ва мақтов ёлғиз Унинг. У барча нарсага қодир.

64:2. У сизларни яратди, сиздан кимдир кофир, кимдир мумин. Аллоҳ қилаётган ишларингизни кўриб туради.

64:3. Осмонлару-Ерни ҳақ ила яратди, сизга шакл берди ва шаклингизни чиройли қилди. Қайтиш ҳам ёлғиз Унга.

64:4. Осмонлару-Ердаги барча нарсани билиб туради, яширган нарсангизни ҳам, ошкор қилган нарсангизни ҳам. Аллоҳ диллардагини билади.

64:5. Кофир бўлганларнинг ўтмишдаги хабарлари сизга етиб келмадими? Улар ўз қилмишларининг оқибатини тотдилар, улар учун ҳали Аламли Азоб бор.

64:6. Ана шундай, зеро Расуллари уларга очиқ баён этилган оятлар-далиллар билан келган эдилар, “Оддий башар бизга Йўл кўрсатар эканми?” дедилар, кофир бўлдилар ва юз ўгирдилар. Аллоҳ ҳам ҳеч нарсага муҳтож эмаслигини кўрсатди. Аллоҳ Ғаний Ҳамид /бой-беҳожат ва мақтовга лойиқ.

64:7. Кофир бўлганлар, ҳеч қачон тирилтирилмаймиз, деб ўйлашди. Сен айт: “Йўқ аксинча! Раббимга қасамки, тирилтириласиз, сўнг барча қилмишларингиз хабар қилинади. Аллоҳ учун бу ўта осон”.

64:8. Бас, Аллоҳга ва Расулига ҳамда Биз нозил қилган Нурга ишонинг. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардор.

64:9. Сизни Жамланиш Куни учун жамлайдиган Кун. Бу ўзаро ёлғонлашув Кунидир. Кимки Аллоҳга ишонса ва яхши ишлар қилса, унинг ёмонликларини ўчиради ва остидан анҳорлар оққан, ичида доимий, абадий қоладиган боғ-роғларга киритади. Улкан Ютуқ ана шу.

64:10. Кофир бўлганлар ва оятларимизни инкор этганлар эса Оташ аҳлидир. Улар унда доимий қоладилар. Қанчалар ёмон борар жой у!

64:11. Бошга тушган ҳар мусибат фақат Аллоҳнинг изни ила. Ким Аллоҳга иймон келтирса, унинг қалбини Ўзи йўллайди. Аллоҳ барча нарсани билади.

64:12. Аллоҳга бўйсунинг ва Расулга бўйсунинг. Агар юз ўгирсангиз, Расулимиз зиммасида очиқ-ойдин етказиш бор холос.

64:13. Аллоҳдан ўзга Илоҳ йўқ. Муминлар ёлғиз Аллоҳга суянсинлар.