Kemal Yoldash

One with God is Majority


67

Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)

67:1. Мулк/Эгалик қўлида бўлган Зот Қутлуғ-Муборакдир. У барча нарсага қодир/барча нарсанинг ўлчовини қўйган.

67:2. У сизлардан ким яхшироқ амал қилишини синамоқ учун Ўлимни ва Ҳаётни яратган. У Азиз ва Ғафур /имтиҳондан ўтолмаган устидан ғолиб келади, имтиҳондан муваффақиятли ўтганларни гуноҳларини кечиради.

67:3. У етти осмонни устма-уст яратган, Раҳмоннинг яратишида ҳеч қандай тафовут кўрмайсан. Назар сол: бирорта ёриқ кўряпсанми?

67:4. Кейин такрор иккинчи марта назар сол. Нигоҳинг хорғин қайтади.

67:5. Биз қуйи самони/дунё осмонини чироқлар билан безадик, шайтонлар/йўлдан оздирувчилар учун ражм/ғайбдан ботил иддаолар қилиш воситаси бўлди; улар учун ёниб турган Олов азобини тайёрлаб қўйдик.

67:6. Раббига кофир бўлганлар учун Жаҳаннам Азоби бор – қанчалар ёмон оқибат!

67:7. Унга улоқтирилганида, ғазабли хуррак отишини, қайнашини эшитадилар:

67:8. Ғазабдан сал қолса ёрилай дейди, ҳар гал янги гуруҳ улоқтирилганда, унинг қўриқчилари дейди: “Сизларга огоҳлантирувчи келмаганмиди?”

67:9. Улар дедилар: “Ҳа, бизга огоҳлантирувчи келган эди, лекин биз ёлғон санадик. Аллоҳ ҳеч нарса нозил қилгани йўқ, сизлар фақат улкан адашувдасиз, дедик”.

67:10. Дедилар: “Қанийди қулоқ солганимизда ёки ақл ишлатганимизда, биз Оловли Дўзах аҳлидан бўлмас эдик”.

67:11. Ниҳоят гуноҳларини эътироф этдилар! Йўқолсин Дўзах аҳли!

67:12. Раббидан ичдан/ғоибда хайиққанлар учун эса кечирим ва улкан ажр-мукофот бор.

67:13. Гапингизни яширасизми ёки очиқ айтасизми, У диллардагини билади.

67:14. Наҳотки, Яратган Зот билмаса? У Латиф ва Хобир / энг майда жиҳатларигача билади, тўлиқ хабардор.

67:15. Ерни сизга бўйин эгдириб қўйган Унинг Ўзидир. Бас, унинг/Ернинг елкасида юринг ва Аллоҳнинг ризқидан енг. Қайтишингиз ҳам Унга.

67:16. Самодаги Зот сизларни Ерга чўктиришидан омондамисиз? У/Ер бирдан қимирлай бошлайди.

67:17. Ёки самодаги Зот устингизга тош ёғдирувчи бўрон юборишидан омондамисиз? Менинг огоҳлантирувим қандай эканини яқинда билиб оласиз.

67:18. Улардан олдингилар ҳам инкор этганлар. Менинг инкорим қандай бўлибди экан?

67:19. Устларида қанот ёйиб учаётган қушларни кўрмайдиларми? Уларни Раҳмондан ўзга ҳеч ким тутаётгани йўқ. Албатта, Унинг Ўзи барча нарсани кўриб туради.

67:20. Ёки Раҳмондан ўзга сизга ёрдам берадиган ўша аскарингиз ким? Кофирлар фақат алданишда.

67:21. Ёки Аллоҳ ризқини тутиб қолса, ким сизга ризқ беради? Ҳақиқатан, улар исён ва нафратда оёқ тирамоқдалар.

67:22. Юзтубан қоқилиб юрган тўғри борадими ёки Тўғри Йўлда текис юрганми?

67:23. Сен айт: “Сизни яратган ва сизга эшитиш, кўриш ва фикрлаш неъматини берган Унинг Ўзидир. Қанчалар оз шукр қиласиз?”

67:24. Сен айт: “Сизларни Ер юзида етиштирган Унинг Ўзидир, Унга қайтиб тўпланасиз”.

67:25. Дейдилар: “Қачон экан бу ваъда, агар рост бўлса?”

67:26. Сен айт: “Бунинг илми – Аллоҳнинг ҳузурида. Мен фақат бир огоҳлантирувчиман холос”.

67:27. Уни яқиндан кўрганларида, кофир бўлганларнинг юзлари ёмон бўлди. “Сизнинг ҳадеб чақираётганингиз мана шу!” дейилди.

67:28. Сен айт: “Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, мени ё мен билан бирга бўлганларни Аллоҳ ҳалок этар ёки раҳм қилар, аммо кофирларни Аламли Азобдан ким қутқара олади?”

67:29. Сен айт: “У Раҳмон*, биз Унга имон келтирдик, Унга суяндик. Ким очиқ адашувда эканини яқинда билиб оласиз”. (*Яратган, ризқ берган ва Тўғри Йўлни кўрсатган Зот).

67:30. Сен айт: “Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, агар сувингиз сингиб кетадиган бўлса, ким сизга оққан сув келтириб бера олади?”