Kemal Yoldash

One with God is Majority


70

Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)

70:1. Сўрагувчи Воқеъ бўлғуси Азобни сўради,

70:2. Уни кофирлардан дафъ этгувчи йўқ.

70:3. Юксалиш ўринлари/вақтлари Эгаси Аллоҳдан –

70:4. Малаклар ва Руҳ Унга миқдори эллик минг йиллик Кунда юксалади.

70:5. Шу боис, Чиройли Сабр қил. (Чиройли сабр – 12:18; 12:83)

70:6. Уларга у узоқ кўринади.

70:7. Бизга эса яқин кўринади.

70:8. У Кунда само эриган маъдан каби,

70:9. Тоғлар эса жун каби,

70:10. Қалин дўст дўстининг ҳолидан сўрмас,

70:11. Бир-бирларини кўриб турсалар ҳам, жиноятчи у Кунги азобдан қутулиш учун фидя беришга тайёр: ўғилларини,

70:12. Аёлини, ака-укасини,

70:13. Ўстирган оиласини,

70:14. Ва ер юзидаги барчани берса-ю, жонини қутқарса.

70:15. Йўқ! Қиздирилган Оташ бу,

70:16. Териларни қовуриб шилади,

70:17. Бирма-бир чақиради: терс бурилганни, юз ўгирганни –

70:18. Йиғиб, ғамлаганни.

70:19. Ҳақиқатан, инсоннинг яратилишида бойликка ҳирс бор:

70:20. Ёмонлик тегса, нолийди,

70:21. Яхшилик тегса, қизғанади.

70:22. Аммо Тўғри Йўлда пешқадамлар* мустасно: (*Мусоллийн – Аллоҳнинг кўрсатган Тўғри Йўлига бошловчи пешволар)

70:23. Улар ўз эргашган йўлида бардавом зотлар,

70:24. Уларнинг молларида муайян ҳаққ бор

70:25. Сўровчи ва маҳрумлар учун.

70:26. Улар Дин Кунини тасдиқ этадилар,

70:27. Раббининг Азобидан қўрқадилар.

70:28. Зеро Унинг Азобидан омон қолиш имконсиз.

70:29. Улар иффатини сақлайдилар,

70:30. Фақат ўз жуфтлари/тенглари, яъни масъулият олганлари мустасно, улар маломат қилинмайдилар,

70:31. Лекин ким бундан нарига интилса, ҳаддан ошувчилар ана ўшалардир,

70:32. Улар омонат ва аҳдига риоя қиладилар.

70:33. Улар тўғрилик билан гувоҳлик берадилар.

70:34. Улар Салотини/Эргашган Йўлини муҳофаза* этадилар.
(*Молидан бераркан 70:22-25, улардан эваз тамаъ қилмайдилар)

70:35. Ана ўшалар боғ-роғларда иззат-икром қилинади.

70:36. Кофир бўлганларга нима бўлди, сен томон бўйин чўзиб шошадилар?

70:37. Ўнгу-чапдан, кўплашиб?

70:38. Наҳотки, ҳар биттаси жаннатга киритилишни истаётган бўлса?

70:39. Йўқ ундай эмас! Биз уларнинг қандай яратилганини маълум қилдик.

70:40. Йўқ, Шарқларнинг ва Ғарбларнинг Раббига қасамки, Бизнинг қудратимиз етади

70:41. Уларнинг ўрнига яхшироқ қавмни келтиришга. Бизга ҳеч ким тўсиқ бўлолмайди.

70:42. Шундай экан, қўявер уларни, ўйнаб-шўнғиб қолишсин, бу фақат уларга ваъда қилинган Кунгача холос,

70:43. У Кунда улар тез-тез қабрдан чиқиб келадилар, худди маррага қараб чопаётгандек,

70:44. Кўзлари қуйи, юзларини хорлик қоплаган. Уларга ваъда қилинган Кун – ана ўша Кун.