Kemal Yoldash

One with God is Majority


79

Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)

79:1. Суғуриб чиқарганлар,

79:2. Енгил тин олганлар,

79:3. Сузиб-оқиб борганлар,

79:4. Пойгалашиб, ўзганлар,

79:5. Ишни тадбир этганлар!

79:6. У Кунда ўша шовқин ларзага солади,

79:7. Ортидан яна бир шовқин келади.

79:8. У Кунда қалблар даҳшатдан титрайди,

79:9. Кўзлари қўрқувдан тубан боқади.

79:10. Дейдиларки: “Биз ростдан ҳам шу чуқурда эски ҳолимизга қайтариламизми?

79:11. Суяклар чириб бўлгандан кейин ҳамми?

79:12. Ундай эса, бу қайтиш – бой бериш-ку”.

79:13. Ҳолбуки, биргина Ҳайқириқ,

79:14. Ва улар дарҳол майдонда уйғоқ.

79:15. Мусонинг ҳадиси/ҳикояси келдими сенга?

79:16. Мана, Рабби муқаддас Тува водийсида унга хитоб қилди:

79:17. “Фиръавнга бор, зеро у Туғёнга кетди.

79:18. Унга айт: “Покланиш истармисан?

79:19. Сенга Раббинг сари йўл кўрсатайин, токи Унинг ҳимоясига қиргайсан”.

79:20. Унга буюк оят-далилларни кўрсатди.

79:21. Лекин у ёлғон санади, бўйин товлади.

79:22. Сўнг юз ўгириб, ишга киришди.

79:23-24. Тўплаб, бақирди: “Мен Сизнинг Энг Олий Раббингизман!”

79:25. Аллоҳ уни Илк ва Сўнгги Азоб билан ушлади.

79:26. Бунда тақво эгалари учун оят-ибрат бор.

79:27. Яратилиш жиҳатидан сиз кучлимисиз ёки Самоми? Уни яратди,

79:28. Қалинлигини кўтариб, тартибга келтирди,

79:29. Тунни қоплаб, қорайтирди, Тонгни оттирди,

79:30. Шундан сўнг у Ерни ёйиб текислади,

79:31. Ундан сув ва яйловлар чиқарди,

79:32. Тоғларни ўрнатди,

79:33. Сиз ва чорвангиз тириклиги учун.

79:34. Барча нарсани бостирадиган улкан фалокат келганда,

79:35. У Кунда инсон нималар ортидан чопганини эслайди.

79:36. Кўриб турганлар учун жаҳаннам ўртага чиқарилади.

79:37. Кимки ҳаддидан ошса/Туғёнга кетса,

79:38. Ва шу дунё ҳаётини афзал кўрса,

79:39. Унинг борар жойи жаҳаннамдир.

79:40. Кимки Раббининг мақомидан хайиқиб, ҳаводан/ғаразли истаклардан тийилса,

79:41. Унинг борар жойи жаннатдир.

79:42. Сендан Қиёмат Соати ҳақида сўрайдилар: “Қачон келади ўзи?”

79:43. Сен қайда-ю, унинг вақтини эслатиш қайда?!

79:44. Бунинг илми ёлғиз Раббингга оид.

79:45. Сен фақат Ундан хайиққанларни огоҳ этувчисан холос.

79:46. Уни кўрганларида, худди бир оқшом ёки тонгдан бироз вақт қолгандек бўлишади.