9:1. Сиз билан аҳдлашган/битим тузган мушрикларга Аллоҳдан ва Расулидан бароат/мажбуриятлардан соқитлик эълони.
9:2. Тўрт ой Ер юзида кезиб туринг. Билингки, Аллоҳни асло ожиз қила олмайсиз. Аллоҳ ҳали кофирларни хор қилади.
9:3. Катта Ҳаж куни Аллоҳдан ва Расулидан одамларга эълон: Аллоҳ ва Расули бу мушриклардан бариъ/барча битим мажбуриятларидан соқит. Агар битим шартларига қайтсангиз, бу ўзингиз учун яхши. Агар битим шартларидан юз ўгирсангиз, билиб қўйинг, Аллоҳни ожиз қила олмайсиз. Кофирлик/Нонкўрлик қилганларга Аламли Азоб хушхабарини бер.
9:4. Лекин сизлар билан битим тузган, кейин битим шартларига бенуқсон риоя этган ҳамда сизга қарши ҳеч ким билан иттифоқ қурмаган мушриклар билан битимни ўз муддатигача адо этинг. Албатта, Аллоҳ бундай тақводорларни/аҳдни бузишдан тийилувчиларни яхши кўради.
9:5. Ҳаром ойлар ўтгач, бу мушриклар (9:1) билан қаерда тўқнашсангиз, жанг қилинг: уларни ҳибсга олинг, қуршовга олинг ва барча кузатув мавзеларида уларни кузатинг. Агар Салотни қоим қилсалар/битим шартларига эргашсалар, Закотни адо этсалар/уни бузмасдан сақласалар, уларнинг йўлини тўсманг/холий қўйинг. Аллоҳ Ғафур Раҳим/кечиримли, раҳмдил.
9:6. Агар мушриклардан бирортаси хавфсизлик истаб сенга келса, унинг хавфсизлигини таъминлагин, токи Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра хавфсиз жойга етказгин, зеро улар билмайдиган/Аллоҳнинг каломидан бехабар қавм.
9:7. Бундай мушриклар билан Аллоҳ ва Расули наздида яна қандай аҳд/битим бўлиши мумкин? Мабодо Масжид-ал-Ҳаромда аҳдлашган бўлсангиз мустасно. Улар сизнинг ҳаққингизда истиқоматда бўлгани/битим шартларига риоя этгани муддатча, сизлар ҳам уларнинг ҳаққида истиқоматда бўлинг/риоя этинг. Албатта, Аллоҳ бундай тақводорларни/аҳдни бузишдан тийилувчиларни яхши кўради.
9:8. Яна қандай қилиб? Мабодо сизга ғолиб бўлсалар, на бир аҳд на бир битимга риоя қилмасдилар. Улар сизни фақат оғизда рози қилади, лекин қалблари бунинг акси. Кўпчилиги фосиқлар/берган сўзида турмайди.
9:9. Улар Аллоҳнинг оятларини арзон эвазга сотдилар ва Унинг йўлидан тўсдилар. Ҳақиқатан, бу ишлари қанчалар ёмон…
9:10. Мумин ҳақида эса на бир аҳд на бир битимга амал қилишмайди. Тажовузкорлар ана ўшалардир.
9:11. Агар қайтсалар, Салотни қоим қилсалар/битим шартларига эргашсалар, Закотни адо этсалар/уни бузмасдан сақласалар, улар сизнинг диндаги биродарингиздир/ўзаро ҳаққларда тенг ҳуқуқлисиз. Билувчиларга оятларни муфассал баён қиламиз.
9:12. Агар аҳдларидан кейин келишувни бузиб, динингизга қарши хуруж қилсалар, бас қилишлари учун кофирларнинг пешволарига қарши урушинг – энди улар билан ҳеч қанақа келишиш йўқ.
9:13. Аҳдларини бузиб, Расулни чиқаришга уринган, ва сизга қарши биринчи бўлиб уруш бошлаган қавм билан урушмайсизми? Ёки улардан қўрқаяпсизми? Агар мумин бўлсангиз, қўрқишга Аллоҳ ҳақлироқ.
9:14. Уларга қарши урушинг! Аллоҳ сизнинг қўлингиз/кучингиз билан уларни азоблайди, хор қилади, уларга қарши сизга нусрат/ғалабага элтувчи ёрдам беради, имон келтирганларнинг дилларига шифо беради/улардан кўрган озорларига малҳам бўлади,
9:15. ва қалбларидаги ғазабни кетказади. Аллоҳ Ўзи хоҳлаганига қайтади/Ўзи хоҳлаганининг тавбасини қабул қилади. Аллоҳ Алим Ҳаким/илм ва ҳикмат эгаси.
9:16. Ҳали орангиздан жидду-жаҳд қилганларни, Аллоҳдан, Расулидан ва муминлардан ўзгани сирдош тутмаганларни Аллоҳ Ўзи маълум қилмай туриб, тарк этиламиз деб ўйлаганмидингиз? Аллоҳ қилаётган ишларингиздан тўлиқ хабардор.
9:17. Мушриклар ўз куфрлари билан ўз зарарларига гувоҳлик бериши, ва Аллоҳнинг масжидларини обод қилишлари мумкин эмас. Амаллари беҳуда кетганлар ана ўшалар. Улар дўзахда доимий қоладилар.
9:18. Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва Охират кунига ишонган, Салотни қоим қилган/Буюрилган Йўл-йўриқларга эргашган, Закотни адо этган/уларни бузмасдан покиза тутган, Аллоҳдан ўзга ҳеч кимдан қўрқмаган кишиларгина обод қилади. Ана ўшалар, Тўғри Йўлга юрганлардан бўла олади.
9:19. Наҳотки ҳожиларга сув тарқатиш-у Масжид-ал-Ҳаромни таъмир этиш билан Аллоҳга ва Охират кунига иймон келтириб, Аллоҳ йўлида жиҳод қилганларни тенг санасангиз? Тенг эмаслар/тенг бўлмаслар. Аллоҳ бундай золимларга/ноҳақ тенглагувчиларга йўл кўрсатмайди.
9:20. Имон келтирган, ҳижрат қилган, молу-жонлари билан Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилганлар Аллоҳнинг наздида улуғроқ даражада. Охиратда нажот топгучилар ҳам ана ўшалар.
9:21. Рабби уларга Ўз тарафидан раҳмат, розилик ва боғ-роғлар хушхабарини беради; улар учун унда битмас-туганмас неъматлар бор.
9:22. унда доимий қоладилар. Дарҳақиқат, улуғ ажр-мукофот фақат Аллоҳнинг ҳузурида.
9:23. Эй имон келтирганлар, агар имондан куфрни кўпроқ суйсалар, на отангизни, на ака-укангизни валий қилиб олманг. Сиздан ким уларни валий қилиб олса, ноҳақлик/зулм қилганлар ана ўшалардир.
9:24. Сен айт: “Агар оталарингиз, ўғилларингиз, ака-укаларингиз, хотинларингиз, қавм-қариндошингиз, орттирган мол-мулкингиз, касодидан чўчийдиган тижоратингиз, рози бўлган масканларингиз барчаси сизга Аллоҳдан, Расулидан ҳамда Унинг йўлидаги жиҳоддан суюклироқ бўлса, у ҳолда Аллоҳ Ўз Амрини/буйруғини келтиргунича кутинг! Аллоҳ бундай фосиқ/йўлдан озганларга йўл кўрсатмайди”.
9:25. Аллоҳ сизга кўп ўринларда, жумладан Ҳунайн куни ҳам, нусрат берди – ўшанда, кўп сонли эканингиздан севиндингиз, аммо ҳеч қандай фойдаси бўлмади. Ер ҳам, қанчалик кенг бўлишига қарамай, тор келди сизга (9:118), ва сиз ортга бурилиб қочдингиз.
9:26. Сўнг Аллоҳ ўз Расулига ва муминларга ўз фазлу-марҳаматини нозил қилди: сиз кўрмаган лашкарларни туширди ва кофирларни азоблади/маҳрум этди. Зотан кофирларнинг жазоси ана шу.
9:27. Сўнг Аллоҳ Ўзи хоҳлаганга қайтади/тавбасини қабул қилади. Аллоҳ Ғафур Раҳим /кечиримли, раҳмдил.
9:28. Эй имон келтирганлар, бу мушриклар* нажасдир/ҳеч нарсага яроқсиз нопоклик, шу боис улар бу йилдан кейин Масжид-ул-Ҳаромга яқинлашмасинлар/яқинлаштирманг. Агар камбағалликдан қўрқсангиз, билингки, Аллоҳ истаса, ўз фазлидан сизни бойита олади. Ҳақиқатан, Аллоҳ Алим Ҳаким/илм ҳикмат эгаси.
(*Битимни бузган мушриклар (9:1) билан на келишув, на аҳд олиш, на жавобгарлик юклаш, на бир бошқа бирор маданий муомала самарасиз (9:7). Шу боис уларнинг зараридан ҳимояланишнинг энг тўғри йўли – уларни жамоат жойларига яқинлатмаслик).
9:29. Китоб берилганлардан Аллоҳга ҳам, Охират кунига ҳам ишонмайдиган, Аллоҳнинг ва Расулининг чеклов қўйганига риоя қилмайдиган, ва ҳақ динни/ўзаро ҳақлар риоясига асосланган ижтимоий муносабатларни қабул қилмайдиганлар билан ҳам, токи мағлуб қилиниб, ўзлари етказган моддий зарарни қоплагунгача/жизя бергунча урушинг (2:190).
9:30. Яҳудлар деди: “Узайр Аллоҳнинг ўғли”. Насоролар деди: “Масиҳ Аллоҳнинг ўғли”. Бу фақат оғизларидаги гаплари холос. Улар ўз гапларини ўтмишдаги кофирларга ўхшатиб гапирадилар. (5:18) Аллоҳ қаҳр этди уларни! Қанчалик бурилиб кетишган!?
9:31. Улар Аҳбор ва Руҳбонларини ҳамда Марям ўғли Масиҳни Аллоҳдан қуйироқдаги Рабблар қилиб олдилар. Ҳолбуки уларга ёлғиз Аллоҳга қуллик қилиш буюрилган эди. Ундан ўзга илоҳ йўқ, уларнинг қўшган шерикларидан пок ва олийдир У.
9:32. Улар Аллоҳнинг нурини оғизлари билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса Ўз нурини тўлиқ тамомига етказади, агарчи кофирлар қанчалик ёқтирмаса-да.
9:33. У Ўз Расулини Тўғри Йўл ва Ҳақ Дин ила/ўзаро ҳақлар риоясига асосланган ижтимоий муносабатлар тизими ила юборган. Ва мушриклар қанчалик ёқтирмаса-да, бу тизимни бошқа барча тизимлардан устун бўлишини ирода этган.
9:34. Эй имон келтирганлар, Аҳбор ва Руҳбонларнинг аксарияти халқнинг молини ноҳақ ейди, одамларни Аллоҳнинг йўлидан қайтаради. Олтин ва Кумушни хазина қилиб ғамлаб, Аллоҳ йўлида инфоқ этмайдиганларга Аламли Азоб ҳақида хушхабар бер.
9:35. Кун келади, уларнинг пешонаси, биқини ва орқалари жаҳаннам ўтида куйдирилади. “Нафсингизга/ўзингизга ғамлаганингиз мана шу бўлади! Ғамлаганингизни энди тотинг”.
9:36. Осмонлару-Ерни яратган кунги Китобга кўра/Яратилиш Қонуниятига кўра, Аллоҳнинг наздида ойлар адади ўн икки. Улардан тўрттаси ҳаром/чекланган. Ана ўша – дин-қоййим/ижтимоий муносабатлардаги ўзгармас қонунлар тизими. Ўша ойларда ўзингизга/бир-бирингизга нисбатан зулм/ноҳақлик қилманг. Мушриклар сизга қарши бирлашиб урушгани каби, сиз ҳам бирлашиб уларга қарши урушинг, билингки, Аллоҳ тақво эгалари билан бирга.
9:37. Насй/ҳаром ойларни кечиктириш – Куфрнинг зиёдасидир, у билан кофирлар адаштирилади. Аллоҳнинг ҳаром қилганини мослаб олиб, уни ҳалол қилиб санаш учун бир йил уни ҳалол санайдилар, бир йил ҳаром санайдилар. Уларга ўз амалларининг ёмонлиги зийнатли қилинди. Бундай кофирларга Аллоҳ йўл кўрсатмайди.
9:38. Эй имон келтирганлар! Сизга нима бўлди, “Аллоҳ йўлида қўзғолинг/жангга чиқинг!” дейилганида, ерга ёпишиб олдингиз? Охиратга эмас, шу дунё ҳаётига рози бўлдингизми? Ахир дунё ҳаётидан фойдаланиш Охират олдида ўта оз-ку!
9:39. Агар қўзғолмасангиз/жангга чиқмасангиз, сизни Аламли Азоб билан азоблайди ва ўрнингизга бошқа қавмни келтиради. Сиз Унга ҳеч қандай зарар етказа олмайсиз, Аллоҳ барча нарсага қодир.
9:40. Агар унга ёрдам бермасангиз, унга Аллоҳнинг Ўзи ёрдам берган. Мана кофирлар уни чиқаришди, у икки кишидан бири. Мана икковлари ғорда, у ҳамроҳига демоқда: “Ғам ема, Аллоҳ биз билан бирга”. Аллоҳ унга хотиржамлик/сакинат туширди, уни сиз кўрмаган аскарлар билан қўллади ва кофир бўлганларнинг сўзини паст қилди. Олий бўлгувчи Аллоҳнинг Сўзидир. Аллоҳ Азиз Ҳаким/барча ишларда устун куч ва ҳикмат эгаси.
9:41. Енгилми-оғирми, барибир чиқинг! Аллоҳнинг йўлида молингиз ва жонингиз билан жидду-жаҳд қилинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхши.
9:42. Агар яқин дунёвий манфаат бўлганида, ва даромади ўлчанган сафар бўлганида эди, улар сенга эргашарди. Аммо молу-жон тикилган сафар уларга узоқ келди. “Агар қўлимиздан келганида, сен билан бирга чиққан бўлардик” дея Аллоҳга қасам ҳам ичадилар. Ўз-ўзларини ҳалок қилади улар. Аллоҳ билиб турибдики, улар ёлғон қасам ичмоқда.
9:43. Аллоҳ сени авф этсин! Ҳали тўғри сўзлаганлар сенга очиқ баён қилинмай, ҳали ёлғон сўзлаганларни билмай туриб, нега уларга изн бердинг?
9:44. Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирганлар молу-жонлари билан жидду-жаҳд қилишга изн сўрамаслар. Бундай тақво эгаларини Аллоҳ Ўзи яхши билади.
9:45. Аллоҳга ва Охират кунига ишонмаган, ва қалбида иккиланиш ва тараддудда қолганларгина келиб сендан изн сўрайди.
9:46. Агар чиқиш нияти бўлганида, унга тайёргарлик кўрган бўлишарди. Аммо Аллоҳ уларнинг қилиқларини ёқтирмагани учун уларни тўхтатди: “Ўтириб қолганлар билан бирга ўтиринг!”
9:47. Агар сиз билан бирга чиққанларида, фақат бузғунчиликдан бошқа фойда келтирмаган бўларди, ва орангизда фитна чиқариш учун югуриб-еларди, ва уларга қулоқ солгувчилар ҳам топиларди орангизда. Бундай золимларни ҳам Аллоҳ Ўзи яхши билади.
9:48. Улар олдин ҳам фитналар чиқаришга уринган, ва сенга қарши қанча қинғир ишлар қилишган. Ниҳоят ҳаққ келди, улар буни ёқтирмаса-да, Аллоҳнинг амри зоҳир/устун бўлди.
9:49. Орасида шундайлар бор: “Менга изн бер, мени фитнага аралаштирма” дейди. Аслида, улар ўзлари аллақачон фитнага тушиб бўлишган. Жаҳаннам бундай кофирларни қамраб-ўраб олади.
9:50. Агар сенга яхшилик етса, уларга ёқмайди; агар сенга мусибат етса, “Биз олдинроқ ишимизни қилиб олганмиз!” дейди ва хурсанд бўлиб юз ўгирадилар.
9:51. Сен айт: “Аллоҳ бизга нима ёзган бўлса, фақат ўша етади. У бизнинг Эгамиз. Имон келтирганлар фақат Аллоҳга суянсин”.
9:52. Сен айт: “Бизга фақат икки яхшиликдан бири етишини кутяпсизми? (9:14) Биз эса сизга Аллоҳнинг Ўзи ёки бизнинг қўлимиздан азоб беришини кутамиз. Қани кутаверинг, биз ҳам бирга кутамиз”.
9:53. Сен айт: “Мажбурий ё ихтиёрий инфоқ қилинг, сиздан қабул бўлмайди. Сиз ҳақиқатан фосиқ/йўлдан озган қавмсиз”.
9:54. Инфоқларининг қабул бўлмаслигига сабаб: улар Аллоҳ ва Расулига кофир/нонкўр бўлдилар; улар Салотга малолланиб келадилар/Буюрилган Йўлга эргашишда оғринади, улар инфоқ қилса, ёқтирмасдан беради.
9:55. Уларнинг мол-дунёси ҳам, фарзандлари ҳам сени ажаблантирмасин. Аллоҳ уларни бу дунё ҳаётида шу билан жазолашни, ва кофир бўлган ҳолларида жон беришларини ирода қилган.
9:56. Улар “Сизданмиз” дея Аллоҳ номига қасам ичадилар. Аслида улар сиздан эмас, аслида улар ўта қўрқоқ бир тўда.
9:57. Агар бирор пана жой, ёки ғор, ёки кирадиган бирор тешик топса, ўша ёққа қараб қочишган бўларди.
9:58. Улар орасида сени садақалар тақсимотида мулзам қилмоқ истайдиганлар бор. Агар уларга садақалардан бирор насиба берилса, уларга ёқади, агар берилмаса, ғазабланади.
9:59. Қанийди, Аллоҳ ва Расулидан уларга берилганига рози бўлиб: “Аллоҳ бизга етарли, яқинда Аллоҳ Ўз фазлидан бизга ато этади ва Расули ҳам беради; биз фақат Аллоҳга интиламиз!” десалар эди.
9:60. Садақаларни фақат фақирларга, мискинларга, улар учун ишлайдиганларга, қалблари улфат қилинувчиларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлида ва йўлда қолганларга бериш Аллоҳ томонидан фарз қилинди. Аллоҳ Алим Ҳаким/билгувчи ҳикматли.
9:61. Улар орасида шундайлар борки, Набийга озор етказади, дейдиларки: “У қулоқ*”. Сен айт: “Сизлар учун яхшилик қулоғи, у Аллоҳга ишонади ва муминларга ишонади ва сиздан ишонганлар учун раҳматдир. Аллоҳнинг Расулига озор берганларга эса Аламли Азоб бор”. (*қулоқ – бошқалар эшитмаганни, яъни Аллоҳнинг ваҳйини эшитишига қарши кесатиқ)
9:62. Улар сизни рози қилиш учун Аллоҳга қасам ичади. Агар мумин бўлганларида, рози қилишга лойиқроқ Аллоҳ ва Расули эди.
9:63. Кимки Аллоҳга ва Расулига қарши чиқишга уринса, унинг учун доимий қоладиган Жаҳаннам олови борлигини билишмасмиди? Ана шу улкан шармандалик.
9:64. Мунофиқлар, ўз қалбларидагини фош қилган сура нозил бўлишидан чўчийдилар. Уларга айт: “Мазах қилаверинг, Аллоҳ сизнинг чўчиганингизни барибир чиқаради!”
9:65. Агар улардан сўрасанг, дейдиларки: “Биз фақат гапга берилиб, ўйнаётувдик!” Сен айт: “Аллоҳни, Унинг оятларини ва Унинг Расулини мазах қилувдингизми?”
9:66. Баҳона қидирманг, имонингиздан кейин кофир бўлдингиз. Сиздан баъзиларни кечирсак ҳам, баъзиларни жинояти бўлганлари боис азоблаймиз.
9:67. Мунофиқлар ва мунофиқалар ўзаро бир-биридан. Мункарга буюради, маъруфдан қайтаради ва бахиллик қилади. Улар Аллоҳни унутдилар, У ҳам уларни “унутди”/ташлаб қўйди. Ҳақиқатан мунофиқлар, айнан ўшалар фосиқлардир/йўлдан озганлардир.
9:68. Аллоҳ мунофиқ-мунофиқаларга ва кофирларга доимий қоладиганлари жаҳаннам оловини ваъда қилди. Уларга ана шу кифоя. Аллоҳ уларни лаънатлади. Улар учун Давомли Азоб бор.
9:69. Сиздан олдингилар каби. Улар сиздан кучлироқ ва бойроқ эди, мол ва ўғиллари ҳам кўпроқ эди, улар ўз улушларини олдилар. Ўтганлар насибасини олгани каби, сиз ҳам ўз насибангизни олдингиз, ва ботилга шўнғиганлари каби ботилга шўнғидингиз. Дунё ва Охиратда ишлари беҳуда кетганлар ана ўшалар, Зиёнда қолгувчилар ҳам ана ўшалардир.
9:70. Улардан олдингиларнинг ҳабари келмаганмиди уларга? Нуҳ қавми, Од, Самуд қавми, Иброҳим қавми, Мадян қавми ва тўнтарилганларнинг хабари? Уларга ўз орасидан чиққан Расуллар очиқ баён этилган оятлар билан келган эдилар, Аллоҳ уларга ноҳақлик қилмади, балки улар ўзларига жабр/зулм қилдилар.
9:71. Мумин ва муминалар бир-бирларининг валийлари/йўл кўрсатувчилари – маъруфга буюрадилар, мункардан қайтарадилар, Салотни қоим этадилар/буюрилган маъруфга эргашадилар, Закотни ато этадилар/мункардан тийилиб покликни сақлайдилар, Аллоҳга ва Расулига бўйсунадилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилади. Аллоҳ Азиз, Ҳаким/барча нарсага кучи ва ҳикмати етади.
9:72. Аллоҳ мумин ва муминаларга, остларидан анҳорлар оққан боғ-роғларни ваъда қилган, унда доимий қоладилар, Адн боғларида покиза масканлар ҳам ваъда қилди. Аллоҳнинг ризоси барчасидан улуғдир, Улуғ Ютуқ ана шу.
9:73. Эй Набий, кофир ва мунофиқлар билан жидду-жаҳд қил, уларга қарши қатъиятли бўл; уларнинг жойи жаҳаннам, қанчалар ёмон борар жой у!
9:74. “Айтмадик” дея Аллоҳга қасам ичадилар, аслида айтдилар ўша куфр сўзларини. Исломларидан кейин кофир бўлдилар, кўтаролмайдиган гуноҳни олдилар. Уларни Аллоҳ ва Расули Унинг фазли билан бой қилгани учунгина ёмон кўрдилар. Агар қайтсалар, ўзлари учун яхши. Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ уларни дунё ва Охиратда Аламли Азоб билан азоблайди. Уларга Ер юзида ҳеч қандай ҳимоячи ёки ёрдамчи йўқ.
9:75. Улар орасида Аллоҳга аҳд берганлар бор: “Агар Аллоҳ бизга ўз фазлидан берса, албатта садақотлар қилгаймиз ва солиҳлардан бўлгаймиз”.
9:76. Аллоҳ уларга ўз фазлидан бергач, унга бахиллик қилиб, юз ўгириб қайтиб кетишди.
9:77. Аллоҳ уларнинг қалбига, то Аллоҳга рўбарў бўлажак кунгача нифоқ ўрнатди, зеро улар Аллоҳга берган ваъдаларини бузиб, ёлғончи бўлдилар.
9:78. Аллоҳ уларнинг сирлари-ю яширин суҳбатларини билишини, Аллоҳ барча ғайбни тўлиқ билишини билмасмидилар?
9:79. Холис садақа қилаётган муминларни камситувчилар, ва берганидан бошқасини тополмаганларни масхара қилувчиларни Аллоҳ масхара қилади, ва улар учун Аламли Азоб бор.
9:80. Улар учун кечирим сўра ёки сўрама, агар етмиш марта кечирим сўрасанг ҳам, Аллоҳ асло кечирмайди уларни. Зеро улар Аллоҳга ва Расулига кофир бўлдилар, Аллоҳ фосиқлар қавмини/йўлдан озганларни йўлга солмайди.
9:81. Ортда қолганлар Аллоҳнинг Расулидан орқада ўтириб қолганларидан қувонди, Аллоҳ йўлида моли-жони билан жидду-жаҳд қилишни хуш кўрмадилар. “Бундай иссиқда чиқманглар”, дейишди. Уларга айт: “Жаҳаннам олови яна-да иссиқ!” Агар англаб етган бўлсалар!
9:82. Орттирган гуноҳлари учун оз кулиб, кўп йиғласинлар.
9:83. Агар Аллоҳ сени уларнинг бир тоифасига қайтарса-ю, чиқиш учун сендан изн сўрасалар, сен айт: “Сиз ҳеч қачон мен билан бирга чиқмайсиз, ҳеч қачон мен билан бирга туриб урушмайсиз ҳам. Аввалги марта ўтириб қолишга рози бўлдингиз. Шундай экан, ортда қолганлар билан бирга ўтираверинг!”
9:84. Улардан бирортаси ўлса, унга асло Салот қилма*, қабри устида ҳам турма. Улар Аллоҳга ва Расулига кофир бўлганлар ва фосиқ ҳолида ўлиб кетганлар. (*маййитга Салот – унинг ҳаққларини ўташ, мерос тақсимоти ва б.)
9:85. Уларнинг мол-дунёси ва болалари сени ажаблантирмасин. Аллоҳ шу билан уларни дунёда азоблашни, ҳамда уларнинг кофир ҳолда ўлиб кетишларини истайди.
9:86. Қачонки бирор сура нозил бўлиб, “Аллоҳга ишониб, Расули билан бирга жиҳод қилинг”, дейилганида, уларнинг орасидаги мол-дунё эгалари сендан изн сўради, “Бизни қўявер, биз ўтирганлар билан қолайлик”, дедилар.
9:87. Ортда қолганлар сафида бўлишга рози бўлдилар, ва қалблари муҳрланди, энди англамайдилар.
9:88. Лекин Расул ва у билан бирга имон келтирганлар молу-жони билан жидду-жаҳд қилдилар. Яхшиликлар ана ўшалар учун, нажот топгувчилар/муродига етгувчилар ҳам ана ўшалар.
9:89. Улар учун остидан анҳорлар оққан, ичида доимий қоладиган боғ-роғларни тайёрлаб қўйган. Улкан Ютуқ ана шу.
9:90. Узр-баҳона қилган араблар изн сўраб келдилар; Аллоҳга ва Расулига ёлғон гапирганлар эса ўтирдилар. Улардан кофир бўлганларга яқинда Аламли Азоб етади.
9:91. Ночорга танглик йўқ, хастага, инфоқ қилиш имкони йўққа ҳам, агар Аллоҳ ва Расули учун холис турсалар, танглик йўқ. Яхшилик қилувчиларга қарши йўл/айблов йўқ. Аллоҳ Ғафур Раҳим /кечиримли, раҳмдил.
9:92. Ҳамда бирор улов истаб ҳузурингга келганида, “Сизга беражак ҳеч нарса топа олмаяпман”, деганингда, инфоқ этишга бирор нима топмай, кўзда ёш билан қайтиб кетганларга қарши ҳам.
9:93. Қарши йўл/айблов фақат ўзи бой бўла туриб, чиқмасликка сендан изн сўраганларга бор. Уйда қолганлар билан бирга бўлишни танлаб рози бўлдилар. Улар билмаган ҳолда, Аллоҳ қалбларини муҳрлади.
9:94. Сиз уларнинг ёнига қайтганингизда, баҳона келтиришади. Сен айт: “Ҳеч қандай баҳона келтирманг, биз сизга ишонмаймиз. Аллоҳ бизга сиз ҳақингизда билдирди. Яқинда Аллоҳ ва Расули амалларингизни кўриб чиқади. Кейинроқ эса Яширин ва Ошкор барча нарсани Билувчи Зот ҳузурига қайтариласиз – У сизга қилиб ўтган амалларингиздан хабар беради”.
9:95. Қайтганингизда, улардан юз ўгирарсиз/уларни айбламассиз деган умидда, Аллоҳга қасам ичадилар. Сиз улардан юз ўгиринг, улар рижс/нопоклик, уларнинг касб қилиб орттиргани эвазига борар жойи – Жаҳаннам.
9:96. Сиз улардан рози бўларсиз деган умидда қасам ичадилар. Сиз улардан рози бўлсангиз ҳам, Аллоҳ фосиқлар/йўлдан озганлардан рози бўлмайди.
9:97. Араблар куфр ва нифоқда/инкор ва иккиюзламачиликда яна-да қаттиқроқ. Аллоҳ ўз Расулига нозил қилганининг ҳаддига риоя этмасликка мойилроқ. Аллоҳ Алим Ҳаким /билгувчи, ҳикматли.
9:98. Араблар орасида шундайлар борки, нимага инфоқ этаётганларини кўриб, бошингизга ёмонлик келишини пойлайди. Ёмонлик ўзларининг бошига келади. Аллоҳ Самиъ Алим/эшитгувчи билгувчи.
9:99. Араблар орасида шундайлар борки, Аллоҳга ва Охират кунига ишонади ва ўз берганини Аллоҳга қурбат/яқинлашиш ва Расулнинг кўрсатмаси/кўрсатган йўли деб беради. Дарҳақиқат, уларнинг берганлари ўзлари учун қурбат/Аллоҳга яқинлик василаси. Аллоҳ яқинда уларни ўз Раҳматига олади. Албатта, Аллоҳ Ғафур Раҳим /кечиримли раҳмдил.
9:100. Муҳожир ва Ансорлардан энг пешқадамлари ҳамда уларга яхшилик билан эргашганлар… Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Улар учун остидан анҳорлар оққан, ичида абадий қолинадиган боғ-роғларни тайёрлаб қўйган. Улуғ Ютуқ ана шудир.
9:101. Атрофингиздаги араблардан ва шаҳар/Мадина аҳлидан нифоққа/иккиюзлиликка ғоят ўрганган/кўникканлар бор. Сен уларни билмайсан, Биз биламиз уларни. Биз уларни қайта ва қайта азобга дучор қиламиз, сўнгра Улуғ Азобга қайтарилади улар.
9:102. Яна бошқалари ҳам борки, гуноҳларини эътироф этдилар; улар яхши билан ёмонни қориштирганлар. Зора, Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилса. Зеро, Аллоҳ Ғафур Раҳим/кечиримли раҳмдил.
9:103. Уларнинг молларидан садақа/имоннинг тасдиғи бўлмиш инфоқ турлари ол, уларни тоза ва пок ҳолга келтиргайсан, уларга Салот қил/уларга илоҳий йўл-йўриқларни етказ – сенинг Салотинг уларга таскин-тасалли беришдир. Аллоҳ Самиъ Алим /эшитгувчи билгувчи.
9:104. Ўз қулларининг тавбаларни қабул қилувчи ва садақаларини олувчи Аллоҳ эканини билишмасмиди? Ҳақиқатан Аллоҳ Таввоб Раҳим/қайтган бандасига қайтувчи, тавбаларни қабул қилгувчи, раҳмдил.
9:105. Сен айт: “Амал қилаверинг, Аллоҳ ҳам, Расули ҳам, муминлар ҳам сизнинг амалингизни кўради. Кейинроқ барча ошкору-яширинни Билувчи Зот ҳузурига қайтариласиз. У сизга қилиб ўтган ишларингизни хабар қилади.
9:106. Бошқалари ҳам бор, уларнинг иши Аллоҳнинг амрига қолдирилган. Уларни азоблайди ёки тавбаларини қабул айлайди. Аллоҳ Алим Ҳаким /илм ва ҳикмат эгаси.
9:107. Зарар бериш, кофирлик қилиш, ҳамда муминлар орасида тафриқа солиш ҳамда олдинроқ Аллоҳга ва Расулига қарши урушганларни пойлаш мақсадида масжид қурганлар, ана ўшалар қасам ичиб айтадики: “Ниятимиз фақат яхшилик эди”. Аллоҳ гувоҳлик берадики, улар ёлғончилардир.
9:108. Ҳеч қачон у масжидда турма. Илк кунидан тақво устига таъсис этилган масжид бор, унда туриш сенга лойиқроқ. Покиза қолишни суйган мардлар бор унда. Аллоҳ ҳам бундай покиза зотларни яхши кўради.
9:109. Қурган биносини Аллоҳга тақво ва унинг Розилиги асосида қурган кимса яхшими, ёки жар ёқасига қуриб, у билан жаҳаннам оловига қулаганми? Аллоҳ бундай золимларни йўлга солмайди.
9:110. Қурган бинолари, то қалблари парчаланиб кетгунгача, кўнгилларида шубҳа бўлиб қолаверади. Аллоҳ Алим Ҳаким/билгувчи ҳикматли.
9:111. Аллоҳ муминларнинг жонларини/нафсларини ва молларини Жаннат эвазига сотиб олди. Унинг йўлида жанг қиладилар, жон олиб жон берадилар. Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Қуръонда ҳам Аллоҳнинг зиммасига олган ҳақ ваъдаси мана шу. Аллоҳдан-да аҳдига вафодорроқ ким? Шундай экан, У билан қилган бу савдоингиздан севининг. Улуғ Ютуқ ана шу.
9:112. Тўғри Йўлга қайтган, Ёлғиз Аллоҳга қуллик қилган, Ёлғиз Аллоҳни мақтаб-улуғлаган, Унинг йўлида юрган, Унинг буйруқларига бўйсунган, тўлиқ таслим бўлган, маъруфга буюрган ва мункардан қайтарган ва Аллоҳнинг қўйган ҳаддларини/чегараларини муҳофаза этган кишилар… Ана шундай муминларга хушхабар бергин.
9:113. Мушриклар жаҳаннам аҳли эканлиги аён бўлганидан кейин, улар ҳақида Набий ёки имон келтирганларнинг кечирим сўраши дуруст эмас, агарчи ўз яқинлари бўлса ҳам.
9:114. Иброҳимнинг ўз отаси учун кечирим сўраши эса, фақат унга берган ваъдаси туфайли эди. Аммо отаси Аллоҳнинг душмани эканлиги аён бўлгач, у бундан воз кечди. Иброҳим ҳақиқатан аввоҳ/самимий ва ҳалим/мулойимдир.
9:115. Аллоҳ бир қавмга Тўғри Йўлни очиқ баён этиб, уларнинг тийилишлари лозим бўлган нарсаларни аниқ баён қилмай туриб, уларни адашувга ҳукм этмас/адашувда айбламас. Аллоҳ барча нарсани билиб туради.
9:116. Осмонлару-Ернинг Мулки/Эгалиги Аллоҳнинг. Ҳаётни ҳам, ўлимни ҳам яратган/берган Унинг Ўзи. Аллоҳдан ўзга валий/йўл кўрсатувчи ёки нусрат/ёрдам берувчингиз йўқ.
9:117. Аллоҳ Набийнинг тавбасини қабул айлади, ҳамда ўта оғир соатда унга эргашган Муҳожир ва Ансорларнинг тавбасини ҳам қабул айлади. (9:25) Баъзиларининг қалблари оғиб кетай деганди, сўнг Аллоҳ уларга қайтди/тавбаларини қабул айлади. Ҳақиқатан У Рауф Раҳим/шафқатли раҳмдил.
9:118. Ортда қолган ўша учовлоннинг ҳам тавбасини қабул қилди. Ер юзи бутун кенглиги билан уларга тор бўлди, қалблари қисилди, ва тавба қилиб Аллоҳга қайтишдан ўзга чора йўқлигига амин бўлдилар. Аллоҳ ҳам уларнинг тавбаларини қабул айлади. Ҳақиқатан, Аллоҳ Таввоб Раҳим /тавбаларни қабул этгувчи, раҳмдил.
9:119. Эй имон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинг ва мана шундай содиқлар билан бирга бўлинг!
9:120. Шаҳар/Мадина аҳли ҳам, теваракдаги араблар ҳам Аллоҳнинг Расулидан айри қолишлари ва ўз жонларини унинг жонидан кўпроқ ғам қилиши дуруст эмас. Зеро, Аллоҳ йўлида ҳар қандай чарчоқ, очлик, чанқоқликда қолишлари; ёки кофирларни ғазабга солувчи бирор жойга қадам қўйишлари, ёки душман устидан зафар қозонишлари, солиҳ амал ўлароқ ёзилди уларга. Яхшилик қилувчиларнинг ажрини-эвазини Аллоҳ зое қилмайди.
9:121. Озми-кўпми инфоқ қилишлари, бирор водийни кесиб ўтишлари, барчаси уларнинг яхшилигига ёзиб қўйилди, токи Аллоҳ уларнинг амалларидан энг яхшилари билан мукофотласин.
9:122. Муминларнинг ҳаммаси сафарбар бўлиши шарт эмас. Ҳар қабиладан бирор гуруҳ динни теран ўрганиш учун қавми орасида қолса, ва гуруҳ қавмига қайтганида, уларни ҳам ҳазир бўлишлари учун огоҳ этадилар.
9:123. Эй имон келтирганлар, сизга ҳужум қилган атрофдаги кофирларга қарши жанг қилинг, токи улар сиздаги қатъийликни кўрсин. Билингки, Аллоҳ тақводорлар билан бирга.
9:124. Қачонки бирор сура нозил қилинса, улардан баъзилари дейди: “Бу қай бирингизнинг имонини орттирди?” Имон келтирганларнинг имонини орттирди ва улар қувонадилар. (9:111)
9:125. Қалбларида мараз бўлганларнинг эса, шак-шубҳаларини орттиради, ва улар кофир ҳолида ўлиб кетишади.
9:126. Кўрмаяптиларми, ҳар йили такрор ва такрор фитнага йўлиқмоқда? (9:101) Аммо барибир тавба қилиб қайтмаяптилар, ўгит ҳам олмаяптилар.
9:127. Сура нозил бўлганида, бир-бирларига қараб “Биров сизни кўрмаяптими?” дейди, кейин эса бурилиб кетишади. Аллоҳ ҳам уларнинг қалбларини буриб қўйди, чунки улар англаб етмайдиган қавм.
9:128. Сизга ўз орангиздан танлаб юборилган Расул келди, у сизга келган мусибатлардан қийналади, сизнинг иймонга келишингизни истайди, муминларга нисбатан шафқатли, раҳмдил.
9:129. Агар юз ўгирсалар, айтгин: “Менга Аллоҳ етарли. Ундан ўзга илоҳ йўқ. Ёлғиз Унга суяндим, У Улуғ Аршнинг Роббидир”.
