Kemal Yoldash

One with God is Majority


16

Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)

16:1. Аллоҳнинг амри келгусидир. Уни тезлатиб шоширишга уринманг. Аллоҳ уларнинг қўшаётган шерикларидан пок ва олийдир.

16:2. Ўз Қуллари орасидан хоҳлаганига Малаклар ва Ўз Амридан Руҳ* нозил қилади: “Огоҳ этингки, Мендан Ўзга Илоҳ йўқ, бас, Мендан тақво қилинг!” (Моддий ва Маънавий борлиқ қонуниятларини ўргатувчи оятлар)

16:3. У Осмонлару-Ерни ҳаққ ила яратган, улар қўшаётган шерикларидан олийдир.

16:4. Инсонни бир нутфадан яратди, инсон эса очиқчасига хусуматчига айланди.

16:5. Ҳайвонларни ҳам Унинг Ўзи яратган. Уларда сиз учун исиниш-ёпиниш ва бошқа кўплаб фойдалари бор, ва уларнинг баъзиларидан истеъмол ҳам этасиз.

16:6. Тонгда ҳайдаб чиқарганингизда ҳам, оқшом қайта тўплаганингизда ҳам, уларда сиз учун ўзгача бир гўзаллик бор.

16:7. Улар сизнинг юкингизни шундай шаҳарларга ташийдиларки, катта машаққатсиз у ерга етказа олмасдингиз. Ҳақиқатан, Раббингиз Рауф Раҳим/шафқатли раҳмдил.

16:8. Отлар, хачирлар ва эшакларни яратди, ҳам улов ҳам зийнат ўлароқ; яна сиз билмайдиган нарсаларни ҳам яратади.

16:9. Йўлнинг Тўғрисини кўрсатиш Аллоҳга хос. Лекин ўша йўлдан ҳам адашганлар бор. Аллоҳ хоҳласа, барчангизни йўлга солган бўларди.

16:10. Самодан сув туширган ҳам Унинг Ўзи, ундан сизга ичимлик, ундан ҳайвонларни боқадиган ўтлоқ ўсади.

16:11. У билан сизга экинлар, зайтун, хурмо, узум, ва барча мева турларини ўстиради. Тафаккур қилувчилар учун бунда албатта оят-ишорат бор.

16:12. У Кечани, Кундузни, Қуёшни ва Ойни сизнинг эҳтиёжингизга мувофиқ қилиб қўйди. Юлдузларни ҳам Ўз Амрига бўйсундирди. Ақл ишлатувчилар учун буларда албатта оятлар-ишоратлар бор.

16:13. Ер юзида ўстириб қўйган турли рангларда ҳам, Эслатма олгувчилар учун албатта ишорат бор.

16:14. Денгизни сизнинг эҳтиёжингизга мослаб қўйган ҳам Унинг Ўзи – ундан тоза гўшт ейишингиз ва ундан зийнат буюмлари чиқаришингиз учун. Кемаларни кўрасан, Аллоҳнинг фазлидан истаб, денгизни ёриб оқиб боради. Буларнинг барчаси Шукр қилишингиз учун.

16:15-16. Ер ўз силкиниши билан сизни ларзага келтирмаслиги учун, унда собит оғирликлар/тоғлар қўйди; йўл топишингиз учун дарёлар, йўллар ҳамда аломатлар қилиб берди. Юлдузлар орқали ҳам йўл топадилар.

16:17. Яратган билан яратмаган бирдек бўладими? Ҳеч ҳам эсламайсизми?

16:18. Агар Аллоҳнинг неъматларини санамоқчи бўлсангиз, адоғига етолмайсиз. Ҳақиқатан, Аллоҳ Ғафур Раҳим /кечиримли ва раҳмдил.

16:19. Аллоҳ сизнинг яширганингизни ҳам, ошкор қилганингизни ҳам билиб туради.

16:20. Аллоҳдан ўзга дуо қилаётганлари, ҳеч нарса ярата олмайди, балки улар яралмиш махлуқлардир.

16:21. Тирик эмаслар, ўликлар; қачон қайта тирилишини ҳам сезмайдилар.

16:22. Илоҳингиз ягона Илоҳдир. Лекин Охиратга ишонмайдиганларнинг қалблари инкорчи бўлиб, шу боис кибр қиладилар.

16:23. Ҳақиқатан, Аллоҳ уларнинг яширганларини ҳам, ошкор қилганларини ҳам билади. У кибр қилганларни яхши кўрмайди.

16:24. Қачонки уларга: “Раббингиз нима нозил қилди?” дейилса, улар дейди: “Ўтганларнинг афсонаси”.

16:25. Қиёмат кунида ўз юкларини тўла-тўкис кўтарсинлар, ва илмсиз йўлдан оздирганларининг ҳам юкларидан кўтарсинлар. Кўтарган юклари қанчалар ёмон.

16:26. Улардан олдингилар ҳам макр/яшмрмн режалар қуришган, Аллоҳ уларнинг қурганини томини бошига ағдарди. Азоб уларга ҳеч кутмаган тарафдан келди.

16:27. Сўнг, Қиёмат кунида уларни хор қилиб дейди: “Сизлар қарши чиқиб тортишиб юрганингиз “Шерикларим” қани?” Илм берилганлар ўшанда дейди: “Хорлик ва ёмонлик бугун мана шу кофирлар устига”.

16:28. Ўзларига зулм қилганларнинг жонларини Малаклар келиб олади. “Биз ҳеч қандай ёмонлик қилмагандик!” дея таслим бўлади улар. “Йўқ! Сизнинг барча қилмишингиз Аллоҳга маълум”.

16:29. Киринг жаҳаннам эшикларидан, унда доимий қолиш учун. Мутакаббирларнинг борар жойи қанчалар ёмон.

16:30. Тақво эгаларига дейилди: “Раббингиз нима нозил қилди?” “Яхшилик” дедилар. Бу дунёда яхшилик қилувчиларга яхшилик бор, охират диёри эса яна-да яхшироқ. Тақво аҳлининг борар жойи қанчалар яхши.

16:31. Остидан анҳорлар оққан Адн боғларига кирадилар, улар учун у ерда орзу этилган барча нарса муҳайё. Аллоҳ тақво эгаларини ана шундай мукофотлайди.

16:32. Покиза инсонларнинг жонларини олаётиб, Малаклар дедилар: “Сизга салом/омонлик бўлсин, қилган амалларингиз билан жаннатга киринг!”

16:33. Улар ўзларига Малаклар келишини кутмоқдами ёки Раббингнинг Амри келишиними? Улардан олдингиларнинг ҳам феъллари шунақа эди. Аллоҳ уларга зулм қилмади, улар ўзларига ўзлари жабр-зулм қилдилар.

16:34. Қилган ишларининг ёмонлиги бошларига етди ва улар устидан кулган нарсалари охири ўзларини ўраб олди.

16:35. Шерик қўшганлар деди: “Аллоҳ истаганида эди, Ундан ўзга ҳеч нарсага қуллик қилмас эдик, на ўзимиз, на ота-бобомиз, Усиз ҳеч нарсани ҳаром ҳам қилмас эдик”. Улардан олдингилар ҳам шундай қилишган. Расуллар зиммасидаги вазифа фақатгина очиқ етказиш эмасми?

16:36. Биз ҳар бир умматда Расул юборганмиз: “Аллоҳга қуллик/хизмат қилинг ва Тоғутдан/сохта илоҳлардан узоқ туринг”. Улар орасида Аллоҳнинг Ўзи Тўғри Йўлни ўргатганлар бор, улар орасида адашувга лойиқ бўлганлар бор. Ер юзини кезинг, ёлғон санаганларнинг оқибати қандай бўлганига қаранг.

16:37. Сен уларнинг Тўғри Йўлга юришларини қанчалик истасанг ҳам, Аллоҳ адаштирганини йўлга солмайди ва уларга ёрдамчилар йўқ.

16:38. Улар бор кучи билан Аллоҳга қасам ичдилар: “Ўлган ҳеч бир ўликни Аллоҳ қайта тирилтирмайди!” Йўқ, тирилтиради! Бу Унинг ҳаққ ваъдаси! Лекин одамларнинг кўпи билмайди.

16:39. Уларнинг ихтилоф этганини ўзларига ҳақ ила баён этиши, ва кофир бўлганлар ёлғончи эканликларини билиб олиши учун.

16:40. Биз бир нарсани ирода этганимизда, унга фақат “Бўл” деймиз, ва у бўлади.

16:41. Зулмга учраганидан кейин, Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганларни бу дунёда яхшилик ила жой берамиз. Агар билсалар, Охират эвази яна-да каттароқ!

16:42. Улар Сабр қилиб, Раббига суяниб/таваккул этганлар.

16:43. Биз сендан олдин ҳам, ваҳй ила қувватлаган эркакларни юборганмиз (агар билмасангиз, Зикр аҳлидан сўранг),

16:44. Сўз билан очиқ баён этилган далиллар ва Китоблар ила. Сенга ҳам Зикр/Эслатма нозил қилдик, токи одамларга нозил қилинганини очиқ баён қилгайсан, токи улар ҳам тафаккур қилсинлар.

16:45. Ёмонликни режалаганлар, Аллоҳ уларни ер қаърига юттиришидан, ёки ҳеч кутмаган тарафларидан азоб келишидан ўзларини хотиржам санадиларми?

16:46. Ёки кезиб юрганларида уларни ушлашидан-чи? Улар ожиз қолдирувчи эмаслар/бунинг олдини ололмаслар.

16:47. Ёки уларни қўрқувга ботганида ушлашидан-чи? Ҳақиқатан, Раббингиз Рауф Раҳим/шафқатли раҳмдил.

16:48. Аллоҳнинг яратганларини кўрмадиларми? Уларнинг соялари ўнгдан ва чапдан узаяди – Аллоҳга сажда қилиб, Унга бўйин эгади.

16:49. Осмонлару-Ердаги жонзотлар ҳам, Малаклар ҳам Аллоҳга сажда қиладилар, ва ҳеч қачон бундан кибр қилмайдилар.

16:50. Улар тепаларидаги Раббидан қўрқадилар ва ўзларига буюрилган Амрни бажарадилар.

16:51. Аллоҳ деди: “Икки илоҳ тутманг. Унинг Ўзи яккаю-ягона Илоҳ. Ёлғиз Мендан қўрқинг!”

16:52. Осмонлару-Ердаги борлиқ Унинг. Доимий Ўзгармас Дин ҳам фақат Унинг. Наҳотки Аллоҳдан ўзгага тақво қиласиз/ҳимоя истайсиз?

16:53. Сиздаги ҳар қандай неъмат Аллоҳдан. Сўнг, қачонки бирор зарар тегса, сиз фақат Унга нолийсиз.

16:54. Кейин, сиздан зарарни кетказгач эса, бир қисмингиз Раббингизга шерик қўшаяпсиз,

16:55. Бизнинг берганимизга нонкўр бўлишлари учун. Баҳраманд бўлиб туринг, яқинда билиб оласиз.

16:56. Биз берган ризқдан ўзлари танимаган/жиннлар учун улуш ажратадилар. Аллоҳга қасамки, ҳар бир уйдирганингиз ҳақида сўроққа тутиласиз.

16:57. Улар Аллоҳга қизларни нисбат беришади -У бундан пок ва олийдир! Ўзларига эса ўзлари ёқтирганини/ўғилларни.

16:58. Қачонки улардан бирортасига қиз хабари берилса, юзи қорайиб, ғазабга тўлади.

16:59. Бу хабарнинг ёмонлиги туфайли қавмидан яширинади. Уни хор тутсами ёки тупроққа қорсами? Қанчалик ёмон ҳукм қилмоқдалар!

16:60. Охиратга ишонмайдиганлар учун ёмонлик мисоли бор. Аллоҳ учун эса Энг Олий мисол. У Азиз Ҳаким /барчадан устун куч-қудрат ва ҳикмат эгаси.

16:61. Агар Аллоҳ одамларнинг зулмлари учун ушлаганида, унда бирор жонзотни қолдирмас эди. Лекин у белгиланган муддатга кечиктиради. Уларнинг муддати етганда, бир лаҳза ортга ҳам сура олмаслар, олдга ҳам ўта олмаслар.

16:62. Ўзлари ёқтирмаганни Аллоҳга нисбат беришади, ва “Биз учун энг гўзал мукофот” дея тиллари ёлғон сўзлайди. Ҳеч шубҳасиз, улар учун Олов бор, улар унга энг олдинда келтириладилар.

16:63. Аллоҳга қасамки, сендан олдинги умматларга ҳам Расуллар юборганмиз, Шайтон/йўлдан оздирувчи уларга ўз амалларини зийнатли қилди, мана бугун ҳам уларнинг валийси/йўл кўрсатувчиси. Улар учун Аламли Азоб бор.

16:64. Биз сенга Китобни/Қонунни нозил қилдик, улар ихтилоф этган нарсаларни очиқ баён қилишинг учун, имон келтирганларга Йўл кўрсатувчи ва Раҳмат бўлиши учун.

16:65. Аллоҳ самодан сув тушириб, у билан Ерни ўлганидан кейин тирилтирди; Эшитгувчилар учун бунда оят-ибрат бор.

16:66. Чорвада ҳам сиз учун ибрат бор (23:21) Уларнинг қорнидан, гўнг ва қон орасидан оқ/тоза ва юмшоқ ичиладиган сут чиқариб, сизни суғорамиз.

16:67. Хурмо ва узум меваларидан маст қилувчи ичимлик ҳамда гўзал ризқ оласиз. Ақл ишлатувчилар учун бунда оят-ибрат бор.

16:68. Раббинг асаларига ваҳй қилди: “Тоғларда, дарахтларда, ва қурилган чортоқларда инлар қур”.

16:69. Ҳамда турли мевалардан егайсан, тавозеъ ила Раббингнинг йўлларида юргайсан. Унинг қорнидан ранг-баранг ичимлик чиқади, унда одамлар учун шифо бор. Тафаккур қилувчилар учун бунда оят-ибрат бор.

16:70. Аллоҳ сизни яратди, сўнгра вафот топгизади; сизлардан баъзилар энг заиф ҳаётга – билгандан кейин ҳеч нарса билмас ҳолга қайтарилади. Ҳақиқатан, Аллоҳ Алим Қодир /Билгувчи ва Қудратли.

16:71. Аллоҳ бирингизга бошқангиздан кўра кўпроқ ризқ берган/ризқда фазилатли қилган. Ризқда фазилатли қилинганлар эса ўзлари масъул бўлганларга/яъни ризқдан бўлишиши керак бўлганларга бермайди, ҳолбуки уларнинг ҳам бу ризқда бирдек ҳаққи бор. Наҳотки Аллоҳнинг берган неъматини яширсалар/неъматига нонкўр бўлсалар? (41:10; 70:24-25)

16:72. Аллоҳ сизларга ўзингиздан жуфтлар қилиб берди, сизлар учун жуфтларингиздан фарзанд ва набиралар берди, сизларга покиза ризқлар берди. Энди улар Ботилга ишониб, Аллоҳнинг неъматига нонкўр/кофир бўладиларми?

16:73. Улар Аллоҳдан ўзгаларга, Осмонлару-Ерда ризқ беришга қодир бўлмаган ва ҳеч қачон қодир бўлолмайдиганларга қуллик/хизмат қилмоқдалар,

16:74. Аллоҳга ўхшашлар/мисллар келтирманг! Аллоҳ билади, сиз билмассиз. (42:11)

16:75. Аллоҳ шундай мисол келтиради: бировнинг мулки бўлган, ўзи ҳеч нарсага қодир бўлмаган қул билан Биз Ўзимиз гўзал ризқ берган, ундан яширин ва ошкор инфоқ этадиган киши. Булар бирдек бўладими? Аллоҳ ҳамд-мақтовларга лойиқ, лекин уларнинг кўпи билмайди. (ризқ беришда барчага етарли миқдорда ёғдириб-ундиради, таълим беришда ҳам энг мукаммал ҳужжатларни келтиради).

16:76. Аллоҳ яна икки кишини мисол келтиради: бири ҳеч нарса қўлидан келмайдиган гунг, эгасига юк холос – қаерга юбормасин, ҳеч қандай яхшилик келтирмайди. Иккинчиси эса Тўғри йўлда бўлиб, бошқаларни адолатга буюради. Булар бирдек бўладими?

16:77. Осмонлару-Ердаги ғайб илмлари Аллоҳнинг. Қиёматни қоим қилиш ҳам худди кўз очиб юмгунча, ёки ундан-да яқинроқ бир иш. Ҳақиқатан, Аллоҳ барча нарсага қодир.

16:78. Аллоҳ сизни оналарингиз қорнидан чиқарди, ҳеч нарса билмас эдингиз. Шукрини адо этишингиз учун сизга эшитиш, кўриш ва фикрлаш неъматини берди.

16:79. Унинг амрига бўйсунган Само бўшлиғидаги қушларга қарамадиларми? Уларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ушлаб тургани йўқ. Муминлар учун бунда оятлар-ишоратлар бор.

16:80. Аллоҳ сизга уйларингиздан қўнимгоҳлар қилиб берди, чорва териларидан ҳам кўч ва қўним кунларингиз осон қурилиб-йиғиладиган енгил уйлар/чодирлар қилиб берди. Уларнинг жунларидан, юнгларидан ва қилларидан бир муддат фойдалана оладиган кийимлар, тўшаклар ва буюмлар қилиб берди.

16:81. Аллоҳ Ўз яратганларидан сиз учун соя-салқинлар қилиб берди, ва сиз учун тоғларда бошпаналар/ғорлар қилиб берди, ва сиз учун иссиқдан асрайдиган кийимлар, ва жангда ҳимоя қиладиган кийимлар/зирҳлар қилиб берди. Сиз Ислом/Омонликда бўлишингиз учун Аллоҳ сизга ўз неъматини ана шундай тўлиқ қилиб беради.

16:82. Агар юз ўгирсалар, сенинг вазифанг фақат очиқ етказиш холос. (5:92)

16:83. Аллоҳнинг неъматини таниб, сўнгра бу неъматларни инкор этадилар. Уларнинг кўплари нонкўрлар/кофирдир.

16:84. Кун келиб, ҳар умматдан гувоҳ келтирганимизда, кофир бўлганларга на изн берилади, на узр талаб этилади.

16:85. Ноҳақлик/Зулм қилганлар Азобни кўрганида, уларга на енгиллатилади, на фурсат берилади.

16:86. Шерик қўшганлар ўз шерикларини кўрганида дедилар: “Эй Раббимиз, анавилар бизнинг қўшган шерикларимиз, Сендан ўзга дуо қилганларимиз”. Улар сўз қотадилар: “Сизлар ёлғончисизлар”.

16:87. У кунда Аллоҳга таслим бўлдилар, уйдирганлари улардан ғоиб бўлди. (*урушда мағлуб рақибнинг таслим бўлиши)

16:88. Кофир бўлганлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганлар учун эса, уларнинг йўлдан озганликлари туфайли азоб устига азобни зиёда қиламиз.

16:89. Кун келиб, ҳар бир уммат ичидан уларга қарши гувоҳ келтирилади, сени ҳам анавиларга қарши гувоҳ қилиб келтирамиз. Сенга Китобни, барча нарсанинг баёни, ҳамда мусулмонлар/таслим бўлганлар учун Тўғри Йўл, раҳмат ва хушхабар ўлароқ нозил қилдик.

16:90. Ҳақиқат шуки, Аллоҳ адолатни, ва яхшиликни, ва яқинларга беришни буюради ва Фаҳш ишлардан, Мункардан/ёмонликдан ва Бағйдан/зулмдан қайтаради. Ибрат олишингиз учун, сизга ваъз қилади.

16:91. Қачонки Аллоҳга аҳд берсангиз, аҳдга вафо қилинг, аҳдлар боғланганидан кейин бузманг, зеро Аллоҳни ўзингизга Вакил қилгансиз/Аллоҳга суянгансиз. Аллоҳ сизнинг қилаётган амалларингизни билиб туради.

16:92. Ўзаро битимларни бузманг, худди ипини кучли ўраб боғлаганидан кейин яна сўкадиган хотинга ўхшаманг. Бир қавм бошқасидан бойлик ва сон жиҳатидан устун дея, битимларни ўзаро хийла воситаси қилиб олаяпсиз. Аллоҳ бунинг билан сизни фақатгина имтиҳон қилмоқда, ва сиз ихтилоф қилган нарсаларни Қиёмат куни баён қилиб беради.

16:93. Аллоҳ хоҳласа, барчангизни бир уммат қила оларди, лекин Унинг Ўзи истаганини адаштиради ва истаганини Йўлга солади, ва сизлар қилиб ўтган ишларингиздан сўроққа тутиласиз.

16:94. Битимларингизни ўзаро хийла ва алдов учун восита қилиб олманг, акс ҳолда собит босган қадам тойиб кетади, Аллоҳнинг йўлидан тўсганингиз учун ёмонлик тотасиз ва Улуғ Азобга дучор бўласиз.

16:95. Аллоҳга берган Аҳдингизни оз эвазга сотманг. Агар билсангиз, Аллоҳнинг ҳузуридаги яхшироқ.

16:96. Сизда бори бир кун битади, Аллоҳнинг ҳузуридаги эса боқий/битмас-туганмас. Сабр қилганларни энг яхши амаллари билан мукофотлаймиз.

16:97. Эркак ва аёллардан кимки мумин бўлган ҳолда солиҳ амал қилса, унга покиза ҳаёт ато этамиз, ва қилган энг яхши амаллари билан мукофотлаймиз.

16:98. Қуръонни қироат қилганингда Шайтони-Рожимдан/Аллоҳ ҳақида билмаганини иддао қилиб тўғри йўлдан адаштирувчидан Аллоҳга сиғин.

16:99. Имон келтирган ва Раббига суянганлар устида ҳеч қандай куч-қудратга эга эмас у.

16:100. Унинг куч-қудрати фақат уни валий/йўл кўрсатувчи қилиб олганлар ва Аллоҳга шерик қўшганлар устида холос.

16:101. Бир оят ўрнига бошқа оят келтирганимизда – Аллоҳнинг Ўзи нима нозил қилишни билади, – улар дедилар: “Сен ўзинг уйдиряпсан!” Йўқ, уларнинг кўпи билмайди.

16:102. Сен айт: “Уни Раббингдан ҳақ ила Руҳул-Қудус нозил қилди. Муминларни собит айламоқ ва мусулмонлар/таслим бўлганлар учун Тўғри Йўл ва Мужда бўлсин учун”. (*Руҳул-Қудус – 2:87)

16:103. Улар дейдилар: “Унга бир башар/оддий одам ўргатади!” Бундай дейишларини биламиз. Ҳақдан оғиб, айблаётган одамнинг тили ажамий. Бу эса очиқ арабий.

16:104. Аллоҳнинг оятларига ишонмайдиганларни Аллоҳ йўлга солмайди, улар учун Аламли Азоб.

16:105. Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига ишонмайдиганлар уйдиради; ёлғончилар ана ўшалардир.

16:106. Кимки имонидан кейин Аллоҳга кофир бўлса ва қалбини куфрга очиб берса, унинг учун Улуғ Азоб бор. Инкор этишга мажбурланган, аммо қалби иймон билан ҳузур-халоват топганлар мустасно. Кимки кофирликка дилини очиб берса, уларга Аллоҳнинг Ғазаби ва Улуғ Азоб бор.

16:107. Зеро улар бу Дунё ҳаётини Охиратдан афзал кўрдилар. Аллоҳ бундай кофирларни/нонкўрларни йўлга солмайди.

16:108. Ана ўшаларнинг қалби, кўзи ва қулоқларини Аллоҳ муҳрлаб қўйган. Ғофиллар/бепарволар ана ўшалар.

16:109. Ҳақиқат шуки, ўшалар охиратда бой берадилар.

16:110. Фитнага солинганидан кейин ҳижрат қилган, сўнгра жидду-жаҳд қилган ҳамда сабр қилганларга нисбатан Раббинг Ғафур Раҳим/ кечиримли, раҳмдил.

16:111. У Кунда ҳар ким келиб, ўз жонини қутқаришга уринади, ҳар ким ўз қилмишига тўла иқрор бўлади ва ҳеч кимга ноҳақлик қилинмайди.

16:112. Аллоҳ бир шаҳарни мисол келтирди: у тинчлик-омонлик ва ҳузур ҳаловат юрти эди, ҳар тарафдан мўл ризқ келиб турарди. Лекин Аллоҳнинг неъматларига нонкўрлик қилишди, ва қилган ҳунарлари дастидан Аллоҳ ҳам унга очлик ва қўрқув либоси кийдирди.

16:113. Уларга ўз ораларидан Расул келган эди, уни ёлғончига чиқардилар, зулмларида давом этаётганида эса, уларни Азоб ушлади.

16:114. Аллоҳ берган ризқдан ҳалол ва покиза ҳолда енг, агар ёлғиз Унга қуллик/хизмат қилсангиз, Аллоҳнинг неъматига шукур қилинг.

16:115. У сизга фақат ўлаксани, қонни, чўчқа гўштини, ҳамда Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилганни ҳаром қилган. Ким мажбур қолса, бошқанинг ҳаққини емаган ва ҳаддидан ошмасдан еса, Аллоҳ Ғафур Раҳим/мажбур қолган қулларини кечирувчи, мажбур қолган қулларига раҳмдил.

16:116. Тилларингиз билан Аллоҳга ёлғон уйдириш учун “Бу Ҳалол, бу Ҳаром”, деманг. Аллоҳга қарши ёлғон уйдирганлар асло нажот топмаслар/муродига етмаслар.

16:117. Озгина баҳраманд бўлиш бор холос, кейин эса уларга Аламли Азоб бор.

16:118. Яҳудий бўлганларга ҳам, олдинроқ сенга қисса қилганларимизни ҳаром қилганмиз. Биз уларга ноҳақлик қилмадик, балки ўз-ўзларига жабр-зулм қилдилар.

16:119. Билмасдан ёмонлик қилиб, кейин тавба қилиб қайган ҳамда ўзини ислоҳ этиб ўнглаганлар тарафини олади Аллоҳ. Сенинг Раббинг Ғафур Раҳим/кечиримли ва раҳмдил.

16:120. Ҳақиқат шуки Иброҳим Аллоҳни яккаю-ягона Ўзига қуллик қилиб ўтган уммат эди, мушриклардан бўлган эмас,

16:121. Унинг неъматларига шукр қилди. Уни танлаб олди, Тўғри Йўлга йўллади.

16:122. Унга бу дунёда яхшиликлар бердик, Охиратда у албатта солиҳлардан.

16:123. Кейин сенга ваҳй қилдик: “Иброҳимнинг миллатига/динига Ҳаниф бўлган ҳолда эргаш, у мушриклардан бўлган эмас”.

16:124. Сабт фақатгина ихтилоф қилганларга қарши қилинган. Раббинг Қиёмат Кунида улар орасидаги ихтилофлар бўйича ҳукм қилади.

16:125. Раббингнинг йўлига ҳикмат ва гўзал насиҳат билан чорлагин, ва улар билан энг яхши услубда баҳс юритгин. Ҳақиқатан, Раббинг йўлдан адашганларни ҳам яхши билади, Тўғри Йўлга юрганларни ҳам.

16:126. Агар жазоламоқчи бўлсангиз, сизга етказган зарар миқдорича жазоланг. Агар сабр қилсангиз, бу яхшироқ.

16:127. Сабр қил, сенинг сабринг фақат Аллоҳ билан. Улар учун қайғурма ва уларнинг макрларидан ғамгин бўлма.

16:128. Зеро Аллоҳ мудом тақво ва яхшилик қилгувчилар билан бирга.