Kemal Yoldash

One with God is Majority


17

Раҳмон ва Раҳим Аллоҳнинг исми билан (1:1)

17:1. Ўз Қулини кечаси, баъзи оятларимизни кўрсатмоқ учун, Масжид-ал-Ҳаромдан атрофини қут-баракотли қилганимиз Масжид-ал-Ақсо сари юритган Зот Пок ва Олийдир. (19:52) Эшитгувчи ва Кўргувчи Унинг Ўзидир.

17:2. Биз Мусога Китобни/Қонунни бердик ва уни Исроил ўғилларига Тўғри Йўл қилиб бердик. Токи Мендан ўзгани Вакил қилиб олмагайсиз.

17:3. Нуҳ билан бирга кўтарганларимизнинг зурриётлари! У/Нуҳ кўп шукур қилувчи қул эди.

17:4. Исроил ўғилларига Китобда ҳукм қилдик: “Ерда такрор ва такрор бузғунчилик қилмоқдасиз, ва ўта кибр билан кибрланмоқдасиз.

17:5. Қачонки биринчисининг вақти-соати келганида, Биз устингизга ўта кучли қулларимизни юбордик ва улар уйма-уй кириб қидирдилар. Рўёбга чиқиши шарт бўлган ваъда эди бу.

17:6. Кейин яна сизга уларни мағлуб қилиш имконини бердик, ва бойлик ва ўғиллар бериб қўлладик ва лашкарларингизни кўпайтирдик.

17:7. Агар яхшилик қилсангиз, ўз фойдангизга яхшилик қилган бўласиз. Агар ёмонлик қилсангиз, ўз зарарингизга. Кейинроқ, сизларни юзи қаро қилиш учун, ва биринчи марта кирганлари каби Масжидга киришлари ва нимани қўлга киритса йўқ қилишлари учун, иккинчи ваъда келди.

17:8. Зора Раббингиз сизга раҳм қилса. Агар қайтиб кетсангиз, Биз ҳам қайтамиз. Биз Жаҳаннамни бундай нонкўрлар/кофирлар учун зиндон қилганмиз.

17:9. Ҳақиқатан, ушбу Қуръон Энг Тўғри Йўлга йўллайди, солиҳ амал қилган муминларга мужда берадики, улар учун улкан ажр-мукофот бор,

17:10. Охиратга ишонмаганлар учун эса Аламли Азоб ҳозирлаб қўйганмиз.

17:11. Инсон яхшиликни тилар каби, ёмонликни тилайди. Инсон шунақа шошқалоқ.

17:12. Кеча ва Кундузни икки оят-ишорат қилдик. Раббингизнинг фазлини исташингиз ҳамда йилларнинг ададию-ҳисобни билишингиз учун кечанинг аломатини ўчирдик ва кундузнинг аломатини ёруғ қилиб қўйдик. Биз барча нарсани муфассал баён қилганмиз.

17:13. Биз ҳар бир инсоннинг толеъ қушини ўз бўйнига боғладик*. Қиёмат Куни эса унга очиқ Китоб чиқарамиз:
(*жаннатга ҳам, жаҳаннамга ҳам ўз амали билан эришади)

17:14. “Ўқи китобингни! Бугун сени ҳисоб қилиш учун нафсинг етарли”.

17:15. Кимки Тўғри йўлдан юрса, ўз фойдасига юради, кимки адашса, ўз зарарига. Ҳеч бир юк ташигувчи ўзганинг юкини ташимайди. Биз Расул юбормай туриб, асло азобламаймиз.

17:16. Қачонки бирор шаҳарни ҳалок этмоқни ирода этсак, унинг тўқларини амирлар қиламиз*, улар у ерда йўлдан озадилар, уларга Сўз ҳаққи-рост бўлади – ва уларни ҳалок қиламиз. (6:123)

17:17. Нуҳдан кейин қанча наслларни ҳалок қилдик? Раббинг Ўз қулларининг гуноҳларидан етарлича хабардор ва кўриб туради.

17:18. Кимки тез келиб-кетгувчини/ўткинчи дунёни истаса, унинг учун хоҳлаганимизча тезлаштирамиз, кейин эса жойини жаҳаннамда қиламиз! Хор ва ҳайдалган ҳолда киради унга.

17:19. Кимки охиратни истаса ва мумин ҳолда сайъ-ҳаракат қилса, ана ўшалар ўз сайъ-ҳаракатининг самарасини/эвазини оладилар.

17:20. Уларнинг барчасига – ҳам буларга, ҳам уларга – Раббинг ато этганидан берилади. Раббингнинг ато этиши асло узилмайди.

17:21. Қара, уларнинг бирини бошқасидан фазилатли қилганмиз. Ҳақиқатан, Охират даража ва фазл жиҳатидан каттароқдир.

17:22. Аллоҳ билан бирга ўзга илоҳ қилиб олмагин, акс ҳолда маломат қилинган ва тарк этилган ҳолда тўхтаб/юролмай қоласан!

17:23. Раббинг Амр этди: Ундан ўзгага қуллик қилманг, ва ота-онангизга яхшилик қилинг. Агар улардан бири ёки ҳар иккиси кекса ёшга етса, “Уфф!” дема уларга, таъна қилма, балки яхши сўзлар сўйлагин.

17:24. Уларга тавозеъ ва раҳм-шафқат қанотини паст тутгин, ва дегин: “Эй Раббим! Мени кичиклигимдан ўстирганларидек, уларга ҳам раҳм-шафқат қилгин”.

17:25. Нафсингиздагини/ичингиздагини Раббингиз яхшироқ билади. Агар ўзингизни ўнглар бўлсангиз, Унга юзланганлар учун кечиримли.

17:26. Яқинларга, мискинларга, кўчада қолганларга ҳаққини бергин, лекин совуриб юбормагин.

17:27. Совуриб юборгувчилар аслида шайтонлар/йўлдан оздирувчилар билан оға-инилардир, Шайтон эса Раббига ўта нонкўрдир.

17:28. Агар Раббингдан раҳматини умид қилиб кутаётган бўлсанг-у, уларга беролмасанг, лоақал енгиллатувчи сўзлар сўйла.

17:29. Қўлингни бўйнингга боғлаб олмагин ва уни тамоман очиб ҳам юбормагин, акс ҳолда ҳасрат ва маломат ичида қоласан.

17:30. Раббинг Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилади ва ўлчовли қилади. Ҳақиқатан, У Ўз қулларидан хабардор ва кўриб туради.

17:31. Йўқчиликдан қўрқиб фарзандларингизни ўлдирманг. Уларга ҳам, сизларга ҳам ризқни Биз берамиз. Уларни ўлдириш улкан хатодир/гуноҳи кабирадир.

17:32. Зинога яқинлашманг, зеро у очиқ бузуқлик, ва ёмон йўлдир.

17:33. Аллоҳ дахлсиз қилган жонни ноҳақ ўлдирманг. Кимки ноҳақ ўлдирилса, Биз унинг валийсига ваколат берганмиз. Қатлда ҳаддан ошмасин, зеро унга ёрдам берилгандир.

17:34. Етимнинг молига яқинлашманг, вояга етгунигача энг яхши тарзда бўлса мустасно. Аҳдга вафо қилинг, зеро Аҳддан сўралади.

17:35. Ўлчаганда, ўлчовни тўлиқ ўлчанг, тортганда тўғри тортинг. Ана шу хайрли ва оқибати яхшироқдир.

17:36. Ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма; балки қулоқ, кўз ва дил – барчаси – бунинг учун жавобгардир. (49:6)

17:37. Ер юзида кибрланиб юрма. (31:18) Ҳеч қачон ерни ёриб киролмайсан ҳам, бўйинг-ла тоғ билан тенглашолмайсан ҳам.

17:38. Буларнинг барчаси Раббинг наздида хуш кўрилмаган ёмон қилиқлардир.

17:39. Ана шулар Раббинг сенга ваҳй қилган ҳикматдандир. Аллоҳ билан бирга ўзгани илоҳ тутма, акс ҳолда маломат ва тарк этилган ҳолда жаҳаннамга улоқтириласан.

17:40. Наҳотки Раббингиз сизлар учун ўғилларни танлаб, Ўзи учун Малаклар орасидан аёлларни олган бўлса? Ҳақиқатан, сиз ўта улкан иддаони олға сурмоқдасиз.

17:41. Ушбу Қуръонда улар қамрай олсинлар дея, турли услубларда билдирдик. Лекин уларда бу фақат нафратни орттиради.

17:42. Сен айт: “Агар улар айтаётганидек, Аллоҳ билан бирга ўзга илоҳлар ҳам бўлганида, у ҳолда энг уст мақом эгасига/Арш соҳибига йўл излаган бўлишарди”.

17:43. Аллоҳ уларнинг айтаётган сўзларидан пок ва олийдир.

17:44. Етти Само ҳамда Ер ва улардаги барча Уни поклаб улуғлайди. Уни ҳамд ила улуғламаган ҳеч ким йўқ, лекин сизлар уларнинг улуғлашини сезмайсиз. У Ҳалим ва Ғафур /қулларига мулойим ва кечиримли.

17:45. Қуръонни қироат қилганингда, охиратга ишонмаганлар билан орангизга тўсилган парда қўямиз.

17:46. Уларнинг қалбларига ғилоф тортамиз, уни англашдан тўсиб туради, қулоқларида эса оғирлик бор. Шу боис, Қуръонда Раббингни ёлғиз Ўзини эслаганингда/эслатганингда, улар нафратдан юз буриб қочадилар.

17:47. Улар нималарга қулоқ тутишини Биз яхшироқ биламиз; мана, улар сени тингламоқда ва мана ўзаро шивирлашмоқда; мана, золимлар демоқдаки: “Сизлар фақат сеҳрланган одамга эргашаяпсиз”.

17:48. Қара, сенга қандай мисоллар келтиришди ва адашиб қолишди, энди қайтиб бирор йўл топмаслар.

17:49. Дедилар: “Суяклар тупроққа айланиб кетганимиздан кейин янгидан яратилиб чиқариламиз эканми?”

17:50. Сен айт: “Хоҳ тошга айланиб кетинг, хоҳ темирга.

17:51. Ёки хаёлингизда бўрттирилган ҳар қандай нарсага”. Улар дейдилар: “Ким бизни қайта келтира олади?” Сен айт: “Сизни илк марта йўқдан бор этган Зот”. Улар сенга масхара билан бошларини силкитиб, дейдилар: “Қачон экан у?” Сен айт: “Жуда яқин бўлиши ҳам мумкин”.

17:52. Сизни чақирган Кунда, сизлар бу чақириққа ҳамд ила жавоб қиласиз, ва “узоқ муддат қолмадик”, дея гумон қиласиз.

17:53. Қулларимга айтки, яхши сўзларни сўйласинлар. Албатта, Шайтон уларнинг орасига суқилиб киради. Ҳақиқатан, шайтон инсонга очиқ душмандир.

17:54. Раббингиз сизни яхшироқ билади, истаса сизга раҳм қилади, истаса азоблайди. Сени уларнинг устига қўриқчи қилиб юбормадик.

17:55. Раббинг Осмонлару-Ерда кимлар борлигини яхшироқ билади. Биз баъзи набийларга бошқалардан фарқли фазилатлар бердик, Довудга эса Забурни бердик.

17:56. Сен айт: “Ундан ўзга гумон қилганларингизга дуо қилаверинг, улар сиздан ҳеч бир зарарни кетказишга ҳам қодир эмас, буришга ҳам.

17:57. Ана ўшалар дуо қиладилар, Раббига қай бири яқинроқ дея яқин бўлиш фурсатини излайди, Унинг раҳматидан умид қилади, ва азобидан ҳазир бўлади. Ҳақиқатан, Раббингнинг азоби ҳазир бўлишга лойиқ.

17:58. Бирор қишлоқни Қиёмат Кунидан олдин ҳалок этган бўлсак, ёки шиддатли азоб билан азоблаган бўлсак, бу Китобда сатрларда битилган/ёзилган ўзгармас Қонунга кўрадир (15:4)

17:59. Илоҳий куч-қудратни намойиш этувчи оят-далиллар юборишдан Бизни тўсган сабаб – олдингилар ҳам уларни ёлғон санагани холос. Биз Самудга аниқ оят-далил қилиб Туяни бердик, улар зулм/ноҳақлик қилдилар. Оятларни-ишоратларни ҳазир бўлишларидан ўзга мақсадда юбормаймиз.

17:60. Мана, Биз сенга дедик: “Раббинг одамларни/халқни қуршаб олгувчидир”. Сенга кўрсатганимиз рўъё ҳам, Қуръонда лаънатланган шажара/дарахт ҳам фақатгина одамлар учун фитна-синов учун эди. Биз уларга қўрқитувчи оятлар нозил қиламиз, аммо бу уларнинг Туғёнини баттар орттиради.

17:61. Мана, Малакларга дедик: “Одамга сажда қилинг/тўлиқ бўйсунинг!” Улар сажда қилдилар, Иблисдан бошқа. Деди: “Сен лойдан яратганга сажда қиламан эканми?”

17:62. “Мана шу мендан устун қилганингни кўрдингми ўзинг? Агар Қиёматгача менга муҳлат берсанг, унинг зурриётини ўз измимга соламан, озчилиги мустасно”.

17:63. Деди: “Кет, улардан ким сенга эргашса, жазоингиз жаҳаннам! Қанчалар мукаммал жазо!”

17:64. Кучинг етганларни ўз чақириғинг билан ўйнат; отлиқ ва пиёдаларингни уларга қарши сафарбар қил; бойлигида ва фарзандларида шерик бўл, уларга ваъдалар қил”. Аммо шайтон уларга фақат ғурурни/алдовни ваъда қилади (4:120).

17:65. Менинг Қулларим устида эса ҳеч қандай куч-қудратинг йўқ! Вакил ўлароқ Раббинг етарли.

17:66. Сизлар Унинг фазлидан исташингиз учун денгизда кемаларни ҳайдаб боргувчи Раббингиздир. У сизга раҳмдил.

17:67. Қачонки денгизда сизга зарар тегса, Ундан ўзга дуо қилганларингиз ғоиб бўлади. Лекин қачонки сизни ерга/қуруқликка чиқариб нажот берса, сиз юз ўгирасиз. Ҳақиқатан, инсон ўта нонкўр.

17:68. Сизни ерга юттиришидан ёки устингизга тошли бўрон юборишидан, кейин ўзингизга бирорта ҳам химоячи топа олмай қолишдан хотиржаммисиз?

17:69. Ёки сизни такрор денгизга юбориб, устингизга тўфон солиб, сизни куфр/нонкўрлигингиз сабабли ғарқ қилишидан хотиржаммисиз? Кейин ўзингиз учун Биздан ҳимоя қилувчи ҳеч кимни топа олмайсиз!

17:70. Биз Одам ўғилларини мукаррам қилдик: уларни қуруқликда ва денгизда кўтардик, ва уларга покиза ризқлар бердик, ва яратганларимиз орасида фазилатли қилдик/бошқаларга бермаган неъматларни бердик.

17:71. Кун келиб, ҳар бир умматни ўз имоми* билан чақирганимизда, китоби ўнг тарафдан берилганлар китобларини ўқийди ва уларга заррача ноҳақлик қилинмайди.
(*Ҳар уммат ўз пайғамбари билан бирга чақирилади, пайғамбарлар умматлари ҳақида гувоҳлик беради – 2:124; 21:73)

17:72. Ким бу дунёда кўр бўлган бўлса, охиратда ҳам кўр, ҳам энг узоқ адашувда.

17:73. Улар сал қолса, сенга ваҳй қилганимиздан бошқа гапларни Бизга қарши уйдиришинг учун сени фитнага солишарди. Ана шунда сени қалин дўст қилиб олган бўлишарди.

17:74. Агар Биз сени собит қилмаганимизда, уларга оз бўлса-да ёндошган/мойил бўлардинг,

17:75. Ана шунда сенга ҳаёт ва ўлимнинг неча баробарини тотдирган бўлардик (33:30; 69:44-47). Кейин эса Бизга қарши ҳеч қандай ёрдамчи топа олмасдинг.

17:76. Сени ўз юртингдан чиқариш учун, сал қолса сени ҳайдашарди. У ҳолда, сендан кейин ҳам узоқ вақт қолмасдилар.

17:77. Сендан олдин ҳам Расул юборишимиздаги Қонун/Суннат шудир. Бизнинг Қонунимизда/Суннатимизда асло ўзгариш топмассан.

17:78. Қуёш оғишидан тун зулматигача Салотни қоим қил/Тўғри Йўлга даъват қил, ҳамда тонгги Қуръонни/жамлашни ҳам. Ҳақиқатан, тонгги Қуръон/жамлаш гувоҳлар биландир.

17:79. Кечанинг бир қисмида, сенга иловатан буюрилганидек, Қуръон тиловат қилиш учун уйғоқ бўл! (73:1-3) Зора, Раббинг сени мақтовга сазовор мақомга чиқарса,

17:80. Ва айт: “Раббим, мени содиқлар билан бирга киритгин ва содиқлар билан бирга чиқаргин. Ўз тарафингдан менга куч-қувват ва ёрдам бер”;

17:81. Ва яна айт: “Ҳақ келди, ботил чекинди; Ҳақиқат шуки, ботил чекинишга маҳкум”.

17:82. Биз Қуръондан фақат муминлар учун шифо ва раҳмат бўлган, Золимлар учун эса фақат зиённи/бой беришни орттирадиган оятларни нозил қиламиз. (51:55-56)

17:83. Инсонга бирор неъмат берсак, юз ўгиради, бурилиб узоқ туради; бирор зарар тегса, умидсиз нолийди.

17:84. Сен айт: “Ҳар ким ўз ҳадафига кўра ҳаракат қилади*. Кимнинг йўли тўғрироқ эканини Раббингиз яхшироқ билади”.
(*Ҳамма ўз қибласига интилади 2:148)

17:85. Сендан Руҳ ҳақида сўрашади. Сен айт: “Руҳ Раббимнинг ишидан/буйруғидан, сизга бу ҳақда оз илм/маълумот берилган”.

17:86. Агар истасак, сенга ваҳй қилганимизни кетказа олардик, сўнгра Бизга қарши бирон вакил топа олмасдинг,

17:87. Лекин Раббинг раҳм қилди. Ҳақиқатан, Унинг сенга фазли улкан бўлди.

17:88. Сен айт: “Агар ушбу Қуръоннинг мислини келтириш учун Инс ва Жинн жамланиб, бир-бирига ёрдам берса ҳам, унинг ўхшашини келтиролмаслар”.

17:89. Биз одамларга ушбу Қуръонда ҳар бир мисолдан келтирдик, лекин кўп одамлар кофирликда қайсарлик этдилар,

17:90. Ва дедилар: “Бизга ердан бир чашма чиқармагунингча, сенга асло ишонмаймиз,

17:91. Ёки хурмодан-узумдан боғинг бўлиб, ичида ирмоқлар тўлиб оқмагунча,

17:92. Ёки ўзинг айтганингдек, осмонни устимизга парча-парча ташламагунингча, ёки Аллоҳни ва Унинг олдида малакларни келтирмагунингча,

17:93. Ёки олтин-кумуш байтинг/жамғарманг бўлмагунча, ёки самога юксалмагунингча, ва ўқишимиз мумкин бўлган Китоб ҳам нозил қилмагунингча, сенинг юксалишингга ишонмаймиз”. Сен айт: “Раббим булардан пок ва олийдир. Мен ахир башар/оддий одам бўлсам!”

17:94. Тўғри Йўл келганида, одамларни имондан тўсдан ягона сабаб: “Наҳотки, Аллоҳ бир башарни/оддий одамни ҳам Расул қилиб юборадими?” дейишлари эди.

17:95. Сен айт: “Агар ер юзида Малаклар бўлганида эди, Биз ҳам уларга Расул қилиб самодан Малак юборган бўлардик”.

17:96. Сен айт: “Сиз билан ўртамизда Аллоҳнинг Ўзи етарли гувоҳ. У Ўз қулларидан хабардор ва кўриб туради”.

17:97. Кимни Аллоҳ йўлга солган бўлса, ўша Тўғри Йўлни топибди. Кимни адаштирса, унинг учун Ундан ўзга бирон валий/йўл кўрсатувчи топа олмайсан. Қиёмат Куни уларни кўр, соқов ва кар қилиб ҳайдаб борамиз. Уларнинг жойи Жаҳаннам. Ҳар сафар олов пасайганда, Биз уларга оловни баттар қиздирамиз.

17:98. Уларнинг жазоси ана шу. Улар Бизнинг оятларимизни рад этганлар, ва “Суяк ва тупроққа айланганимиздан кейин ҳам янгидан яраламиз эканми?” деганлар.

17:99. Осмонлару-Ерни яратган Аллоҳ уларнинг мислини яратишга қодир эканини кўрмадиларми? (46:33) Уларнинг вақти-соатини белгилаб қўйган, бунда ҳеч шак-шубҳа йўқ. Лекин золимлар фақат рад этган ҳолда юз ўгирдилар.

17:100. Сен айт: “Агар Раббимнинг раҳмат хазиналарига эгалик қилганингизда, уларни инфоқ этишдан қўрқиб ёпишиб олган бўлардингиз”. Ҳақиқатан, инсон бахилдир.

17:101. Мусога очиқ сўзлар билан баён этилган тўққиз оят бердик. Исроил ўғилларидан сўра. Мана, у уларга келди, ва Фиръавн деди: “Эй Мусо, сенга сеҳр қилинган деб ўйлаяпман”.

17:102. Деди: “Сен буни Осмонлару-Ернинг Рабби аниқ далиллар сифатида нозил қилганини билдинг-ку! Эй Фиръавн, сен ҳалок қилинасан, деб ўйлаяпман”.

17:103. Фиръавн уларни бу ердан ҳайдаб чиқармоқчи бўлди, Биз уни ва у билан бирга бўлганларнинг барчасини ғарқ этдик.

17:104. Кейин Исроил ўғилларига дедик: “Мана шу юртни маскан тутинг, Охират ваъдаси/Кейинги ваъда келганда барчангизни тўплаймиз”.

17:105. Биз буни ҳаққ ила нозил қилдик ва ҳаққ ила нозил бўлди. Сени фақат хушхабар бергувчи ва огоҳ этгувчи қилиб юбордик.

17:106. Биз Қуръонни сураларга бўлиб нозил қилдик; одамларнинг зеҳнида ўрнашсин дея, уни танзил ила нозил қилдик.

17:107. Сен айт: “Хоҳ иймон келтиринг унга, хоҳ иймон келтирманг; сизлардан аввал илм берилганлар, қачонки уларга тиловат қилинса, кибр қилмасдан* тўлиқ таслим бўладилар”. (*оятда “ияклари устида сажда қиладилар”)

17:108. Дерларки: “Раббимиз пок ва олийдир, Раббимизнинг ваъдаси ҳаққ ила рўёбга чиққусидир” (2:38).

17:109. Кўз ёшлари ила саждага йиқиладилар/тўлиқ таслим бўладилар ва бу* уларда ҳушуъни орттиради. (*тиловат қилинган Қуръон оятлари – 17:107)

17:110. Сен айт: “Аллоҳ дея дуо қилинг ёки Раҳмон дея дуо қилинг, қандай дуо қилсангиз ҳам, Энг Гўзал Исмлар Унинг”. Салотингда/Тўғри Йўлга чорлашингда овозингни баланд ҳам қилма, пасайтириб ҳам юборма, балки улар орасида мўътадил бир йўл тут.

17:111. Сен айт: “Аллоҳга ҳамд бўлсин! У Ўзига фарзанд ҳам олмаган, Мулкда/Подшоҳликда шериги ҳам бўлмаган! Унинг бундай заифлиги ҳам йўқ, ёрдамчига эҳтиёжи ҳам йўқ!” ва ёлғиз Унинг Ўзига лойиқ улуғлаш ила улуғлагин.